Тафсири Нобулсий: "Наср" сураси

20:00 04.03.2019 891

Бисмиллаҳир роҳманир роҳим

“Наср” сураси

 1. (Эй Муҳаммад!) Қачонки, Аллоҳнинг нусрати (мадади) ва ғалаба келганида, 2. Одамлар тўп-тўп бўлиб, Аллоҳнинг дини (Ислом)га кираётганларини кўрганингизда. 3. дарҳол Раббингизга ҳамд билан тасбеҳ айтинг ва Ундан мағфират сўранг! Зеро, У тавбаларни қабул этувчи зотдир.

Ривоят қилинишича, Умар розияллоҳу анҳу ёш саҳобий Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳуни ёш бўлишига қарамай, ҳурматини жойига қўярдилар, ўз мажлисларида қатнашишига изн берардилар. Катта саҳобаларга бу ҳолат маъқул келмасди. Ёш саҳобийга изн берганлари юзасидан Умар розияллоҳу анҳуни койишиб, ўз фарзандларини ҳам мажлисга қатнашишларига рухсат беришларини талаб қилишди.

Шунда ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу катта саҳобаларни ва ёш саҳобий Абдуллоҳ ибн Аббосни ҳузурларига чақиртирдилар. Сўнг улардан “Наср” сураси ҳақида сўрадилар. Саҳобалар бир овоздан: “Бу сурада Аллоҳ таоло Ўз пайғамбарига нусрат ва ғалаба башоратини бермоқда. Нусрат ва ғалаба келганида Аллоҳ таолодан мағфират сўраб, тавба қилишга буюрмоқда”, дейишди. Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу  Абдуллоҳ ибн Аббосга қараб: “Бу сура ҳақида сен нима дейсан”, деб сўрадилар. Абдуллоҳ ибн Аббос: “Фақат улар айтгандай эмас, балки бу сурада Пайғамбар алайҳиссаломнинг вафот этишлари хабари ҳам бордир”, дедилар. Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу саҳобаларга қараб: “Энди ҳам мени маломат қиласизларми? Аллоҳга қасамки, мен ҳам бу сура борасида фақат Абдуллоҳ ибн Аббос айтган нарсани биламан”, дедилар.

Дарҳақиқат “Наср” сурасининг нозил бўлиши Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг пайғамбарлик вазифалари якунланганини билдирарди. Чунки буюк шахсларнинг ҳаётда яшашларидан мақсад зиммаларидаги муҳим бир вазифани адо қилиш бўлади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Аллоҳ таолонинг ёрдами ила бу вазифани тўла-тўкис бажаргандилар. “Наср” сураси нозил бўлганида ажаллари яқинлашганини сезгандилар. Фотима онамизни ёнларига чақириб унинг хабарини бердилар. Бундай хабарни эшитган Фотима онамиз розияллоҳу анҳо ўзларини тута олмай, йиғлаб юборганлар.

Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Фотима онамизнинг қулоқларига бир нарса айтадилар. Бу сафар Фотима онамизнинг юзларидан хурсандчилик аломатлари кўринади. Ўшанда Пайғамбар алайҳиссалом вафотларидан кейин ўзларига йўлиқадиган энг биринчи киши Фотима онамиз бўлишини айтадилар. Бу ҳақида Оиша розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, Пайғамбар алайҳиссалом вафот этишларидан олдинги касалликларида Фотимани олдиларига чақириб, бир нарсаларни шивирлаб айтдилар, шунда Фотима йиғлаб юборди, сўнг яна шивирлаб бир нарсаларни айтдилар, бу сафар Фотима кулди. Мен бунинг сабаби ҳақида сўраганимда, Фотима: “Биринчи сафар шу касалликлари ортидан вафот этишларини айтдилар, мен йиғладим, кейин аҳли байтлари орасида Ул зотга йўлиқадиганларнинг энг аввали мен бўлишимни айтдилар, кулдим”, деди[1].     

Бу сура нозил бўлганида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ажаллари яқинлашганини билган зотлардан яна бири саййидимиз Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу эдилар. Абу Саъид Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам минбарга чиқиб: “Аллоҳ таоло бандасига икки нарсанинг бирини танлаш ихтиёрини берди. Бири истаганча дунё гўзалликлари (нозу неъматлари) бўлса, иккинчиси ўзининг ҳузуридаги нарсалардир. Банда Унинг ҳузуридаги нарсаларни ихтиёр қилди”, дедилар.

