Таҳорат

00:00 07.12.2018 598

Таҳорат қилувчи кишига қиблага юзланиш, яъни қиблага қараб ўтириш, баландроқ жойга ўтириб таҳорат қилиш мустаҳабдир.

Таҳоратдан аввал басмала айтилади (“Бисмиллааҳир роҳмаанир роҳийм” дейилади). Сўнгра таҳорат қилувчи одам икки қўлини билаклари билан қўшиб уч марта ювади. Уч марта оғиз чайиб, мисвок қилади. Мисвок топа олмаса, тишларини бошқа восита ёки бармоғи билан тозалайди. Оғзига сув олиб, ғарғара қилади. Агар рўзадор бўлмаса, оғзида сувни муболаға билан айлантиради. Рўзадор бўлса, ғарғара ҳам қилмайди, оғизда сувни айлантиришда муболаға ҳам қилмайди. Сўнг бурун қоқади, яъни бурунга сув тортиб, қоқиб ташлайди, бурнини чап жимжилоғи билан тозалайди.

Рўзадор бўлса, бурунга сув олишда муболаға қилмайди. Сўнг юзини уч марта тўлиқ ювади. Бунда пешонада сочлар бошланган жойдан жағнинг тагигача, томоғигача ҳамда бир қулоқнинг юмшоғидан иккинчи қулоқнинг юмшоғигача юз ҳисобланади. Агар қошлари сийрак бўлиб, тагидан тери кўриниб турса, қошларнинг тагига ҳам сув етказилади. Сўнгра ўнг ва чап қўлни тирсаклари билан қўшиб уч мартадан ювади, икки қўлнинг бармоқларини бир-бирининг орасига киритиб, ишқалаб ювилади. Бу нарса “таҳлил” дейилади.

Агар қўлда узук бўлса, унинг тагига сув етиб борадиган қилиб, жойидан қимирлатади. Сўнгра бошига бир марта тўлиқ масҳ тортади, сўнг қулоқлар ичига кўрсаткич бармоқ билан, сиртига эса бошмалдоғи билан масҳ тортади (томоққа масҳ тортилмайди, бундай қилиш бидъатдир). Қулоққа масҳ тортиш учун янги сув олинмайди, бошга масҳ тортгандан кейин қолган нам билан масҳ тортилади. Сўнгра аввал ўнг, кейин оёқни тўпиқлари билан қўшиб уч мартадан ювади. Оёқ бармоқлари орасига чап жимжилоқ билан таҳлил қилади. Таҳлилни ўнг оёғининг жимжилоғидан бошлаб, бош бармоғида тугатади. Сўнг чап оёғининг бош бармоғидан бошлаб, жимжилоғида тугатади. Шунда ўнг оёғининг жимжилоғидан бошлаб, чап оёғининг жимжилоғида тугатган бўлади.

Суннатга мувофиқ таҳорат олиш тартиби мана шундай. Бу амалнинг ҳам ўз фарзлари, суннат ва мустаҳаблари бор.
Фарз: тарк қилинса ёки тўкис қилинмаса, таҳорат тўғри бўлмайдиган амал.

Суннат: Қилса савоб олинадиган, тарк қилса савоб олинмайдиган амал. Суннатлар қилинмаса ҳам таҳорат дуруст бўлаверади. Лекин улар атайлаб тарк қилинса ёки тарк қилиш одатга айланиб қолса, гуноҳкор бўлади.

Мустаҳаб: Қилса савоб бўладиган, тарк қилса гуноҳ бўлмайдиган амал.

Изоҳ: Таҳорат қилишдан аввал намоз учун таҳорат қиламан деб ният қилиш керак. Шунда таҳоратдан савоб ҳосил бўлади. Гарчи таҳорат тўғри қилинган бўлса ҳам, ниятсиз савоб ҳосил бўлмайди.

Манба: Bintusodiq телеграм канали

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!