Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Таҳлил

Тарих унутилмайди ёхуд арман дашноқларининг юртимиздаги ваҳшийликлари (1-қисм)

8998

Тарихдан маълумки, 1917 йил 28 ноябридан (11 декабрь) 1918 йил 9 февралига (22 февраль) қадар, атиги 72 кунгина мавжуд бўлган Туркистон мухторияти парламент аъзолари большевикларни тан олишдан бош тортганидан сўнг 1918 йил февраль ойида Фарғона водийсида амалга оширилган қўрқитиш, яъни тинч аҳолига нисбатан террор тадбирини оммавий қатлиом шаклида ўтказиш чоғида арман террорчиларининг «Дашнакцутюн» партиясидаги қуролланган талончи ва қотиллар тўдалари ҳам жалб этилди.

ФОЖИАНИНГ БОШЛАНИШИ

Петрограддаги 1917 йилги октябрь тўнтариши содир этилиши билан Фарғона водийсида большевикларнинг «инқилобий диктатураси» ўрнатилиши оқибатида дашноқлар учун Туркистоннинг бойликларига йўл очилди.

1918 йил январь-февраль ойларида Қўқон ҳамда атрофдаги қишлоқларда дашноқлар томонидан талон-тарожларни амалга ошириш ва маҳаллий тинч аҳолини қирғин қилиш ишлари бошланиши билан, бутун Фарғона водийсида мислсиз шафқатсизлик ва қонхўрлик давом эттирилди.

Большевиклар ва дашноқларга қарши биринчи жангда Туркистон мухторияти миллий қуролли кучлари билан бир қаторда Қўқоннинг оддий аҳолиси вакиллари ҳам иштирок этди. Болталар, чопқилар ва таёқлар билан қуролланган авом ҳеч нарсага қарамай жангчилар билан елкама-елка туриб уч кун давомида большевиклар ва дашноқларнинг ҳужумларини қайтарди. Қўқон шаҳри артиллериядан ўққа тутилди, шундан сўнг аксарияти дашноқлар бўлган талончилар Қўқоннинг эски шаҳар қисмига бостириб кирди ҳамда шаҳар ва атрофдаги қишлоқларни талон-тарож қилиб, тинч аҳолини ёппасига ўлдиришга киришиб кетди. Бир неча минг бегуноҳ инсон ҳалок бўлди[1].

1918 йил 9 февралида (22 феврали) Қўқон шаҳридаги Рус-Осиё банки биносида большевиклар тарафидан тайёрланган томонлар ўртасидаги келишув имзоланди. Бу гўёки «Сулҳ келишуви» эди. Унинг шартларига биноан Миллий қўшиннинг соғ қолган қисми Кичик Эргаш қўрбоши раҳнамолигида Қўқонни тарк этди.

1918 йил бошида Қўқон Кенгаши раиси, арманилар гуруҳининг раҳбари Сааков бошчилигидаги дашноқлар пулемётлар ва артиллерия қуроллари билан Бачқир қишлоғига яқинлашди. Бу Туркистон миллий озодлик ҳаракатининг биринчи етакчиси, қўрбоши Кичик Эргашнинг қишлоғи эди. Қишлоққа ўт қўйилди. Йўл-йўлакай ушбу жазо отряди, тирик қолган гувоҳларнинг билдиришича, «айбсиз, бемадад деҳқонларни отиб ташлар, қиз ва аёлларни камситар, уларнинг уй буюмларини тортиб олар эди».

Дашноқлар отряди Қўқон тинч аҳолиси билан тўқнашувдан сўнг Сўзоқ қишлоғини эгаллаб, унинг аҳолисини отиб ташлади. Қизил армиянинг таркибида дашноқлар бўлган бошқа бир отряди Бозорқўрғон халқ исёнчилари билан жангга кирди, аммо чекинишга мажбур бўлди. Чекинар экан, улар йўлларида учраган қишлоқлик тинч аҳолини ўққа тутар ва йўқ қилар эди. 20 кун давомида шу атрофдаги барча қишлоқлар ҳужумга дучор бўлди, у ердаги мусулмон эркаклар, ёшидан қатъий назар, ёппасига қириб ташланди. Тирик қолиб, марҳумларни қабристонда дафн этаётганларгача ўлдириб юборилди. Дашноқлар қайта-қайта пайдо бўлар, омон қолган одамларни, ҳатто қишлоқдошларининг янги қазилган қабрлари устида жаноза ўқиётганларни ҳам ўлдирар эди[2].

