Танзаниянинг пойтахти Дорус Салом шаҳридаги Бенжамин Мкапа стадионида Халқаро Қуръон мусобақаси бўлиб ўтди. Бу ҳақда Iscihaber ахборот агентлиги хабар бермоқда.
Шарқий Африкадаги мазкур давлатда ўтказилган мусобақа жуда катта қизиқишларга сабаб бўлди. Дорус Салом шаҳридаги Бенжамин Мкапа стадионига Қуръони карим тиловатидан баҳраман бўлиш учун ўн минглаб одамлар йиғилди. Ал-Ҳикма фонди томонидан уюштирилган мазкур мусобақада Занзибар президенти Ҳусайн Муиний, Танзания бош вазири Қосим Мажалива ҳамда Танзания, Уганда, Бурунди ва Руанда каби давлатларнинг муфтийлари иштирок этди.
Муборак Рамазон ойи муносабати билан ташкил этилган Халқаро Қуръон мусобақасида Танзания мамлакатидан ташқари яна 22 давлатдан қорилар иштирок этди. Мусобақада конголик қори Тиаме Боунага биринчи ўринни эгаллади ва 8600 доллар пул мукофоти билан тақдирланди. Угандалик қори иккинчи ўринни эгаллади. Учинчи ўрин эса нигериялик қорига насиб этди.
Рамазон ойида Танзаниянинг турли шаҳарларида Қуръон ўқиш мусобақалари ташкил этиш анъанага айланиб улгурган.