Таҳорат қилиш жоиз ва ножоиз сувлар (Енгил фиқҳ)

20:10 26.06.2019 399

Осмондан ёққан сувлар, булоқ, қудуқ ва дарёлар суви билан таҳорат қилиш жоиз. Дарахт ва мевадан сиқилган шарбатлар билан таҳорат олиш мумкинмас. Ичимликлар, сирка, шўрва ва гулобларда бўлгани каби бошқа нарса сувга ғолиб келиб, уни сувлик хусусиятидан чиқариб юборган бўлса, бундай суюқликларда ҳам таҳорат қилиш жоиз эмас. Агар сувга сут, заъфарон ва совун каби покиза нарса аралашиб, унинг бир сифатини ўзгартирса  таҳорат олиш жоиздир.

Сувга озми, кўпми нажосат тушса, таҳорат қилиш мумкинмас. Оқар сув бўлса, тушган нажосатнинг асари кўринмаса, таҳорат жоиздир. Чунки унда нажосат тўхтамайди. Бир томонини қўзғатса бошқа томони қимирламайдиган катта ҳовузга нажосат тушса, тушмаган томонидан таҳорат олса бўлади. Чунки нажосат нариги томонга етиб бормайди.

Қони оқмайдиган ҳашаротларнинг сувда ўлиб қолиши уни нажас қилмайди. Бунга бурга пашша, ари ва чаён кабилар мисол бўлади. Балиқ, қурбақа ва қисқичбақа каби сувда яшайдиган ҳайвонларнинг унда ўлиши ҳам сувни бузмайди.

Ишлатилган сувда таҳорат олиш жоизмас. Ишлатилган сув – бетаҳоратликни кетказиш ёки таҳорат устига таҳорат олишга ишлатилган сувдир.

"Енгил фиқҳ" китоби
Мубашшир Аҳмад

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!