Таҳлил

Тарихдаги энг машҳур эпидемиялар

6284

Бир кишининг ўлими - бу фожиа. Миллионлаб одамларнинг ўлими - бу аллақачон статистика. Афсуски, цивилизациямиз тарихида шундай кенг миқёсли эпидемиялар бўлганки, эшитиб одамни даҳшат чулғаб олади.

1. Фукидид вабоси
Антик давр эпидемиялари тўғрисида жуда кам маълумот сақланиб қолган. Эҳтимол, уларнинг энг каттаси Афинадаги милоддан аввалги 431 йилдан 427 йилгача пайдо бўлган Фукидид вабоси бўлгандир. Пелопоннес уруши пайтида, Афина қочқинлар билан гавжум бўлганида эпидемия бошланди. Бир нечта авж олишлар шаҳарнинг ўттиз минг аҳолисига зарар этказди. Касаллик қурбонлари орасида Афина демократиясининг оталаридан бири Перикл ҳам бор эди. Ўзи касалликка дучор бўлган, аммо тирик қолган юнон тарихчиси Фукидид Афина фожиаси ҳақида батафсил ёзиб қолдирган. Замонавий олимларнинг таъкидлашича, эпидемиянинг сабаби вабо эмас, балки қизамиқ ва тиф касаллиги бўлган.

2. Юстиниан вабоси
Юстиниан вабоси энг қадимги пандемия бўлиб, у ҳақида бизга камроқ ёки ишончсизроқ маълумотлар қолган. Касаллик Нил делтасида бошланган. Касаллик авж олган Мисрдан Константинополгача буғдой ортилган кемаларда вабо ташувчилар - каламушлар ва бургалар қўшилиб келган. Бу даҳшатли воқеа Византия императори Юстинин II даврида бошланган эди. Биринчи ўлат ўша замон цивилизациялашган дунё ҳудудида эрамизнинг 541 йилидан 750 йилгача деярли икки аср давомида давом этган. Европада турли манбаларга кўра, 25 миллиондан 50 миллионгача одам нобуд бўлган. Шимолий Африка, Осиё ва Арабистонда - икки баравар кўп.

3. Чечак
Хитой ва Япония ҳам Европадан кўп эпидемияларни бошидан кечирган. IV асрда чечак касаллиги Хитойда, VI асрда Кореяга тарқалди. 737 йилда Японияда аҳолининг қарийб 30 фоизи чечакдан вафот этди. Касаллик Осиё халқлари тарихида шундай чуқур из қолдирди, ҳиндлар ҳатто чечак касаллигига алоҳида маъбуда – Мариаталени ўйлаб топган. Аммо 1796 йилда инглиз шифокори Эдвард Женнер эмлашни кашф қилди. Ҳозир чечак вируси дунёдаги атиги иккита лабораторияда мавжуд.

4. Қора ўлат
Ўлатнинг иккинчи даври Ўрта асрларда рўй берган. Бу сафар касаллик Хитой ва Ҳиндистондан бошлаб, эпидемия Осиё, Шимолий Африка бўйлаб тарқалди ва ҳатто Гренландияга ҳам тарқалди. Касаллик туфайли Италия аҳолисининг ярми нобуд бўлди, Лондоннинг ҳар ўнтадан тўққизтаси ва Германиянинг бир миллиондан ортиқ аҳолиси ушбу касалликнинг қурбонлари бўлишди. 1386 йилга келиб, Россиянинг Смоленск шаҳрида фақат беш киши тирик қолган. Умуман олганда, Европа аҳолининг учдан бир қисмини йўқотди. Касалликдан одамларни санитария қоидалари ва ... ёнғинлар қутқарди. Лондонда вабо 1666 йилги кучли ёнғиндан кейин йўқолди.

5. Инглиз терламаси
Ҳали сабаби номаълум бўлган эпидемия. Бу касалликдан айниқса Тюдор Англияси 1485-1551 йиллар орасида энг кўп азоб чекди. 1485 йил августда Генрих Тюдор Босворт жангида ғолиб чиқди, Лондонга кириб, қирол Генрих VII га айланди. Унинг француз ва бретанлик ёлланма аскарлари оролга номаълум ҳалокатли касалликни олиб келишди. Френсис Бекон ва Томас Мор ушбу касаллик ҳақида ёзган. Тарихчилар буни инглиз вабоси ёки қайталанувчи иситма деб таърифлашган. Аммо Англияда, Муқаддас Рим империясида, Литва, Буюк Норвегия ва Швецияда инглиз терламасининг тарқалишининг сабаблари ҳали ҳам номаълум.

