Илм

Таҳорат китоби (Енгил фиқҳ)

704

“Енгил”дан китоб осон, содда бўлиши ва асосий масалаларгина ёритилиши назарда тутиляпти. Ихтилофли ва тафсилотли масалалар зикр қилинмайди. Шарҳ ва тафсилотлар бошқа китобда бўлади, иншааллоҳ.

“Фиқҳ” луғатда фаҳмлаш ва тушунишни билдиради. Истилоҳда эса имом Абу Ҳанифа таърифларига кўра: “Кишининг ўз ҳуқуқ ва мажбуриятларини билишдир”. Кенг тарқаган таърифга кўра фиқҳ – муфассал далилларга таяниб олинган шаръий-амалий ҳукмларни билмоқдир.

Фиқҳ ибодат ва муомалотга бўлинади. Ибодатлар эса таҳорат билан бажарилади. Шунинг учун ишни таҳорат ҳукмлари баёни билан бошлаймиз. Тавфиқ Аллоҳдан.

Таҳорат китоби

Аллоҳ таоло Моида сурасининг 6-оятида шундай дейди: «Намозга турмоқчи бўлсаларингиз, юзларингизни ва қўлларингизни чиғаноқлари ила, бошларингизга масҳ тортиб, оёқларингизни тўпиқлари ила ювинглар»

Таҳоратнинг фарзи учта аъзо; юз, қўл ва оёқни ювиш ва бошга масҳ тортишдир. Оёқ ва қўл ювилганда икки тирсак ва икки тўпиқни ҳам қўшиб ювиш фарз. Юз эса энига икки қулоқ ораси ва бўйига бошнинг соч чиққан жойидан жағ остигача ювилади. Бошга масҳ тортишда фарз миқдори унинг тўртдан бирини сийпашдир.

Таҳоратнинг суннатлари қуйидагилардир: 1. Қўлни билаккача ювиш. 2. Оғизни тозалашда мисвок ишлатиш. 3. Оғизни чайқаш. 4. Бурун қоқиш. 5. Қулоқни масҳ қилиш. 6. Соқол ораларига бармоқ киргизиш. 7. Бармоқ ораларига бармоқ киргизиш. 8. Аъзоларни уч мартадан ювиш.

Таҳоратнинг мустаҳаблари қуйидагилардир: 1. Таҳоратни ният қилиш. 2. Бошнинг ҳаммасига масҳ қилиш. 3. Таҳоратни одатдаги тартибда қилиш. 4. Ювишни ўнгдан бошлаш.

Таҳоратни бузувчилар

Таҳоратни қуйидагилар бузади: 1. Орқа ва олдиндан чиққан ҳамма нарса. 2. Қон ва йиринг чиқиб, таҳорат ёки ғуслда поклаш лозим бўлган томонга ўтганда. Ўтмай қотиб қолса, бузмайди. 3. Таом, сув ва сафрони оғиз тўла қусиш. Балғам бузмайди. 4. Ётган ҳолдаги ёки тортиб олинганда йиқилар даражада бир нарсага суянган ёхуд таянган ҳолдаги уйқу. 5. Хушдан кетиш ва жиннилик каби ақлни йўқотиш ҳолатлари. 6. Рукуъ ва саждали намозлардаги қаҳқаҳали кулгу. Ўзидан ташқари киши эшитган кулгуни қаҳқаҳали дейилади. Агар ўзигина эшитадиган даражадаги оддий кулгу бўлса, фақат намоз бузилади, таҳорат эмас. 7. Орқадан чиққан гижжа. Жароҳат бошидан қурт чиқса ёки гўшт тушса таҳорат бузилмайди. 8. Қавариқни тирнаса ва ундан сув ёки йиринг ва ёки бошқа нарса чиқиб, жароҳат бошидан ташқарига оқса бузилади. Оқмаса бузилмайди.  

"Енгил фиқҳ" китоби
Мубашшир Аҳмад

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Намозда таҳоратсизлик боби (Енгил фиқҳ)

557 13:50 13.07.2019

Таҳорат қилиш жоиз ва ножоиз сувлар (Енгил фиқҳ)

469 20:10 26.06.2019

Тaҳорaт ҳaр бир нaмозгa қилинaдими?

1249 11:00 19.06.2019

Сигарета чеккандан кейин таҳоратни янгилаш шартми?

4474 17:00 10.06.2019

Таҳорат олиш жоиз бўлган сувлар

767 08:00 11.05.2019
« Орқага