Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Таҳлил

Тарих ва фалсафа профессорларининг “Фан ва дин...” мақоласи нима ҳақда? (давоми)

1654

(давоми, боши мана бу ерда)

4. Антитаналар

Радикал диний тарғиботга қарши антидот – (а) фан принципларига содиқ қолиш, (б) диний ҳиссиётларга хужум қилмаслик, (в) очиқ ва аниқ идора тартибларинини жорий қилиш, уларни қабул қилмаганлар бу муассасани тарк этишлари мумкин, чунки илмий муассаса ўзига хос элитар клуб бўлиши лозим. Диний ҳиссиётга ҳужум қилиш деганда эволюция назарияси ёки астрофизик назарияларини ўқитишни эмас, балки очиқдан-очиқ “эволюция мутлоқ ҳақиқат, сенинг дининг сафсата!” каби кескин ибораларни ишлатилишдан тийилиши керак, буни истамаган профессор муассасадан кетказилиши лозим (бундай мисоллар кўплаб бўлган, бошқалар айтиб беришлари мумкин, муаллифлар негадир бу ҳақда индамадилар). Шу билан бирга “эволюция назарияси менинг диний туйғумга тегяпти”, “мусулмон бўлсангиз буни ўқитманглар!” каби талабни жанжал қилиб илгари сураётган талаба билан хайрлашиш керак, тамом. Жанжалкаш профессор, жанжалкаш талаба ўзларининг ҳақ эканликларини судда ҳимоя қилиб кўришсин. Эволюция назариясини динга кескин қарши қўйиш мусулмон даъватчиларига христиан креационистлари керагидан ортиқ таъсиридандир. Афсуски, бизнинг юртимиздан диний мутафаккирлар етишмовчилиги мавжуд, эволюция моҳиятини диндорларга тушунтириб берадиган, жуда бир тор диний талқин тарафдорларигина илмий назариялар билан жанг қилаётганлигини тушунтирадиганлар йўқ! Диний тафаккур сиёсий босим остида узоқ йиллар ушлаб турилиши сўзи ўтадиган мутафаккирлар етилиб чиқилишини бўғиб қўйган эди.

5. Экономизм... яна ўша экономизм...

Муаллифлар ниятлари холис ва эзгу эканлигини таъкидлаб, “иқтисод равнақи учун ҳаракат қиладиган мутахассислар етилиши” мақсадларига киришини айтадилар. Бу шаблон иборами ёки ҳақиқатдан ҳам иқтисодий мақсад биринчи ўринда эканлигини аниқ била олмайман. Аммо бу жуда характерли бурилиш. Асосий мавзудан четланаётганимдек кўринсам-да, мен учун мунозарадаги муҳим симптом бўлиб кўринди. Бу ҳақда узун мақоламнинг Хулоса қисмида тўхталаман.

6. 1990 ва 2000 йиллар тарихий экскурсиясига, ўқувчиларим ижозати билан, тўхталмайман.
Чунки мақола чўзилиб кетяпти, асосий, аҳамиятли фикрларга эътиборни сақлашни истардим.

7. Динни қурол қилиш ярамайди... диндорлар учун ҳам, давлат учун ҳам

Давлат диний радикализмга қарши курашда “ҳақиқий, тинч исломни” восита қилиш ва бунда ҳуқуқий аспектга паст эътибор берилиши муаммосини муаллифлар кўтарганлар, юқорида айтиб ўтилган Исломий омилнинг ўрни улканлиги сабабли ҳам, давлат айнан шундай йўл танлаши мен учун табиий кўриняпти. Шу билан бирга муаллифларнинг ҳуқуқ масаласига эътибор паст кўрилгани хато эканлигига мен мутлақо қўшиламан ва шу билан бирга муаллифлар ўзлари ҳуқуқий тамоил – қонунлар устуворлигига оз бераётганликларига эътиборларини қаратаман. Мақола бошдан-оёқ идологиялар кураши парадигмасида ёзилган, айниқса, динийлик ва дунёвийлик ўртасидаги оғир кураши марказга чиқарилиб, “хавфсизлик барча нарсалардан устуворлиги” тузоғидан чиқа олишмаган. Мен ракурсни айнан қонунлар устуворлиги тарафга буришни таклиф қилган бўлар эдим ва бу ҳақда Хулоса қисмида гапираман.

8. Жамиятдаги зиддиятлар

Бу зиддиятлар жамият келишиб олган қонун устуворлиги тамоили билан енгилади. Ҳеч қандай “диннинг бостириб киришига қарши сиёсат” ва “тўғри исломни бошқа исломий талқинларга қарши қўйиш сиёсати” билан ижтимоий низоларни бартараф қилиб бўлмайди.

