Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Илм

Тасаввуфнинг тарихий тадрижи

1506

Олтинчи боб

ТАСАВВУФ ВА ДАЛИЛЛАР

Тасаввуфнинг тарихий тадрижи

Сўфийлик деб ҳам аталадиган тасаввуфни насроний мистикаси ёхуд ҳинд медитацияси билан бир ўринга қўйиш тўғри бўлмайди.

Ҳар бир мистика ўзи тегишли бўлган диннинг ёки фалсафанинг умумий хусусиятини акс эттиради. Масалан, ҳинд мистицизми ҳинд тафаккурининг инъикосидир, унинг ўзига хосликларини намоён этади. Ислом тасаввуфи эса исломиятнинг хусусиятларини акс эттиради. Шундай экан, исломга зид тасаввуфни тасаввур қилиб бўлмайди.

Тамаллари ҳазрат Абу Бакр (571-634) ва ҳазрат Али (599-661) воситасида Пайғамбар алайҳиссаломгача етиб борадиган сўфийлик инсоннинг эътиқодини тузатиши, ибодатларини янада яхшироқ бажариши, ҳаёти давомида Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг ҳаётларини намуна деб билиши, хатти-ҳаракатларини ислоҳ қилишини кўзда тутувчи интизом ва зеҳниятдир.

Тасаввуф – ислом мистицизми демакдир. Ҳаётга нисбатан муайян муносабат ва хатти-ҳаракат сифатида бошланиб, кейинчалик тафаккур тарзи сифатида тизимга солинди. 

Деде Умар Рушаний[1] (1407-1487) тасаввуфга шундай таъриф берган эди: “Тасаввуф (инсонларга) юк бўлиш эмас, ёр (дўст) бўлиш, тикан эмас, гулу гулзор бўлиш демакдир”.

Саҳобалардан Абу Зар Ғифорий, Ҳузайфатул Ямоний ҳамда тобеинлардан Ҳасан Басрий тасаввуфнинг илк вакиллари ҳисобланади.

Абул Ҳасан ан-Нурий шундай дейди: “Тасаввуф на бир қанча маросимлар, на маълумотлар йиғиндисидир, тасаввуф фақатгина ахлоқдир”.

Вақт ўтиши билан тасаввуф Африка, Марказий Осиё ва Ҳиндистонда кенг омма орасида тарқалди. Унинг таъсири салжуқийлар, усмонийлар ва республика[2] даврида ҳар доим сезилган.

Хорис Муҳосибнинг ҳаёти ва асосий қарашлари (781-837)

Абу Абдуллоҳ Хорис ибн Асад ал-Муҳосибий ал-Аназий. Илк сўфийлардан, ҳадис, калом ва тафсир олими. Басрада дунёга келди. Нафсни ҳисоб-китоб қилишга алоҳида эътибор қаратганидан Муҳосибий деб аталган. Ёш пайтида Бағдодга бориб, диний илмларни ўрганди, Имом Шофеъийнинг талабаси бўлди. Ҳадис илмини эгаллади. Ўша даврда зоҳидлар гуруҳи билан учрашиб қолиши ҳаётидаги муҳим бурилиш нуқтаси бўлди ва шундан кейин тасаввуфий шахсиятни кўпроқ намоён бўла бошлади. Айни пайтда фиқҳ, тафсир ва калом билан шуғулланди, аҳли суннат каломининг асосчиларидан бири бўлди.

Тўққизинчи асрда зуҳд ҳаракатининг тараққий этишида Хорис Муҳосибийнинг ҳиссаси катта бўлди.

Муҳосибийнинг асосий муҳим жиҳати унинг сўфий эканлигидир, айнан у тасаввуфни биринчи бўлиб фалсафага яқинлаштирди. Ёш пайтида зоҳидларга қўшилган Муҳосибийнинг Ҳасан Басрий анъанасига боғлиқ эканлиги ҳам манбалардан, ҳам унинг асарларидан кўриниб турибди. Тасаввуфда ҳол тушунчасига эътибор қаратиб, қаноат, зуҳд, унс, яқин, сидқ, ихлос кабиларни ҳол дея таърифлаган, ҳоллар назорат остида бўлиши ҳамда Қуръон ва суннатга таяниши кераклигини айтган.