Ҳокимиятни эгаллаб олган большевиклар Туркистон мухторияти ҳукуматини тугатди. Мустақиллик тарафдорлари бўлган жадидлар ва уларнинг ҳаммаслаклари эса дашноқларнинг фаол иштирокида таъқиб қилинди. Маърифатпарвар жадидлар бошлаган демократик мақсадларни амалга ошириш жараёнини большевиклар узиб қўйди. Эндиликда «совет бошқарув шакли» аталмиш ҳилқат амалга кирган бўлиб, у бошқарувда жазолашнинг ҳар хил кўринишларига асосий ўрин берар эди. Бу тасодиф эмасди: большевикларнинг ўзлари мутлақ камчиликни ташкил этадиган ўлкадаги иқтидорини фақат мутлақ кўпчилик аҳолини ташкил этувчи мусулмонлар устидан зўравонлик йўли билангина сақлаб туриши мумкин эди[3].

МИСЛИ КЎРИЛМАГАН ҚАТЛИОМ

Большевиклар билан бирга дашноқларнинг Фарғона водийсидаги ҳукмронлиги бошланиши билан маҳаллий тинч аҳолининг озиқ-овқатлари ва мол-мулки талон-тарож қилиниб, оммавий шаклда қирғин уюштириш имкониятини ҳам очди[4]. Натижада мисли кўрилмаган очарчилик юзага чиқди.

Дашноқлар, ўзларининг террор йўлида Фарғона водийсининг қишлоқлари ва шаҳарларида олдига дуч келган барча мусулмонларни ўлдирар, уларнинг уйлари ҳамда бозорлардаги расталарини талон-торож қиларди. Маҳалла ва қишлоқларга ўт қўйилди, талаб олинган улкан ўлжа эса темир йўл орқали Кавказга олиб кетиш осон бўлиши учун вокзалда тўпланар эди.

1918 йил июнида большевиклар дашноқлар билан биргаликда Ўш шаҳрига ҳамла қилди. Ўша йилнинг декабрида улар Фарғона водийсининг шимолий қисмидаги Жалолобод шаҳрига яқинлашди. Дашноқ отрядлари қишлоқларга ҳужум қилар, мусулмон аёлларни тутиб, «ўлжа» сифатида Андижон қалъасига олиб кетар эди[5].

Ўша қўрқинчли кунлар шоҳидларининг даракларига кўра, «Қўқон ўликлар шаҳрига айланган эди». Шифохона беморлар ва персонали билан биргаликда ёқиб юборилади. Қўқон пахта тозалаш заводининг 50 нафар ишчиси оила аъзолари билан бирга сўйиб ташланади[6]. Қўқоннинг ўн маҳалласида бутун аҳоли қириб ташланган эди. Бундан ташқари, қисқа вақт ичида Қўқон шаҳрининг 10 минг нафар тинч аҳолиси қириб ташланди. Дашноқлар аёлларни зўрлаб, гўдак болаларни тириклайин жодидан ўтказиб қийноқлар билан ўлдирарди[7].

1918-1919 йиллар давомида дашноқлар тинч аҳолини қириш билан бир қаторда Фарғона водийсидаги деярли барча шаҳарларни вайронага айлантиришган. Уша даврларда фаолият кўрсатган маҳаллий зиёлилар томонидан чоп этилган «Улуғ Туркистон» газетасида айтилишича, улар 180 дан кўпроқ қишлоқни вайронага айлантиришган. Қўқон шаҳрининг ўзида уч кунда 10 минг киши, Марғилонда  7 минг, Андижонда  6 минг, Наманганда 2 минг, Бозорқўрғон ва Қўқон ўртасидаги қишлоқларда 4,5 минг нафар тинч аҳоли вакилларини қириб юборди[8]. Айрим қишлоқлар аҳолиси бутунлай қириб ташлангани ҳақида хабарлар бор. Ҳозирги Қирғизистон ҳудудида жойлашган, эски Ўш шаҳрида 2 минг киши ўлдирилиб, болаларнинг таналари парчалаб ташланди. Чуст шаҳрида 1,5 минг тинч аҳоли вакили қириб ташланди[9].

