Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Таҳлил

Тарих ва фалсафа профессорларининг “Фан ва дин...” мақоласи нима ҳақда?

2120

Nuz.uz сайтида чиққан “Ўзбекистонда фан ва дин: қандай ва қаерда чегара ўтказиш лозим?” (“Наука и религия в Узбекистане: как и где провести между ними границу”, 06.10.2020, Бахтиёр Мираимович Бобожонов, Мадаева Шахноза Амануллаевна) мақоласини ўқиб, муносабатимни билдиришимни бир неча бор сўрашди.

Мақолани ўқиб чиққанимда асосий марказий мавзуни тутиб олишга бошида қийналдим, чунки бир масаланинг мағзи чақилмай бошқасига ўтиб кетавериш, марказий мавзу сарлавҳа қўйилган саволдан анча кенгроқ эканлигини англаш билан бўлди. Шунинг учун мақолани бироз тартибга солиб тушуниш учун асосий нуқталарини тезис (“Executive Summary”) кўринишида жамладим:

1. Диний тафаккурдаги талабалар ОТМда ақидаларига зид кўринган назарияларга қарши очиқ қарши чиқмоқдалар. Бу мафкуравий тоқатсизлик аломатининг келиб чиқиши давлатнинг динга нисбатан бўлган яқин ўтмишдаги сиёсати бўлиб кўринса-да, унинг асл сабаблари анча мураккаб.

2. Миллатнинг маънавий уйғониши диний туйғуларнинг тирилиши билан ёнма-ён бўлиб, жамиятда турли низоларнинг манбаи бўлмоқда. Бу ҳолат, айниқса, ёшлар ўртасида кенг тарқалган. Улар диннинг радикал кўринишига берилиб ўз қарашларини дунёвий бошқарув шаклига (“светская форма правления”), миллий урфларга ва шунга ўхшашларга (“и т.п.”, sic) нисбатан бетоқатлик ҳодисалари сабабли мавзуни мамлакат хавфсизлигига буриш тўғри бўлади.

3. Диндор ёшлар ОТМни битиргач, жамиятга ўзлари яхши тушунмаган Исломни таълим дастурларига ва диний мафкурани (“религиозная идеология”) киритишга уринадилар.

4. Савол қўйишимиз керак: диннинг жамиятимизга қанчалик чуқур киришини қабул қила оламиз? Бу жараён яна қандай муаммоларни келтириб чиқаради? Академик (олий таълим ва фан) соҳаларида қандай муқобилликлар (альтернативы) киритилиши керакки, диний идеологиялар билан рақобатлаша олса?

5. Мақоладан мақсад, исломофобик кайфиятларни қўзғаш эмас, балки мамлакат иқтисодининг ривожига ҳисса қўшадиган рационал фикрловчи мутахассисларни етказадиган таълим тизимини сақлашдир.

6. Мустақил Ўзбекистоннинг илк йилларида давлат тўқнашган муаммолар тарихига экскурсия.

7. Диний радикализмга қарши мафкуравий курашда диний аргументацияни асосий қурол қилиб олишнинг стратегик хатолиги (“едва ли назовешь стратегически продуманными”), ҳуқуқнинг устуворлигига урғу берилмаслиги хато эканлиги.

8. Ислом давлатнинг экстремизга қарши кураш қуроли бўлиши билан бирга у жамият ҳаётининг барча жабҳаларига сингиб кетишига олиб келди. Бу эса идеология, таълим, фан, маданият ва бошқа соҳаларда муаммоларни келтириб чиқармоқда ва ҳатто дин миллий удумларни (наврўз байрами) инкор қилишигача бормоқда, таълимда эса исломдан олдинги маданий меросга нисбатан менсимаслик кайфиятлари туғилмоқда ва ҳоказо...