9. Кераксиз тарафкашлик

Муаллифлар айтганидек, давлат Ислом таълимотларининг бирон оқимини танлаб олиб, уни бошқа талқинлардан устун қилиб олиши сиёсати хатодир, мен бу фикрга қўшиламан. Мисол қилиб келтирилган "Мотуридия" ақидаси қадимда муътазила ва бошқа фалсафий оқимлар ўртасида илоҳиётга оид назарий полемикалари натижасида ҳосил бўлган догматик тизимдир. Давлат бу ёки бошқа теологик мазҳабни “давлатнинг диний сиёсати” асоси қилиб олиши ҳеч қандай зиддиятларни ҳал қила олмайди ва аксинча муаммоларни чуқурлаштириб юборади. Давлат позицияси қонун устуворлиги, инсон эркинлиги ҳимояси бўлиб қолиши лозим эди. Теологик бахсларга аралашиб, баъзиларни “тўғри йўлдаги мазҳаб”, бошқаларни эса “адашганга” чиқариб инквизиторлик ролини олиш давлатни ўрта асрларга ирғитиб юборади.

Муаллифлар айтганларидек, ёш мусулмонлар хориждан туриб узатаётган хавфли “дарсларга” берилиб кетяптилар. Бор факт, аммо муаллифлар сабабларини чуқурроқ таҳлил қилиб ўтирмадилар. Муаллифлар давлат диний аргументацияни радикализмга қарши ишлаяпти, дейдилар. Яхшилаб кузатилса, ҳукумат “диний аргументациядан” расмий домлалари орқали ижтимоий норозилик кайфиятларини бостириб туриш учун ҳам кенг фойдаланмоқда, бу эса акс эффект беряпти. Расмий имомнинг “шукур қилиш”, “пошшо амри вожиб”, деган чақириқлари ижтимоий босим остидаги ёш мусулмон асабига тегади, у ҳақиқат излаб интернетдан ёки бошқа жойдан адолат тараф турган исломни қидиради ва давлатни ёмонлайдиган даъватчиларга учрайди. Мана шу омил нима учун муаллифлар назаридан қочди?

“Расмий домлалар” қатлами мавжуд бўлгани билан у салмоқли, замонавий фикрловчи диний мутафаккирлар ўрнини боса олмаяпти, бу қатлам ижтимоий референт ролини жуда сустлик билан ижро этмоқда. Расмий домлалар ўзларига бўлган ишончсизлик кайфиятини “ташқи қора кучлар”, “сохта-салафийлар”, “ғарб разведкаси” кирдикорлари билан тушунтириш билан чекланадилар. Иқтисодий, ижтимоий тушкунликка тушган, коррупция хуружидан, табиат ва саломатлик ҳаётидаги жиддий инқирозлардан азоб чеккан аҳолига малҳам бўладиган сўз топа олмаяптилар... Жамиятда содир бўлган адолатсизлик ҳолатлари юзага чиққанда қонун устуворлигини талаб қилишда нормал шижоатни сўндиришга уринадилар.

Афсусларки, давлат тарафидан қувватланган расмий домлалар ёш онгларга аксилилмий, конспирологик назариялар сингдиришда фаол бўлаётганликлари кўриняпти. Муаллифлар радикалликка мойил диндорлар хатаридан огоҳликка чақирар эканлар, конспирологик ва ғайриилмий, псевдоилмий назарияларни тиқиштиришларига ҳам тайёр турсинлар.

10. Фаннинг "динийлашуви" ҳақида 3- ва 4-бандлар остида фикримни айтдим.

Бу саволларга нисбатан мен юқорида қисман жавоб бериб ўтдим, асосий таклиф-хулосаларимни мақоланинг давомида ёзаман.

ХУЛОСАЛАР

Муаллифлар мақоласи диннинг фан/таълим билан тўқнашиб қолиши билан чекланмаган, анчагина кенгроқ, ижтимоий кўламда муаммони ўртага ташлаганлар деб ҳисоблайман. Муаллифлар бу оғриқлар ҳақида фикр юритар эканлар, кузатаётган воқеликка нисбатан ташқаридан қараганларида “Биз қандай жамиятда яшашимиз лозим?”, деган саволга жавоб топмай туриб, “хавфсизлик аргументацияси”га ўтиш тўғри эмас, НИМАНИНГ хавфсизлиги масаласи муаллақ тургани мен учун ойдек равшан.

Биз қандай жамият қурмоқдамиз? Мана шу саволга жавобни хаёлда ушлаб турибгина ижтимоий муаммоларга ечим топа оламиз. Мақола муаллифлари жамиятнинг қандай бўлишини таклиф қиладилар? Қисқагина "дунёвий давлат", деган ибора билан гапни қисқа қилишга эришиш мумкин, холос.

Қуйида мен бу саволга кенгайтириброқ жавоб бераман.

Мен истардимки, Ўзбекистон жўғрофий маънода эмас, балки сиёсий маънода Республика бўлишини. Республика формати диндор ва диндан узоқроқ фуқаролар манфаатига зид келмаслигига ишонаман, фақат жуда тор олганлар республикачилик ва дин бир-бирига зид дейдилар. Дин билан фанни бир-бирига қарши қўйиш қанчалик хато бўлса, республикачилик ғоясини диний эътиқодга зид кўриш шундай хатодир.

