“Тарихул хулафо” асаридан: Расулуллоҳ алайҳиссаломнинг башоратларидан бири

11:00 09.03.2019 2003

Бани Умайя(подшолиги)нинг мазаммат этилиши ва Бани Аббос(подшолиги)нинг мадҳ қилиниши

Қосим ибн Фазл Маданий (Эронлик муҳаддис, вафоти: 1096 йил.) раҳматуллоҳи алайҳ ривоят қилади: Юсуф ибн Саъд бундай деди: “Ҳасан ибн Али Муовияга байъат қилганидан кейин бир киши унинг олдига келиб, сен мўминларнинг юзини ерга қаратдинг, деди. Аллоҳ раҳмат қилгур, мени койима! Чунки Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам, Умайянинг ўғилларини минбарларининг устида (тушларида) кўрганларида, бундан хафа бўлдилар. “...Лайлатул қадри хайрун мин алфи шаҳр” – Қадр кечаси (сендан кейин подшоҳлик қиладиган Бани Умайянинг) минг ойидан афзал (эй Муҳаммад)”, оятлари нозил бўлди, деди. Қосим раҳматуллоҳи алайҳ (ровийларидан бири) айтади: биз ҳисоблаб чиқдик, ҳақиқатан уларнинг подшоҳлиги 1000 ойдан кўп ҳам, кам ҳам эмас экан” (Имом Термизий ривояти) (Ғариб ҳадис, яъни у биргина Қосимдан ривоят қилинган).

Ибн Жарир (ўз тафсирида) Аббос ибн Саҳлнинг бобосидан ривоят қилган ҳадисни келтиради: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам (тушларида) Ҳакам ибн Абул Ос розияллоҳу анҳунинг ўғилларини минбарлари устида маймунлардек сакраб юрганларини (тушларида) кўриб хафа бўлдилар ва вафотларига қадар кулмадилар. Шунда Аллоҳ таоло: “Сенга кўрсатган тушимиз одамларни синаш учун халос” оятини нозил қилди (“Нисо” сураси, 60-оят).

 (Бу ерда Имом Баззор, Имом Термизий, Имом Табароний, Абу Нуайм Имом Доруқутний, Имом Уқайлий, Ибн Асокир ва Ибн Саъд тарафидан ривоят қилинган 15 тача ҳадис келтирилган. Булардан фақат иккитасини келтирдик. Муаллиф “Бу борада келган энг яроқли ҳадислар шу иккови” дегани учун. тарж.)

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу ривоят қилади: Расулуллоҳ алайҳиссалом Аббосга дедилар: “Нубувват ва подшолик сизлардадир” (Имом Баззор, ва Абу Нуайм ривояти).

Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу ривоят қилади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам отамга: “Душанба эрталаб болаларинг билан кел! Уларни бир дуо қилайки, шояд Аллоҳ шунинг баракотидан сенга ва фарзандларингга наф етказса”, дедилар. Эрталаб у зот билан учрашдик, бизга яхтак кийдирдилар. Сўнгра: “Эй Аллоҳ, Аббос ва унинг фарзандларини зоҳиран ва ботинан мағфират этиб покла! Фарзандларини Ўзинг асра”, деб дуо қилдилар (Имом Термизий ривояти).

Тошкент шаҳридаги “Искандархўжа” жоме масжиди имом-хатиби Абдуллоҳ ШОКИРОВ таржимаси

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!