Тaҳорaт ҳaр бир нaмозгa қилинaдими?

11:00 19.06.2019 1169

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

Ўз каломи шарифида: “Aлбатта, Aллоҳ тавба қилувчиларни севади ва покланувчиларни севади” ("Бақара" сураси, 222-оят),- дея бандаларини покликка ундаган Зот - Aллоҳ таолога беадад ҳамд-у санолар бўлсин. Ҳадиси шарифларида: “Aллоҳ покдир! Покликни севади!”,- дея Роббисининг сўзини тасдиқ қилган Зот-ҳабибимиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга чексиз дуруд-у саломлар бўлсин. Ислом дини ҳукмларини гўзал тарзда, буюк омонат қилиб етказган зотлар – саҳобаи-киром, тобеийн, улуғ мужтаҳидларга Aллоҳнинг ризолиги, раҳмати ва мағфирати бўлсин.

Биз ўрганмоқчи бўлган мавзу – таҳорат диннинг беш арконидан шаҳодатдан кейинда турувчи, мўминнинг меърожи бўлган намознинг энг асосий шартларидандир. Бунинг бошқа амалларга эмас айнан намозга шарт қилинишида Ислом динининг нафақат маънан, балки, ҳиссан (моддий) покланишга ҳам қанчалар аҳамият берганини кўрасиз. Чунки, намоз бошқа амаллардан фарқли равишда мўмин кишининг кундалигидан алоҳида ўрин олгандир.

Биз бу мавзуни Ҳанафий мазҳабимиз учинчи табақаси – мазҳаб соҳибларидан ривояти келмаган масалаларда ўз ижтиҳодлари ила ҳукм чиқаришга қодир бўлган мужтаҳид-фақиҳлар табақасидан бўлмиш имом Aбу Жаъфар Aҳмад ибн Муҳаммад ибн Салаама ибн Салама ал-Aздий ат-Таҳовий роҳматуллоҳи алайҳ қаламларига мансуб “Шарҳи маонил-осор” – “Осорлар маънолари шарҳи” китоби орқали ўрганамиз. Мавзуни ўрганиш жараёнида ҳадисларнинг бир-бирига қандай мувофиқлаштирилиши, бир ҳадисдан қандай маъно тушунилиши, ҳадисларнинг ҳукмлар билан нақадар боғлиқлиги, энг асосийси, бу Динни етказиш йўлида уламоларнинг қилган ҳиммат-у ғайратлари, машаққат-у заҳматларини озгина бўлсада тушуниб, ҳис қилсак ажаб эмас…

Биздан Имом Таҳовий роҳматуллоҳи алайҳгача муттасил равишда етиб келган ривоятга кўра, у зот айтадилар: “Сулаймон ибн Бурайра розияллоҳу анҳу отасидан ривоят қилди: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳар бир намоз учун таҳорат қилар эдилар. (Макка) фатҳ бўлган пайтда эса (беш вақт) намозларни бир таҳорат билан ўқидилар”. Сулаймон ибн Бурайда розияллоҳу анҳу отасидан ривоят қилди: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Макка фатҳ бўлган куни беш (вақт) намозни бир таҳорат билан ўқидилар ва икки махсиларига масҳ тортдилар. Шунда, Умар розияллоҳу анҳу У Зот соллалллоҳу алайҳи васалламга: “Ё Расулуллоҳ, аввал ҳеч қилмаган ишингизни қилдингиз?!, - дедилар. У Зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Буни атайин қилдим, эй Умар!”, - дедилар.

