Илм

Талҳа ибн Убайдуллоҳ розияллоҳу анҳу (2-қисм)

804

«У ўз аҳдига вафо қилиб улгурганлардан биридир».

 Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам

«Мўминлар орасида ўзлари Аллоҳга берган аҳду паймонларига содиқ бўлган кишилар бордир. Бас улардан кишилар ўз аҳдига вафо қилди, улардан кишилар эса интизордир. Улар ўзгартирганлари йўқ» (Аҳзоб сураси, 23-оят).

«Дин йўлидаги тирик жафокаш»

Абу Бакр розияллоҳу анҳунинг тахмини тўғри чиқди. Ўзини аямай жанг қилаётган қаҳрамон чиндан ҳам Талҳа ибн Убайдуллоҳ розияллоҳу анҳу экан. Суюкли Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам учун жонини аямай жанг қилган ушбу қаҳрамонни Аллоҳ энг олий ажр савоблар ила мукофотласин! Талҳа ўзининг жисмоний ва руҳий кучини борича ишга солиб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни қўрқмас йиртқич жонивордай ҳимоя қилмоқда. Арслон каби ташланган Талҳа Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни учиб келаётган ўқлардан тўсиб, қиличи билан кофирларни чопишни давом этмоқда. Жароҳатларидан қон сизаётган қаҳрамон саҳоба нигоҳини Пайғамбардан узмади... бирдан...

Арабларнинг энг мерган камончиларидан бири Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни обдон нишонга олиб ўқ узди... Кўп худолиларнинг ҳамласини қиличи ила қайтараётган Талҳа буни кўриб қолди. Аллоҳ яратган бандалар орасидаги энг буюк инсонга тегмаслиги учун ушбу ўққа ўзини нишон қилди. Натижада камон ўқи Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг кўксини эмас, Талҳанинг қўлини тешиб ўтди. Ул зотнинг қўли умрининг охиригача шу тариқа майиб бўлиб қолди. Жангчининг қўли қонга беланганини кўрган Аллоҳнинг расули: «Агар ўша фурсатда «Бисмиллаҳ», - деб юборганингда фаришталар сени одамларнинг кўз ўнгида осмони фалакка кўтариб кетишган бўлар эди», - деди. Расули акрам ўз дўсти Талҳанинг жароҳатларига шафқат ва раҳм-ла қараб қолди...

Ниҳоят Абу Бакр розияллоҳу анҳу билан Убайда розияллоҳу анҳу ёрдамга етиб келишди, лекин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўзларини ўйламай Талҳанинг ғамини еб, жароҳатларининг оғирлигидан хушини йўқотган Талҳага имо қилдилар. Биринчи навбатда ушбу қаҳрамонга ёрдам кўрсатишни талаб қилган Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Биродарингизга ёрдамга ошиқинг, у албатта Жаннати бўлгай!» - дедилар. Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу Талҳа ибн Убайдуллоҳ розияллоҳу анҳунинг танасига қараб, ўз кўзига ишонмади. Бошидан оёғигача қонга беланган қаҳрамон саҳобанинг танасида Абу Бакр олтмишдан ортиқ санчилган ва чопилган жароҳат кўрди.

Аъзойи бадани жароҳатланганига қарамай Талҳа яна Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳимоясига кўтарилди. Уҳуд тоғига етган Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам, жароҳатлари оғир бўлгани боис йўлида дуч келган улкан тош устига чиқишга қурблари етмади. Эзгу ниятли Талҳа розияллоҳу анҳу яна ёрдамга келиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам тошга чиқиб олишлари учун ўзининг қонга беланган танасини Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг оёғи остига ташлади. Тошга амаллаб чиқа олган Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Сазовор бўлдинг, Талҳа», - дедилар. Бунда ул зот Талҳа Жаннатга кириши муқаррарлигини назарда тутган эдилар.

Шунингдек, ёш саҳобалар орасида исми Талҳа ибн Убайдуллоҳ розияллоҳу анҳудек инсоннинг исми билан бир қаторда тилга олинадиган йигитча ҳам бўлган. Ул зоти шариф ёш бўлишига қарамай, уммати Ислом тарихидаги энг жасур қаҳрамонлардан биридир.

Бу ҳақда кейин ҳикоя қиламиз..

Жиҳод Турбонийнинг 
«Ислом умматининг 100 нафар буюк шахси» китобидан

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

«Расулуллоҳнинг ҳаворийси» Зубайр ибн Аввом розияллоҳу анҳу (2-қисм)

1133 23:05 12.08.2019

«Расулуллоҳнинг ҳаворийси» Зубайр ибн Аввом розияллоҳу анҳу (1-қисм)

1286 23:05 09.08.2019

Талҳа ибн Убайдуллоҳ розияллоҳу анҳу (1-қисм)

1012 23:05 05.08.2019

Ҳузайфа ибн Яман розияллоҳу анҳу «Расулуллоҳнинг сир сақловчиси» (3-қисм)

819 23:00 03.08.2019

Ҳузайфа ибн Яман розияллоҳу анҳу «Расулуллоҳнинг сир сақловчиси» (2-қисм)

581 23:00 01.08.2019
« Орқага