Илм

Тафсири Нобулсий: "Моъун" сураси

957

Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм

1. Динни инкор этадиган кимсани кўрганмисиз?! 2. Бас, у етимни жеркийдиган. 3. ва мискин (бечора)га таом беришга тарғиб қилмайдиган  кимсадир. 4. Бир “намозхонлар”га вайл бўлсинки, 5. улар намозларини унутувчилардир. 6. Ундоқ кишилар риё қиладиганлардир. 7. Ва “Моъун”ни ман қиладиганлардир”.

1. Динни инкор этадиган кимсани кўрганмисиз?!

Йиғилиши қийин бўлган мураккаб жиҳозлар, турли асбоб-ускуналар ишлаб чиқарадиган корхоналар одатда бундай жиҳозларни мижозларга сотиш олдидан унинг истеъмол қилиш йўл-йўриқ ва кўрсатмаларини ўз ичига олган китобчасини ҳам қўшиб беришади.

Харидор қимматбаҳо жиҳозни сотиб олганида сотувчи бу жиҳоз билан йўриқнома китобчасини қўшиб бермаса, харидор уйига олиб бориб мураккаб жиҳозни ишлатишда хатога йўл қўйиб бузиб қўяди. Агар ишлатмаса, уни қуруқ сақлаб тургани қолади, холос. Бундай пайтда харидор нима қилиш керак? Албатта, сотиб олган дўкони ёки ишлаб чиқарувчи корхонага мурожаат қилиб йўриқнома китобчасини юборишларини талаб қилади. Китобча келганидан сўнг жиҳозни қандай ишлатиш кераклиги ҳақида ёзилган барча кўрсатмаларни диққат-эътибор билан ўқиб чиқиши лозим бўлади. Агар шу ҳолда кўрсатмаларга амал қилмай, яна ўз билганича, жиҳозни ишлатса, хатога йўл қўйиб уни яна ишдан чиқаради. Демак, харидор жиҳоздан унумли ва тўғри фойдаланиши учун йўриқнома китобчасида нима кўрсатма берилган бўлса, шуларга тўла-тўкис амал қилиши зарур бўлади. Шу эътибор билан йўриқноманинг қиймати жиҳознинг қийматидан оз бўлмайди. 

Дин ҳам жиҳозларнинг йўриқномаси каби инсонлар учун ҳар бир нарсани қандай истеъмол қилиш керак эканини баён қиладиган, ҳар бир нарсани ўз ўрнига қўядиган, Аллоҳ таоло томонидан юборилган раббоний йўриқномадир. Жиҳоз саломат қолиши учун йўриқномага амал қилиш лозим бўлганидай, инсон бу ҳаёти дунёда тўғри юриши, саломат бўлиши учун раббоний йўриқнома, яъни динни ўрганиб, ундаги кўрсатмаларга амал қилиши ва қайтариқлардан сақланиши лозим бўлади.

Инсонлар тарафидан ясалган жонсиз бир жиҳоз саломат қолиши учун унга шунчалик аҳамият бериб, тўғри истеъмоли учун йўриқномадаги кўрсатмаларга амал қилиш керак экан, ана энди махлуқотларнинг гултожи бўлмиш, жасад, руҳ, фикрлаш, хоҳиш-истаклар, эҳтиёжлар каби мураккаб нарсаларни ўзида мужассам этган одам боласи бу дунёда саломат қолиши учун раббоний йўриқнома, яъни динга амал қилишга кўпроқ муҳтож эмасми?

Йўлда кетаётганингизда электра токи кучли бўлган махсус бир жойга яқинлашсангиз, устунларга “Яқинлашманг, ҳаёт учун хавфли” деб ёзиб қўйилганига гувоҳ бўласиз. У жойдаги бундай огоҳлантиришнинг бўлиши сизнинг эркинлик ва ҳуқуқларингизни чеклаш учунми ёки тирик қолиш, саломат бўлишингиз учунми? Албатта, тирик, соғ-саломат қолишингиз учундир. Шак-шубҳасиз, дин ҳам инсоннинг манфаатини кўзлайди, унинг саломатини мақсад қилади, инсоннинг дунё ва охиратда саодатга эришиши йўлида хизмат қилади. Масалан, дин инсонни ширк, зино, маст қилувчи ичимликлар, одам ўлдириш, зулм, қароқчилик каби ёмон амаллардан сизни тўсади, қайтаради. Бу билан сизни эркинликдан маҳрум қилаётган ёки ҳуқуқларингизни чеклаётган бўладими? Ёки сизнинг манфаатингиз, саломатлигингизни мақсад қиляптими? Албатта, манфаатингизни кўзлайди.      