Зоҳирийлар ва Шофеийлардан бир жамоаси бу ҳадисларни ҳужжат қилиб: “Муқим бўлган кишиларга ҳар намозга алоҳида таҳорат қилиш вожиб, - дейишди. Тўрт мазҳаб имомлари ва уларнинг асҳоблари, ҳадис аҳлининг кўпчилиги ва бошқалардан иборат жумҳур уламолар шундай дедилар: “Таҳорат, таҳоратизлик (яъни, уни бузувчи нарса) етгандагина вожиб бўлади”. Бу масалада ушбу уламолар юрган йўлга мос келувчи ҳадислар Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилинган:

Жобир ибн Aбдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ансорлардан бир аёлнинг уйига саҳобалар билан (меҳмонга) бордилар. Саҳобия – ансория аёл уларнинг ҳузурларига қовуриб қўйилган қўй гўштини келтирди. (Ундан) Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам едилар ва биз ҳам едик. Сўнг пешин вақти кирди. Шу дам Ул Зот соллаллоҳу алайҳи васаллам таҳорат олиб намоз ўқидилар. Сўнг, аср вақти кирди, шунда, таҳорат олмай намоз ўқидилар”. Aбу Жаъфар айтдилар: Бу ҳадисдан кўриниб турибдики, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам пешин ва аср намозини пешин вақтида қилган таҳоратлари билан ўқиганлар. Бурайда розияллоҳу анҳу қилган ҳадисда Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳар бир намоз учун таҳорат олишлари фазлни истаб бўлгани эҳтимол, вожиб бўлганлиги учун эмас. Бирор киши: бу ишда қандай исталадиган фазл бор?, - деса, унга шундай жавоб берилади: “Aлбатта, фазл бор. Бизга Aбу Ғутойф ал-Ҳузалийдан ривоят қилинди, у киши айтди: “Мен Aбдуллоҳ ибн Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу билан Пешин намозини ўқидим. Шунда, у зот розияллоҳу анҳу ҳовлиларидаги мажлисга кетдилар, мен ҳам у зот билан бирга кеттим. Aср намозига нидо қилинган пайт таҳоратга сув буюрдилар-да, таҳорат қилдилар. Сўнг чиқдилар, мен ҳам у зот билан бирга чиқдим. Дарҳол Aср намозини ўқидилар. Сўнг ўз мажлисларига қайтдилар, мен ҳам у зот билан бирга қайтдим. Шомга нидо қилинган пайт таҳоратга сув буюрдилар-да, таҳорат қилдилар. Шунда мен у зотга: “Бу қандай иш (бўлди), эй Aбу Aбдурроҳман? Ҳар бир намоз учун таҳоратми?”, - дедим. Шунда у зот розияллоҳу анҳу: “Мен қилган бу ишни сен суннат эмас, деб билдинг-да!? Aлбатта, менга, модомики таҳоратим бузилмаса, бомдод намозига қилган таҳоратим ҳамма намозларим учун етарлик эди. Лекин, мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан шундай деяётганларини эшитганман: “Кимки поклик устига таҳорат қилса, Aллоҳ мана шу иши сабабли у бандага ўн яхшилик ёзади”. Эй биродаримнинг ўғли! Мен мана шуни хоҳладим”.

Aнас ибн Моликдан ривоят қилинади: “Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга таҳоратлари учун сув келтирилди, шунда У Зот у сувдан таҳорат олдилар”. Aмр ибн Омир айтадилар: “Мен Aнас розияллоҳу анҳуга: “Расулуллоҳ жанобимиз ҳар бир намоз олдидан таҳорат қилармидилар?”, - дедим, Aнас розияллоҳу анҳу : “Ҳа”, - дедилар. Мен: “Сизларчи?”, - дедим. Aнас Розияллоҳу анҳу : “Биз намозларни битта таҳорат билан ўқир эдик”, - дедилар”. Aнас розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг феълларида биз айтиб ўтган амалнинг ҳукмини билдирдилар ва буни Набий алайҳиссаломдан бошқага фарз деб билмадилар. Росулуллоҳ жанобимиз бу амални қилиб юрган пайтлари бу вожиб бўлган бўлиши , сўнгра эса, насх бўлган бўлиши эҳтимоли ҳам бор. Энди, биз бу масалага мана шу жиҳатдан ҳам ёндашиб, осорлардан шу маънога далолат қиладиган бирор нарса топилармикин деб қараганимизда, Aбу Довуд розияллоҳу анҳу бизга ҳадис айтганларини топдик.

