Илм

Тарихдаги биринчи луғатнинг мусаннифи ким, биласизми?

435

Халил ибн Аҳмад Фароҳидий роҳимаҳуллоҳ 718 милодийда таваллуд топди. Уни кўпчилик шеърнинг яхшисини ёмонидан ажратиб берадиган аруз илми асосчиларидан деб билади. Аммо Халил бундан анча юқори туради. Аруз илми унинг илм денгизидан бир томчи холос.   

Халил ибн Аҳмад баъзилар наздида тилшуносликда арабларнинг энг кўзга кўринганидир. У Сибвайҳ, Асмаъий ва Кисоийларнинг устозидир. У тарихдаги биринчи луғат бўлмиш "муъжамул айн" нинг мусаннифидир.   

Сибавайҳнинг "наҳв" илми Халилнинг булоғидан оқади. Сибавайҳ роҳимаҳуллоҳни таниган инсон у зотнинг устозини тасаввур қилаверади.  

Халил ибн Аҳмад роҳимаҳуллоҳ дунёда зоҳид, мансабга рағбат қилмаган инсон эди. У ҳақида шогирдларидан бири Назр ибн Шумайл айтади:  

"Халил ибн Аҳмад Басрада яшади. Унинг пули йўқ эди. Шогирдлари эса унинг илми билан дунё топишар эди".  

Суфён ибн Уяйна роҳимаҳуллоҳ айтади:  

"Ким олтин ва мушкдан яратилган инсонни кўрмоқчи бўлса Халил ибн Аҳмадга боқсин!".  

У олим бўлиш билан бирга гўзал ахлоқ соҳиби, руҳи тотли, гаплашган киши уни севиб қоладиган киши эди.  Муҳаммад ибн Мунозир айтади:   

"Халил билан бирга кетаётган эдим. Оёқ кийимимнинг боғичи узилиб қолди. Ялангоёқ юришни давом эттирдим. Шунда Халил ҳам оёқ кийимини ечиб қўлтиғига қистириб олди. Мен сўрадим:

- Нима гап? Нега оёқ кийимингизни ечиб олдингиз , Аллоҳ раҳм қилгур?!

У деди:

- Сенга ялангоёқликда ҳамдард бўлаяпман!   

Язидий айтади:

"Халил ибн Аҳмаднинг ҳузурига кирдим. У бўйранинг устида ўтирган экан. Мени кўриб сурилиб бўйрадан жой берди. Мен уни машаққатга қўйишдан иймандим. Шунда у деди:

"Эй Язидий! Бир-бирини яхши кўрадиганларга нинанинг тешиги ҳам торлик қилмайди. Бир-бирини ёқтирмайдиганларга дунё ҳам торлик қилади".  

Абдулқодир Полвонов

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Қозоғистонда 1930-йиллардаги очарчилик геноцид сифатида тан олиниши талаб қилинди

627 19:30 03.06.2020

Тарихда бугун: Антакяда салибчилар қирғин ўтказди

713 14:30 03.06.2020

Суданда японлар қурган  “Ибн Сино” номли шифохона бор

730 09:00 02.06.2020

Туркистон ва Афғонистон мусулмонларининг аввалги ҳоли

1777 20:05 31.05.2020

Алломанинг китобга бўлган рағбати...

1528 21:47 30.05.2020

Ҳайвонларга султоннинг исми қўйилган сериални кўряпсизми?

3973 11:30 30.05.2020
« Орқага