Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Таҳлил

Тарих: Амударё ва Орол флотилиялари 

1942

Қадрли дўстлар, ижозатингиз билан бугун эътиборингизга Амударё ва Орол флотилиялари ҳақида тарихий маълумотларни ҳавола этсам. Бунинг учун дастлаб «Флот» ва «Флотилия» терминларининг изоҳини келтириб ўтишни лозим топдим.

Флот бу:
1) турли кема, қайиқ ва сузиш воситаларининг умумий номи бўлиб, одатда:
- маҳкама ва идораларга тегишлилигига кўра – ҳарбий-денгиз, денгиз ва дарё флотларига;
- энергетик қурилмалар ва техник жиҳатдан таъминланишига кўра – атом кемалар, буғ кемалари, эшкакли ва елканли флотларга бўлинади. 
Айни вақтда, «Флот» атамаси авиацияга нисбатан ҳам қўлланади; 
2) жанговар ҳаракатларнинг (урушнинг) муайян майдонида (денгизда) оператив ва стратегик вазифаларни бажариш учун мўлжалланган оператив стратегик бирлашма. 

Флот денгиз операциялари ва жанговар ҳаракатларни мустақил равишда ва бошқа флотлар, шунингдек, қуролли кучлар турига мансуб бирлашма ва қўшилмалар билан ҳамкорликда ўтказади. Ташкилий жиҳатдан сув усти, сув ости кемалари, авиация, денгиз пиёдалари бирлашмалари ва қўшилмаларидан ҳамда қирғоқдаги ракета-артиллерия қисмларидан ташкил топган. 

Айрим флотлар таркибига флотилия, эскадра каби тузилмалар киради. Флот ўз қўмондони томонидан бошқарилиб, штаб ва бошқа бошқарув органлари, қирғоқдаги муассасалар ва хизмат турларига эга. 
Флот кучларининг жанговар ва кундалик фаолиятини ҳар томонлама таъминлаш учун муайян тизим ташкил этилиб, таркибига ҳарбий-денгиз базалари, кема жойлаштириш пунктлари, таъминот қайиқлари, аэродромлар ва шу каби бошқа комплекслар киритилади.

Флотилия бу, – ҳарбий-денгиз флоти кемаларининг оператив бирлашмаси ёки йирик қўшилмаси. Шунингдек, денгиз, кўл, дарё флотилиялари мавжуд. Ташкилий жиҳатдан флотилия алоҳида қўшилма сифатида фаолият юритиши ёки флот таркибига киритилган бўлиши мумкин.

1853 йили ўлкамиз Туркистонни босиб олган Россия империяси ўз жанубий чегараларини мустаҳкамлаш мақсадида Орол денгизи ҳамда Сирдарё ва Амударё дарёларида ҳарбий флотилияларини барпо этди.

АМУДАРЁ ҲАРБИЙ ФЛОТИЛИЯСИ

Амударё ҳарбий флотилияси Каспийорти темир йўлини қуриб, миллий бойликларимизни талон-тарож қилиш мақсадида юк ташиш ва сув йўлини қўриқлаш учун кўмакчи кемалардан тузилган флотилия бўлган.
Асосий базаси Чоржўда жойлашган ушбу флотилия кемалари 1888 йилдан эътиборан суза бошлади. Флотилия таркибида йўловчи ташиш-шатакка олиш пароходлари (2-6 дона), буғ воситасида юрадиган катерлар ва бошқа сузиш воситалари бўлган. 
1917 йилнинг ноябрь ойидан эътиборан флотилия денгизчилари Ўрта Осиё минтақасида совет режимини ўрнатиш йўлида Туркистон миллий озодлик ҳаракати жангчиларига қарши олиб борилган курашда иштирок этишди. 
1918 йилнинг июль ойида флотилия тугатилди. 

1920 йилнинг февралида Совет ҳарбий Амударё флотилияси қайта тузилди. Апрель ойидан декабрь ойига қадар ушбу флотилия Орол ҳарбий флотилияси таркибида, кемаларнинг алоҳида бўлинмаси сифатида кирган бўлиб (10 дона кичик калибрли тўп билан қуролланган майда ҳарбий кемалар, 2 дона катер, 19 дона кўмакчи кема), оқ гвардиячилар ва Туркистон миллий озодлик ҳаракатига қарши уруш олиб борган совет Туркистон фронти қўшинига мадад берди. Ушбу ҳарбий ҳаракатлар якунига етгач, 1921 йилнинг ноябрь ойида тугатилди.
Амударё флотилиясига ўрис босқинчилари Г. Г. Пинский (1920 йилнинг апрель ойидан 1921 йилнинг январь ойига қадар); М. Н. Калинин (1921 йилнинг январь – ноябрь ойлари) қўмондонлик қилган.

ОРОЛ ДЕНГИЗИ ҲАРБИЙ ФЛОТИЛИЯСИ. 

Орол денгизи ҳарбий флотилиясини барпо этиш тадбирларининг ташкилотчиси 1848 йили «Константин» шхунасида гидрографик тадқиқотлар олиб бориб, Орол денгизининг биринчи аниқ харитасини тузган капитан-лейтенант А. И. Бутаков саналади. (Алексей Иванович Бутаков (1816-69 йиллар) Орол денгизини тадқиқ этган Туркистон босқинчиси, контр-адмирал, 1840-42 йилларда «Або» ҳарбий транспортида дунё бўйлаб сузиш иштирокчиси).

Капитан-лейтенант А. И. Бутаков бошчилигидаги Орол экспедицияси таркибига рассом сифатида подшо ҳукумати томонидан аскарликка берилган, Украинанинг атоқли адиби Т. Г. Шевченко ҳам киритилган. 

Флотилияни барпо этиш учун 1852 йили «Перовский» ва «Обручев» кичик пароходлари Аралскка қисмларга бўлинган ҳолатда келтирилиб, йиғилди ва 1853 йилнинг баҳорида сувга туширилди. Мазкур пароходлар Қўқоннинг Оқ мачит қалъасига (Қизил Ўрдага) қарши уюштирилган жанговар ҳаракатларда иштирок этди. Яна иккита пароход билан қуролланган флотилия кемалари Оролда йўлга қўйилган ўрис кемачилигини қўриқлаш билан бир вақтда, босқинчилар қўшини ва юк ташиган. 
Асосий база аввал Аральск, сўнгра Казалинскда бўлган. 

1855-63 йилларда флотилия бошлиғи А. И. Бутаков Амударё ва Сирдарё дарёларининг кема юрувчи қисмларида гидрографик тадқиқотларни давом эттирди. 
Кейинчалик Орол ҳарбий флотилияси Бухоро (1868 йил) ва Хивани (1873 йил) забт этиш учун уюштирилган босқинчилик юришларида иштирок этди. 
1880 йилга келиб флотилия таркибида 6 дона қуролланган пароход, 9 дона баржа ва бошқа турдаги кемалар бўлган. Шахсий таркиб сони 570 кишига етган. 
Орол ҳарбий флотилияси 1883 йилда тугатилган. 

Шокир Долимов,
Azon.uz’нинг ҳарбий-сиёсий шарҳловчиси, 
истеъфодаги подполковник

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Афғон қочқинлари Амударёдан сузиб Ўзбекистонга ўтишмоқда

4207 10:04 19.08.2021

Дунё уммонлари бўйлаб сузган ўзбек кемалари

4636 10:30 09.04.2021
« Орқага