Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Таҳлил

Талаба тарбияга муҳтож бўлса...

1423

Ўзбекистонда ўрта таълим мактабларини тугатган деярли барча ўқувчилар, олий таълим муассасаларига ўқишга киришни орзу қилишади. Талабаликнинг ўзига хос гашту сурури борлиги, олий маълумотли кишининг келажакда ўз ўрнини топиб кетиши осон кечиши ҳақидаги мавжуд қарашлар ва шу каби кўплаб омиллар, деярли барча ёшларни олий таълим муассасалари томон чорлайди. Аъло ўқиётган, халқаро миқёсдаги мусобақаларда шарафли ўринларни эгаллаб келаётган ёшларимизни кўрганимизда, Ватанимиз, миллатимиз, халқимиз келажаги ана шундай иқтидорли ёшлар қўлида эканидан, ҳар биримиз чексиз фахр ва ифтихор туйғуларига бурканамиз, албатта.

Бироқ, танганинг иккинчи томони бўлгани каби, талабаликка, аниқроғи, олий маълумотли бўлишга интилаётган ўғил-қизларимизнинг маънавий-ахлоқий савияси қай даражада эканини билиш ҳам муҳим аҳамиятга эга. Кўчаларни тўлдириб юриб, беодобларча хохолаб кулаётган, айни ҳолатни кўриб, танбеҳ берган ёки бермоқчи бўлган катталарга нисбатан қўпол, қўрс муносабатда бўлаётган айрим қизларимизни кўриб, ҳайратдан ёқа ушлаб қоласан, киши. Бундай йигит-қизларимиз ўз уйи ёки маҳалласида ҳам ўзини шундай тутармикан, наҳотки уларнинг ота-оналари фарзандларига шунақа “оврўпоча” тарбия беришган бўлса, деган ҳақли саволлар, кўпинча, юракка ханжар санчгандек бўлаверади...

Минг таассуфки, олий ўқув юртига ўқишга кирган талабаларнинг ҳаммасини ҳам астойдил илм олишни истаб, етук замонавий билимларни эгаллаган ҳолда элига, юртига, ота-онасига, динига хизмат қилиш ниятидаги ёшлар сирасига киритиб бўлмайди. Улардан кимдир дипломнинг афсонавий кучига қизиқиб, яна бошқа бирови эса, яқинларининг қийин-қистови, «қўллаб-қувватлаши» ва яна кимдир “ўзини кўрсатиб қўйиш” учунгина ўқишга кираётгани, эҳтимолдан асло йироқ эмас. 

Масалан, бир қўшнимнинг қизи, бир неча йил олдин олий ўқув юртига кириш масаласида ота-онасига шарт қўйгани ҳақида эшитиб қолгандим. Яъни уни истаган ўқишига киритиб қўйишмаса, “ул ҳокими мутлақ хоним” уйдан бош олиб чиқиб кетишини ота-онасига бир неча бор писанда қилган. Шу қизгина (ўша пайтда қизгина эди, ҳозир эридан 2 нафар бола билан ажрашиб келган жувон) менинг қизим билан бирга ўқиганди. Унинг саводи “алифни калтак” дейдиган даражада экани ҳақида қизим гапириб берган. Хуллас, мана шу қизнинг олий маълумот олишни истаганининг сабаби, айтсам тилим, айтмасам дилим куяди қабилида. Нима эмиш, олий маълумотли қизларга казо-казо жойлардан совчилар келар эмиш, олий маълумоти ҳақида дипломи бўлган қизларга “оқ от минган шаҳзода”лар совчи қўярмиш... Ўша қиз худди ўзи истаганидек “казо-казо” инсоннинг ўғлига турмушга чиқди. Минг таасссуфки, ул “шаҳзода” ғирт гиёҳванд экан, орада икки гулдай болани тирик етим қилиб, оиласидан ажрашди. Майли, бу энди алоҳида ёритилиши керак бўлган масала, мавзудан чалғиган бўлсак маъзур тутинг, аммо шундай истак билан олий ўқув юртига кириб, бир иқтидорли инсон ўқиши мумкин бўлган жойни банд қилаётган айрим ёшлардан нимани ҳам кутиш мумкин, лолу ҳайронмиз.

Бундан ташқари, аслини олганда, талаба дегани, бекаму кўст ижобий фазилатли шахс дегани эмаслиги ҳам аён ҳақиқат. Уларнинг ичида тарбияга муҳтож, зарарли одатларга муккасидан кетган ёшлар йўқлигига ҳеч ким кафолат бера олмайди. Бундай талабалар эса, теварак-атрофдаги бошқа тенгдошлари феъл-атворига салбий таъсир кўрсатмайди, деб бўлмайди. Бундай ҳолатни талабалик рутбасига эришганларнинг барчаси бирдек тасдиқлашса, ажабланиб ўтирманг. Кашандалик кўчасига кириб қолган талабаларнинг ўзидан ёшларга нисбатан «ўрнак» бўлишини қанчалик уринмайлик, инкор эта олмаймиз.

