Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Таҳлил

Тарих унутилмайди ёхуд арман дашноқларининг юртимиздаги ваҳшийликлари (2-қисм)

4176

(1-қисм бу ерда)

«БОЛЬШЕВИК» НИҚОБИДАГИ ЖАЛЛОДЛАР

«Дашнакцутюн» ўз манфаатлари йўлида нафақат Туркистон мусулмонларига қарши жазо акциялари ўтказар, балки қизил армиянинг жанговар қисмларини шакллантиришда ҳам фаол иштирок этган эди.

Туркистонга армани дашноқларни жойлаштириш масаласи конкрет лойиҳа асосида амалга оширила бошланди. Дашноқлар лойиҳасига биноан, Кавказда жойлаштирилган «инқилобий» армани қисмларини қизил армияга жалб этиш кўзланган эди, бунда улар армия таркибида ҳам ташкилий ва ахлоқий масалаларда маълум мустақилликка эга бўлиши режалаштирилган эди.

Туркистон АССР Совнаркоми аъзоси, ҳарбий комиссар К. Осипов бу ҳақда очиқ-ошкор баёнот берди[17]. Айнан шу прапоршчик К. Осипов Туркистонга эшелонларда келган армани дашноқларининг хатти-ҳаракатларини мувофиқлаштириб борди; кейинчалик у 1919 йил 19-21 январида Тошкентда аксилсовет ғалаёнини ташкил этди. Исёнчилар бошлиғи К. Осипов кечки пайтда телефон орқали Туркистон АССР раҳбариятини исёнчи 2-Сибирь полки ҳузурига чақириб, уларни ваҳшийларча ўлдириб юборди. Аммо К. Осипов ташаббуси билан бошланган аксилсовет исёни муваффақиятсиз якунланди - уни большевиклар отиб ташлади. Баъзи маълумотларга қараганда Британия ёрдамида Туркистондан олиб чиқиб кетилган, деган фаразлар ҳам бор.

Дашноқлар ва большевиклар ўртасида ҳарбий кўмак масаласида қизғин музокаралар олиб борилди. Дашноқлар ҳарбий отрядларини қурол билан таъминлашда С.Г. Шаумян воситачилик қилгани кузатилмоқда. Дашноқларнинг бош етакчиси Сталинга илтимос билан мурожаат қилди: «Дашноқлар учун қурол масаласида ишни шундай тузишни сўрайманки, масаланинг узил-кесил ечими менга боғлиқ бўлсин. Конъюнктурага қараб барини шу ерда ҳал қиламиз. Мен уларнинг сиёсатида бирор ўзгариш бўлишини кутмаяпман, лекин улар бизга жойида боғлиқ бўлганлари яхши»[18].

1918 йил мартида РСФСР миллий туманларининг кўпгина маҳаллий газеталарида РСФСР миллатлар ишлари бўйича халқ комиссари И.В. Сталин имзоси остида «армани инқилобий ташкилотлари кўнгилли отрядларини эркин шакллантириш ҳуқуқига эга»[19]лиги юзасидан тушунтириш эълон қилинди. Шундан кейин Қўқон фуқаролик ва ҳарбий маъмуриятидаги барча муҳим амаллар ва мансаблар арманиларга - «Дашнакцутюн» миллатпараст-шовинистик партияси аъзоларига тақдим этилди. Табиийки, улар «бир ёқадан бош чиқариб» ўз гуруҳ манфаатларини ҳимоя қилар, бунда ҳеч нарсадан тап тортмас эди. Уларнинг иштирокидаги ҳокимият қурол кучи асосига қурилган бўлиб, дашноқлар ўз қавмдошларини қуроллантирар, арманичилик манфаатларига эришиш йўлида ўзига хос ёпиқ армани «инқилобий» табақасини шакллантирар эди. Ушбу «элитар» гуруҳга бегоналарни киритишмас эди.