“Моъун” сураси “Динни инкор этадиган кимсани кўрганмисиз?!” маъносидаги ояти калима билан бошланди. Биз юқорида дин ҳақида бироз тўхталдик. Энди динни ёлғонга чиқариш ҳақида сўз юритамиз. Динни ёлғонга чиқариш икки навли бўлади:

Биринчи нав – тилда ёлғонга чиқаришдир. Динни тилда ёлғонга чиқарувчилар, мусулмонлар орасида жуда кам учрайди. Мингдан бир кишигина: “Дин бу ботил нарсадир”, деб ошкора инкор қилиши мумкин. Кундалик ҳаётда кўпчилик мўмин-мусулмонларга дин ҳақида гап очсангиз одатда улар: “Дин ҳақ, динсиз ҳаёт бўлмайди”, дейишади, жаннат ҳақида гапирсангиз: “Барчамизнинг орзуимиз жаннатга кириш, Аллоҳ таоло барчамизни жаннатга киргизсин,” деб дуо қилиб кетишади. Гувоҳи бўлганингиздай, динни тилда ёлғонга чиқарадиганлар деярли топилмайди.     

Иккинчи нав – амалда ёлғонга чиқариш. Бу навдаги ёлғонга чиқариш мусулмонлар орасида кенг тарқалган. Масалан, гоҳида масжидга маъруза қилгани кириб кетаётганимда, баъзи кишилар масжиддан чиқиб кетаётганини кўриб қоламан. Улар ҳам мени кўриб қолишса: “Устоз Аллоҳ илмингизга барака берсин, сиздан кўп манфаат оляпмиз” деб чиройли гапларни айтишади. Мен шу пайт ичимда: “Агар гапларинг рост бўлса, масжидга кириб, маърузага қулоқ сол”, дегим келади. Бироқ у барибир маърузани тингламай чиқиб кетади. Шунча гапга амал қаерда қолди? Бунга ўхшаш кўплаб мисолларни келтирса бўлади. Мана шундай ҳолатларга, динни амалда ёлғонга чиқариш, дейилади.

Динни амалда ёлғонга чиқариш – тил  билан ёлғонга чиқаришдан кўра хатарли ҳисобланади. Чунки тил билан ёлғонга чиқарган инсонни гапларидан билиб оласиз, унга дин ҳақлигига далил-ҳужжатлар келтира оласиз. Бироқ амалда ёлғонга чиқарадиганларга келсак, уларнинг динга амал қилмаётганларини кўриб, насиҳат қилмоқчи бўлсангиз, улар сизга: “Аллоҳ сақласин, нималар деяпсиз, биз ҳам жаннат, дўзах, дин ҳақ, деймиз, Қуръон Карим Раббимизнинг каломи деб тан оламиз, Аллоҳ таоло адашишликдан сақласин” дея гапиришингизга имкон бермайди.

Хўп шундай экан, унда нимага улар динни ҳаётларига татбиқ қилишмайди?

Нимага кундалик ҳаёти шариатга зид ҳолатда ўтади?

Нимага улар Аллоҳ таолонинг буйруқ ва қайтариқларига парво қилишмайди?

Шу каби жавобсиз саволлар айланаверади.

Аллоҳ таоло “Динни инкор этадиган кимсани кўрганмисиз?!”,  дея ундай инсонлар орамизда борлигига ишора қилиб, улар ҳар бир даврда бўлишига ишора этди.

Динни амалда ёлғонга чиқарадиганлар, одатда диннинг айрим буйруқларини қилиб, айримларига бепарво бўлади. Улар наздида дин ўзлари амалга ошириб юрган ибодатларга чекланган деб тушунишади. Фақат закот бериб юрадиган одам, дин фақат закот беришдан иборат деб тушунади. Улар намоз, рўза, ҳаж, илм олиш, рибодан сақланиш, аёли ва қизларининг сатри аврат қилиб юриши, ҳаром ичимликлардан тийилиш, фарзанд тарбияси каби диннинг бошқа арконларини бажармайди, парво ҳам қилмайди.

