Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Илм

Талабанинг кундалиги ёхуд кампирлари ҳам қория бўлган юрт

2517

Ҳозир ислом дини илмларини ўрганиш учун кўпчилик Миср, Саудия Арабистони каби давлатларга боришади. Ҳақиқатан бу давлатларнинг университетлари, устоз-шайхлари кучли илмга эга, минглаб талабалар у ерларда таълим олишмоқда. Бироқ Африканинг нариги тарафида, Атлантика соҳилларида бир мамлакат борки, у ҳақда биз жуда кам нарса биламиз. Араблар Мағриб, европаликлар Мавритания деб атайдиган давлатда ҳам Ислом динини ўргатишнинг ўзига хос усуллари бор экан.  Қирғизистонлик бир талабанинг у ерда таълим олгани ва Мавритания ҳақида ёзган ҳикоялари асосида бир мақола тайёрладик ва сиз азизларга илиндик...
* * *
Мавританияга келишимдан анча олдин, бу ер кўплаб Қуръон ҳофизлари юрти эканлигини эшитган эдим. Ҳақиқатан шундай экан. Бу ерда улар Қуръонни болаликдан ёдлашни бошлашади, шундан кейингина бошқа китобларни ўрганишга киришадилар. 
Яқинда мен Нуакшотга борганимда, бир мавританиялик кекса аёл ҳам таксида ўтирган экан. Ўша аёл 3-4 соат давом этган сафаримиз давомида тўхтамасдан Қуръонни ёддан ўқиди. Назаримда у шу вақт давомида 10 пора ўқиди, шекилли.

Ҳофиз ким?
Мавританияликларнинг фикрича, ҳофиз Қуръонни ҳар қандай жойдан ва бирон бир хатосиз ўқий оладиган одамдир.
Қуръондан ижоза олган мавританиялик бир танишим бу юртда ижоза олиш жуда қийинлигини айтади. Бунинг учун ҳар куни бешта жузни битта ҳам хатосиз ёддан ўқий олиш шарт экан. Бунинг устига ўша бешта жузни ҳам устознинг ўзи танлайди.

Устоз шайхлар ўқувчилардан бошқа китоб-дарсликларни ёдлашни талаб қилмаса-да, ўқувчилар уларни ёдлаб олишга ҳаракат қилишади.
Назаримда, бунинг сабаби шайхларнинг шахсий намунасидир, яъни ўқувчилар шайхлари ўнлаб дарсликларни ёддан билиши ва дарсга китобсиз келишини кўришади. Чунки уларга эҳтиёж йўқ, чунки ҳамма китоб устозларнинг мияларида. 

Шайх ўқувчилар унга ўқиб берган барча матнларни  ёддан билади. Бундан ташқари, у оятлар, ҳадислар, олимларнинг фикри ва бошқа далилларни дарҳол мисол тариқасида келтиради. Мавританиялик устоз китоблар, доска, компютер ва ҳатто дарс тунда бўлса ёруғликка ҳам муҳтож эмас.
Мавритания шайхлари: "Агар саудиялик шайх уйида ноутбукини унутиб қўйса, дарсини ўта олмайди", деб саудиялик шайхлар устидан кулишади
Исталган Мавритания қишлоғида сиз қуйидаги ҳолатни кўришингиз мумкин: етти-саккиз ёшли бола, ўқитувчиси ортидан юриб, унга ёддан Қуръон ўқиб, дарсини топширади ва агар хато бўлса, ўқитувчи уни дарҳол тузатади. Ўқитувчи уйидаги тўсиқни тузатиши, ҳайвонларни боқиши, сояда бир жойда ётиши, чой ичиши, умуман олганда, хоҳлаган ишини қилиши ва шу билан бирга шогирдини тинглаб дарс бериши мумкин. 

Бошқа талабалар ҳам худди шундай қилишади: идиш ювишда, кийим юваётиб, масжид йўлида, дўконда харид қилаётганда, хонани тозалашда Қуръондан бир неча жузни такрорлашга вақтлари бор. Ва буларнинг барчаси махдар (дарсхона)даги асосий такрорлаш ва ёдлашга қўшимча. Энг муҳими: ҳеч ким унга вақт етишмаётганидан шикоят қилмайди.
Яқинда мен Франциядан келган талаба билан гаплашиб қолдим. У тилни ўрганишдаги тажрибаси билан ўртоқлашди.