Туркистон Компартиясининг биринчи съездида дашноқларга «Туркистон ўлкасидаги инқилобий ҳаракатдаги иштироки, большевикларга маҳаллий ҳокимиятни йўқ қилишда кўрсатилган фаол ёрдами, жангларда қатнашганлик ва маҳаллий мусулмон аҳолисига қарши жазо акцияларини амалга оширганлиги учун» расман миннатдорлик билдирилди.

Жавоб сўзида «Дашнакцутюн»нинг ушбу съезддаги миннатдор вакили «арманилар ҳар доим совет ҳокимиятига ёрдамга келишга тайёр»лигини билдирди. У съезд минбаридан туриб хитоб қилди: «Қийин паллаларда биз сизларга ишонимиз, сизлар эса бизга ўзингизга ишонгандай ишонишингиз мумкин!» Туркистон Компартияси съезди билан бир пайтда «Дашнакцутюн» партия йиғини ўтаётган эди. Унда ҳам қуйидагича баёнот берилди:

«Арманилар ҳар доим совет ҳокимияти тарафда бўлади!» Алоҳида қайд этилдики, «биз фақат шу йўл билан Туркистондаги армани жамоасини ва ўз ватанимиз Арманистонни бизга душман бўлмиш мусулмонлардан ҳимоя қила оламиз!»[20]

Лекин, бунда дашноқлар айнан қайси «Арманистон»ни назарда тутгани аниқлаштирмаган. Гап шундаки, арманилар ҳеч қачон маълум бир ҳудудда истиқомат қилмаган. Ҳар сафар қандайдир виртуал «ҳудудни» Олд Осиёда маълум «Арманистон» деб эълон қиларди. Бундан ташқари, рус символизми асосичиси ва рус шеърияти «кумуш асри»нинг етук намояндаларидан бири Валерий Брюсов арманиларга 35-рақамли «Гуржистон Арманистони» атамасини совға қилди[21]. Бундай «Арманистон»лар сони 35тага етказилган: Биринчи, Иккинчи, Учинчи, Тўртинчи, Аршакий Арманистони, Буюк Арманистон, Византия Арманистони, Ички Арманистон, Шарқий, Баланд, Чуқур, Юнон Арманистони, Ғарбий Арманистон, Кавказ Арманистони, Киликия Арманистони, Кичик Арманистон, Месопотамия Арманистони, Нахарар Арманистони, Форсарманистон, Сатрапия Арманистони, Шимолий, Шимоли-Шарқий, Туркия Арманистони, Жануби-Ғарбий, Жанубий, Юстиниан Арманистони, яна - шунчаки Арманистон, Армани Месопотамияси, Армяни вилояти, Арманистон ташқарисидаги Арманистон, Армениак, Армина, Буюк Арманистоннинг катта қисми, Буюк Арманистоннинг бир қисми[22].

Шунинг учун бу 35 «Арманистон» орасида миллатпарастлар ҳар сафар кераклисини топиб олиши талаб этилади. Бошқача айтганда, terra incognita (номаълум ер) бўлмиш ҳудуд ҳақида сўз очилади. Мазкур ҳайратланарли феномен - кўплаб «Арманистонлар» билан «денгиздан денгизгача Буюк Арманистон» мифологемаси билан боғлиқ. Унга кўра, «Ўрта Ер денгизи - Қора денгиз - Каспий денгизи» оралиғидаги улкан ҳудуд Туркия Республикаси, Шимолий ва Жанубий Озарбайжон, Грузияни қамраб оладиган ер, яъни оз эмас, кўп эмас, 1,265,188 квадрат километр ҳудуд арманиларга тегишли эканлиги иддао қилинмоқда.