Аслида дин деганда, Аллоҳ таоло буюрган ва қайтарган барча нарса тушунилади. Бундай инсонлар кўринишдан динни ёлғонга чиқармайди, бироқ уларнинг ҳаёт тарзи, ваъдага хилоф қилишлари, инсонларни алдаши, ёлғон гапиришлари, такаббурлик, пасткашлик қилиши каби динга зид амалларини кўрсангиз – уларнинг динни амалда ёлғонга чиқарувчи эканларига ишончингиз комил бўлади.

Соғлом табиат эгаси Аллоҳ таоло томонидан юборилган динни, унинг ичидаги барча буйруқ ва қайтариқларини яхши кўради, уларга эътибор беради, ҳаммасини амалга оширишга ҳаракат қилади. Чунки бу дунёда инсонга нима фойдаю нима зарар эканини биладиган ягона Зот – Аллоҳ таоло эканини жуда яхши билади. Шунинг учун, Раббиси томонидан юборилган Ислом динининг ҳар бир кўрсатмасини ўзи учун фойдали, ундаги қайтариқларни эса зарарли деб қабул қилади.

Фитрати бузилган, қалби касал бўлган инсонлар эса, диннинг барча ҳақиқатларини кўра олмайди. Шунинг учун, Ислом дини кўрсатмалари унга оғир келиб, нафсига нима ёқса, хоҳиш-истакларига нима мувофиқ келса, ўшанга эргашади. Худди шунингдек, дин буйруқларидан нафсига, хоҳиш-истакларига тўғри келганини қилиб, мос келмайдиганларини тарк этади. Аллоҳ таоло бундай огоҳлантиради:

“Бас, агар улар Сизга жавоб бера олмасалар, бас, билингки, улар фақат ҳавойи нафсларигагина эргашурлар. Аллоҳ (томони)дан ҳидоят қилинмаган ҳолда ўз ҳавойи нафсига эргашган кимсадан кўра ким ҳам адашганроқдир?! Албатта, Аллоҳ (ширк аҳлидан иборат) золимлар қавмини ҳидоят этмас” (“Қасас” сураси, 50-оят).

Қайси бир инсон ўз ҳавойи нафсига эргашиб, ўзи хоҳлаганидай ҳаёт кечирса, ундай инсон гуноҳ амалларга қўл уриши тайин. Гуноҳ амалларда бардавом бўлган инсон наздида эса ўз-ўзидан диннинг қиймати камайиб бораверади ва натижада у Аллоҳ таоло бандаларига юборган раббоний йўриқнома – динни ёлғонга чиқаради. Динни ёлғонга чиқарадиган бўлса, удан ёмон амаллар содир бўла бошлайди.

Шуни таъкидлаш лозимки, динни ёлғонга чиқариш билан инсондан ёмон амалларнинг содир бўлиши ўртасида – бир-биридан ажралмайдиган боғлиқлик бўлади. Яъни кимки, шариат қайтарган ёмон амалларни қилаётган бўлса, демак у динни амалда ёлғонга чиқараётган бўлади. Ким динни амалда ёлғонга чиқарса, демак ундай одамдан ёмон амалларнинг содир бўлиши аниқ.  

Шунинг учун ҳам динни амалда ёлғонга чиқарган кимсаларда ахлоқсизлик, манманлик, разил сифатлар, хоҳиш-истакларига қул бўлиш каби ёмон амалларга гувоҳ бўласиз.

Аллоҳ таоло “Моъун” сурасининг кейинги оятларида динни ёлғонга чиқарувчиларнинг ёмон сифатларидан баъзиларини келтирди:

2. Бас, у етимни жеркийдиган. 3. Ва мискин (бечора)га таом беришга тарғиб қилмайдиган кимсадир.

Аллоҳ таоло нима сабабдан динни ёлғонга чиқарадиганларнинг шунча ёмон сифатларидан айнан мана шу икки сифатларини танлади?

Одатда қийналиб турган, оғир аҳволдаги бир ночор инсонга ёрдам бермасликнинг ўзи айб, хатолик ҳисобланади. Энди бу қийналиб турган, ночор инсон – ҳеч кими йўқ етим бўлсачи, имкон бўла туриб етимга ёрдам бермаслик – ундан-да каттароқ хатодир. Кошки эди, бу динни ёлғонга чиқарувчи кимса етимга ёрдам бермасликнинг ўзи билан кифояланса эди. Лекин у ёрдам бермасликдан ташқари устига-устак етимни жеркийди. Уни сўкади, ҳақоратлайди, уради. Бундай одамнинг қалбида заррача ҳам раҳм-шафқат бўлмайди.