9. Зиддиятларни енгиш мақсадида “соф ислом”, “ҳақиқий ислом”, “секуляр ислом” каби тутуруқсиз иборалар ўйлаб топилмоқда. Гуруҳларга ажратиш дин доираси ичидан пайдо бўлиши табиий жараён, ташқаридан бундай ишни қилишнинг самараси йўқ. Муаммоларга жавобан ҳанафия мазҳабининг мотуридия ақидавий йўналиши “тўғри ислом, диний мерос” деб талқин қилиниши асосий йўл деб белгиланиши боши берк кўчага олиб келади. Сабаби, муаммо исломнинг қайси оқимини танлашда эмас, балки давлат дунёвийлик принципларига содиқ тура олмаётганида, бу биринчидан ва иккинчидан... ислом динининг кўп асрлардан бери шаклланиб келаётган талқинлар (силсила, уламолар ижмо институти, фиқҳ матнлар корпуси) тизими тикланмай туриб динга қизиқувчи ёшлар тўғридан-тўғри интернетда ёйилган матнлар таржималарига мурожаат қилишяпти ва хориждаги диний таълим муассасаларни битирган муллалар интернет дарсларига эргашишяпти, бу муллалар эса “тўғри ислом” дарслари кўринишида хатарли ғоялар тарғиботини олиб бормоқдалар.

10. Таълим соҳасида кўпгина фанлар “исломлаштириш” жараёни кетмоқда. Аниқ фанлар диний илмлардан ажратилган бўлиши лозим. Тарихий меросимиз фаннинг динийлаштирилишига баҳона эмас. Ижтимоий фанлардаги диний компонент бўлишига қаршилик муаллифларда йўқ эканлиги, шундай бўлса-да, “теологик фанлар магистри/доктори/профессори” деган ном билан ажратилгани яхши.

11. Давлатнинг Исломга миллий мерос деб суяниши (1) ва Исломнинг ўзини диний экстремизм/терроризмга қарши восита қилиниши (2) ва (3) шу икки йўналишда сиёсат олиб боришда муллаларнинг сиёсий қувватини оширишга олиб келиш хатарига таалуқли саволларга тезроқ жавоб бериш керак.

Юқорида икки муаллифнинг мақоласини мухтасар қилиб баён қилишга уриндим. Мен тарафдан йўл қўйилган нотўғри талқин, жиддий тўлиқсизлик ва ноаниқлик ўтганини кўрсатиб берганларга олдиндан миннатдорчилик билдираман.

Қуйида эса мақоланинг сарлавҳасидан бошлаб, мен тушуна олган фикрларга ўз фикримни баён қиламан:

МАВЗУ БЎЙИЧА ФИКРЛАРИМ

0. Фан ва Дин сунъий дихотомияси

Муаллифлар мақоланинг сарлавҳасини бир оз чалкаш бергандек кўринди. Мен дин ва фан ўртасидаги чегаралар ҳақида гап кетганда аллақачон аниқлаштирилган илмий чегараларни тушунаман. Аслида мақоланинг мавзуси бошқа. Ҳақиқий сарлавҳа: “Ислом факторининг давлат сиёсатидаги ва жамиятдаги хавотирга солувчи ўрни” бўлиши керак эди. Чунки мақолада ечим йўқ, балки ички муроқабадан ўтмаган (не отрефлексированные) хавотирлар берилган. Менга “ислом фактори” деган тушунча ёқади, чунки “ислом фактори” бу бутунлигича Ислом дегани эмас. (Ислом фактори деб мен Ислом дини билан боғлиқ бўлган ҳодисалар ҳақида ўйлаганда зеҳниятимиздаги автоматик, чала мулоҳаза қилинган реакцияларнинг у ёки бу кўринишдаги таъсир кучини тушунаман). Бу мавзуга чуқурлашмай икки муаллиф тўхталмаган, лекин ўқувчилар англашлари лозим бўлган масалада тўхталаман.

Фан дейилгани, хоҳ у аниқ, хоҳ ижтимоий бўлсин, диний илмдан ўзининг услублари, тамойилларига кўра кескин фарқ қилади. Замонавий фан – эмпирик (мунтазам ҳиссий кузатув) услублар ва кучли мантиқ қоидалари (математика шунга киради) аппарати устига қурилган. Шубҳа остига олиб текшириш, фальсификация тамоилларига жиддий риоя қилиниши фанни инсониятнинг бошқа соҳаларидан кескин ажратиб туради, шу жумладан, диндан ҳам.

