Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Ислом

Тақдирга ишонган одам хотиржам бўлади

1050

Мўмин-мусулмон банда “Дунёдаги барча нарса Аллоҳнинг мулки. Аллоҳ хоҳлаган иш бўлади, хоҳламагани бўлмайди”, деб ишонади. Шунинг учун ҳар қандай ҳолатда: фаровонлик вақтида ҳам, бошига мусибат тушганида ҳам Аллоҳнинг ҳукмига рози бўлади.

Аллоҳ таоло айтади: “На ерга, на ўзларингизга бирон мусибат етмайди, магар (етса,) Биз уни пайдо қилишимиздан олдин Китобда (яъни, Лавҳул маҳфузда битилган) бўлади. Албатта, бу Аллоҳга осондир. Токи сизлар қўлларингиздан кетган нарсага қайғурмагайсизлар, (Аллоҳ) сизларга ато этган нарса билан шодланиб кетмагайсизлар. Аллоҳ ҳеч бир кибр-ҳаволи, мақтанчоқ кимсани суймайди” (“Ҳадид” сураси, 22-23-оятлар).

Яъни: Эй одамлар, ерда қурғоқчилик, қаҳатчилик, озуқа танқислиги, зилзила, тўфонлар юз берса, танангизда бирон касаллик, дард, ғам-алам бўлса, буларнинг ҳаммаси коинот ва тирик мавжудотлар яратилмасидан аввал Аллоҳ даргоҳидаги Лавҳул маҳфузда ёзилган. Аллоҳ таоло келажакда ерда, осмонларда қандай ҳодисалар рўй беришини билади. Мана шу нарсаларни бир Китобга битиб қўйиш Аллоҳга осон. Аллоҳнинг қудрати чексиз, илми ҳамма нарсани қамраб олган.

Бўладиган ҳар бир иш тақдирда ёзиб қўйилган экан, энди банда бошига бир иш тушса, қўлидан неъмат кетса, бунинг учун ортиқча хафа бўлиш, ғамга ботиш, “Бундай қилганимда ундай бўларди”, “Бу ишни қилмаганимда шунча ташвишга қолмасдим”, деб надомат чекиш тўғри эмас. Аллоҳ банда пешонасига ёзган нарсадан қочиб-қутулиш иложи йўқ.

Шунингдек, Аллоҳ банда бирон неъматга эришишини, ютуқни қўлга киритишини тақдир қилганми, демак, бу иш ҳам аниқ бўлади. Бу, банданинг саъй-ҳаракати, жидду жаҳди билан эмас, Аллоҳнинг фазли, тақдири, ризқлантириши билан юз беради. Шунинг учун фаровонликка етишганда ҳадидан ошиш, ўзини йўқотиб қўйиш маъқул эмас.

Бошига мусибат тушганида “Агар ундай қилганимда бундай бўларди” ёки “Ундай қилмаганимда бундай бўлмасди”, деб афсусланадиганлар ҳам бор. Бу борада мўмин банда қандай йўл тутиши кераклиги қуйидаги ривоятда айтилган.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилади: “Кучли мўмин Аллоҳ учун заиф мўминдан яхшироқ, севимлироқдир. Икковида ҳам яхшилик бор. (Шундай экан,) ўзингга фойдали нарсаларга ташна бўл, Аллоҳдан ёрдам сўра, ожиз қолма! Агар сенга бирон (кор-ҳол) етса, “Агар ундай қилганимда...” дема, балки “Қодаруллоҳи ва маа шаа-а фа-ъал” (яъни, Аллоҳнинг тақдири экан. У Зот нимани истаса, ўшани қилади) деб айт. Зеро, “агар” (сўзи) шайтон амалини очиб беради” (Муслим ривояти).

