Наср

Тақвим учун сўнгги мақола

736

Тўпланган мақолаларни тартиблаб ўтирган эдим, телефон жиринглади. Гўшакни кўтардим, Аъзам ака эканлар.

– Қандай кўришамиз, Тақвимга бир нарса тайёрлаган эдим, – дедилар салом-аликдан сўнг. Келишиб, бир жойда кўришадиган бўлдик.

Кечқурун ишдан қайтаётганларида йўлларига чиқиб турдим. Келдилар, кўришдик.

– Низомиддин қалай? – деб кичик ўғилларини сўрадим.
– Яхши, – дедилар.
– Латифбек-чи? – деб тахаллусларига ишоратан ўзларидан ҳол сўрадим.
– Уям яхши, – деб кулдилар, кейин мақолаларини узатдилар.

Бироз суҳбатлашиб аёв юрдик. Сўнг кулишиб хайр-хўшлашдик.

Уйга келиб, тамаддидан кейин мақолаларига кўз ташладим: "Қўнғироқлашиб турайлик..." Ўқишга киришдим. Ўқирканман, дилим яйрай бошлади. Охирига етганда қувнаб кетдим, кайфиятим ниҳоятда кўтарилди. "Эй биродар, қўнғироқлашиб турайлик!" деб тугатган эканлар, хитобларига итоатан турдим-у сим қоқдим.

"Қўнғироқлашиб турайлик", деган экансиз, шунга қўнғироқ қилаётибман, – дедим таги қув жиддийлик билан.

– Э-э, мен, кечаси бир-иккиларда қилинг, деганман, энди саккиз бўлди, буниси ўтмайди.
– Қизиқмисиз, ака, у пайтда мен ҳам сиз қатори бўб қоламан.

Кулишдик. Чиройли мақола ёзганлари билан табрикладим. Раҳмат айтдилар. Сўнг хайрлашаётиб ҳам қайта-қайта раҳмат дедилар. Киши сўз тополмай қолганда, бир гапни такрорлайверади. Аъзам ака ҳам худди бошқа сўз тополмаётгандай, нуқул раҳмат айтардилар. Хаёлимдан, бошқа сўзни унутиб қўйдиларми, деган ўй ҳам ўтди. Кейин билсам, у "раҳмат"лар Аъзам аканинг менга айтаётган сўнгги сўзлари экан. Эртаси куни пешин маҳали юрак хуружидан вафот этганларини эшитдим. Аллоҳ раҳмат қилсин.

Шоир Аъзам Ўктам қирқ бир йил умр кўрди.

Орқасида уч фарзанд, мухлисларига бешта китобча, дўстларга ширин ва файзли хотирот, каминага бир қучоқ раҳмат, Тақвим китобга ёзгани сўнгги мақола қолди.

Қуйида марҳум шоирнинг ўша сўнгги мақоласини ўқийсиз.

Қўнғироқлашиб турайлик...

Ярим кечаси телефон қўнғироғидан уйғониб кетдим. Нотаниш бир одам бемаъни гапларни айтиб жиғимга тегди. Гўшакдан кимларнингдир кулгу овозлари эшитилиб турибди. Ўзига яраша жавобини бердим. Озгина ошиб ҳам кетди.

Орадан бир ҳафга ўтиб, яна шу ҳол такрорланди. Номаълум кимса ўзини, қўшнингизман, деб таништирди-да, ароқ сўради. "Бизникида унақа нарса йўқ, – дедим ўзимни босиб, – бўлишиям мумкин эмас". Гўшакни қўйдим-у эсладим – ўтган гал ҳам шу овоз эди. Сўколмай қолганим алам қилиб, асабим бузилди. Шаҳд билан таҳорат олишга киришдим, беадабни бир дуойи бад қилай. Уям ухлолмай чиқсин. Энди кўзи илинганда қўнғироқ овозидан чўчиб уйғониб кетсин. Кўзини юмган заҳоти иккита бадбашара ўлик унга ўзининг жасадини кўрсатиб: "Ароғингиз борми, манови маййитни ювиб олайлик!" деб тиржайсин!

Жуда "илҳом" келиб қолди. Жойнамоз тўшаб, икки ракъат намоз ўқишни ният қилдим... Бир пайт ўзимга келсам, "Эй Худо, менинг касал эканимни билмай, тинчимни бузган кимсага ҳам Ўзинг инсоф бер. У бечорани кимдир гиж-гижлагандир, ақли етмай шу ишга қўл ургандир. Мен кечирдим, Сен ҳам кечир", деб дуо қиляпман.

Ғалати бўлиб кетдим. Таҳорат, такбир, ояту тасбеҳлар ўзимга сездирмай қалбимни ўнглаб қўйган экан-да. Анов боладан ранжишнинг нима ҳожати бор, у бошқа нарсани кўзлади, аммо...

Мутолаа, ибодатдан сўнг хотиржам ухладим. Бу хотиржамлик ҳануз давом этяпти. "Муаззин" жим, тунги ибодат ҳам йўқ. Ана шуниси яхши бўлмаяпти. Эй биродар, қўнғироқлашиб турайлик!

Абдуғофур ИСКАНДАР

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Ибодат

183 07:00 04.11.2019

Ҳайрат

655 09:23 17.10.2019

Ҳижоб ояти

3114 07:00 14.10.2019

Бугун – маърифатпарвар шоир Аъзам Ўктам таваллуд топган кун

571 17:05 04.10.2019

Далил

750 18:40 09.05.2019
« Орқага