6. Сент-Витт рақси
1518 йил июл ойида Страсбургда Тоффеа исмли аёл ташқарига чиқиб, бир неча кун давом этган рақсини бошлади. Биринчи ҳафтанинг охирига келиб, унга 34 маҳаллий аҳоли қўшилди. Кейин раққослар гуруҳи 400 кишигача ўсди. Ушбу ғалати касаллик "рақс вабоси" ёки "1518 йилги эпидемия" деб номланган. Мутахассисларнинг фикрига кўра, бундай оммавий ҳодисаларнинг сабаби нон қилинган нам жавдар ғарамларида ҳосил бўлган моғор споралари бўлган. Жаҳон тарихидаги ушбу ғалати эпидемия даврида юзлаб одамлар ўлгунча рақсга тушишди.

7. Вабо
Вабо пандемияси 1817 йилда Жануби-Шарқий Осиёда бошланган ва фақат Ҳиндистоннинг ўзида қирқ миллион одам ҳаётига зомин бўлган. Кўп ўтмай, вабо Европага етиб келди. Ўша вақтга келиб тиббиёт жуда катта ютуқларга эришганига қарамай, Лондонда вабо касаллигидан етти мингга яқин киши ва умуман Европада юз мингдан ортиқ киши ҳалок бўлди. ХIХ асрнинг биринчи ярмида Россиянинг беш минтақасида касалликнинг тарқалиши содир бўлди. Улардан бири Александр Пушкинни вабо карантинини кутиб, Болдино қишлоғида ўтиришга мажбур қилди. "Болдино кузи" ўша пайтда ёзилган.

8. Испания гриппи
"Испания" эпидемияси, эҳтимол, инсоният тарихидаги энг катта грипп пандемияси бўлган. 1918-1919 йилларда, тахминан ўн саккиз ой ичида 100 миллионгача одам ёки дунё аҳолисининг 5 фоизи вафот этди. Сайёра аҳолисининг қарийб 30 фоизи "испанка" билан касалланган. Эпидемия Биринчи Жаҳон Урушининг сўнгги ойларида бошланган ва қурбон бўлганлар сони бўйича бу уруш асоратларини ҳам ўз соясида қолдирган. Барселонада ҳар куни 1200 киши ҳаётдан кўз юмган. Австралияда бир шифокор ёлғиз кўчада бир соат ичида 26 дафн маросимини санаб чиққанини ёзиб қолдирган. Аляскадан Жанубий Африкагача бўлган жойларда бутун қишлоқлар йўқ бўлиб кетди.

9. Эбола
Ушбу касалликнинг тарқалиши биринчи марта 1976 йилда Судан ва Зоирда қайд этилган. Касаллик Африканинг ўша минтақасидаги дарёнинг номи билан аталган. Эбола вируси жуда юқумли, иситма туфайли ўлим даражаси 90% га этади. Муайян даволаниш ёки Эбола вакцинаси ҳозирча мавжуд эмас. Касалликларни назорат қилишнинг ягона усули - қатъий карантин. Ва шунга қарамай, 2014 йилда Ғарбий Африкада тарихдаги энг кучли Эбола эпидемияси тарқалди. Жабрланганлар сони мингдан ошиб кетди.

10. Парранда гриппи
Қушлардан касал юқиши ХIХ асрдан бери маълум. Бироқ, H5N1 гриппи вируси билан биринчи инсон инфекцияси Гонконгда фақат 1997 йилда қайд этилган. Вакцинация, шахсий гигиена ва карантин чоралари ўз вазифаларини бажарди: Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг маълумотларига кўра, 2003 йил февралдан 2008 йил февралига қадар одамларда парранда гриппи вирусидан 227 киши вафот этган.

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Ҳайвонларга султоннинг исми қўйилган сериални кўряпсизми?

1791 11:30 30.05.2020

Тарихда бугун: Истанбул фатҳ этилди

1135 00:00 30.05.2020

Ҳиндистон: “Бобур” масжиди ўрнида Рам ибодатхонаси қуриляпти

1346 12:56 29.05.2020

Москвада масжидлар қурган Солиҳ Ерзин

1067 10:20 29.05.2020

Тарихда бугун: Туркияда илк ҳарбий тўнтариш юз берди, Аднан Мендерес осилди

3353 14:30 27.05.2020

Тарихдаги биринчи луғатнинг мусаннифи ким, биласизми?

423 13:30 19.05.2020
« Орқага