НИҚОБЛАР ОЛИНГАНДАГИ АСЛ БАШАРАЛАР

Андижондан Туркистон Совнаркомига 1918 йил охирида юборилган ҳисоботларда «Дашнакцутюн» совет ҳокимияти ва мусулмонлар ўртасида ихтилоф келтириб чиқариш учун жавобгар эканлиги таъкидланади. Ҳужжатларда таъкидланишича, ушбу шаҳардаги «миллий» сиёсат учун жавобгар дашноқлар етакчиси эса бойвачча, виночилик корхонаси, кинотеатр ва бир нечта уйлар эгасидир[23]. Бу вақтга келиб Марказга маҳаллий комиссарлар мусулмонларни талон-тарож қилиб, шахсий бойлик орттираётгани ҳақида маълумотлар етиб кела бошлади. Кейинчалик Кобозев Ленинга «комиссарлар навбатма-навбат «тинчлантириш» мақсадида ҳужумларга олиб чиққан» Тошкент-Перовск отряди «бошида соф инқилобий бўлгани... аммо жуда тез айнигани» ҳақида ҳисобот берган эди. Унинг ёзишича, «Қўқон ва Бухоро ҳамлаларидан улар бир тўда аёллар, ўзлаштирилган пул, гилам, от ва бошқа буюмлар билан қайтди. Уларнинг бир қисми расман ғазначилик ва республика ҳукуматига топширилди, лекин кўп қисмини яширди»[24].

1919 йил февралида Туркистон миллий озодлик ҳаракатининг жанговар қисмлари Андижонда ҳарбий ҳаракатларни бошлаб юборди. Асосан арманилардан иборат маҳаллий гарнизон Андижон эски шаҳар аҳолиси зиммасига бунинг учун жавобгарликни юклади. Ушбу ёлғон баёнотдан сўнг бир ҳафта давомида арманилар жазо отрядлари маҳаллий аҳоли уйларида тинтувлар ўтказиб, унинг давомида қотиллик, талончилик ва зўравонликка қўл урди. Эски шаҳардан жуда кўп ёш қизлар олиб чиқилиб, араваларда Андижон қалъасига олиб кетилди[25]. Шунга қарамай, Фарғонада большевиклар ва дашноқлар ўзаро ҳамкорликни тўхтатмади. 1919 йил мартида Туркистон советлари фавқулодда съездида мусулмон делегатлари резолюция таклиф қилди. Унда «Дашноқ отрядларини дарҳол қуролсизлантириш ва тарқатиб юбориш, Қизил гвардияни жиноий унсурдан тозалаш» талаби қатъиян ифодаланган эди[26]. Вазият «Дашнакцутюн» фойдасига ўзгармаётган эди.

Туркистон Марказий Ижроқўм (ТуркЦИК) Фарғона комиссияси аъзоси Турор Рисқулов Туркистондаги дашноқларнинг асосий кучлари жойлашган Андижонга етиб келди. У Андижондан туриб Тошкентга дашноқлар мусулмонларга нисбатан кўрсатаётган зўравонликлар юзасидан ҳисоботлар йўллади. Аниқланишича, Андижоннинг армани жамоаси қисқа вақт ичида совет ҳокимиятидан қурол-яроғ олган экан. Жамоа вакилларининг сўзларига қараганда, унинг ҳар бир аъзосида бештадан милтиқ, револьверлар, ўқ-дори ва ҳатто гранаталар бўлган. Коммунист мусулмонлар Туркистон Компартияси Мусулмон бюроси йиғилишида совет ҳокимиятининг «Дашнакцутюн» билан ҳамкорлигини кескин қоралаб, Фарғонадаги зўравонликларни зудлик билан тўхтатиш зарурлигини, мусулмон аҳолини коммунистлар томонига ўтказиш учун «қизил армия сафларини армани провокаторларидан тозалаш» зарурлигини уқтирди[27].

