Тафсири Нобулсий: "Қурайш" сураси

20:00 26.03.2019 694

Бисмиллаҳир роҳманир роҳим

“Қурайш” сураси

1. Қурайш (аҳолиси)га қулай қилиб қўйгани учун. 2. яъни уларга қишда (Яманга) ва ёзда (Шомга) сафар қилишни қулай қилиб қўйгани учун. 3. мана шу Уй(Каъба)нинг Парвардигорига ибодат қилсинлар! 4. Зеро, (У) уларни очликдан (қутқариб) тўйдирди ва хавф (ва хатар)дан хотиржам қилди.

1. Қурайш (аҳолиси)га қулай қилиб қўйгани учун.

Ояти калимадаги Қурайшдан Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг қабиласи назарда тутилган. Қурайш Каъбанинг атрофида яшайдиган, араб қабилалари ўртасида ҳурмат ва маҳобатга эга қабила эди. Чунки барча араб қабилалари Байтуллоҳга ҳаж қилиш учун келишарди. Шунинг учун ҳам Қурайшнинг тижоратлари хавф-хатардан холи эди.

Макка зироат, экинзорли ерлардан холи водий эди. Уларнинг асосий тирикчиликлари тижорат орқали бўларди. Қурайш бир йилда икки марта, яъни қиш фаслида Яманга, ёз фаслида Шомга тижорат мақсадида сафар қилишарди. Бу тижорат сафарлари уларнинг ризқлари мўл-кўл бўлиши, фаравон ҳаёт кечиришларига сабаб бўлар эди.

Қурайш қабиласи араб қабилалари орасида ҳурматга эга бўлиши, эмин-эркин тижорат қилишлари, тинч, хотиржам ва фаравон ҳаёт кечиришларининг асосий омили – Байтуллоҳнинг борлиги эди. Агар Байтуллоҳ Қурайш қабиласи жойлашган Маккада бўлмаганида эди, Қурайшнинг обрўси бунчалик даражада бўлмасди, тижоратларини эмин-эркин қила олмасдилар ва тинчлик-хотиржамлик билан ҳаёт кечира олмасдилар.

Аллоҳ таоло Қурайш қабиласини Абраҳадан сақлаганининг сабаби ҳам Байтуллоҳнинг ҳурматидан эди. Аслида Қурайш ўша вақтда Аллоҳ таолонинг нусратига ҳақли эмасди. Чунки улар бутларга сиғинишарди, Аллоҳ таоло ҳаром қилган ишларни ўзларига ҳалол қилиб олишганди ва кучлилари кучсизларига зулм қиларди. Шундай экан, Қурайш аҳли ўзларига шунча неъмат берган бу Байтнинг Раббисига ибодат қилишлари ва У Зотнинг севикли пайғамбари Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга душманлик қилмасликлари лозим эди.

Аллоҳ таоло “Қурайш” сурасининг биринчи оятида Қурайшга барча нарсани қулай қилиб берганини баён этди.

Борлиқдаги барча мавжудоту махлуқот бекорга яратилмаган. Юз бераётган ҳар бир жараён тасодифан бўлмайди. Барчаси Аллоҳ таолонинг иродаси билан бўлади. Ер юзида инсон зоти учун нима қулай бўлса ёки ёқимли бўлса, ундай бўлиши ҳам ўз-ўзидан бўлган эмас. Буларни қулай қилиб, ёқимли қилиб қўйган ягона Зот Аллоҳ таолодир.

Ҳаво, сув, таом, ерларнинг ҳосил бериши, ўт-ўланлар, мевалар, гул-райҳонлар, конлар, Қуёш, Ой, тоғлар, денгизлар, анҳорлар, булоқлар, балиқлар, ҳайвонлар, қушлар каби Аллоҳ таолонинг махлуқотлари инсон зоти учун қулай, айни пайтда ёқимли қилиб яратилган. Инсон ҳаёти давомида мазкур нарсаларга эҳтиёжи тушади. Агар бу мавжудотлар инсонга қулай қилиб яратилмаганида эди, ҳаётни тасаввур қилиб бўлмасди. Масалан, таомга инсоннинг ҳожати бор. Агар таом инсонга кўриниши, таъми, ҳиди жиҳатидан ёқимли қилинмаганида, инсон уни ея олмасди.

Сувларни ҳам ичишга қулай бўлиши учун салқин қилиб яратди. Агар шу ичимлик сувини қайноқ ёки шўр қилиб қўйганида истеъмол қилиб бўлмас эди.