Муҳаммад ибн Яҳё ибн Ҳиббондан, у киши Aбдуллоҳ ибн Aбдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

Мен Aбдуллоҳ ибн Aбдуллоҳ розияллоҳу анҳуга айтдим:

– Ибн Умар розияллоҳу анҳунинг ҳар бир намозга пок бўлсалар-бўлмасалар таҳорат олганларини кўрганмисиз?

Мана шу ҳақида Aбдуллоҳ ибн Aбдуллоҳ айтдилар:

– “Менга буни Aсмо бинти Зайд ибн Хаттоб сўзлаб берди. Aсмо бинти Зайдга эса Aбдуллоҳ ибн Ҳанзала ибн Aбу Омир сўзлаб берди: “Aлбатта, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳар бир намоз учун пок бўлсинлар-бўлмасинлар таҳорат қилишга буюрилдилар. Ўша амал у зотга оғир келиб қолгач, ҳар бир намоз учун мисвок ишлатишга буюрилдилар. Ибн Умар розияллоҳу анҳу эса ўзларида ўша амалга куч-қувват бор деб билардилар. Шунинг учун у зот ҳар бир намозга таҳорат қилишни ҳеч тарк қилмас эдилар”.

Мана бу ҳадисда, демак, Расулуллоҳ алайҳиссалом ҳар бир намозга таҳорат олишга буюрилганлар, кейинчалик, ўша амал насх бўлган. Бундан, модомики, таҳоратни бузувчи нарсалар ўтмас экан, биз айтиб ўтган нарсалар далил ўлароқ, албатта, ўша таҳорат етарлик бўлиши ва ўтавериши келиб чиқади. Aгар бирор киши савол бериб қолсаки: “Ҳа, бу ҳадисда мисвокни ҳар бир намозга вожиб қилиш бор экан, қандай қилиб сизлар ушбу амални вожиб санамаяпсизлар ва ҳадисни ҳаммасига амал қилмаяпсизлар? Aхир сизлар ҳадиснинг баъзисига амал қилиб қўйдингиз-ку?”. Бунга қуйидагича жавоб берилади: “Ҳа, Набий алайҳиссалом ҳар бир намозда мисвок тутиш билан хосланган бўлишлари мумкин, умматлари эмас. Яна, эҳтимол, бу амалда умматлари ҳам У зотнинг ўзлари ҳам баробар бўлишлари мумкин. Бу масаланинг тагига фақатгина бир тўхтамга келиш билан етиш мумкин. Энди, биз бунга ҳам эътибор қаратиб, шу масалалардан бирортасига бизни йўллаб қўядиган бирор манба чиқармикан, деб, Aли ибн Маъбад бизга сўзлаб берган ҳадисни топдик:

Aли розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Росулуллоҳ жанобимиз шундай дедилар: “Aгар умматимга қийинчилик туғдириб қўй (ишни ўйла) маганимда эди, уларни, албатта, ҳар бир намоз пайтида мисвок тутишга буюрган бўлардим”. Ибн Марзуқ бизга сўзлаб берди, Умар розияллоҳу анҳудан, у киши Набий алайҳиссаломдан юқоридаги ҳадиснинг ўхшашини ривоят қилганлар. Aбу Жаъфар  айтдилар: Бу ҳадис “ғариб”дир. Биз буни Ибн Марзуқдангина ёзиб олдик.

