Наср

Чингиз афандига мактублар (1-қисм)

2072

1

Бу китобимни буюк миллатпарвар шоир Шавкат Раҳмонга бағишлайман

(муаллиф)
«Тарихнинг моҳияти ватан ва озодликдир...»

Қўлингиздаги китоб на роман, на қисса, на ҳикоя, на ривоят. У тарихий асар, илмий асар, аммо ҳикоядай завқ-шавқ билан ўқилади. Унинг биринчи саҳифаларини ўқиб чиқишингиз билан жуда ажойиб бир романга дуч келгандек охиригача қўлдан қўймайсиз. Негаки, бу китоб чинакам истеъдод билан, чинакам дард билан ёзилган. Унда фикр кўп, эҳтирос кўп, самимият кўп. Шунинг учун китобдаги мазмун дарҳол юрагингизга бориб етади, вужудингизни қамраб олади, сиз унинг энг теран, энг нозик пучмоқларигача етиб бормоқ учун ва шу туфайли бизга маълум деб ҳисобланган тарихимизни янгидан кашф қилмоқ учун талпинасиз. Ва китоб сўнгида муаллиф билан бирга “тарихнинг моҳияти Ватан ва Озодликдир” деган доно хулосага келасиз.

Китоб муаллифи Набижон Боқийнинг адабиётга кириб келганига ҳали кўп бўлгани йўқ, аммо у биринчи мақолалари ва илк китоблари биланоқ ҳамманинг эътиборини ўзига қаратди. Негаки, у мустақиллик адабиётининг элчиларидан бири сифатида адабиётга кириб келганди. У ҳозирга қадар шу маромини қўлдан бермай маҳкам ушлаб келмоқда. Қўлингиздаги китоб “Чингиз афандига мактублар” деб аталади. Чингиз афанди туркиялик, Анвар пошонинг ўғли. У ҳаёт бўлса, ҳозир камида саксонга кирган бўлмоғи керак. Муаллиф уни танимайди, лекин атоқли миллий-озодлик курашчисининг ўғли сифатида унга мактублар билан мурожаат қилади. Демак, бу бир адабий усул, холос. Китоб ўн саккиз мактубдан иборат. Бу мактублар бизни йигирманчи йилларнинг бошига, инқилоб даврига, фуқаролар уруши даврига қайтаради, кўз ўнгимиздан бизнинг онгимизга “босмачилик ҳаракати” деган тавқи лаънат билан муҳрланиб қолган миллий-озодлик ҳаракатининг жонли манзаралари бирин-бирин ўта бошлайди. Ҳа, Шўролар замонида шўро тарихчилари бу давр ҳақида кўп ёзишган эди. Ўнлаб катта-катта китоблар, минглаб мақола ва рисолалар эълон қилинганди. Уларнинг ҳаммаси ҳайрон қоладиган якдиллик билан “большевиклар бизга бахт олиб келди, кимда ким уларга қарши бўлган бўлса, улар босқинчи, миллатчи, халқ душмани” деган сохта ҳақиқатни миямизга михдай қоқиб қўйганди. Жуда кўпчилик ўша коммунистик сафсатага чиппа-чин ишонган ва ўзининг фикрлаш тарзини шунга қараб бичган эди. Ўзбекни менсимаслик, унга паст назар билан қараш, унинг тарихини ёритишда ҳар қандай ҳақиқатдан чекиниш шу даражага етдики, халқнинг кўп асрлик тарихида йилт этган бирон саҳифа қолмади. Хуллас, Аллоҳнинг инояти билан Ўзбекистон мустақилликка эришгач, унинг тарихини бутунлай янгидан ёзиб чиқиш зарурияти кўндаланг бўлди. Кўп йиллар мобайнида поймол қилинган миллий ғуруримизни тиклаш учун, онгимизни коммунистик хурофотлар асоратидан холи қилмоқ учун тарихимизни ҳақиқат кўзи билан қайтадан кўриб, адолат нуқтаи назаридан қайта баҳолаб чиқмоқ талаб қилинар эди. Набижон Боқий ана шу улуғвор ва қийин вазифанинг ўз маҳрига тушган қисмини бажаришга жазм қилипти ва бу ишни ҳавас қилса арзийдиган катта бир жасорат билан амалга оширипти.

