“Таърихул хулафо” асаридан: Халифалар даврида энг биринчи жорий этилган нарсалар

19:00 12.03.2019 869

Уламолар айтади: "Отаси тириклигида халифа бўлган, халифаликни васият қилиб қолдирган, байтул молни тузган, биринчи Мусҳафни саҳифаларга жамлаган  зот Абу Бакр розияллоҳу анҳудир.

Биринчи бўлиб, Амирул мўминин (мўминларнинг бошлиғи) деб номланган, дарра (лашни)ни чиқарган, исломий тақвимни ҳижратдан бошлаган, таровеҳ намозини ўқишга буюрган, девон (рўйхат) тузган зот ҳазрат Умар розияллоҳу анҳу бўлади.

Биринчи бўлиб, ер ажратиб (сувли қўриқ ерлар), уларни халққа бўлиб берган, жумада иккинчи азонни жорий қилган, муаззинларга маош, миршаблар тайинлаган зот ҳазрат Усмон розияллоҳу анҳудир.

Биринчи бўлиб, халифалар орасида ўзи ҳаёт вақтида валиаҳд тайинлаган зот Муовия розияллоҳу анҳу бўлади.

Биринчи бўлиб, исмини тангага ёздирган халифа Абдулмалик ибн Марвон бўлади.

Биринчи бўлиб, мунажжимлардан фойдаланиб, юлдузларга қараб  юриш қилиш халифа Мансур  даврида пайдо бўлди.

Чавгон ўйини Ҳорун Рашид даврида оммалашди. Халифа Амин даврида халифага мурожаат қилганида, ёзганида унвони билан мурожаат қилишга буйруқ берилди. Биринчи бўлиб, Девон ишларини бошқаришда туркларни жалб қилган халифа Мўътасим бўлади. Имом Табароний Ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Пайғамбаримиз алайҳиссалом: "Турклар сизга тегмагунча, сиз уларга тега кўрманг! Чунки умматимни подшоликдан ва Аллоҳ берган нарсалардан маҳрум қилувчи Бани Қантуро (туркий миллатларнинг бир номи)дан бўлгай", дедилар.

Аскарлар ва мол-мулкларни ўзи тасарруф қилган, шеърларидан девон тузилган, халққа хутба ўқиб доим уларга имом бўлиб намоз ўқиган, надимлар билан мажлис қурган, маоши, мукофотлари, совғалари, хизматкорлари, оладиган улуши, хазиналари, ошпазлари, сувчилари, мажлислари, дарвозабонлари ва бошқа ишлари илк халифаларга ўхшаган  халифа Розий бўлади. Ҳатто у қадимги халифалардек жулдур кийимларда сафарларга чиқар эди, дейилади.

Убайдийлардан ўн тўрттаси халифаликни бошқарди. Уларнинг уч нафари Мағриб томонда: Маҳдий , Қоим, Мансур бўлган. Қолган ўн бир нафари эса Мисрда ҳукмронлик қилди. Улар: Муиз, Азиз, Ҳоким, Зоҳир, Мустансир, Мустаъли, Омир, Ҳофиз, Зофир, Фоиз ва Одид исмли шахслардир. Уларнинг ҳукмронлик йиллари 290 (903 м.) йилдан бошланиб 567 (1172 м.) йилгача давом этди.

Имом Заҳабий айтади: Зикр қилинган 14 нафар шахснинг барчаларининг давлати Алавий ҳам, Фотимий ҳам эмас балки мажусий, яҳудий, ботинийдир. Ўн тўрт нафари ҳам халифа бўлиб олган, халифа қилиб сайланган эмас.

Мағрибда халифа бўлиб олган Умавийлар исломият, суннат, адолат, фазилат, илм жиҳатдан ҳоллари Убайдийларникидан кўра анча яхши эди. Улар жуда кўп эди, Андалусда бир асрнинг ўзида олти нафари халифа бўлган. Ўтмишда ўтган бир гуруҳ уломалар, халифалар тарихига оид асарлар ёзди. Улардан: наҳвшунос ва тарихчи олим Имом Нафтавайҳнинг (858-935 йиллар) икки жилдлик "Тарихул хулафо" асари - Қоҳирнинг давригача; Имом Сувлийнинг "Ал-Авроқ" асарида Аббосийлар давригача берилган. Ибн Жавзийнинг (тарихчи, фақиҳ 1116-1200 й. Бағдод) "Бани Аббос тарихи" китоби халифа Носирнинг давригача берилган. Катта шоирлардан Абулфазл Марвазийнинг  "Халифалар тарихи"ни ҳам кўрдим.

Тарихчи Имом Хатиб  "Тарих" китобида Муҳаммад ибн Убоданинг: Усмон ибн Аффон ва Маъмундан бошқа ҳеч қайси халифа Қуръонни ёд билмаган эди, деб ёзибди. Мен дедимки: "Бундай чеклов мумкин эмас. Ахир саҳиҳ ривоятда, Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу ёд олганликларини бир гуруҳ уламолар, шу жумладан Имом Нававий (1233-1277 йиллар) "Таҳзиб" асарида очиқ баён қилган. Али розияллоҳу анҳу ҳам ёд билганлар. Бир ривоятда, у зот Пайғамбаримиз вафотларидан кейин Қуръонни тўлиғича ёдлаганлари келтирилади.

Муаррих Ибн Соъий (1275 йили вафот этган) айтади: "Халифа Зоҳирнинг байъатида бўлганман. Байъат олаётганида оқ кийимда, бошига рўмол, елкасига Набий алайҳиссаломнинг чопонларини ташлаб олиб Қуббанинг деразаси ёнида ўтирган эди. Вазир эса унинг қаршисида минбар устида турарди. Байъатнинг мазмуни бундай бўлган: "Аллоҳнинг амри билан барча одамларнинг бўйсуниши фарз бўлган, хўжамиз ва саййидимиз имом Абу Наср Муҳаммад Зоҳирга Аллоҳнинг китоби, Пайғамбарнинг суннати, амирул мўъмининнинг ижтиҳоди узра ва шунингдек, ундан ўзга халифа йўқ деб байъат қиламан".

Тошкент шаҳридаги “Искандархўжа” жоме масжиди имом-хатиби Абдуллоҳ ШОКИРОВ таржимаси

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!