Уммул-Қурога келишдан олдин у бу ерда француз тилини биладиган талабалар кўплигини билса-да у қанчалик қийин бўлмасин, фақат араб тилида гаплашишга қарор қилган. Улар у билан француз тилида гаплашишса, у уларни эшитмаганга олар экан. Баъзилар унга "Биз сен билан ҳеч қачон араб тилида гаплашмаймиз" дейишган ва у билан француз тилида гаплашишда давом этишган. Аммо бир мунча вақт ўтгач, ҳамма унинг ҳазиллашмаганини тушуниб, унга фақат араб тилида мурожаат қила бошлашган. Унинг ўзи: “Энди ҳамма мен билан араб тилида гаплашяпти. Шу қисқа вақт ичида менинг арабчам анча яхшиланди”, дейди.

Мавританияликларнинг меҳмондўстлиги ҳақида
Мени роса ажаблантирган томони – маҳаллий арабларнинг меҳмондўстлиги бўлди. Мен Нуакшотдаги кафелардан бирида буюртмамни кутиб ўтирганимда, ўша ерда ўтирганлар: "Кел, биз билан бирга овқатлан" деб меҳмонга чақиришди. СубҳанаАллоҳ, мен уларни ҳатто билмайман. Бундай ҳолни яна қаердан топишингиз мумкин?
Мавританияда одамни ҳеч қандай сабабсиз меҳмонга таклиф қилиш, у билан бирга ўтириш ва овқатланиш одатий ҳолдир. Баъзи бир байрамларни кутиш керак эмас. Мен шайхдан тортиб деярли танимайдиган одамларга қадар неча марта меҳмонга таклиф қилганларнинг ҳисобини йўқотдим.
Агар сизни меҳмонга айтишса, сизга фақат бир коса овқат, бирон бир ичимлик билан нон бўлади, холос. Ва бу одам камбағал ёки сизга нисбатан ҳурматсизлик қилди, дегани эмас. Бу ерда ярмидан кўпи истеъмол қилинмайдиган турли хил таомлар билан катта дастурхон ёзиш одат эмас. Камтаргина дастурхон одамлар бир-бирларини иложи борича тез-тез меҳмонга таклиф қилишга замин яратади, бунда ҳеч қандай қийинчиликларга дуч келинмайди. Бу жуда ажойиб анъанани юртимиз мусулмонлари ҳам инобатга олиб, бунга амал қилишларини хоҳлар эдим.
Бизнинг юртларимизда-чи? Бирор кишини уйингизга таклиф қилиш учун сиз кўплаб, сархил озиқ-овқат маҳсулотларига кўп пул ишлатиш билан бирга бир неча хил таом тайёрлашга кўп вақт сарфлашингиз керак. Кейинги сафар уйга меҳмон чақиришга ҳам ўйланиб қоласиз. Меҳмонга борадиган одам ҳам хижолат бўлиши ҳам бор гап. 

У Исломни қабул қилди ва илм олиш учун қолди...
Ётоқхонанинг иккинчи қаватида алоҳида меҳмонхонаси бор. Тахминан бир ҳафта олдин Франциядан келган саёҳатчилар бизнинг қишлоқда бир неча кун туришди. Улар айнан шу меҳмонларга аталган хонада яшашди. Саёҳатчилардан бири Ислом динига қизиқиб қолди. Унга Исломдан озгина маълумот берганимиздан сўнг унинг динга қизиқиши кучайди. 
Алҳамдулиллаҳ, икки кунлик иккиланишдан сўнг у Исломни қабул қилди. Худди шу куни унга намоз ўқишни ўргатишди.
Энди у беш маҳал намоз ўқийди, араб алифбосини ўрганяпти ва 3-4 мавританияликларга француз тилидан таълим ҳам беряпти.

Жалолободийнинг кўрган-кечирганлари асосида Ёқуб Умар тайёрлади

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Юздаги тукларни теришнинг ҳукми

703 23:00 05.05.2021

Журналист суд жараёнига аралаша олмайди

244 22:30 05.05.2021

Бельгия: эронлик дипломат бўйича суд ҳукми кучга кирди

312 22:00 05.05.2021

Мусулмон бўлмаган полициячи Рамазон ойида рўза тутади

486 21:30 05.05.2021

Буркина-Фасо, Яман ва Жанубий Судан очарчилик гирдобида

345 21:00 05.05.2021

Ўзбекистоннинг Афинадаги консуллиги ёпилади, Швецияда элчихона очилади

461 20:30 05.05.2021
« Орқага