Таниқли актриса Зойира Васим Болливудни Ислом ва Аллоҳ учун тарк этди

10:45 21.08.2019 3021

Яқинда, ўн саккиз ёшли ҳинд кино юлдузи Зойира Васим Болливуддаги фаолиятини тўхтатишини эълон қилди. Зойира бу қарорни  танлаган касбининг Аллоҳга бўлган муносабатларига путур етказаётгани билан изоҳлади.

Зойира Васим асли кашмирлик бўлиб, мусулмон оиласида туғилган. У ёш бўлишига қарамасдан кино соҳасида кўплаб, жумладан,  «Filmfare award» совринини, шунингдек, болалар ва ўсмирлар ўртасида “2017 йилдаги юксак ютуқлари учун” миллий мукофотини ҳам қўлга киритган.

Актриса 2016 йилдаги “Дангал” биографик фильмида спортчи қиз Гита Фогат ролидаги дебюти билан кенг оммага танилган эди. Шуниси эътиборлики, мазкур картина 290 миллион доллар тўплаб, Болливуд тарихидаги энг кассабоб фильм сифатида эътироф этилди.

"Қалбимга қарши кураш билан узоқ давом этган бу саёҳат жуда азобли ўтди”, – деб ёзди у ўзининг Фейсбукдаги саҳифасида.

Кейинчалик кўп муҳокамаларга сабаб бўлган қуйидаги матнни эълон қилди:

“Беш йил олдин мен ҳаётимни бутунлай ўзгартириб юборган қарорни қабул қилган эдим. Болливуд менга машҳурлик эшикларини очди. Мен жамоатчилик диққат марказида бўлишни бошладим, улар мени диққат билан тинглашди ва муваффақиятларимни ёшларга ўрнак қилиб кўрсатишди. Шунга қарамай, бу мен кутган ва истаган нарса эмас эди, айниқса, менда омад ва омадсизлик тушунчаси ҳамда моҳияти эндигина қатъий кўриниш ҳосил қилаётган вақтда мазкур қарорнинг муҳимлигини англамоқдаман”.

Мана унинг ижтимоий тармоқлардаги баъзи изоҳлари:

“Бугун фаолиятимнинг беш йиллик якунларига кўра, ўз касбимдан мамнун эмаслигимни тан олишни истайман. Анча вақтдан бери бор кучим билан фитратимга қарши бошқа бир инсонга айланишга уринаётганимни сездим. Мен ўз вақтимни, ғайратимни ва ҳиссиётларимни ўрганишга киришганимга ва янги ҳаёт тарзини олиб бораётганимга унча кўп бўлмади, мен ушбу муҳитга яхши мослаша оламан, лекин аниқ айта оламанки, фитратан бу жойга тегишли эмасман. Фаолиятим ҳақиқатан ҳам, менга муҳаббат, қўллаб-қувватлаш ва олқишларни олиб келди, лекин шу билан бирга бу фаолият мени жимлик ва онгсизлик билан имондан жоҳилликка ҳам етаклади.

Агар эътиқодим масалаларига доимий аралашиладиган муҳитда фаолият юритсам, диним билан боғлиқ муносабатларим хавф остида қолади. Қилган ишларим яхши эканига ва менга ҳеч қандай таъсири йўқлигига ўзимни ишонтирсам ҳам, барибир ҳаётимдан барака кетади. Барака нафақат бахт-саодат, балки барқарорлик ҳамдир".

“Ҳар доим ўзимнинг “мен”имни юксалтиришга уринар эдим, энди эса Аллоҳнинг раҳмати ва ёрдамини англашни умид қила бошладим. Диним асосларини билмаслигим ва бу масалада ўзимнинг устимда ишламаслигимга сабаб юзаки ва дунёвий ютуқларим эканини англадим. Мен шубҳалар ва хатолар билан касал бўлдим, улар юрагимни жароҳатлади. Ахир, юракка ҳужум қиладиган касалликларнинг икки тури мавжуд, бири шубҳа ва хато, иккинчиси эса шаҳват ва истакдир. Иккаласи ҳам Қуръони Каримда эслатиб ўтилган.

Аллоҳ айтади: “Уларнинг қалбида касаллик бор (шубҳа ва иккиюзламачилик) ва Аллоҳ уларнинг касаллигини зиёда қилди” (Қуръон, 2:10). Ва шуни англадимки, касалликнинг даволаниши фақатгина Аллоҳнинг ҳидояти билан бўлади. Қуръон ва Расулуллоҳ саллолоҳу алайҳи васалламнинг раҳбарлиги менинг қарор қабул қилишимда муҳим омил бўлди ва бу менинг ҳаётга бўлган муносабатимни, унинг маъносини ўзгартирди”.

Манба: Исламосфера.ру
Ҳамид СОДИҚ таржимаси

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!