Шунда Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу йиғлаб юбордилар ва: “Ота оналаримиз сизга фидо бўлсин”, дедилар. Биз Абу Бакрнинг гапидан таажжубландик. Инсонлар (Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳуни назарда тутишиб): “Бу қарияни қаранглар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳ таоло бандасига икки нарсанинг бирини танлаш ихтиёрини берди. Бири истаганча дунё гўзалликлари (нозу неъматлари) бўлса, иккинчиси ўзининг ҳузуридаги нарсалардир”, деб хабар бериб турсалар, бу қария: ““Ота оналаримиз сизга фидо бўлсин”, деяпти-я?”, дейишди. Ўшанда Аллоҳ таоло томонидан ихтиёр берилган банда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бўлган эканлар. Буни Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу биздан кўра яхшироқ англаган эканлар.

Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Инсонлар ичида менга суҳбати (хизмати) ва моли (молини сарфлаш) ила энг кўп фидоийлик қилгани Абу Бакрдир. Агар мен умматим орасидан фақат бир кишини дўст тутар бўлганимда, шубҳасиз, Абу Бакрни дўст тутган бўлардим. Лекин Ислом дини биродарчилик динидир. Абу Бакрнинг масжидга қараган дарчасидан бошқа бирорта дарча қолмасин”, дедилар”.

Энди суранинг тафсирига киришсак!

(Эй Муҳаммад!) Қачонки, Аллоҳнинг нусрати (мадади) ва ғалаба келганида – араб тилида “қачонки” маъносини ифодалайдиган сўз одатда ҳали бўлмаган, содир бўлиши кутилаётган нарсаларга нисбатан айтилади. Келажакда кутилаётган нарса бўлмаслиги ҳам мумкин. Бироқ бу сўз оламлар робби Аллоҳ таоло томонидан айтилса, у нарса шак-шубҳасиз содир бўлади. Ояти каримадаги Пайғамбар алайҳиссаломга башорат сифатида айтилган нусрат ва ғалаба орадан кўп вақт ўтмай содир бўлган. Қуръони каримда қайси ўринда нусрат ва ғалаба ҳақида гап кетган бўлса, барчаси Аллоҳ таоло томонидан келгани айтилган. Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади:

1. Алиф, Лом, Мим 2. Рум (қўшини Форс қўшинидан) мағлуб бўлди. 3. жуда яқин ерда. (Лекин) улар (яъни румликлар) бу мағлубиятларидан сўнг, (форслар устидан) албатта, ғалаба қилурлар. 4. бир неча йил ичида. Олдин ҳам, кейин ҳам иш Аллоҳникидир. Ўша кунда мўминлар (румликларнинг ғалабасидан) шодланурлар. 5. Аллоҳ (аҳли китобларга) мадад бергани сабабли. (У) хоҳлаган кишига мадад берур. У Азиз (қудратли) ва Раҳим (раҳмли)дир. ("Рум" сураси, 1-5-оятлар).

Ёрдам бериб инсонни азиз қиладиган ҳам, мададини узиб қўйиб инсонни хор қиладиган ҳам ягона Аллоҳ таолодир.

Инсонларга Аллоҳ таоло томонидан нусрат ва ғалаба келиши учун илоҳий шартлар ва қоидалар бордир. Аллоҳ таоло бу ҳақида шундай марҳамат қилади:

Эй, имон келтирганлар! Агар сизлар Аллоҳга ёрдам берсангиз (динининг ривожи учун ҳаракат қилсангиз), У ҳам сизларга ёрдам берур ва қадамларингизни собит (барқарор) қилур. (Муҳаммад сураси, 7-оят).

Аллоҳ сизлардан имон келтирган ва солиҳ амалларни қилган зотларга худди илгари ўтган (имонли) зотларни (ер юзига) халифа (ҳукмрон) қилганидек, уларни ҳам ер юзига халифа қилишни ва улар учун ўзи рози бўлган (Ислом) динини мустаҳкам қилишни ҳамда уларнинг (Маккадаги кўрган) хавф-хатарларидан сўнг (Мадинада) хотиржамликка айлантириб қўйишни ваъда қилди. Улар Менга ибодат қилурлар ва Менга бирор нарсани шерик қилмаслар. Кимки мана шу (ваъда)дан кейин ношукурлик қилса, бас, улар фосиқлардир. (Нур сураси, 55-оят).

Демак, Аллоҳ таоло томонидан нусрат келиши учун инсонлар Аллоҳ таолога бирор нарсани шерик қилмаслари, ҳар бир амалда фақат Аллоҳ таолонинг розилигини мақсад қилишлари, шариатга тўла-тўккис амал қилишлари зарур бўлади. 

Ояти калимада аввал Аллоҳ таолонинг нусрати, сўнг ғалаба сўзи зикр қилинди. Бунинг ҳикмати шуки, ҳақиқий ғалаба бўлиши учун Аллоҳ таолонинг нусрати бўлиши шартдир. Чунки баъзида инсонлар ғалабага эришиши мумкин, бироқ бундай ғалаба узоқ давом этмай қолади. Сабаби Аллоҳ таолонинг нусрати билан бўлмаган ҳар қандай ғалаба узоққа давом этмаслиги тайиндир.

