Таҳорат олиш жоиз бўлган сувлар

08:00 11.05.2019 687

Ёмғир ва булоқ каби осмон ва ернинг суви билан таҳорат олиш жоиз. Аммо қорга келсак, у томадиган даражада эриган бўлса, таҳорат олиш жоиз бўлади. Бундай бўлмаса, таҳорат олиш мумкин эмас. Сув узоқ муддат туриш билан ўзгарса ёки тупроқ, ишқор, совун ва заъфарон каби покиза нарса сувнинг сифатларидан бирини яъни, таъми, ранги ёки ҳидини ўзгартирса, шу сув билан таҳорат олиш жоиз бўлади. Бу нарсалар билан ҳукм ўзгармаслигини билдириш учун санаб ўтилди. Яъни, тупроққа ўхшаш ер жинсини сувга аралишиши, ишқор ёки совун каби аралашишидан поклик қасд қилинадиган ва заъфарон каби бошқа нарсалар билан Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳнинг наздида сувнинг ҳукми ўзгармайди.

Абу Юсуф раҳматуллоҳи алайҳнинг фикрларига кўра, сувга аралашган нарса билан поклик қасд қилинса, у билан таҳорат олиш жоиз бўлади. Лекин аралашма кўп бўлиб, сувнинг суюқлик ва оқувчилик каби табиатидан чиқариб юборса, у билан таҳорат олиб бўлмайди. Бир ривоятда таҳорат жоиз бўлмаслиги учун аралашган нарса сувдан кўпроқ бўлиши шарт қилинган. Бошқа ривоят бу ҳам шарт қилинмаган.

Ер жинси бўлмаган нарсаларда Имом Шофиъий раҳматуллоҳи алайҳга хилоф бор.

Изи кўринмайдиган нажосат тушган oқувчи сув билан таҳорат олиш жоиз. Яъни сувда ўша нажосатнинг таъми, ранги ва ҳиди билинмайди. Олимлар оқувчи сувнинг ҳадди – чегараси тўғрисида ихтилофга боришган. Тақиқ бўлмаган чегара сув бир дона сомон ёки баргни оқизишидир. Агар ариқни юқоридан тўсилса, сувнинг қолгани маълум миқдорда оқиб турса, ўша билан таҳорат олиш жоиз бўлади. Чунки у оқувчи сув ҳисобланади. Заиф ҳолда оқаётган сув билан таҳорат олинса, сувни қайта олмайдиган ҳолатда ўтириш керак. Шунингдек, сув олаётганда икки ҳовучнинг ўртасида ишлатилган сув оқиб кетадиган даражада муддат ўтиши лозим.

Агар ҳовуз кичкина бўлса, унинг бир томонидан сув кириб, бошқа томонидан чиқиб турса, унинг барча жойидан таҳорат олиш жоиз бўлмайди. Мана шунга фатво берилган. Ҳовузнинг тўртга тўрт бўлиши ёки ундан камроқ бўлса жоиз, кўпроқ бўлса дуруст эмас деб тафсилотлари келтирилмаган.

Билингки, сув сасиб қолса, бунга нажосат сабаб бўлса, таҳорат олиш жоиз бўлмайди. Лекин сув узоқ муддат туриш туфайли сасиб қолса, у билан таҳорат олиш мумкин.

Ариқни ит тўсиб олса, сув унинг устидан оқиб ўтганда, сувнинг итга теккан қисми тегмаганидан камроқ бўлса, таҳорат олиш жоиз бўлади. Сувнинг итга теккан қисми кўпроқ бўлса, таҳорат олиш мумкин. Фақиҳ Абу Жаъфар раҳматуллоҳи алайҳ: “Мен шайхларимни шундай топганман”, деган. Абу Юсуф раҳматуллоҳи алайҳ эса бундай дейди: “Агар сувнинг сифатларидан бири ўзгармаса, у билан таҳорат олиш жоиз”.

Балиқ ва бақага ўхшаш туғилиши сувга оид ҳайвон ўлган сувда таҳорат олиш жоиз. Убайдуллоҳ ибн Масъуд раҳматуллоҳи алайҳ: “Туғилиши сувга оид”, деди. Агар сувда туғилмай, унда яшовчи ҳайвон ўлиши билан сув фасод бўлади.

Кана ва пашша каби оқувчи қони бўлмаганлар сувда ўлса, ўша билан таҳорат олиш жоиз бўлади. Чунки нажосат оқувчи қондир. Шунингдек бу, таомга пашша тушиб қолган ҳадисга ҳам мувофиқдир. Бу масалада Имом Шофиъий раҳматуллоҳи алайҳга хилоф бор.