Хорис Муҳосибийнинг йигирма икки асари кунимизгача етиб келган. “Адабун нуфус” ва “Фаҳмул Қуръон ва маънаҳу” энг машҳур асарларидан ҳисобланади.

Далиллари

Муҳосибийни ўзидан аввалги мутасаввифлардан ажратиб турувчи энг муҳим хусусияти “илоҳий ишқ” ҳақида баён этган сўзларидир. Муҳосибийдан аввал сўфийлар асосан Аллоҳдан қўрқиш ва қисман Аллоҳ севгиси ҳақида гапиришар эди, аммо у Аллоҳ томонидан берилган бир лутф (илоҳий файз) сифатида “ишқ”дан сўз юритди. Муҳосибий шундай деди: “Ошиқларнинг қалбига ишқ уруғини сочган Удир. Ўзини бизга билдирган, бизни ўзига итоат эттирган Удир”.

Сўнг ошиқларни хаёлларидаги куч ортиши билан қалбларининг теранликларидаги ўз овозларига қулоқ тутишга чақирди:

“Эй менинг шоҳидларим! Сизга келганларга мени топа олишмагани сабабли беморлик етса, уларни даволанг. Менинг хизматимдан қочган бўлишса, ортга қайтаринг. Менинг лутф ва иноятимни эсдан чиқаришган бўлса, эслатинг. Албатта, мен сизлар учун энг яхши ҳакимман, чунки мен ҳилм эгасиман. Ҳалим зот ўзига хизмат қилишлари учун ҳалимларни танлайди”.

“Аллоҳ уларни ўзига дўст айлагач, уларга лутф ва карамидан бахшида қилур. Бу лутфлар ошкор бўлгач, (ўша кишиларнинг) Аллоҳга бўлган ишқлари маълум бўлади. Ишқнинг тазоҳурида маълум бир шакл ва тарз мавжуд эмас, ўзини муайян шаклда намоён этмайди. Бироқ биз уни ошиқнинг табиатидан ва Аллоҳ унга сочган лутфлардан, Аллоҳ уни тўғри йўлга йўллашидан ва қалбига илҳом этган нарсалардан таниб оламиз. Аллоҳнинг лутфлари Уни яхши кўрганларга етиб боради. Аллоҳ ишқининг энг ёрқин ишораси мунтазам тафаккур ва тааммул (чуқур ўй), узун кечаларда тўлиқ таслимият ва ўлим келиб қолишидан қўрқиб, шошилганча қилинган тоат ва ибодатдир”[3].

Кўриниб турибдики, Муҳосибий зуҳдни қўрқувдан-да кўпроқ севги билан бирлаштирган сўфийдир. Унинг “Аллоҳ вадуддир, кўп севувчи ва севилгувчидир” деган самимий сўзларини Аллоҳни сўраган ва қидирганлар учун далил қийматига эга дейиш мумкин.

Ишқ фалсафаси билан Аллоҳга етишиш... Аллоҳни қидирган ақлнинг фалсафа билан Уни топиши...

Ишқ фалсафаси, шубҳасиз, тасаввуф тарихида бурилиш нуқтасидир. Муҳосибий бу нуқтанинг ягона вакили бўлмаса-да, ниҳоятда таъсирчан ва муҳим вакили ҳисобланади.

 

Амин Ариқ

(давоми бор)  

Таржимон: Аброр Адҳам ўғли


[1] Рушания тариқатининг шайхи

[2] Туркиядаги республика даври назарда тутиляпти.

[3] Эрол Гунгўр, “Ислом тасаввуфи масалалари”, 71-бет

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Ўзини машҳур қиламан деган одам тасаввуф аҳли эмас

1002 11:30 06.05.2021

Тасаввуф ҳақида

996 17:00 20.04.2021

Унинг қурбонлиги қабул бўлмади...

1018 17:00 06.03.2021

Жаҳрий зикр қилишликдаги одоблар

1174 15:16 06.03.2021

Ҳазрат Навоий ва тасаввуф

636 12:30 06.03.2021
« Орқага