Туркистонда большевиклар топшириғига кўра дашноқлар томонидан ижро этилган «дашноқ-большевик террори» қурбонлари ҳақидаги маълумотлар архив материаллари билан тасдиқланади. Ўзбекистон миллий энциклопедиясида чоп этилган дастлабки ҳисоб-китобларга қараганда, уч ой ичида дашноқлар Фарғона водийсида 35 минг нафар тинч аҳоли вакилларини – аёлларни, кексаларни ва болаларни йўқ қилди[10]. Бу рақам - дашноқларнинг Туркистондаги уч ойлик террорчилик фаолиятининг натижаси. «Дашнакцутюн» йил давомида жиноятлар содир этди, кейин эса унинг вакиллари большевиклар сафларига сингиб кетиб, совет режими тўлиқ ўрнатилгунига қадар маҳаллий халқларнинг миллий озодлик ҳаракатини йўқ қилишда иштирок этди.

Масалан, террор қурбонлари ҳақидаги тадқиқотларда, M.Буттинонинг синчиклаб ўтказилган статистик ҳисоб-китоблари Туркистон фожиасининг бутун миқёсини яққол кўрсатиб берди: «1915 йилдан 1920 йилгача бўлган даврда у ерда ишлов берилган ер майдони қисқариб кетди, уй чорваси миқдори 7,5 фоизга тушиб кетди, пахта етиштириш эса амалда тўхтади. Лекин турли ижтимоий гуруҳларнинг йўқотишлари ўзаро тенг эмас эди ва, агарда рус крестьянларида ишлов берилган ер ҳажми 28 фоизга, уй чорваси миқдори 6,5 фоизга қисқарган бўлса, ўтроқ маҳаллий аҳолида бу кўрсаткичлар тегишлича 39 ва 48 фоизни, кўчманчиларда эса 46 ва 63,4 фоизни ташкил этди. Ўлка аҳолиси сони ўша беш йиллик давр ичида 25 фоизга, қишлоқ аҳолиси 30 фоизга камайди»[11] Уша даврлардаги статистик маълумотларга кўра большевиклар бостириб келишидан олдинги Туркистон генерал губернаторлигининг аҳоли сони 9-10 миллион эди. Таъкидлаш жойизки большевиклар Бухора амирлигининг ҳам, Хоразм (Хива) хонлигининг ҳам тинч аҳолисини қирғин қилган эди.

Тарихчиларнинг фикрига кўра, Ўрта Осиёда совет ҳокимияти ўрнатилган йиллари қурбонларнинг умумий сони 5-6 миллион кишини ташкил қилди[12]. Биргина Қўқон шаҳрининг аҳолиси 1897 йили 120.000 кишини ташкил қилар эди, 1926 йили эса бу кўрсаткич 69.300 гача қисқариб кетган.

НОНКЎРЛИК ЁХУД КЎРНАМАКЛИК

1918 йилги воқеаларда нафақат Туркистон мухторияти ҳимоячиларининг асосий қисмини ташкил қилувчи ўзбеклар ёппасига қирғин қилинди, балки уша даврларда Фарғона водийсида истиқомат қилаётган бир қанча бошқа кичик жамоаларнинг аъзолари ҳам ўлдирилди. Асосий қотиллар ва талончилар бўлмиш дашноқлар форслар, яҳудийлар ва ҳатто ўрусларни ҳам Туркистон мухторияти тарафдорлари сифатида айблаб, жинси ва ёшидан қатъий назар, қирғин қилар эди.

Кейинчалик, бу хунрезликлардан ўзини оқлаш мақсадида Фарғона водийсидаги қирғин ва талончиликнинг фаол иштирокчилари бўлмиш дашноқлар жамоаси вакиллари, уларни зўравонликка мажбур қилган сабаб ўлароқ мусулмонлар томонидан уларга қарши эълон қилинган жиҳод бошланганини айтган[13]. Аммо бу ёлғон эди.