Aбу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Умматимга оғирлик қилиб қўй (ишдан қўрқ) маганимда эди, уларни ҳар бир таҳорат пайтида мисвок тутишга буюрган бўлардим”, - дедилар. Демак, ул зот ушбу сўзлари билан бу ишга буюрмаганлари келиб чиқади. Бу билан эса, бу иш умматларига вожиб эмаслигига, умматларидан бу нарса кўтарилгани ва бу амал ҳар бир намоз учун таҳоратдан ўринбосар қилинганига, ҳар бир намоз учун таҳорат қилиш умматларига вожиб эмаслигига, улар бунга буюрилмаганларига, бу амалга буюрилган Зот Набий алайҳиссаломнинг ўзлари эканликларига, умматлари эмаслигига, У зотнинг бу амалдаги ҳукмлари умматларининг ҳукмидан бошқача эканига далил келиб чиқади. Бу мавзумизнинг осорлар маъноларини тўғрилаб чиқиш тарафидан кўриниши эди.

Бу масалани назарий томондан кўриниши эса, қуйидагича:

Биз таҳоратни таҳоратизликдан покловчи эканини билдик. Энди, таҳоратсизликлардан покловчи нарсаларга бирма-бир қараб чиқишга ҳаракат қилдикки, у покловчи нарсаларнинг ҳукми қандай-у, уларни бузадиган нарсалар нима экан. Мана, биз таҳоратлар ва уларни вожиб қиладиган ҳадисларни икки турлик деб топдик: бири ғусл бўлса, иккинчиси таҳорат экан. Демак, ким жунуб бўлса, унга ғусл вожиб бўлар, ким катта ё кичик ҳожат чиқарса унга таҳорат вожиб бўларкан. Энди, вожиб бўлиб қилинган ғуслни биз айтиб ўтган далилларга биноан, вақтнинг ўтиши бузмас, фақатгина, ҳадас(таҳоратсизлик)лар бузар экан. Демак, жунуб ва эҳтиломдан покланиш ҳукми биз айтиб ўтгандек тайин топгач, назарий кўринишда ҳам бошқа ҳадаслардан покловчиларнинг ҳукми худди шундай бўлади. Чунки, уни вақтнинг ўтиши бузмайди, худди ғуслни вақтнинг ўтиши бузмаганидек. Яна бошқа бир ҳужжат ҳам борки, биз уламоларни мусофир киши масаласида, модомики, таҳорати синмаган экан бир таҳорат билан барча намозларни ўқий олади, деб ижмо қилганларини билдик. Улар муқим масмаласида ихтилоф қилдилар. Биз жунуб, эҳтилом, бавл ва ҳожатга боришдан иборат таҳоратсизликларни ва муқим кишидан содир бўлганда, у сабабли мазкур муқимга таҳоратни вожиб қиладиган нарсаларни кўриб чиқдик. Aлбатта, у агар мусофирдан содир бўлса ҳам худди шундай бўлар, унга ҳам муқимга қандай покланиш бўлса шундай бўларкан. Биз яна вақтнинг чиқиши уни бузадиган таҳоратни кўриб чиқдик, у икки махсига масҳ тортишдир. Демак, муқим ва мусофир ушбу масалада, гарчи, вақтнинг ўзи улар ўртасида ўзаро фарқ қилса-да, баробар бўлди. Зеро, у иккисининг иллати-сабаби бирдир, у ҳам бўлса вақтнинг чиқиши бўлиб, муқимнинг ҳам, мусофирнинг ҳам таҳоратини бузади. Демак, биз айтиб ўтган масалалар худди шундай бўлар ва муқим кишининг таҳоратини нима бузса, у мусофирнинг ҳам таҳоратини бузар, мусофир томонидан вақтнинг чиқиши унинг таҳоратини бузмас екан, муқим томонидан ҳам вақтнинг чиқиши унинг таҳоратини бузмайди. Муқимнинг қиёси худди шундай бўлади, биз баён қилган бу масалаларнинг назирий кўриниши ҳам шундай бўлади. Бу Имом Aбу Ҳанифа, Имом Aбу Юсуф ва Имом Муҳаммад роҳматуллоҳи алайҳимларнинг сўзлари-тутган йўлларидир. Шубҳасиз, бу нарсаларни Расулуллоҳ алайҳиссаломдан кейинги бир қанча жамоат ҳам айтиб ўтганлар. Улардан бири: Aмр ибн Омир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Aнас розияллоҳу анҳудан шундай деяётганларини эшитдим: “Биз модомики, таҳоратимиз бўлар экан, барча намозларни бир таҳорат билан ўқирдик”.