Турор Рисқулов дашноқларнинг фаолиятига алоҳида урғу берган - у «Дашнакцутюн» Фарғона водийсининг тинч аҳолисига қарши уюштирган жиноятларини фош этган эди. Тарихий фактлар асосида, дашноқларининг Туркистондаги жиноятлари ҳақида «Исённи бостириш баҳонасида тўққиз кун давомида Қўқонда талончиликлар содир этилди. Ҳисоб-китобга уста дашноқлар дарҳол пул ишлаш илинжига тушди, ва шаҳар бафуржа “тозалаш”дан ўтказилди. Жумладан, Қўқонда дашноқлар келганидан сўнг арманиларнинг савдогар қатламлари ҳам тўсатдан ашаддий “инқилобчи”лар бўлиб чиқди ва, отряд таркибига қўшилиб, шаҳарни вайрон қилишга киришиб кетишди. Барча дўконлар кунпаякун қилинди, озгина қиймати бўлган ҳамма нарса омборхоналарга ташиб кетилди, қолгани ёқиб юборилди. Оммавий қотилликлар содир этилди. Андижонда исёндан сўнг “яна ўша дашноқлардан иборат гарнизон бутун эски шаҳарни айбдор қилди”, у ерда тинтув ўтказишга қарор қилинди. Тинтув бир ҳафта давом этди, унинг давомида талончилик, қотиллик ва зўравонликлар тинмади», дейилган маълумотлар Турор Рисқуловнинг «Революция и коренное население Туркестана» номли китобидаги «Что делали дашнаки в Фергане» бўлимида келтирилган.

ЦК РКП(б) Россия Коммунистлар Партияси Марказий Кумитаси ҳам Туркистон рус коммунистларининг хатти-ҳаракатларини «мустамлакачиликка мойиллиги» ва маҳаллий мусулмонларнинг сиқувга олиниши туфайли танқид остига олди. Туркистон коммунистлари Мусулмон бюроси конференциясида «Дашнакцутюн» партиясига аъзо бўлган большевиклар арманиларнинг хатти-ҳаракатлари муҳокама қилинганидан сўнг Турор Рисқулов, Саъдулла Турсунхўжаев ва Низомиддин Хўжаевларнинг ташаббуси ва талабига кўра 1919 йил 16 июнида уларни қуролсизлантиришга буйруқ берилди[28]. Бир пайтнинг ўзида, дашноқлар қаршилик кўрсатиш учун вақт қозонмасликлари учун Туркистон Марказий Ижроқўми Комиссияси Фарғона водийси армани жамоасига қуролларни топшириш талабини етказди.

Қизил армиячи дашноқлар ўз қавмдошларини қуроллантиришининг олдини олиш мақсадида Туркистондаги қизил армия қўмондонлигига уларни ўз сафларидан чиқариб юбориш топширилди[29]. Шу тариқа, ЦК РКП(б) ва коммунист мусулмонлар босими остида Туркистондаги совет ҳокимияти биринчи марта дашноқ отрядларини қуролсизлантириш ниятини изҳор этди. Бироқ дашноқлар қуролларини топширишдан бош тортар, мудофаа режаларини тузар эди. Шу билан бирга, уларнинг айримлари Туркистонни тарк этишга тайёргарлик кўра бошлади.

Туркистон Марказий Ижроқўми назорати остида дашноқларни қуролсизлантириш буйруғи ижро этилди. Айғоқчиларнинг маълумотларига кўра Фарғона водийсидаги армани жамоаси вакилларида катта миқдорда қурол-яроғ ва ўқ-дори борлиги маълум эди. Қизил армиянинг фаол иштирокида «Дашнакцутюн» аъзолари ҳамда армани жамоаси вакилларининг уйларида тинтув ўтказилди. Қаршилик кўрсатган ва қурол топширишдан бош тортганлар ҳарбий трибуналга топширилиб, суд ҳукмига кўра отиб ташланди. Бу воқеалардан кейин Туркистон Компартияси Мусулмон бюроси съездида «Дашнакцутюн» тўдаларининг асосий қисми ўрнашган Андижон, Қўқон ва Скобелевда қуролсизлантириш якунлангани маълум қилинди[30]. Дашноқлар фаолияти ўлкада тугатилгач, маҳаллий арманиларга «Армани биродарлиги» ташкилотини тузишга рухсат берилди. Расман бу янги ва бошқа структура бўлишига қарамай, амалда у ўз фаолиятини Кавказга кўчириб, террор эпицентрини у ерда ўрнатишга улгурган «Дашнакцутюн» партияси билан алоқадорликда айблаб бўлмаслиги учун тузилган эди.