Аслида дашноқлар уларни хизматга олган большевиклар белгилаб берган вазифаларни бажаргани тарихдан маълум. Дашноқларга қарши жиҳод хавфи ҳақидаги баёнотлар ўта риёкор ҳаракат ҳам эди, негаки Туркистонда чоризм даврида кўчиб келган арманиларга нисбатан маҳаллий мусулмонлар меҳмондўст муносабатда бўлгани маълум.

Фарғона водийсида истиқомат қилувчи армани жамоасининг деярли барча вакиллари – «баққоллар», «майфурушлар», «сартарошлар», «қассоблар» ва бошқа «савдо қатламлари» дарҳол большевикка айланиб қолди[14]. Масаланинг ҳайратланарли томони шундаки, айнан мана шу Россия империясининг Туркистон генерал-губернаторлиги даврида пайдо бўлган, яъни «Дашнакцутюн» партияси ва большевиклардан олдин Фарғона водийсига чоризм мустамлакачиларига эргашиб кириб келган арманилар айниқса жиддий фаоллик кўрсатди. Улар дашноқларнинг қуролли отрядларига қўшилиб, бутун бошли Фарғона водийсидаги шаҳарлар ва қишлоқларнинг барчасини кунпаякун қилиб, тинч аҳолига қарши оммавий қатлиомлар уюштиришди.

Бир пайтлар босқинчи чоризм мустамлакачиларига эргашиб, Фарғона водийсига келган арманиларни маҳаллий халқ бағрини кенг очиб кутиб олган бўлсада, маҳаллий халққа нисбатан адоват ва салбий муносабатнинг юзага чиқиши большевик сиёсати ҳамда дашноқларнинг туркий мусулмонларга қарши вахшийона феъли билан тушунтирилади. Дашноқлар, ҳар доим ва ҳар қачон ўз манфаатини қидирар, туркий мусулмонларнинг мол-мулкига ва ҳаётига раҳна солишдан тап тортмас эди.

«Дашнакцутюн»нинг баёнотларига кўра, Туркистонда содир этилган жиноятларнинг мотиви 1915 йилда Шарқий Анатолияда рўй берган воқеалар учун интиқом эмиш, аммо архив ҳужжатлари ва гувоҳларнинг шоҳидликларига қараганда, жиноятларнинг асл мақсади талончилик ва террор ҳисобидан бойлик орттиришдан бошқа нарса эмас эди. Чунки Анатолия турклари минг йилча олдин Марказий Осиёдан кўчиб кетган қардош халқдир. Тарихий қариндошликни инобатга олмаганда, Биринчи жаҳон урушига ҳам, Шарқий Анатолиядаги воқеаларга ҳам Жанубий Кавказ озарбайжонлари ва Туркистон аҳолиси мутлақо алоқадор эмас.

Дашноқлар Фарғона водийсининг тинч аҳолисига қарши 1918 йил февралида ваҳшийликлар қилишга ундаган сабаб ва мотивлар ҳақида гапирар экан, қуйидагиларни таъкидлаган экан: «Биз бу кунни қимматбаҳо олмос мисоли йигирма ой кутдик»[15]. Ушбу маълумотни таҳлил қиладиган бўлсак, Фарғонада дашноқлар тинч аҳолини шу қадар шафқатсизлик билан ўлдиришлари, маҳаллий инсонлар гўёки арманиларга қарши қандайдир айб иш қилиб, қасос қурбонига айланаётгандек тасаввур ҳосил қилади. Дашноқларнинг ўзлари учун бу кунларни кутиш «қимматбаҳо олмос орзусига»га менгзаганини тан олиши эса қандайдир мавҳум қасосга, қонли интиқомга ишора эмас, балки хунрезликни ва одамкушликни тан олиш, эканлиги юзага чиқади. Албатта, дашноқларнинг Туркистондаги жиноятлари ҳақидаги баёнотларини ўрганиш ҳамда таҳлилдан ўтказиш диққатга сазовор хулосаларни беради ва ўз-ўзидан ўртада саволлар туғилади.