Дарахт ва мевадан сиқиб олинган нарса билан таҳорат олиш жоиз эмас. Аммо дарахт сиқилмаган ҳолда ундан оққан нарса билан таҳорат олиш мумкин.

Сув бўлмай, фақат хурмо шарбати бор бўлса, Имом Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳнинг айтишича, у билан фақат таҳорат қилиш мумкин. Имом Абу Юсуф эса таяммум билан чекланади, дейди. Имом Муҳаммад эса ҳар иккаласини ҳам қилади, дейди.

Хурмонинг шарбатидан бошқа шарбатларда таҳорат олиш мумкин эмас. Чунки улар ширин, суюқ ва сув каби оқади. Агар туриб қолиб, ачиб, маст қилувчи ҳолатга келса, унда таҳорат олиш мутлақо мумкин эмас.

Бошқа нарсанинг миқдор жиҳатидан сувдан ғолиб бўлса, натижада унинг табиати йўқолса, ўша билан таҳорат олиш мумкин эмас. Бундан мурод сувнинг табиати – суюқлик ва оқувчиликдан чиқаришидир.

Ичимлик, сирка, ловия суви ва шўрвага ўхшаш пишиш билан сувни табиатидан чиқарган нарсаларда таҳорат олиш мумкин эмас. Дарахт ва мевадан сиқиб олинган нарсага дарахтдан сиқиб олинган рийбос шарбати, мевадан сиқиб олинган олма шарбати ва шунга ўхшашларни мисол қилиб келтириш мумкин.

Ловия суви миқдор жиҳатидан сувдан кўпроқ бўлган нарсага мисол.

Шўрва эса пишиш билан сувдан ғолиб бўлган нарсага мисолдир.

Сувнинг ичига кўп барглар тушса, кафт билан олинганида унда баргнинг ранги кўринса, ўша билан таҳорат олиш жоиз эмас. Чунки у ловия сувидек бўлиб қолади.

Оқмайдиган сувга нажосат тушган бўлса, таҳорат олиб бўлмайди. Лекин унинг ҳажми ўнга ўн зирoъ бўлиб, ҳовучлаганда ер очилмаса, таҳорат олиш жоиз. Шунда у оқувчи сувнинг ҳукмида бўлади.

Агар нажосат кўзга кўриниб турса, нажосат ўрнидан таҳорат олинмайди. Балки бошқа томондан таҳорат қилиш мумкин.

Агар нажосат кўринмаса, оқмайдиган сувнинг ҳамма томонида таҳорат олиш мумкин. Кир ювилган жойнинг ҳукми ҳам шундай.

Муҳйис сунна Ҳусайн ибн Масъуд раҳматуллоҳи алайҳ айтади: “Оқмайдиган сувда ўнга ўн зирoъни белгилаб қўйилиши шариатнинг суяниладиган асл қоидасига қайдланмаган”.

Айтаманки, масаланинг асли бундан иборат. Икки тарафидан бир ҳаракатлантирилса, бошқа томони ҳаракатланмайдиган даражадаги катта ҳовузнинг бир тарафига нажосат тушса, бошқа томонида таҳорат олиш жоиздир. Сўнгра ҳовузнинг ҳажмини ўнга ўн зироъ бўлиши белгиланди. Бу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: “Ким қудуқ қазиса, унинг атрофидан қирқ зироъ кавловчига тегишлидир”, деган сўзларига мувофиқдир.

Яъни, қудуқнинг ҳар тарафидан ўн зироъ қазувчининг мулки бўлади. Бундан бошқа киши унинг атрофидан қудуқ қазимоқчи бўлса, уни қайтарилиши тушунилади. Чунки янги қудуқ сувни тортиб олади. Биринчи қудуқда эса сув камайиб кетади. Агар ахлат оқадиган ўра қазимоқчи бўлинса ҳам, бундан қайтарилади. Чунки нажосат аввалги қудуққа оқиши ва унинг суви нажосат бўлиши мумкин. Агар янги қудуқ ўн зироъ масофадан кейин қазилса, уни қайтарилмайди. Бундан ўн зироъдан ортиғига нажосатнинг оқмаслиги шариатда эътиборга олиниши билинади. Агар нажосат оққанида бундан ҳам ман этилар эди. Мутааххир кейинги уламолар ишни одамларга осонлаштириб, ҳовузни ҳамма жойидан таҳорат олиш мумкин эканига рухсат берганлар.

 

«Шарҳул виқоя» китоби асосида Қашқадарё вилоятидаги «Белибойли ота» жоме масжиди имом хатиби Абдурашид ЭСОНҚУЛОВ тайёрлади

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!