Ояти каримадаги ғалабадан Пайғамбар алайҳиссалом бошчиликларида мусулмонлар Макка фатҳини қўлга киритишлари назарда тутилган.

Ояти каримада Аллоҳ таолонинг нусрати ва ғалабаси келган вақтда инсонларнинг Ислом динига тўп-тўп бўлиб кирганлиги зикр қилинди. Ҳақиқатда Макка фатҳидан кейин Макка ва Мадина атрофларидан кўплаб араб қабилаларининг Ислом динини қабул қилганлари кузатилинган.

Одамларнинг Ислом динига тўп-тўп бўлиб кириши Ислом дини қувватланганидан кейин бўлди. Ислом қувватли бўлган, бутун оламга ёйилган, одамлар Исломга тўп-тўп бўлиб кираётган вақтда иймон келтирганлар билан - Ислом заиф бўлган, бутун дунё унга қарши чиққан, мусулмонлар мушриклар томонидан турли қийноқларга тортилаётган вақтда иймон келтирганларнинг савоби, Аллоҳ таолонинг наздидаги даражаси, Исломдаги мавқеи ва мартабаси асло тенг бўлмайди. Мисол тариқасида бир корхонани олайлик. Илк очилиш пайтида, ҳали танилмаган, ишчиларининг маоши кам бўлган, мижозлари ҳам оз бўлган пайтида шу корхонада маълум бир қийинчиликларга чидаб ишлаган ходимлар билан – корхона машҳур бўлиб, ходимлари кўпайган, маошлари ҳам баланд бўлган, мижозлари кўпайган вақтда ишга кирган ходимларининг орасида катта фарқ бўлади. Корхона учун қийинчилик кунларида елкама-елка туриб берган ходимларнинг қадри албатта баланд бўлади. Худди шундай исломнинг аввалида мусулмон бўлган саҳобаларнинг Аллоҳ таоло ва расулининг наздида қадрлари баланд бўлган.

Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳунинг қўшнисидан ривоят қилинади: “Мен сафардан келганимда Жобир ибн Абдуллоҳ олдимга салом бериб келди. Мен Жобирга одамларнинг тафриқага бўлиниб, турли бидъат амалларини қилаётганларини гапирдим. Жобир ибн Абдуллоҳ йиғлаб юборди ва шундай деди: “Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: “Инсонлар Аллоҳ таолонинг динига тўп-тўп киришган бўлса, яқин кунларда ундан тўп-тўп бўлиб чиқиб кетишади”, деганларини эшитдим”[2].  

Жобир ибн Абдуллоҳ қўшнилари берган хабардан Пайғамбар алайҳиссалом ҳадисда хабарини берган давр келиб қолдимикин, деб хавотирга тушиб йиғладилар. Аслида Пайғамбар алайҳиссалом ҳадисда хабар берган одамлар бизнинг давримиздаги инсонлар эмасмикин? Чунки Рамазон ойида қанча-қанча инсонларни заруратсиз ҳолда ошхоналарда таомланиб юрганларини, инсонлар орасида Аллоҳ таоло ҳаром қилган нарсаларни қилиш оддий ҳолатга айлангани, мусулмон юртларда бегона эркак ва бегона аёлларнинг турли-туман кўнгил очар жойларида бир-бирлари билан аралашиб юрганларини кузатишингиз мумкин. Бундай ахлоқий инқирозга юз тутган, намоз ва рўзадан фақат шакли қолган, ҳаж ва умра амаллари ҳам ўз асл моҳиятидан узоқлашган, инсонларнинг энг катта ғам-ташвишлари молу дунё, қорин, ҳирс-истаклар, шаҳватларга айланиб улгурган жамиятда Ислом динидан нима қолади?

Бандаларининг ҳолатларини, улардан ҳар-хил камчиликлар, хатолар ўтишини биладиган Зот “Наср” сурасини шундай дея якунлади:

“Дарҳол Раббингизга ҳамд билан тасбеҳ айтинг ва Ундан мағфират сўранг! Зеро, У тавбаларни қабул этувчи зотдир”.

Мадомики, тавба эшиклари очиқ экан, гуноҳларингизга тавба қилиб Роббинггиздан мағфират сўранг. Албатта, Ул Зот тавбаларни қабул этажак.

 

Муҳаммад Ротиб Нобулсийнинг

“Тафсири Нобулсий” китоби 14-том, 30-жузидан

Фаррух Абдулкарим, Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ таржимаси.  

 

[1] Имом Бухорий ва Имом Муслим раҳматуллоҳи алайҳим ўз “Саҳиҳ”ларида келтирганлар.

[2] Аҳмад ибн Ҳанбал раҳимаҳуллоҳ ўзларининг “Муснад”ларида келтирганлар.

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!