Мен хоҳлардимки, Ўзбекистонда энг асосий қадрият инсоннинг ҳаёти ва унинг ҳуқуқий, эътиқодий, мулкий, ижодий, сиёсий эркинликлари бўлиши лозим.

Мен хоҳлардимки, ўзбек жамияти хилма-хил қадриятлар, қарашлар бир-бирининг эркинликларини чекламай яшашига интилиши, ўзаро зиддиятларни қонун ва одил суд тергови асосида ҳал қилиниши.

Ҳукумат қонунлар ва аҳолига берган ваъдаларига баҳоли қудрат риоя қилиши орқали легитимлигини ушлаши керак. Легитимликни сақлаш учун “расмий” клерикал қатламга мурожаат қилмаслиги лозим. Бу барча давлатларда учрайдиган норозилик кайфиятларини янада радикаллаштиради (ҳам клерикал қатламни ёқлаган, ҳам уларга кескин қарши чиққанлар тарафидан) ва муаллифлар айтиб ўтган оғриқли муаммоларни чуқурлаштириб юборади. Давлат ҳуқуқшунос, ҳуқуқбон, сиёсий амалдор бўлиши керак, ҳеч қандай подшоҳ эмас.

Давлат мазҳаблараро зиддиятларда бирон тарафга ўтмаслиги, низоларга фақат ва фақат қонун нуқтаи назаридан ёндашиши лозим.

Илмий эркинликка диний ё мафкуравий важлар билан қарши чиқлишига йўл қўйилмасин. Илмий тадқиқотларга оид биоэтика, экологик, инсонийлик чегараларини ижтимоий фаол қатламлар, уларнинг диндор бўлиши-бўлмаслигидан қатъи назар, тарафидан белгиланиши лозим. Зарур бўлса, бу чегаралар қонунлаштирилиши лозим.

Қонунчиликда – эркин ватандошларнинг (ситизенлар, фуқароларнинг) иштироки устувор бўлиши лозим.

Бирон диний, сиёсий, маданий фаолият инсон ҳаётига ва эркинликларига раҳна солсагина давлат кескин чора кўриши мумкин.

Жамият ўз эркинлигини иқтисодий манфаатлардан устун кўра билса, шубҳасиз, ҳам маънан, ҳам иқтисодий равнақ топади. Иқтисодий манфаатни барча мавзуларда биринчи ўринга қўявериш вульгар марксизмдан қолган асоратлигини тушуниб етайлик.

Жамият ўз эркинлиги ва қонунларни хавфсизлик баҳонасидан устун кўра билса, шубҳасиз, ҳам эркин, ҳам кучли хафсизлик тизимга эга бўлади. Хавфсизликни барча мавзуларда биринчи ўринга қўявериш бизни авторитар ва кейинчалик тоталитар муҳитга киритиб юборади.

Кўриниб турибтики, юқоридаги тамоиллар Ўзбекистон Конституцияси руҳидан келиб чиққан, агар уларга риоя қилиш марказий ўринга қўйилса, муаллифлар ўртага ташлаган мавзулар юқорироқ даражада кўтарилиб, энг самарали ва энг сифатли ечим топилар эди. Қонунийлик ва Инсон Ҳуқуқларига таянилмас экан, яқин 27 йиллик, совет даври, чор империяси даври, беклик ва амирлик давларидаги хатоларни шубҳасиз қайтараверишга маҳкум бўламиз.

Юқори поғоналарга кўтарилайлик, республика тамоилларини ўрганиб амал қилайлик, илмий тараққиётни қадрлаб эътиқодий эркинликларни тўсмайлик. Шунда социал референт бўла оладиган етакчи шахслар, жумладан, диний мутафаккирлар синфи етишиб чиқади ҳамда адолат ва мунтазамлик истаган ёш қалблар маргинал тарғиботчилар тузоқларига тушмайдилар.

"Фан ва дин..." мақоласи муаллифларига кўтарилган муаммолар мунозараси ана шу поғанада муҳокама қилишини таклиф қиламан ва уларга ўта муҳим мавзуларни тилга олганлари учун миннатдорчилигимни билдираман.

Жамшид Муслимов, блогер
Москва

Эслатма: сайтда чоп этиладиган муаллифлик мақолаларида келтирилган фикрлар муаллифга тегишли ва улар Azon.uz таҳририяти нуқтаи назарини ифода этмаслиги мумкин.

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

“Муҳаммад” исмини бетаҳорат айтмаган султон

419 10:04 21.10.2020

Исоқхон Тўра Ибрат: "Салла ўраган мўйсафид яҳудийга ихлос..."

1400 22:00 20.10.2020

Тарихда бугун: Парижда жазоирликлар қатлиомга учради

931 18:20 17.10.2020

Бизнинг амиримиз камбағал! 

1095 19:35 15.10.2020

Билолхон домла Рустамов: «Саботул-ожизин» шарҳи (ўн иккинчи қисм)

244 10:35 15.10.2020

Биласизми?

2247 10:04 15.10.2020
« Орқага