1918 йил февралида Фарғонадаги қонли воқеалар рўй беришидан йигирма ой муқаддам Туркистоннинг маҳаллий аҳолиси арманиларга нима қилган экан?

Фарғона водийси тинч аҳолиси 1916 йил ёзида арманиларга қарши нима гуноҳ қилган эканки, дашноқларнинг ақлларида қасос илинжи узоқ кутилган орзуга айланиб кетди?

Ҳисоб-китобларга қараганда, 1918 йил февралидан йигирма ой муқаддам, бу эса 1916 йил июн-июль ойларидир, Туркистонда маҳаллий аҳолининг Россия империясига қарши кенг миқёсли қўзғолонлари давом этаётган эди. Тарихдан маълумки, Биринчи Жаҳон уруши фронтларидаги мураккаб вазият туфайли 1916 йил 25 июнида Николай II нинг «инородец»ларни фронт орқаси ишларига жалб қилиш юзасидан шоҳона фармони эълон қилинган эди. Бунинг натижасида Марказий Осиёда исён келиб чиқиб, ўн минглаб ва ҳатто юз минглаб одамлар қурбон бўлди ёки ўз уйларини ташлаб кетди.

Хўш, Кавказдан Туркистонга 1918 йили етиб келган «Дашнакцутюн» партияси жангариларининг ўша олис 1916 йилги Туркистондаги воқеаларга қандай алоқаси бўлиши мумкин? Фарғона водийсининг тинч аҳолисининг, умуман арманиларга нима алоқаси бор?

Маълумки, 1918 йилга қадар Туркистонда «Дашнакцутюн» партиясининг бўлинмалари йўқ эди ва унга қадар бу ердаги арманилар муваффақиятли савдогарлар саналар эди. Чор Россияси мустамлакачилари билан бирга Туркистонга келиб, шаҳарларда судхўр, баққол, савдогар, этикдўз, сартарош сифатида ишлаётган арманилар билан ерли аҳоли ўртасида бирон марта ихтилоф чиқмаган ва икки томон ҳам ҳеч бир зиддиятга бормаган эди. Нега унда дашноқлар Туркистон ерли аҳолисига мана шундай қонли тарзда «миннатдорлик» билдирди?

Бу саволларга жавоблар излаш миллатпараст ва террорчилар бўлмиш дашноқларнинг Туркистон, Жанубий Кавказ ва Шарқий Анатолия тинч аҳолиси тақдирида ўйнаган ифлос ва қонли ролини янада яхшироқ тушунишга имконият яратиб беради.

Туркистон тарихида дашноқларнинг, айнан маҳаллий тинч аҳолига нисбатан зўравонлиги ва даҳшатли жиноятлари билан боғлиқ мисоллар мавжуд[16]. Дашноқларнинг Туркистондаги «қаҳрамонликлари» ҳақида кўпгина тарихчи ва публицистлар ёзган. Лекин дашноқларнинг ҳарбий «жасорати» ҳақидаги гувоҳликлар нисбатан камроқ, булар асосан кичик тўқнашувлар, тасодифий воқеалардир. Масалан, дашноқ отрядлари Туркистон миллий озодлик ҳаракатининг қуролли исёнчилари билан юзма-юз тўқнашувларга камдан-кам ҳолларда журъат қилар эди. Тўқнашувлар бўлган тақдирда ҳам, уларнинг аксарияти дашноқлар томонидан кичик қишлоқларнинг яғмо этилиши, гўдаклар, аёллар ва кексаларнинг ўлдирилиши билан боғлиқ бўлганлиги кўзга ташланади. Ҳатто исёнчиларга қарши кичик тўқнашувларда ҳам дашноқлар ё қочиб кетар, ё асирга тушар эди. Бунга терс равишда, дашноқлар тинч аҳолини қатл қилгани ҳақидаги шоҳидликлар етарли.