Туркистон коммунист мусулмонлари янги армани ташкилотлари фаолиятини назардан қочирмас ва кузатиб борар эди. Бир йилдан сўнг қизил армиянинг Туркистон фронти қўмондони М.В. Фрунзега берган ҳисоботида унинг саркардаларидан бири, 2-Туркистон ўқчи дивизияси командири ўринбосари «Армани биродарлиги» «Дашнакцутюн»дан мутлақо фарқ қилмаслигини тан олиб, уни ҳам тугатишга чақирган эди[31].

Тинч аҳолига қарши ғайриинсоний ва даҳшатли террор ҳаракатлари нафақат Фарғонада, балки бутун Марказий Осиёда, ҳокимият большевиклар қўлига ўтган ҳудудларда амалга оширилди. Туб аҳолига нисбатан этник тозалаш актлари узоқ йиллар мобайнида тизимли равишда амалга ошириб келинди. Архив маълумотлари ва гувоҳларнинг сўзларига таянадиган бўлсак, собиқ Россия империясининг чет ҳудудларида совет ҳокимиятининг ўрнатилиши ростанам даҳшатли оқибатларга олиб келди. Очарчилик ва ҳарбий ҳаракатлар қурбони бўлган тинч аҳолидан ташқари кўпчилик инсонлар ўз юртини ташлаб кетишга мажбур қилинди.

ХУНРЕЗЛИКЛАРГА ҚАРШИ АЛАНГА

Дашноқлар томонидан Фарғона водийсидаги тинч аҳолига қарши уюштирилган қирғин ва хунрезликлари, мусулмон аҳолига нисбатан амалга оширган қатлиомлари туфайли маҳаллий аҳолининг ғазаби ўйғонди ва жавоб хатти-ҳаракатларини келтириб чиқарди. Бунинг натижаси 1918 йил баҳорида дастлаб Фарғона водийсида бошланиб, сўнг Туркистоннинг барча минтақаларига тарқалган кенг миқёсли миллий озодлик уруши бўлди.

Кенг миқёсли ва даҳшатли қўпорувчилик ҳаракатлар халқ норозилигининг портлашига олиб келди, эндиликда ушбу ҳаракат Туркистон миллий озодлик ҳаракатидан большевикларга қарши чинакам ғоявий сиёсий, ҳарбий курашга айланиб кетди. Яъни Туркистон мухториятининг йўқ қилиниши ва маҳаллий аҳолининг дашноқлар томонидан қирғин қилинишига жавобан маҳаллий аҳоли орасида миллий озодлик руҳидаги партизанлик ҳаракати кенг қулоч ёзди. Бу жараён совет тарихшунослигида «босмачилик»деб аталди. Яъни, Ўз халқининг озодлиги ва мустақиллиги йўлида курашган, шарафига романлар яратилган, халқ ривоятлари тўқилган қаҳрамонларни большевиклар камситиб «босмачи» деб атар эди.

Совет мустабит тизимига хизмат қилувчи ўз элимиздан чиққан сотқинлар ва келгинди шовинистлар томонидан ўйлаб топилиб, миллий норозилигимизга ва мустабит тизимга қарши курашган инсонларга ва ҳаракат намояндаларига ҳеч қандай асоссиз қўлланилган «Босмачи», «босмачилик», «бандитизм» ва «босқинчлик» сингари атамаларни ҳеч қачон халқимиз тўла тўкис қабул қила олмади. Шунинг учун, Туркистон Миллий Озодлик ҳаракати иштирокчиларининг истиқлолчилик ҳаракатларига нисбатан қандай ибора ёки қандай атама қўлланиш зарурлиги ҳақидаги масала Ўзбекистон Республикаси ўз мустақиллигини қайта тиклаган даврнинг бошидаёқ, расмий жиҳатдан ҳал қилинди.

