Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Таҳлил

Таржима машаққатлари ёхуд «отчество»дан воз кечиш ҳақида

1845

Охирги тўрт-беш йилдан бери Туркияда таржимонлик билан шуғулланиб келаман, шу пайтгача кўплаб матнлар, мақолалар ва асарларни таржима қилдим. Албатта таржима ишининг ҳам ўзига яраша қийинчиликлари бор, лекин мени энг кўп қийнайдигани бу – шахсни тасдиқловчи ҳужжатлар, хусусан, туғилганлик ҳақида гувоҳнома ва паспортлардаги исм-фамилияларни турк тилида ифодалаш, яъни транслитерациядир. 

Аввало айтиб қўяй: мен таржима йўналишида махсус билим олмаганман, филолог ёки тилшунос ҳам эмасман. Шунчаки, бир неча йиллик кузатувларим асосида фикрларим билан бўлишмоқчиман.

Ўтган вақт давомида паспортларда исм-фамилияларни инглизча ифодалашда турфа хилликка гувоҳ бўлдим. Масалан, “ҳ” ва “х” ҳарфлари негадир инглизчада бир хилда “kh” деб ифодаланганини кўраман. Бу борада қандайдир қоида ёки йўриқнома борми, билмайман, қидириб топа олмадим. Мазкур мавзу бўйича интернетда профессор Носир Қамбаровнинг бир мақоласига кўзим тушди.

«Ўзбек тилидаги атоқли отларни инглиз тилига амалий транскрипция қилишда ҳам ҳануз ҳал этилмаган, ҳал этилиши лозим бўлган кўплаб муаммолар мавжуд, – дейилади мақолада. – Бу соҳада ҳали ўзбек атоқли отларини амалий транскрипция қилиш бир тизимга тўлиқ солинмаганлиги учун ҳозиргача юридик ҳужжатларда, масалан, паспортларда чалкашликлар, ноаниқликлар учраб туради. Ўзбек тилидан инглиз тилига амалий транскрипция қилишда қуйидаги ҳарфлар инглиз тилида бўлмаганлиги учун муаммо туғдиради: ў, қ, ғ, х, х, ъ. Айнан шу ҳарфларни инглиз тилига транскрипция қилганда хилма-хиллик учрайди. Масалан, таркибида “х” ва “ҳ” ҳарфлари бўлган атоқли от (фамилия, исм, шариф)ларда инглизча транскрипцияда фарқ кўрсатилмайди. Бунга мутлақо йўл қўйиб бўлмайди, чунки шу исмларни инглиз тилидан қайтариб ўзбек тилига транскрипция қилганда, элементли ёки юмшоқ “ҳ” қаттиқ “х”га айланиб қолади. Ўзбек тили имлоси қоидасига биноан бунга мутлақо йўл қўйиб бўлмайди. Масалан: Хулкар – Khulkar; Ҳамида – Hamida”.

Шунингдек, бир ҳужжатда исмга “-жон” ёки “-хон” қўшилиб, бошқа ҳужжатда қўшилмагани ҳам икки хилликка сабаб бўляпти. Чет элликлар бизнинг “-жон” ва “-хон”ни тушунмаслиги мумкин, масалан, расмий ҳужжатларда Сардор ва Сардоржон мутлақо бошқа-бошқа исмлар деб қабул қилинади. 

Мен учун энг ғалати туюладиган жиҳатлардан бири – туғилганлик ҳақида гувоҳнома ва паспортларда “отасининг исми” деган графа. Совет даврида русчадан “отчество”ни кўр-кўрона ўзлаштирганимиз оқибатида отамизнинг исмини ҳам “Фалончиевич”, “Фалончиевна” деб русча шаклда айтадиган бўлдик. Мустақилликка эришганимиздан кейин туғилганлик ҳақидаги гувоҳномаларда асосан “Фалончи ўғли” ёки “Фалончи қизи” деб ёзиладиган бўлди. Назаримда, бу ҳам тўғри эмас, ахир ҳеч кимнинг отасининг исми “Фалончи ўғли” ёки “Фалончи қизи” эмас-ку. Айни туғилганлик ҳақидаги гувоҳноманинг ўнг саҳифасига қарасангиз, отасининг исми “Фалончи” деб ёзилган бўлади. Модомики, гувоҳномаснинг ўнг саҳифасида отасининг исми ёзилади, чап саҳифида нега “Фалончи ўғли”/“Фалончи қизи” деб алоҳида кўрсатилиши керак, буни ҳам тушунмайман.  

Мен одатда таржималарда “отасининг исми” графасига “Фалончи” деб ёзаман, лекин мижозлар ҳужжатда қандай ёзилган бўлса, шундай, яъни “Фалончиевич/Фалончиевна” ёки “Фалончи ўғли/қизи” шаклида ёзинг деб талаб қилишади. Улар мутлақо ҳақ, чунки ҳужжатда шундай ёзилган, лекин Туркиядаги ташкилотларда буни тушунишмайди, маласан, туғилганлик ҳақидаги гувоҳнома таржимасига қараб, “Нега отангизнинг исми икки хил – Фалончиевич ва Фалончи тарзида ёзилган, қайси бири тўғри?” дейишлари мумкин. 

Яна бир ғалати ва ғализ ҳолат шуки, туғилганлик ҳақидаги гувоҳномадаги “Фалончи ўғли”/“Фалончи қизи”ни паспортда (FATHER’S NAME графасида) худди шундай – “FALONCHI UGLI”/“FALONCHI KIZI” деб ёзиб қўйишяпти. Барака топгурлар, “угли”, “кизи” нимаси?.. Буни ўқиган чет элликлар “Ҳа, бу Фалончининг ўғли/қизи экан-да”, деб эмас, “Отасининг исми Фалончи ўғли/қизи экан”, деб ўйламайдими? Нега “отасининг исми” деган графага шунчаки ““FALONCHI” деб ёзиш мумкин эмас?..

Бу масалалар билан қайси ташкилот шуғулланишини, тўғриси, билмайман. Балки фикрларимда хато жойлари бордир, мутахассислар муносабат билдиришади деган умиддаман. 

 

Убайдуллоҳ Адҳамов

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Тарбияга оид китоб рус тилига таржима қилинди

1033 20:10 17.09.2021

Бурҳониддин Марғинонийнинг «Кифоятил Мунтаҳи» номли 80 жилдли китобини таржима қилсангиз дегандим

1472 12:01 18.07.2021

Шайх Абдулфаттоҳ Абу Ғудда: «Саҳифалар» (72-қисм)

1044 16:55 20.06.2021

Шайх Абдулфаттоҳ Абу Ғудда: «Саҳифалар» (71-қисм)

1582 22:15 19.06.2021

Шайх Абдулфаттоҳ Абу Ғудда: «Саҳифалар» (69-қисм)

524 22:55 16.06.2021
« Орқага