Китобнинг бош қаҳрамони — Анвар пошо. Биз авваллари ҳам бу турк зобитининг номини кўп эшитган эдик. Аммо уни саргузаштталаб бир одам деб, инглиз разведкасининг жосуси деб, шахсий манфаатлари йўлида катта жонбозлик кўрсатган одам деб эшитган эдик. Набижон Боқий бу “анъанавий” қарашларни бутунлай рад этади ва Анвар пошони истеъдодли саркарда сифатида кўрсатади. Набижоннинг кўрсатишича, Анвар пошо Туркистонга “Иттиҳод ва тараққий” партиясининг топшириғи билан келган ва большевикларга қарши кураш олиб бораётган миллий кучларни бирлаштириш мақсадини кўзлаган. Шу ниятда у Бухорога келган, Шарқий Бухорода ҳаракат қилган, Иброҳимбек билан музокаралар олиб борган, дастлаб ўз мақсади йўлида анча муваффақиятларга ҳам эришган. Бироқ Туркистондаги курашчиларнинг миллий онг даражаси ҳали пишиб етилмагани туфайли уларни ягона Ғоя атрофига бирлаштириш жуда қийин кечади:  тарқоқлик эса ўз навбатида мағлубиятга замин бўлади. Охир-пировардида Анвар пошо собит сафдошлари билан бирга Болжувон депарасидаги тенгсиз жангда шаҳид бўлади ва қутлуғ қони тўкилган жойга, яқин қирга дафн этилади (дарвоқе, орадан етмиш тўрт йил ўтгач — 1996 йилнинг 4 август куни Туркия ҳукуматининг ташаббуси билан Анвар пошонинг хоки Болжувондан Истанбулга элтиб қайта дафн қилинди).

Хуллас, шу тарзда Набижон Боқий Анвар пошони Туркистон озодлиги учун курашган, бу ердаги миллий-озодлик ҳаракатига раҳнамолик қилган халқ қаҳрамони сифатида кўрсатади. Бизнинг онгимиз коммунистик оғулар асоратидан бутунлай холи бўлиб улгурмагани учунмикан, бундай хулосани дабдурустдан қабул қилишга қийналамиз. Мен ўйлайманки, Анвар пошо ҳақидаги ҳақиқат, эҳтимол, юқорида зикр этилган бир-бирига зид икки фикр оралиғидадир. Ҳар ҳолда, ҳақиқат фикрлар тўқнашувида туғилса, таққослар ва қиёсларда майдонга келса, фақат бир қутбдаги фикрни такрорлайвермасдан, кимдир иккинчи қутбдаги фикрни ҳам айтиши керак. Демоқчиманки, менга ёхуд бошқа бировга манзур бўлиши ёки бўлмаслигидан қатъи назар, Набижон Боқий ўз қаҳрамонларига баҳо беришда ўз концепциясига, ўз нуқтаи назарига эга бўлишга бутунлай ҳақли! Бунинг устига, китобни ўқиш жараёнида сиз беихтиёр муаллиф томонга ўтиб бораётганингизни сезмай қоласиз — унинг фикрлари, баҳолари, қарашлари сизни ўз жозибасига чулғаб олади. Бу бежиз эмас, албатта. Бу ўринда китобга жозиба бахш этган нарса фақат унинг замиридаги эҳтирос ва самимиятгина эмас. Китоб жуда бақувват фактик материал асосига қурилган. Набижон бир неча йиллар мобайнида Ўзбекистон Давлат архивида, Тожикистон давлат архивида, Тожикистон Компартияси архивида, Ўзбекистон КГБ архивида, бир қатор шахсий архивларда иш олиб борди: биздаги миллий-озодлик ҳаракатига бағишланган Абдулла Ражаб Бойсуний — Туркистонийнинг “Туркистонда миллий мужодала” деган ғоят ноёб китоби материалларидан, Анвар пошонинг Токиода нашр этилган мактубларидан фойдаланган. Буларнинг бари китобга бақувват ишонтириш кучини бахш этган. Ҳар ҳолда, муаллиф айтган мулоҳазалар ёхуд келтирилган дилиллар гоҳо маъқул келмаса, уларни рад этиш унча осон эмас.