Совет тарихшунослари томонидан ноҳақ айбланган ва «босмачи» атамаси билан белгиланган шахслар аслида миллат ори ва номуси йўлида курашган ўзимизнинг жасоратли ва мард йигитларимиз, улар биз учун «Миллий Қаҳрамонлар». Камситилиб, обрўсизлантириш учун «босмачилик» деб кўрсатилган ҳаракат аслида Ватан озодлиги ва халқ ҳуррияти учун олиб борилган мужодаладир. Бу кураш ва жанглар халқимизнинг Миллатпарвар ва Ватанпарвар намояндалари томонидан «Туркистон Миллий Истиқлолчилик Ҳаракати» ва «Туркистон Миллий Озодлик Ҳаракати» ўлароқ баҳоланади.

«Дашнакцутюн» миллатпараст шовинистик партияси томонидан авж олдирилган кўп йиллик уруш натижасида Туркистонда миллионлаб маҳаллий аҳоли вакиллари қирилиб кетди. Уларнинг мутлақ кўпчилик қисми, табиийки, ҳеч қандай гуноҳи йўқ тинч аҳоли вакиллари эди.

Совет тузуми тарафдорлари, Совнарком бошчилигидаги большевиклар ва дашноқлар Туркистонда ўлка туб аҳолисига нисбатан мустамлакачилик сиёсатини қайта ишга туширибгина қолмай, Россия мустамлакачилик тизимини такомиллаштирди ва Туркистонни янгича усулдаги мустамлакага айлантирди. Фақат номлар ўзгарди: Россия империяси Туркистон генерал-губернаторлигидан ўлка РСФСР даврида «Совет Социалистик Туркистон»га айланди, аммо унинг моҳияти, аввалгидай, мустамлакачилик бўлиб қолаверди. Қўпол куч ва зўравонликка асосланган бундай тузум ҳам собиқ Россия империяси ҳукмдор тоифаларига, ҳам янги ҳокимиятни қабул қилмаётган ўлка маҳаллий аҳолисига бирдай таҳдид соларди.

1918 йилдан 1935 йилга қадар Туркистоннинг туб аҳолиси «босмачилар» сифатида қиличдан ўтказилди. Маҳаллий зиёлилар Сталин қатағони йилларида 1953 йилга қадар контринқилобчилар ва «пантуркчилар» сифатида йўқ қилиб келинди. Буларга 1941-1945 йилларда, Иккинчи Жаҳон урушида миллий кадрлар орасидаги йўқотишлар қўшилди. 1917 йил октябридаги тўнтаришдан сўнг Туркистонда рўй берган барча воқеаларни таҳлил қилиб, бир нарсани узил-кесил қатъий этироф этиш мумкин - большевиклар ҳамда уларнинг елкадошлари - дашноқларнинг Туркистондаги миллий сиёсати кўпроқ 1933-1945 йиллар Германиясидаги нацистлар сиёсатини эслатар эди.

Совет ҳокимияти Туркистон миллий озодлик ҳаракатини бостириш мақсадида Фарғона водийсида мунтазам армиянинг охирги стандартлар бўйича қуролланган 260-270 минг аскаридан фойдаланган. Исён ҳаракатлари бостирилгач, 1935 йилдан 1939 йилга қадар ўн минглаб тинч аҳоли вакиллари отиб ташланди, зиёлиларнинг қолган-қутган қисми Сибирга, Узоқ Шарққа ҳамда Россиянинг бошқа шимолий минтақаларига бадарға қилинди.

Миллатчи «Дашнакцутюн» партиясининг 1917-1918 йиллардаги фаол аъзоси Дереник Захарович Апресян 1937 йил 19 августда ЎзССР ички ишлар халқ комиссари этиб тайинланди. Бу вазифада бир йилу 3 ой ишлаган Д. З. Апресян Тошкентга келган кунидан бошлаб ўзбек зиёлиларини ҳибсга олишга киришди. Бир ярим ой вақт ичида, яъни 1937 йил 30 сентабр ҳолатида 10700 киши қамоққа олинди; улардан 3013 киши отиб ташланди, 7087 киши 8-10 йил муддатга лагерларга юборилди.

