Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Таҳлил

Таклиф: талабаларни ижарага қўяётган уй эгалари солиқдан озод этилсин

713

Куни кеча Сенатнинг Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар масалалари қўмитаси ва Молия вазирлиги ҳамкорлигида Халқ депутатлари маҳаллий кенгашларининг маҳаллий бюджет, иқтисодий ислоҳотларни амалга ошириш, инвестиция ва тадбиркорликни ривожлантириш масалалари бўйича доимий комиссиялари билан «2022 йил учун Ўзбекистон Республикасининг двлат бюджети тўғрисида»ги қонуни муҳокамаси юзасидан давра суҳбати бўлиб ўтди. Унда Azon.uz мухбири ҳам иштирок этди.

Давра сухбатида Ўзбекистон Республикаси Молия вазири ўринбосари Ахадбек Ҳайдаров берган маълумотга кўра, давлат бюджети даромадларидан келиб чиқиб, келгуси йил учун давлат бюджети харажатлари ялпи ички маҳсулотга нисбатан 25,6 фоиз миқдорида белгиланмоқда. Қонун билан ижтимоий соҳа харажатларининг қарийб 45 фоизи таълим соҳасига, хусусан, мактабгача таълим муассасаларига 8,6 трлн сўм, халқ таълимига 30,8 трлн сўм, ўрта махсус ва олий таълимга 7,5 трлн сўм маблағ ажратилмоқда.

Бундан ташқари, 2022 йилда давлат бюджетидан соғлиқни сақлаш соҳасига (марказлашган инвестиция харажатлари билан бирга) 24,0 трлн сўм маблағ ёки 2021 йил тасдиқланган режага нисбатан 3,5 трлн сўм (17 фоиз) кўпроқ маблағ ажратилиши кўзда тутилган.

Шунингдек «2022 йил учун Ўзбекистон Республикасининг давлат бюджети тўғрисида»ги қонун билан солиқ тўловчилар ўзлари тўлаётган солиқлардан қилинадиган харажатлар ёки уларнинг тақсимланишида бевосита иштирок этиш ва шаффофликни таъминлаш мақсадида республиканинг барча туман (шаҳар)ларида тасдиқланган умумий харажатларнинг 5 фоизи, шунингдек, туман (шаҳар)лар бюджетлари қўшимча маблағларининг камида 30 фоизи жамоатчилик фикри асосида шакллантирилган тадбирларга йўналтирилиши белгиланмоқда.

Давра суҳбатида Қорақалпоғистон ва Хоразмда умумтаълим мактаблари ўқувчиларини бепул тушлик билан таъминлаш учун 200 млрд сўм ҳамда талабалар учун ётоқхона қуруш ва ижара харажатларини қоплаш учун 300 млрд сўм маблағ ажратилиши белгиланаётгани ҳам таъкидлаб ўтилди. Суҳбат давомида Azon.uz мухбирининг «Бугунги кунга келиб республикамизда талабалар сони кўпайиб бормоқда, бунинг натижасида ётоқхоналарнинг етишмаслиги келиб чиқмоқда. 2022 йил талабалар ётоқхонаси қурилишига ажратилган 300 млрд сўм пул камлик қилмайдими?» деган саволига Молия вазирлиги Таълим, фан ва маданият тармоқларида бюджет сиёсати департаменти директори Адҳам Эшчонов шундай жавоб берди: 

«Ҳақиқатан ҳам, бу жуда жиддий масала ҳисобланади. Биз бу муаммони иккита йўл билан бартараф этишга ҳаракат қиляпмиз. Биринчиси, ижарада яшаётган талабаларнинг ижара пулининг бир қисмини қоплаб бериш, яъни Тошкент шаҳрида БҲМнинг 1 бараваридан, бошқа ҳудудларда 0,5 баравари. Иккинчиси эса талабалар турар жойини хусусий-давлат шерикчилик асосида қуриш йўлга қўйилмоқда. Талабалар турар жойларини қуришга 300 млрд ажратилган пулдан ташқари, талабаларнинг ижара пулининг бир қисмини тўлаб беришга ҳам 120 млрд пул ажратиш назарда тутилган». 

Лекин ижарада яшайдиган талабаларнинг ойлик ижара тўловининг бир қисмини қоплаб бериш давлат солиқ хизмати органлари томонидан ҳисобга қўйилган кўчмас мулк ижара шартномасига мувофиқ ижара ҳуқуқи асосида яшайдиган ариза берувчиларга нисбатан татбиқ этилади. Битта турар жойда икки ва ундан ортиқ талаба ижарада яшаган ҳолатларда уларнинг барчаси ижара шартномасида қайд этилган бўлиши шарт. Бунинг учун ўз уйини ижарага берувчи шахс ва талаба ўртасида ижара шартномаси бўлиши керак. Аммо бизнинг суриштирувлар шуни кўрсатдики, кўплаб ижарга қуювчилар талабалар билан ижара шартномаси тузишдан бош тортишган. Чунки ижара шартномаси тузилса, ижарага қуювчи ижара ҳақини 12 фоизини давлат солиқ хизмати органларига тўлаши керак. Бу ижара берувчиларга ёқмаслиги аниқ. Тошкент шаҳрида ижарада турувчи талабаларнинг сўзларига қараганда, уй эгаси ижара шартномасини тузган тақдирда ҳам, ижара пулини камайтириб кўрсатади, давлатга камроқ солиқ тўлаш учун. Талабаларга ётоқхоналар кўпроқ қурилмас экан, улар қийналишда давом этади. Куну тун ижара, контракт пулини тўлашни ўйлаб яшаётган талабалардан қандай келажакни кутиш мумкин?..

Талабаларни буткул ётоқхона билан таъминлашнинг имкони йўқ экан, унда талабаларга ижарага уй берадиганлар билан музокара олиб бориш керак.

ТАКЛИФ: талабаларни ижарага қўяётган уй эгаларидан талабаларни ижарага қўйгани учун келадиган маблағдан даромад солиғи олинмаслиги керак. Агар бу жорий этилса, талабаларнинг қаерда яшаётганини билиш ва уларни назорат қилиш осон бўлади.

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Россияда Марказий Осиё давлатларидан келган талабалар сони эълон қилинди

529 16:25 06.07.2022

Ёшларга хорижий тилларни ўрганиши учун субсидия берилади

641 09:55 09.06.2022

Самарқандда талаба қиз юқори қаватдан ўзини ташлади

2097 13:06 30.03.2022

ОТМ контракт тўлаш муддати узайтирилди

702 19:12 16.03.2022

Украинадан қайтган талабалар ўқишини 15 мартдан эътиборан соддалашган тартибда кўчириш бошланди

514 19:30 15.03.2022

Украинадан қайтган талабаларнинг ўқиши ҳақида маълумот берилди

603 10:00 05.03.2022
« Орқага