Фактик материалнинг сероблиги муаллифга воқеаларни кенг кўламда кўрсатиш, тарихий рангларни анча ҳаққоний тасвирлаш имконини берган. Биз китобда Қўқон мухторияти атрофидаги воқеалар билан ҳам, Ҳисордаги одамларнинг турмуш шароитлари билан ҳам, лақайларнинг этник таркиби билан ҳам батафсил танишамиз. Айни чоқда, китобда Иброҳимбекнинг сиёсий портретини чизишгагина эмас, характер белгиларини кўрсатишга ҳам катта аҳамият берилган. Унинг ўзига хос мағрур сиймоси, тоғликларга хос букилмас қадди-қомати, ўткир нигоҳи кўз ўнгимизда яққол кўринади.

Шундай қилиб, Набижоннинг китобида бизга яқин тарихимизнинг муайян манзаралари — фуқаролар урушининг қонли саҳифалари намоён бўлади. Ҳа, ўша воқеалар, ўша таниш фожиалар. Фақат талқин бошқа, баҳо бошқа, улардан чиқариладиган хулосалар бошқа. Кўрамизки, ўзбеклар Октябр инқилобини қучоқ очиб, гулдурос қарсаклар билан кутиб олган эмас экан. Кўрамизки, ўзбеклар ҳам баъзилар айтганчалик, у қадар анойи бўлмаган эканлар — улар большевиклар салтанатига подага ҳайдалган молдай кириб кетавермаган эканлар. Ўзбеклар большевикларга қўл қовуштириб, қуллуқ қилиб, “осадиган бўлсаларинг, арқонни биз олиб келайликми ё ўзларингдан бўладими?” деб мутеликларини намоён қилишмаган экан. Аксинча, уларнинг инсоний ғурури юксак бўлган, юракларида мардлик жўш урган. Улар учун эътиқоду иймонни, номусу виждонни, эрку ихтиёрни сотиб тирик юргандан кўра, қўлда қурол билан курашиб, тик туриб ўлган яхшироқ эди.

Ҳа, Набижоннинг китоби бизга боболаримизнинг мардлигини, шижоатини ибрат қилиб кўрсатадиган китобдир. Айни шу сифати унинг энг қимматли томонидир.

“Чингиз афандига мактублар” кечаги кун манзараларини ҳаққоний тарзда қайта тиклаган. Лекин, унинг қиммати фақат шунда эмас. Тарих Набижон учун бир бўлиб ўтиб кетган олис ўтмиш эмас, балки бугун ҳам давом этаётган, юракларга ўт солиб, ҳаракатга ундаётган жонли жараёндир. Тарихни англаш, идрок этиш керак. Бугунги кунларимиз учун жонларини фидо қилган боболаримизнинг покиза руҳи ҳозир ҳам одамларнинг виждонига тўғридан-тўғри мурожаат қилади:

“Биз ўз Ватанимизни биламизми?

Биз Озодликни биламизми?

Биз ота-боболаримизни биламизми?”

Тарихни билмак — ана шу саволларга жавоб топмоқ, наинки жавоб топмоқ, балки жавоб топиб, хулосалар чиқариб, фақат сўзларимизда эмас, амалий ишларимизда, кундалик фаолиятимизда муқаддас мустақиллигимизни бақадри имкон мустаҳкамламоқдир.

Озод Шарафиддинов,

профессор, 1997 йил

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Асир (36-қисм)

231 21:00 03.04.2020

Асир (35-қисм)

264 21:00 02.04.2020

Асир (34-қисм)

294 21:00 01.04.2020

Асир (33-қисм)

277 21:30 31.03.2020

Асир (32-қисм)

493 21:00 28.03.2020

Асир (31-қисм)

368 21:00 27.03.2020
« Орқага