Диний илмнинг пойдевори эса Худо тарафдан пайғамбарлар орқали инсониятга юборилган ваҳий (откровение, revealation) бўлиб, уни инсон ўзининг ички дунёси билан қабул қилади ёки инкор қилади. Демак, бу ишониш, имон келтириш масаласидир.

Диний ҳақиқатлар фан услублари билан мавҳ қилинмайди. Инсон ўз кузатувлари ва мантиқий ақли билан эгаллай олмайдиган ғайбий борлиқни фақат ваҳий очиб бера олади.

Шунингдек, фан илми ваҳий орқали ўрганилмайди. Қуръон ва Ҳадисда карра жадвали, кимёвий унсурлар, физик қонуниятлари баёни топилмайди. Диний манбанинг мақсади ваҳийни етказишдир. Инсон ўз тажрибаси билан топиши лозим бўлган маълумотлар фан доирасига киради.

Албатта, бу диний мавзулар фаннинг мавзулари билан учрашмайди, дегани эмас. Мисол учун аниқ ижтимоий фан у ёки бу диний қарашни ўзининг ўрганиш объектига айлантириши мумкин, аммо диншунослик ваҳийнинг ўрнини босишга даъво қилмайди, албатта.

Дин ҳам аниқ фанларни яхшилаб ўзлаштиришга тарғиб қилиши (зеро, бу инсониятга яхшилик келтиради, ваҳий эса эзгуликка чақиради), илмий тажрибаларда мураккаб масалаларда диний ёндашув (этик вазифасини ўтиш билан) қўлланиши мумкин.

Юқоридаги фарқларни яхши англаган шахс дин ва фан ўртасидаги сунъий зиддиятга тушиб, чалкашиб қолмайди.

1. Жанжал қилиш шартми?

ОТМлардаги рўй бераётган талаба ва академик тизим ўртасидаги зиддият дин ва фан ўртасидаги принципиал фарқни англамасликдан келиб чиқади. Муаллифлар мақоласида жуда қизиқ мисол келтиришган: Миллий университетда эволюция назарияси бир талабанинг ақидаси билан тўқнашиб жанжал бўлган экан, бу ҳолат Ўзбекистондаги билим юртларида тез учраб турар экан, БААда эса (замонавий мусулмон, араб давлати) талабалар эса замонавий фан назарияларига нисбатан бундай реакция билдиришмас экан. Шу жойда муаллифлар яхшилаб мулоҳаза қилиб ўтсалар бўларди, ахир “нега ундай?” деган савол кўндаланг турибди-ку?

Фикримча, бунга асосий сабаблар қуйидагича: биринчидан, Ўзбекистондаги жанжалкаш талабаларнинг дин ва фан ҳақида тушунчалари жуда саёзлиги бўлса, иккинчидан, “ё фан, ё дин! Ҳақиқий фан динни инкор қилади!” деган кескин қараш баъзи ОТМ муаллимларида учраб туради, совет идеологиясининг реликт қолдиқлари катта авлод академик қатламида чуқур ўтирибди. БАА талабалари, аксари яхши диний таълим кўрган бўлиб, советча анъаналарга дуч келмайди ва табиийки кескин низо туғилмайди. Яна бир муҳим нуқта: фанни динга зид қўйиш кўпроқ христиан догмалари яккахонлигини ағдариш тарихига туташади, сабаби фанни диндан иҳота қилиш ўрта аср христанлигига хос ҳолат. Ислом ақидаси эса моддий табиат ва ижтимоий ҳаётни ўрганиш соҳаларини чеклашга интилмайди. Албатта, турли зиддиятлар, фалсафий баҳслар бўлган, лекин Европадаги дин ва фан ўртасидаги жангларга умуман ўхшатиб бўлмайди. Ислом дини фанга нисбатан анчагина тоқатлидир, фақат исломни чала билган диндорлар фанни инкор қиладилар, фақат радикал атеизм ва совет тарғиботи таъсиридан чиқа олмаганлар фанни динга қарши қўядилар.