Яна тўрт фаслни олайлик. Аллоҳ таоло ҳар бир фаслни инсонга қулай, ёқимли қилиб яратди. Ёзда ҳаво иссиқ бўлганининг ўзига хос қулайлиги бор. Бироқ бу иссиқлик узоқ давом этса, инсонларда бетоқатлик ҳолатлари кузатилади. Натижада инсонлар совуқликка талпинади. Шунинг учун Аллоҳ таоло инсонга совуқлиги бор бўлган куз, қиш фаслларини яратди. Худди шундай қишнинг ҳам ўзига хос қулайлиги бор. Бироқ бу совуқлик ҳам агар узоқ давом этса, инсонларда совуқликдан зерикиш пайдо бўлади. Улар иссиқликка талпинади. Шунинг учун ҳам Аллоҳ таоло бандаларини ўйлаб баҳор, ёз фаслларини яратиб қўйди.

Худди шундай инсонга аёли, фарзандлари, яшайдиган муҳити, манзил-макони ва касби ёқимли, севикли қилиб яратилди. Бу қулайликларнинг барчаси Аллоҳ таоло инсон зотини улуғлаганидандир.

Банда борлиқдаги ўзига қулай қилиб берилган неъматлар хусусида тафаккур қилса, бу тафаккури – уни бундай неъматлар берган Зот Аллоҳ таолога ибодат қилишига чорлайди. Шунинг учун ҳам Аллоҳ таоло Қурайшга берган қулайликлар эвазига улардан нима талаб қилганини кейинги оятда баён этди:

 3. Мана шу Уй(Каъба)нинг Парвардигорига ибодат қилсинлар!

Мазкур уч оятдаги айтилган гаплар асосан Қурайш аҳлига қаратилгандир. Бироқ баъзи муфассир олимлар бу оятларни умумий маънода тушансак бўлади, дейишади. Шунда маъно қуйидагича бўлади:

“Аллоҳ таоло ер юзидаги барча махлуқотларига қулайликлар қилиб бергани учун мана шу Каъба, яъни ер юзининг Рабби Аллоҳ таолога ибодат қилсинлар”. 

Аллоҳ таоло “Қурайш” сурасининг учинчи оятида “Мана шу Уй(Каъба)нинг Парвардигорига ибодат қилсинлар!” дея Ўзига ибодат қилишга буюрди.

“Ибодат” дейилганида нимани тушунасиз?

“Ибодат” дейилганида, буйруққа бўйсуниш, уни бажариб қўйишнинг ўзи тушуниладими?

Гоҳида аёл эрининг буйруқларига ичидан рози бўлмасдан, хоҳламасдан бўйсунади. Ёки оддий аскар ўз қўмондонига ичидан хоҳламай, рози бўлмай итоат қилади. Ёки ходимнинг ўз хўжайини билан ўрталаридаги муносабат ҳам худди шундай кечади. Бундай кўринишдаги бўйсуниш, итоат қилишга “ибодат” дейилмайди. Бундай кўринишлардаги бўйсунишни “итоат” дейилади. 

“Ибодат” – Аллоҳ таолонинг буйруқлари ва қайтариқларига У Зотни таниб, ич-ичидан рози бўлиб бўйсуниш ва итоат қилишдир. Чунки банда Аллоҳ таолони ҳақиқий танисагина У Зотга рози бўлиб, севиб итоат қилади. Мана шундай тоатда улкан фойда ва саодат бўлади. Банда Аллоҳ таолога итоат қилса, доимо Унга юзланади. Яратган Раббига доимий юзланган инсон дунё ва охиратда саодатманд бўлади. Қуръони Каримнинг қайси жойида “ибодат” сўзи келган бўлса, ўз хоҳиши билан итоат қилиш маъносида келган.  

“Ибодат”нинг яна бир маъноси – тўлиқ итоат қилиш, яъни Аллоҳ таолонинг барча буйруқларига бирор истисносиз итоат қилиш. Инсон мусулмон бўлганидан кейин Аллоҳ таоло ва Расулининг буйруқларидан хоҳлаганига итоат қилиб, хоҳлаганини тарк қилишига йўл йўқ. Инсон шариатга тўлалигича амал қилиши лозим. Агар инсон шариатнинг барча буйруқ ва қайтариқларига амал қилмаса – иймон лаззатини тота олмайди, мусулмонлигининг самарасини кўра олмайди. Масалан, бир неча йиллар маърузалар эшитади, китоблар ўқийди, шу билан бирга шариат қайтарган нарсаларни қилиб юраверади. Шариатга зид ишлар қилиши – уни Аллоҳ таолодан тўсади, бунинг натижасида диндан зерикади, иймон ҳаловатини топмайди. Агар бу инсон шариатнинг буйруқларига тўлиқ амал қилиб, қайтариқларидан тўлиқ қайтганида эди – иймон самараси бўлмиш саодат, хотиржамлик, розилик, таваккул каби яхшиликларга эга бўларди.

Қачон инсон Аллоҳ таолога тўлиқ итоат қилиши мумкин?