Динни ёлғонга чиқарадиган инсоннинг кейинги сифатида Аллоҳ таоло мискин (бечора)га таом беришга тарғиб қилмаслигини зикр қилди. Аллоҳ таоло бундай кишиларни мискинга таом беришга тарғиб қилмайди, дея васф этди. Чунки айрим пайтларда инсон ўзида имконияти бўлмагани сабабли таом бера олмайди. Бундай одамни бахил киши деб айблаб бўлмайди. Лекин бу кишининг ҳеч бўлмаганда, таом бериши учун бирор кимни тарғиб қилишга имконияти бор. Агар шу имкониятидан ҳам фойдаланмаса, у одам бахил инсон ҳисобланади. Зеро, биргина сўз билан тарғиб қилиб қўйиш унга оғирлик  қилмайди-ку!

Динни ёлғонга чиқаруви инсон худди шунақа бўлади. Яхшилик қилишни ёқтирмайди, ўзгаларга озгина бўлса ҳам фойдаси тегишини хоҳламайди. Ўта бахиллиги сабаб бир оғиз сўз билан яхшилик қилишга ундашга ҳам тили бормайди. Масалан, бир киши сиздан бир миллион қарз сўраб келса, сизда у миқдордаги пул бўлмаса, менда эҳтиёжимдан ортиғи йўқ, деб айтсангиз, бу ҳолатни тушунса бўлади.

Энди, бир киши сиздан бир бурда нон сўраб келса, уйимизда ҳеч нарса йўқ, деб айтсангиз, бу учига чиққан бахиллик ҳисобланади.

Ўта бахилликнинг яна бир кўриниши сиздан бир киши бирор манзилнинг қаердалигини сўраса, билиб туриб, билмайман деб жавоб беришингиздир.

Шуни таъкидлаш лозимки, бир инсоннинг одамлар билан яхши муомала қилаётганини ёки уларга яхшилик улашаётганини кўрсангиз, билингки, ундай одамнинг қалбида ҳам яхшилик бўлади. Бироқ ким динни ёлғонга чиқарувчи бўлса, ундай одамнинг қалбида яхшилик бўлмайди. Ундай одам одатда бошқалар билан ёмон муомалада бўлади, уларга яхшилик қилишни хоҳламайди. Лекин баъзи вақтларда бундай кишиларнинг ўзгаларга яхши муомалада бўлаётганини, одамларга яхшилик улашаётганини учратиб қолсангиз бу ҳолатдан ҳайратланманг! Чунки улар бу ишларни қилишдан шак-шубҳасиз, манфаатдордир. Агар ўзларига бирор фойда бўлмаганида, зинҳор бу ишларини қилмаган бўларди. Зеро, уларнинг манфаатлари бошқаларнинг манфаатлари билан тўқнаш келганида асл башаралари очилади. Не кўз билан қарасангиз, мулойим, юмшоқ, хушмуомала, илтифотли киши бирдан қўпол, ёввойи, ваҳший инсонга айланади.      

Аллоҳ таоло “Моун” сурасининг кейинги оятларида шундай дейди:

4. Бир “намозхонлар”га вайл бўлсинки,

Ушбу ояти каримадаги “вайл” дан Аллоҳ таолонинг қўрқитуви, таҳдиди назарда тутилган. Бундай таҳдид – намозларига бепарво, намозларини унутувчи бўлган “намозхонлар”га тегишли. Бир қарашда ҳар қандай кишида намозхонларга ҳам Аллоҳ таолонинг таҳдиди бўладими, деган савол пайдо бўлади. Шунинг учун ҳам бундай таҳдидга ҳақли бўлган намозхонларнинг сифати қандай эканини оятнинг давомида баён этади:

5. “Улар намозларини унутувчилардир”. Бундай намозхонлар намозларига бепарво бўлганлари ва уни унутиб қўйганлари сабаб Аллоҳ таолонинг таҳдидига лойиқ бўляпти. Шунинг учун қироат уламолари бу сурани тиловат қилиш асносида икки оят орасида тўхтамай ўқишни тавсия қилишади.       