2. “Хавфсизлик аргументацияси”

“Ислом ҳаётимизнинг барча жабҳларига ёпирилиб кирди”, дейди муаллифлар. Муҳим тузатиш: Ислом биз йўқлигимизда ҳам бу миллат, бу мамлакатда индивид миқёсидан тортиб, ижтимоий ҳаётгача сингиб бўлган, у биздан аввал бўлган, ҳозир бор, биздан кейин ҳам бўлади. Исломнинг таъсири тоталитар совет тизими ҳам буткул йўқ қила олмади. Ислом илми институтлари (ваҳий ва ваҳийни талқин қилувчи силсилалар – уламолар, мактаб-мадрасалар) йўқ қилингани рост. Лекин мусулмончилик, “исломий фактор” нури ҳатто ўзбек миллатига мансуб компартия аъзоларининг аксариятида ҳам сақланиб қолаверган. Ислом, фалсафий «жаргонда» айтганда, ўзбек жамиятининг «имманент компоненти”дир. Буни айтишимдан мақсад, баъзан бирон ички омил ташқаридан келиб қолган ёт унсур, деб қаралса, фикр хато оқим билан кетиб қолади. Фикримча, муаллифлар айнан ўша хатони қайтаришган ва шунинг учун ўзлари истар-истамай ижобий натижа бермаган “хавфсизлик устуворлиги”ни биринчи ўринга қўйганлар. Бу боши берк кўчага олиб келади, муаллифларнинг тили билан айтганда. Шу билан бирга муаллифлар ечим ипининг учини интуитив тутиб олгандек кўринади...

3. Фан, бу – элитар клуб!

Фан таълими тизимига диндор (Исломни яхши тушунмаган, фан бўйича билимлари саёз) ёшлар ўзларининг исломнинг тор талқинини тиқиштиришига хавфига муаллифлар урғу бердилар.

Бунга айтамиз: авваламбор илмий фан муассасаси ўзини ўзи тартибга сола оладиган ташкилот бўлиши керак, дин ва фан ўртасидаги табиий чегараларни муассаса раҳбарияти ва илмий коллегия ўзлари белгилаб ички тартибни ўрнатишлари лозим ва, керак бўлса, бу тартибни судда ҳимоя қила олишсин. Нима учун фан олимлари ўзларининг ички муаммоларини давлат назоратига ташлашлари керак? Ўйлашимча, муаммонинг негизи динда эмас, балки ўзини ўзи идора қила билмасликда. Бугун диндор ўқув тартибига раҳна солаётган экан, эртага бирон радикал сўлчи, радикал миллатчи худди шундай ҳаракатлар қилишлари мумкин. Идеологиялар бозори очиқ ва у қайнаб ётибти, ёшлар қалби ва мияси осонгина аланга олиб кетаверади. Бу муаммога бутун жаҳон ОТМлари дуч келади ва уларни бартараф этиш тажрибаси ортирилган. “Хавфсизлик аргументига” суянавермай реал иш билан шуғулланган афзал деб ҳисоблайман.

(давоми бу ерда)

Жамшид Муслимов, блогер

Москва

Эслатма: сайтда чоп этиладиган муаллифлик мақолаларида келтирилган фикрлар муаллифга тегишли ва улар Azon.uz таҳририяти нуқтаи назарини ифода этмаслиги мумкин.

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

“Муҳаммад” исмини бетаҳорат айтмаган султон

346 10:04 21.10.2020

Исоқхон Тўра Ибрат: "Салла ўраган мўйсафид яҳудийга ихлос..."

1357 22:00 20.10.2020

Тарихда бугун: Парижда жазоирликлар қатлиомга учради

927 18:20 17.10.2020

Бизнинг амиримиз камбағал! 

1094 19:35 15.10.2020

Билолхон домла Рустамов: «Саботул-ожизин» шарҳи (ўн иккинчи қисм)

244 10:35 15.10.2020

Биласизми?

2244 10:04 15.10.2020
« Орқага