Бир ярим ой ичида бўлган ишлар ҳар қандай одамни ҳайратга солади! Одамларни ҳибсга олиш, тергов қилиш, айбини исботлаш, ҳукм чиқариш ва амалга ошириш шунчалик осон иш эканми?! Ўзбек зиёлиларининг ҳаёти чумаси ҳаётичалик ҳам эмас экан-да?!

НКВД нинг махсус бўлими маълумотларида айтилишича ўша йилнинг 1 октабр ҳолатида 21579 киши лагерларга ташланган.

​​​

Апресян Ўзбекистонда 1938 йил 21 ноябригача, яъни бир йилу 3 ой ишлади. Шу давр ичида Ўзбекистон НКВД-сининг фармони билан ўзбек зиёлиларидан кўплари ўлдирилди ва Сибирга сургун қилинди. Булар – ўзбек жадидчилари, «пантуркчи миллатчи» тамғаси билан айбланган зиёлиларнинг деярли ҳаммаси эди. Шу ишлар ўша Апресяннинг имзоси билан амалга оширилди.

МАНБАЛАР СЎЗЛАЙДИ

Дашноқларнинг Туркистондаги жиноятлари ҳақида хабар қилган асосий муаллифлардан бири Мустафо Чўқай[1], Иккинчи Жаҳон уруши бошлангунига қадар у Европада бу масалада китоб ва мақолалар чиқариб борди. Армани дашноқларининг Туркистондаги ғайриинсоний хатти-ҳаракатлари келтириб чиқарган оқибатларнинг бевосита гувоҳи Турор Рисқулов эди - у муфассал ҳисобот тайёрлаб, китобининг алоҳида бўлимини шу масалага бағишлади. Мазкур фожиа ҳақида Шарқий Туркистон Республикасининг биринчи президенти, ўзбеклардан чиққан биринчи маршалл - Алихонтўра Соғуний «Туркистон қайғуси» китобида чуқур изтироб билан ёзган[2]. Иккинчи Жаҳон урушидан сўнг бу муаммони таниқли тарихчи Боймирза Ҳайит ёритди. Ушбу фожиа тарихи шу пайтга қадар долзарблигини йўқотган эмас.

Ўзбекистон Республикаси, тарихий Туркистоннинг тўғридан-тўғри вориси саналади. Балки шунинг учундир, бугунги кунда Туркистон миллий истиқлолчилик ҳаракатини ёритаётган энг сермаҳсул олимлар Ўзбекистон вакилларидир. Ўзбекистон тарихий муаммоларини ўрганувчи тадқиқотчилар Туркистон миллий истиқлолчилик ҳаракати фаолияти Фарғона водийсида дашноқлар томонидан большевикларнинг фаол қўллаб-қувватлашида амалга оширилган кўплаб этник тозалаш фактлари билан тўқнаш келади.

 

Шуҳрат Саломов Барлос,

тарихшунос ёзувчи

Azon.uz ахборот-таҳлилий портали учун махсус


[1] Mustafa Chokay. «The Basmachi Movement in Turkestan», «The Asiatic Review», vol. XXIV, 1928.

[2] Алихонтўра Соғуний. Туркистон қайғуси. // «Ёшлик»,1992.

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Носирхон тўра – қўрбошиларга бош бўлган зот

1373 14:15 29.11.2021

Мўғулларнинг исломни қабул қилиши

1744 12:45 25.11.2021

Туя етаклаган Ҳазрати Умар

2316 21:05 23.11.2021

Нуруллоҳ Муҳаммад Рауфхон: «Шавкат Мирзиёев ўртадаги «девор»ларни бузди...»

5298 20:20 11.11.2021

Ғарб иқтисодий тафаккурида судхўрликнинг ман этилиши

778 19:10 11.11.2021

Аллоҳ кимни азиз қилса, биров уни хўрлай олмас!

2164 18:10 09.11.2021
« Орқага