Муфассир уламолар, бу ояти каримадаги намозини унутиб қўядиган “намозхонлар”дан мунофиқлар назарда тутилган, дейишади. Чунки мунофиқ киши намоз ўқийди, намоздаги ҳаракатларнинг барчасини адо қилади-ю, бироқ қалби ила Аллоҳ таолога боғланмайди, намозга парво қилмайди. Намозидан савоб умид этмайди. Намозни ўқимаса, тарк қилганига Аллоҳ таолонинг жазоси берилишидан қўрқмайди. Шунинг учун намозларни ўз вақтидан кечиктираверади. Яқинлари билан бирор йиғинда ўтирган бўлса, намоз вақти яқинлашаётганидан ичи сиқилиб ўтиради, намоз вақти кириб қолмасинда, деб қўрқади. Йиғинда гап-гапга уланиб кетаверади, намозга азон айтилса-да, намоз учун тараддуд кўрмайди, ибодат вақти ўтиб кетса-да, унга парво қилмайди. Кечки пайт уйга келганида таом берилса, уни тановул қилади, хуфтон намозини кечга суради. Бошқа ишлар билан чалғиб кечанинг ярими ҳам бўлиб қолади, у ҳали ҳам намоз ўқимаган бўлади. Охир оқибат чарчаганидан уйқу ғолиб келиб ухлаб қолади. Шундай қилиб, намозларига дангасалик қилади. Аллоҳ таоло улар ҳақида шундай дейди:

“Дарҳақиқат, мунофиқлар Аллоҳни алдамоқчи бўладилар. Ҳолбуки, Аллоҳ уларни «алдаб қўювчидир». (Улар) намозга турсалар ҳам дангасалик билан одамлар кўрсинга турадилар ва Аллоҳни жуда кам эсга оладилар” (“Нисо” сураси, 142-оят).

Мунофиқлар намозга бепарво бўлишлари билан бирга улар бу амалларни риё ва сумъа учун қилади. Шунинг учун Аллоҳ таоло уларни кейинги оятда шундай сифатлади:

 6. “Ундоқ кишилар риё қиладиганлардир”.

Намозхонлар орасида ҳар хиллари бор. Айримлари Аллоҳ таолонинг розилиги учун намозни адо этишса, яна шундайлари борки, улар одамларнинг ҳар хил гап сўзларидан сақланишл учун намоз ўқийди. Масалан, бир киши бир йиғинда ўтирганида шом намозига азон айтилиб қолса, йиғиндаги барча кишилар намозга турсалар, у ҳам улар билан туриб намоз ўқийди. Аслида танҳо ўзи бўлганида намоз ўқимасди. Бу жойда койилиши, маломатга қолишидан қўрқиб намоз ўқишга мажбур бўлди. Бу ўринда бундай киши Аллоҳ учун намозни адо қилган бўлмайди. Балки риё ва сумъа учун ўқиган бўлади. “Риё” – дин эвазига дунёдаги нарсани талаб қилишдир.

“Риё”нинг ҳар хил кўриниши бўлади:

Хулқ атвордаги риё. Масалан, бир киши инсонлар орасида ўзини юмшоқ, босиқ, ҳалим, виқорли кўрсатади. Бироқ ёлғиз қолганида ёки оила аъзолари олдида унинг ўзгача хулқ-атвори бўлади. Сўкади, ҳақорат қилади, уради ва ундан бошқа мўмин кишига тўғри келмайдиган ишларни қилаверади.

Кийим кийишдаги риё. Одамлар орасида ибодатга хос кийимлар кийиб, ўзини художўй кўрсатиб юради. Аслида у кийган кийимига яраша ишларни қилмайди.

Сўзлардаги риё. Бундай кишилар қўлларига тасбеҳ олиб, одамлар орасида машҳур бўлган зикр ва дуоларни айтиб юришади. Одамлар, у ҳақида роса Худога яқин, Худонинг дўсти, тақводор дейишлари учун зикр ва дуоларни такрор-такрор айтади.

Ибодатлардаги риё. Одамлар уни намозхон дейиши учун намоз ўқийди, уни рўзадор дейиши учун рўза тутади, ҳожи дейишлари учун ҳажга боради.

Риёнинг келиб чиқиш манбаи нима?