 

Шуҳрат Саломов Барлос,

тарихшунос ёзувчи

Azon.uz ахборот-таҳлилий портали учун махсус


[1] Адиб Халид. Туркестан в 1917-1922гг.: борьба за власть на окраине России // Трагедия великой державы. Национальный вопрос и распад Советского Союза, Москва, 2005. Б.189-226

[2] Рыскулов Т. Революция и коренное население Туркестана. Раздел «Что делали дашнаки в Фергане» Т., 1925. Б.107-109.

[3] Chokaev M. The Basmaji Movementin Turkestan // asiaticreview. 1928. April. Vol. 24.Р. 273-288; Chokaev M. Turkestan and the Soviet Regime // Journal of the Royal Central Asiatic Society. 1931. Vol. 18. Р. 403-420; Tchokaieff M. Fifteen Years of Bolshevik Rule in Turkestan // Journal of the Royal Central Asiatic Society. 1933. Vol. 20. Р. 351-359.

[4] Буттино Марко. Революция наоборот. Средняя Азия между падением царской империи и образованием СССР. М., 2007. Б.276; Цит. По: Хасанов М. Фергана после кокандских событий, февраль 1918, март 1919гг. Машинописный текст, 1993. Неопубликованное исследование по материалам КГБ Узбекской ССР.

[5] Буттино Марко. Революция наоборот. Средняя Азия между падением царской империи и образованием СССР. М., 2007. Б.285.

[6] Doniyorov Sh. Muxtoriyat qismati «Sharq yulduzi» jurnali, 1991 yil, 12-son со ссылкой на архивные данные КПСС МК қошидаги Марксизм-ленинизм институтининг ҳужжатгоҳи. 61-фонд, 1-изоҳнома, 124-иш, 119-варақ.

[7] Шамаъдиев Ш.А. «Очерки истории гражданской войны в Ферганской долине». Ташкент, 1961г. Б.54.

[8] Ш. Шамаъдиев. Очерки истории гражданской войны в Ферганской долине. Т., 1961. Б.54-60

[9] Ражабов Қ.К. Фарғона водийсидаги истиқлолчилик ҳаракати: моҳияти ва асосий ривожланиш босқичлари (1918-1924 йиллар). Yangı Nashr Т., 2015. Б.44-45, 91-92.,

[10] «Ўзбекистон миллий энциклопедияси». Давлат илмий нашриёти, Т., 2002, 3-том, Б.216. Қ.Ражабов; Ўзбекистоннинг янги тарихи, 2-китоб [Ўзбекистон совет мустамлакачилиги даврида], Т., 2000; Ражабов Қ.К., Мустақил Туркистон фикри учун мужодалалар, Т., 2000; Туркестан в начале xxв.: к истории истоков национальной независимости [Коллектив авторов], Т.,2000.

[11] Buttino M. Study of the Economic Crisis and Depopulation in Turkestan, 1917-1920 // Central Asian Survey. 1990. Vol. 9/4. P.61-69.

[12] Хўжаев М. Шермуҳаммадбек қўрбоши. Тошкент: «ШАРҚ», 2008. Б.3.

[13] Рыскулов Т. Революция и коренное население Туркестана. «Что делали дашнаки в Фергане» Т., 1925. Б.107.

[14] РГВА. Фонд 25898. Оп. 1. Д. 2. Лл. 64-65.

[15] Раджабов К.К. Шу асар. Б.92. Со сслылкой на архив Аппарата Президента Республики Узбекистана Ф-60, Оп-1, Д-98, Л-72.

[16] Buttino М. Ethnicité et politique dans la guerre civile: а propos du Basmačestvo au Fergana // Cahiers du monde russe. 1997. T. 38. Б.195-222.

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Тарих унутилмайди ёхуд арман дашноқларининг юртимиздаги ваҳшийликлари (2-қисм)

2939 09:00 27.04.2021

Мени йиғлатган рост тарих...

1855 09:30 19.04.2021

Саида Мирзиёева: "2014 йил. Ҳажда кўрган-кечирганларим..."

4971 03:06 19.04.2021

Тарих: Амударё ва Орол флотилиялари 

1326 08:00 17.04.2021

ИМОМ БУХОРИЙ БУЮК АЛЛОМА

778 11:00 16.04.2021
« Орқага