Метин иродали, жисмонан бақувват мўмин кучсиз мўминдан яхшироқдир. Чунки кучли мўмин солиҳ амалларда (жумладан, намоз, рўза, зикр-тасбеҳларда), динини, юртини, ор-номусини ҳимоя қилишда кўпроқ жидду жаҳд қилади, одамларни яхшиликка чақиришда, ёмонликдан қайтаришда ҳам шижоат кўрсатади, улардан етган озорларга сабрли бўлади, қийин паллаларда матонат билан тура олади. Аслида кучли мўминда ҳам, заиф мўминда ҳам яхшилик бор. Чунки икковиям имон-эътиқодли банда. Қалбида имони бор инсон Аллоҳнинг тоатига ташна бўлади, бу йўлда Раббидан мадад сўрайди, зинҳор ожиз қолмайди, тоат-ибодатларга дангасалик қилмайди. Агар мўмин киши бошига бирон юмуш тушса, “Бу ишни бекор қилибман. Агар бундай қилганимда ундай бўларди” демайди, балки “Аллоҳнинг тақдири экан, шундай бўлди”, деб Аллоҳнинг ҳукмига таслим бўлади, бошига тушган мусибатларни аритишни сўраб У Зотга дуо-илтижолар қилади. Зеро, “агар” сўзи билан қалбга тақдирдан норозилик кайфияти тушади. Шайтон мана шу йўл билан бандани васваса қилади. Мусибат чоғида “Ундай қилганимда бундай бўларди”, деб гапирилса, шайтон учун йўл очилади.

Ҳаётдаги ҳар бир яхши-ёмон, катта-кичик воқеа-ҳодисалар Аллоҳ таолонинг тақдири азалийсида битилган. Яратганнинг амрисиз бировнинг баданига тикан ҳам кирмайди. Кимда-ким мана шу ҳақиқатни англаб етса, мусибатни енгиш осон кечади, ғам-андуҳ пайтида сабрли, фаровонлик чоғида шукрли бўлинади. Аллоҳ таоло неъматларга шукр қилмайдиган, кибри баланд, мол-дунёси, бола-чақаси билан мақтанадиган кимсаларни ёқтирмайди, камтар, мулойим, шокир бандаларни яхши кўради.

Мўмин киши ҳар бир ҳолатда ўзини қандай тутишни билади, ишлари юришиб турганидаям, қийинчилик пайтидаям Аллоҳ рози бўладиган сўзларни айтади, ишларни қилади.

Суҳайб розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилади: “Мўминнинг ҳолати ажойиб. Унинг ҳар қандай иши хайрли. Бу фақат мўмингагина хос. Агар унга хурсандчилик етса, шукр қилади. (Бу ҳолат) унинг учун яхши бўлади. Агар бандага бирон зарар етса, сабр қилади. Бу ҳам унинг учун яхши бўлади” (Муслим, Аҳмад, Ибн Ҳиббон ривояти).

Дунёда бўладиган ҳар қандай ҳолат, хоҳ яхши, хоҳ ёмон бўлсин, буларнинг бари мўмин учун хайрлидир. Мўмин кишининг бахти ҳам шунда. Яхшилик ҳам, мусибат ҳам унинг фойдасига ишлайди. Неъматга шукр, машаққатга сабр қилиш билан шундай даражага эришади.

Зиёвуддин Раҳим,

“Ислом ақидаси” китобидан

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмитанинг 03-07/4844/1-сонли рухсати билан чоп этилди.

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Катта фиқҳ энциклопедияси: Олнинг луғавий ва истилоҳий маънолари таърифи

199 22:05 28.10.2021

Рейганнинг собиқ ёрдамчиси: «НАТО Россия билан урушда АҚШга хиёнат қилади»

585 21:30 28.10.2021

Дунёнинг энг қадимги 14 масжиди

387 21:05 28.10.2021

Динимни ўрганаман: руҳ бор нарсами?

952 20:05 28.10.2021

Жанубий Корея мусулмонлари федерацияси раҳбарияти Ўзбекистонга келади

261 18:30 28.10.2021

«Аҳоли иссиқлик энергияси бўйича 2 триллион сўм қарзи бор» – вазирлик ахбороти

236 18:30 28.10.2021
« Орқага