Риё ширкдан келиб чиқади. Сабаби, банда фақат Аллоҳ таолонинг розилигини кўзлаши лозим бўлган ибодат амалларида,  У Зотдан бошқанинг розилигини ҳам истайди. Риё кичик ширк демакдир. Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: “Албатта, Аллоҳ Ўзига ширк келтириш (гуноҳи)ни кечирмагай ва (лекин) ана шундан бошқа (гуноҳлар)ни Ўзи хоҳлаган (банда)ларидан кечирур. Ким Аллоҳга ширк келтирса, демак, у улкан гуноҳни тўқиб чиқарибди” (“Нисо” сураси, 48-оят).

Риёнинг даражалари ҳам бўлади. Риёнинг энг оғир даражаси борки,  бунда инсон бирор амални одамларнинг ёмонлигидан қўрқиб, уларни рози қилиш мақсадида қилади. Бундай одам бирор иш қилиш асносида фақат одамларнинг розилигини истайди, ўша қиладиган ишининг бошлашида ҳам амалини тугатганида ҳам Аллоҳ таолонинг розилигини истамайди.

Ўрта даражадаги риё.  Бир инсон бошидан бир солиҳ амал қилади. Одамлар, унинг қилган ишига тасаннолар айтади. Натижада, у ўзини одамларнинг эътиборида деб ўйлаб қолади. Одамлар уни кўпроқ мақташлари учун одатдагидан кўпроқ амаллар қила бошлайди. Бундай одам гарчи амалининг аввалида Аллоҳ таолонинг розилигини истаб қилган бўлса-да, амалининг охирини риё билан якунлайди.

Енгил даражадаги риё. Бунда киши амалининг бошлашида ҳам, уни тугатишида ҳам Аллоҳ таолонинг розилиги истаб қилади. Сўнг одамлар у кишини мақташади. У бу мақтовлардан хурсанд бўлади. Бора-бора бирор мақтаб турадиган кишига ўрганиб қолади. Ана шундай мақтаб турадиган кишиларидан: “Қилган ишимиз яхши чиқибдими”, деб сўрайди. Одамлар ҳам: “Албатта, қилган ишингиз зўр чиқибди. Аллоҳ таоло мукофотласин”, дейишади. Энди у мақтовчининг мақтовига суяниб қолади. Шундай қилиб, бу киши амалини бошлашида ҳам, уни якунлаганида ҳам фақат Аллоҳ таолонинг розилигини истаб қилган бўлади. Фақат мақтовчиларга ишқибоз бўлиб қолгани учун риёнинг енгил даражасини қилаётган бўлади. Исломда риёнинг барча кўриниши мазаммат қилингандир. 

Луқмони Ҳаким ўғилларига: “Риё – қилган амалингнинг савоби (мукофоти)ни дунё диёрида талаб қилишингдир”, дедилар. У кишидан: “Риёдан қутулишнинг давоси нима”, деб сўрашди. У зот: “Амални яширишдир”, деб жавоб бердилар. Яна: “Амал қандай беркитилади”, деб сўрашди. У зот: “Шариатда ошкора қилиш мажбурияти бор бўлган амалларни ихлос билан амал қилишинг. Ошкора қилиш мажбурияти бўлмаган амалларни эса Аллоҳ таолодан бошқа ҳеч кимга билдирмаслигинг. Масалан, таҳажжуд намозини ўқисанг, уни махфий қил, бировга айтма! Садақа қилсанг, уни билдирма! Шунда шайтон сенга: “Сен риёкорсан”, деб айтишга журъат қила олмайди. Солиҳ амалларни қилиб уни бирор кишининг олдида тилга олма! Мана шу риёнинг давосидир. Лекин шундай амаллар борки, уларни беркитишнинг иложиси бўлмайди. Масалан, намозни адо қилиш. Бир киши “Одамлардан панароқ жой топа олмасам, намозни тарк қиламанми? Ёки бирор йиғинда одамлар билан ўтирган бўлсам, риё бўлиб қолмаслик учун намозни адо қилмайманми?”, деб сўраса, бунга жавоб: “Фарз амалларда риё бўлмайди. Фарз намоз адо этиш ва фарз рўза тутишда риё бўлиб қолмаяптими, деган каби шайтон васвасаларига учмаслик лозим”.

Аллоҳ таоло “Моъун” сурасининг охирги оятида динни инкор қилувчиларнинг кейинги сифатини зикр қилди:

Ва “Моъун”ни ман қиладиганлардир” – ояти каримадаги “Моъун”нинг маъноси тўғрисида муфассир уламолар турли фикрлар билдиришган.