Жавоб: Қачонки инсон Аллоҳ таолони ҳақиқий таниса, шундагина Унга тўлалигича итоат қилади. Инсон яратган Раббиси Аллоҳ таолони ҳақиқатда танимасдан Унга тўлиқ ибодат қила олмайди. Чунки у ўз хоҳиш-истакларини Аллоҳ таолонинг буйруқлари ва қайтариқларидан қадрлироқ деб билади ва уни устун қўяди. Қачонки бундай кишига: “Бу ишни қилма, бу иш ҳаром десангиз”, у сизга: “Динга чуқур кетма, ҳамма нарсага ҳам бунчалик эътибор берилавермайди”, деб жавоб беради. Шундай экан, инсон буйруқни қилишдан олдин, буюрувчини яхши таниб олиши лозим бўлади.

Пайғамбаримиз алайҳиссалом ҳам Маккада саҳобаларга аввал Аллоҳ таолони таниттирдилар. Шундан кейин шариат буйруқ ва қайтариқларини таълим бердилар. Агар биз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг тутган йўлларининг аксини қиладиган бўлсак, шубҳасиз муваффақиятсизликка юз тутамиз. Натижада инсонлар буюрувчи Зот Аллоҳ таолони танимаганлари сабаб Унинг буйруқ ва қайтариқларидан қутулиш учун турли ҳийла-найрангларни ўйлаб топишади. Масалан, зиммасидаги фарз бўлган закотни бермаслик учун ҳийла йўлларини ўйлаб топади. Ёки Аллоҳ таоло ҳаром қилган рибони турли ҳийла йўллари билан ўзи учун ҳалол қилишга уринади.

“Қурайш” сурасининг сўнги оятларида Аллоҳ таоло Қурайш аҳолисини очликдан тўйдиргани ва хавф-хатардан омонда сақлаганини эслатади:

4. Зеро, (У) уларни очликдан (қутқариб) тўйдирди ва хавф (ва хатар)дан хотиржам қилди.

Инсоннинг оч қолиши, оч қолганини сезиши Аллоҳ таолонинг катта мўжизаларидан биридир. Гоҳида мошинанинг суви камайиб, мотори қизиб кетади. Агар шуни билдириб турадиган бирор кўрсаткич бўлмаса, мотор қизиб натижада ёниб кетади. Худди шунингдек, Аллоҳ таоло инсонда оч қолганини билдириб турадиган сезги органни яратди. Агар инсон оч қолганини сезмаганида эди, вафот этиб кетарди, бироқ нима сабабдан ўлганини ҳеч ким билмасди. Аллоҳ таоло бизларда оч қолиш неъматини яратмаганида эди, таомларнинг лаззатини ҳис қила олмасдик. Зеро, тўқ инсонга таом қанча ширин бўлмасин, барибир ёқимсиз туюлаверади. Шундай экан, Аллоҳ таоло бекорга Қурайш аҳолисини очликдан тўйдирганини баён этмади.  

Тўқлик ва тинчлик-хотиржамлик -­- Аллоҳ таоло томонидан берилган энг катта неъматлардан.

Абдуллоҳ ибн Миҳсон Хотимийдан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Қайси бирингиз, кўнгли хотиржам, бадани офиятда ва ҳузурида бир кунлик озуқаси бор бўлган ҳолида тонг оттирса, худди дунё унинг қўлида жамлангандай бўлибди”, дедилар[1].

Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади: "(Бу) икки гуруҳнинг қайсиниси (қўрқмай) хотиржам бўлишга ҳақлироқдир? Биладиган бўлсангиз (айтинг!). Иймон келтирган ва иймонларига зулм (ширк)ни аралаштирмаганлар – айнан ўшаларга хавфсизлик (бордир) ва улар ҳидоят (тўғри йўл) топган зотлардир («Анъом» сураси, 81-82-оятлар).

Қайси бир инсон мана шу икки неъмат, яъни тўқлик ва тинчлик-хотиржамлик неъматидан насибадор бўлса, Аллоҳ таолога доимий шукр қилмоғи лозим бўлади.

Қайси бир инсон мана шу икки неъматдан маҳрум бўлса, энг катта бало билан балоланибди. Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади: «Аллоҳ бир шаҳарни (Маккани) мисол келтирур: у тинч, сокин (шаҳар) эди, ҳар томондан ризқи кенгу мўл келиб турар эди. Бас, у (аҳолиси) Аллоҳнинг неъматига ношукурлик қилгач, Аллоҳ унга (аҳолисига) бу «ҳунарлари» сабабли очлик ва хавф либоси (балоси)ни “тотиш”га мажбур этди» («Наҳл» сураси, 112-оят).

Муҳаммад Ротиб Нобулсийнинг

“Тафсири Нобулсий” китоби 14-том, 30-жузидан

Фаррух Абдулкарим, Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ таржимаси  

Фойдаланилган қўшимча адабиёт: Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф, шайх Абдулазиз Мансур ва шайх Алоуддин Мансур ҳазратларининг “Қуръони карим маънолар таржимаси” китоблари.

 


[1] Имом Термизий раҳимаҳуллоҳ ўз “Сунан”ларида келтирганлар.

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!