Табиати анчайин енгилроқ баъзи талабаларнинг олийгоҳда таҳсил олувчи ожиз жинс вакилларига нисбатан қилаётган муомала-муносабатини кўрган кишининг эти жунжикиши ҳам бор.

Бу борада айтмоқчи бўлганимиз, инсон энг аввало ўзини-ўзлигини англаб етмоғи зарур. Ўзини англаган шахс оламни англаб етади, борлиқни англаб олган киши эса, шубҳасиз, бошқаларга нисбатан ҳам одоб-ахлоқ доирасида муомала қилишни тушунади.

Талаба йигит-қизлар орасида, шунингдек, ОТМ ўқитувчилари ва талабалар ўртасида муайян масофа сақланиши керак, назаримизда. Аммо, баъзида йигитларнинг курсдош қизлар ёки қуйи босқичда ўқийдиган қарши жинс вакиллари билан бўладиган ўзаро муносабатларини, баъзи бир ўқитувчиларнинг айрим қизларга нисбатан айрича назар билан қарашлари, умуминсоний ахлоқ тамойилларга сира тўғри келмайди. Талабалик мартабасига эришиш нафақат шараф, балки келажак олдидаги юксак бурч эканини ҳам унутмаслик зарур. 

Бугунги кунда, замонавий дунё илм-фанлари ютуқларини мукаммал даражада эгаллаган талаба, эртанги Ўзбекистон учун энг мустаҳкам таянч, қўрғон бўлмайдими, ахир?! Ёшлик, демакки, талабалик даври бу юксак ғайрат-шижоатни намоён этиш палласи эмасми? Шундай экан, унинг ҳар бир лаҳзасидан ўз ўрнида ва самарали фойдаланиб қолиш, сизни дориламон бахту саодат қасри томон бошлаб боришига асло шубҳа қилманг! Ўйин-кулгунинг ҳам ўз вақти, ўз ўрни бўлади. Аммо ҳар қандай вазиятда ҳам, мазкур жараён одоб-ахлоқ доирасидан чиқмаслиги, атрофдагиларга салбий таъсир кўрсатмаслиги муҳим аҳамиятга эга.

Талабаларимизнинг асосий мақсади, замонавий фан ва илғор технологияларни чуқур ўқиб-ўрганиб, келгусида дунёнинг илмий оламини забт этиш, Ўзбекистонни иқтисодий жиҳатдан энг тараққий этган давлатлар қаторига олиб чиқишдек улкан вазифа ижросини таъминлашга ўз ҳиссаларини қўшишдан иборат бўлиши жуда-жуда зарур. Ўқитувчи устозлар бу борада уларнинг асосий таянч нуқтаси, том маънодаги маънавий йўлбошчиси бўлишса, нур устига аъло нур ёғилган бўларди. Талаба тарбияга муҳтож бўлса, у Ватан тараққиёти пойига кишан солиши шубҳасиз...

Азиз талаба ёшлар, йигит-қизлар унутманг, олий таълим даргоҳи сизларнинг қалбингизда ўзаро ишқий муносабатни шакллантирадиган муассаса эмас. У ўз номи билан сиз каби барча ёшларга бирдек илму-зиё улашадиган қутлуғ даргоҳдир. Зеро, шу муқаддас манзилдан оладиган илму маърифатингиз, Ватанимизнинг келажак тараққиёти янада юксалиши учун қўйиладиган мустаҳкам тамал тоши саналади. Инчунин, Ўзбекистон келажаги бу сиз, бундай юксак шараф ва масъулият сизнинг зиммангизга тушаётганидан қалбингиз чексиз фахр ва ифтихорга тўлсин!

Шерали Солиев

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Мунофиқларнинг аломатлари, белгилари ва сифатлари

564 22:50 17.01.2022

Соқолни тақиқлаган супермаркет ходимига чора кўрилди

1280 22:25 17.01.2022

Катта фиқҳ энциклопедияси: Бир мажлисда Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламга салавот айтиш

229 22:05 17.01.2022

Муфтийнинг садоқатли мушуги

751 21:05 17.01.2022

Динимни ўрганаман: бировнинг номидан закот бериш ҳақида

293 20:35 17.01.2022

Назарбоев Тоқаев билан «қаттиқ музокаралар» олиб бормоқда - The Guardian

1510 20:03 17.01.2022
« Орқага