Биринчиси, зиммаларидаги закот. Бу – риёкорлар, намоз ошкора амал ҳисоблангани учун ҳамманинг олдида намоз ўқиши. Закот эса, ошкора қилиш шарт бўлмагани учун уни беришни ман этади.

Иккинчиси, ҳақдорларга бериладиган мол. Савдо-сотиқ пайтида харидорнинг белгиланган нархдан ортиқча пули қолса, сотувчи уни билмаганга олиб, қайтимини бермайди. Бу ҳолатда харидор қайтимини сўрашга хижолат қилиб туради.

Учинчиси, уй-жиҳозлари. Нарвон, болта, арра, омбир, коса-товоқ, қошиқлар, белкурак, кетмон ва шунга ўхшаш фойдаланиладиган жиҳозлар. Уйида бу жиҳозлар бўла туриб, бирор қўшнисининг эҳтиёжи тушиб сўраган вақтида: “Бизда бундай нарса йўқ”, деб айтади.

Тўртинчиси, урфда инсонлар ўзаро олди-берди қиладиган майда, арзон нарсалар. Масалан, гугурт, туз, нон, қуруқ чой каби нарсалар.

Бешинчиси, сув. Сув барча инсонларга фойдаланишлари мумкин бўлган нарсалардандир.

Олтинчи, ҳақ-ҳуқуқлар. Ҳар бир ишни ўз эгасига топшириш лозим. Динни ёлғонга чиқарувчилар ҳақларни ўз эгаларига топширишдан бош тортади.          

Етинчиси, ёрдам. Одамларнинг бир-бирига ёрдам беришидан ман қилади, яъни яхшилик қилган кишига ёмонлик қилиш билан жавоб қайтаради. Натижада, яхшилик қилган киши: “Энди бировга яхшилик қилмайман”, дейди. Масалан, бир киши йўлда совуқда турган бир кишини кўриб раҳми келиб, уни мошинасига ўтқазади. Йўлда назорат ходимлари тарафидан текширув ўтказилганида, ҳалиги кишидан наркотик моддалар чиқиб келади, натижада яхшилик қилмоқчи бўлган ҳайдовчи жиноятга шерик бўлиб қамалади. Шундан кейин бу киши ўзига бировни шунчаки олиб кетмасликка аҳд қилади.

Ҳар бир инсон яхшилик қилса, кейин бу яхшилигига ёмонлик билан жавоб қайтарилса, мана шу қилинган ёмонлик – у одамни қайта яхшилик қилишдан ман этади.

Демак, одамларнинг бир-бирига ёрдам беришидан ким ман қилаётган бўлади?

Ёмонлик қилган киши ман қилаётган бўлади. Бундай киши, бу иши билан динга ҳам зарар келтираётган ҳисобланади. Чунки, инсонлар бир-бирларига яхшилик қилмай қўяди. Натижада, инсонлар орасида ўзгаларга яхшилик қилиш тушунчаси ёт бўлиб боради. Бора-бора шундай ҳолат юз берадики, одамлар бир кишининг ўзга бир кишига яхшилик қилаётганини кўриб қолса: “Бу қандай одам бўлди, ҳозирги замонда ҳам одамларга яхшилик қилиб бўлармиди?”, деб ҳайрон бўлади.

Аллоҳ таоло барчаларимизни тил ва амалларимиз билан динни ёлғонга чиқаришга боришдан сақласин!       

Муҳаммад Ротиб Нобулсийнинг

“Тафсири Нобулсий” китоби 14-том, 30-жузъидан

Фаррух Абдулкарим, Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ таржимаси.  

Фойдаланилган қўшимча адабиётлар: Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф, Шайх Абдулазиз Мансур ва Шайх Алоуддин Мансур ҳазратларининг “Қуръони карим маънолар таржимаси” китоблари.

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

“Мусулмон бўлиб мусулмонларни тушунмай қоламан...”

6538 12:19 11.10.2019

Трамп ва унинг ёлғонлари

1469 14:05 08.10.2019

Фаластин ЖАРнинг хатоларини такрорламаслиги лозим

956 17:05 07.10.2019

Қатъий қарор керак

1619 11:44 05.10.2019

Паркентдаги ҳолатга муносабат: «Ширкни Аллоҳ таоло кечирмайди»

1149 09:44 05.10.2019

Матбуот анжумани: «Ўзбекистон Евроосиё иқтисодий иттифоқига қўшиладими? Ё...»

1319 19:01 04.10.2019
« Орқага