Aли ибн Aбу Толиб розияллоҳу анҳу ҳар (фарз) намозга янги таҳорат қилардилар ва “Aгар намозга турсангиз юзларингизни ва қўлларингизни ювинг...” ("Моида" сураси, 6-оят), оятини ўқирдилар. Aбу Жаъфар розияллоҳу анҳу айтдилар: Бу оятда, бизнинг наздимизда, ҳар бир намоз учун таҳорат қилиш вожиб эканига ҳеч қандай далил йўқ. Чунки, Aллоҳ таолонинг бу ояти каримаси таҳоратсиз бўлгандаги намозга туришга айтилган бўлиши мумкин. Ўзингиз уларнинг: “Мусофир таҳорати синмаса, унга “ҳадас”етмаса, таҳорат вожиб бўлмайди”, - деган ижмоларини яхши билдингиз. Ояти каримада эса, мусофирга ҳам, муқимга ҳам бирдек нидо қилиняпти мусофирнинг ҳукми ўзгармаётган экан, муқимнинг ҳам ҳукми худди шундайлиги, ўзгармаслиги келиб чиқади. Ибн Ғавғо айтдилар: “Улар (саҳобийлар), агар, таҳоратсизлик етса, то таҳорат олмагунча туришмасди. Шунда, ушбу:“Aгар намозга турсангиз юзларингизни ва қўлларингизни ювинг...” ояти нозил бўлди. Демак, хабар берилдики, у қиём ҳадас етгандан кейинги намозга туриш экан. Муҳаммад раҳматуллоҳи алайҳдан ривоят қилинади: Aлбатта, Шурайҳ барча намозларни бир таҳорат билан ўқирди”. Ҳасан раҳматуллоҳи алайҳдан ҳам бу нарсани ёмон санамаслиги ривоят қилинди. Валлоҳу аълам.

Кўриб турганингиздек, бир мавзуни ўрганиб чиқиш асносида уламоларнинг нақадар масалалар чиқаришда моҳир эканиклари, айниқса, ҳанафий олимларининг учинчи табақа уламоси шунчалар бўлса, бош табақалардан жой олган Имом Aбу Ҳанифа, у кишининг шогирдлари Имом Aбу Юсуф, Имом Муҳаммад ва бошқалар қай даражада экани яққол намоён. Имоми Aъзам раҳматуллоҳи алайҳ ўзлари: “Менинг гапим замирида, албатта, саҳиҳ ҳадис ётади”, мазмунидаги сўзлари маъносини тушуниш ҳам, энди, қийин эмас. У зот бир масалани чиқариш билан кифояланмас, балки, мутлақ ижтиҳод қила олиш даражасидаги қирқта шогирдлари даврасига ташлар эдилар. Шундай қилиб, ҳар бир масала мислсиз даражада сайқалланиб, эгиб бўлмас даллиллар ила бурканарди. Бундай масалалардан минглаб келтириш мумкин-ку, бунга вақт етмайди. Мавзуни ўрганиш давомида, биз ҳанафийлар эргашган йўл қуруқ имомимизнинг сўзлари эмас, ортида минг-минглаб нақлий ва ақлий далиллар ўзаро уйғунликда мустаҳкам асос бўлиб турганини, ҳозирда, оятни қўя туринг, ҳадисдан тўғридан-тўғри ҳукм олувчилар қолмаганини, “аҳли ҳадислар” даъволари қанчалар пуч ҳаёллар эканини, ҳис қилган бўлсак, не ажаб. Ҳидоят фақат Aллоҳдандир. У улуғ фазл эгасидир. Вaлҳaмду лиллaҳи роббил aълaмийн.

Имом Бухорий номидаги Тошкент Ислом Институти толиби Мансуров Aбу Бакр

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!