Илм

Тасбеҳлар неча мартадан айтилади?

1736

Намоздан сўнг тасбеҳ айтиш ҳақида турли ривоятлар нақл қилинган. Жумладан:

1. 33 марта тасбеҳ, 33 марта таҳмид, 33 марта такбир айтиш. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилади: “Ким намоздан кейин 33 марта “Субҳааналлоҳ”, 33 марта “Алҳамдулиллааҳ”, 33 марта “Аллоҳу акбар” деса, бу 99 та бўлади. “Лаа илааҳа иллаллоҳу ваҳдаҳув лаа шарийка лаҳ, лаҳул мулку ва лаҳул ҳамду ва ҳува ъалаа кулли шайъин қодийр” билан 100 та бўлади. (Ким шуларни айтса,) гуноҳлари денгиз кўпигича бўлса ҳам кечирилади” (Муслим ривоят қилган).

2. 33 марта тасбеҳ, 33 марта таҳмид, 34 марта такбир айтиш. Каъб ибн Ужра розияллоҳу анҳу Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилади: “(Намоздан) кейинги (зикр)ларни айтувчи (савобдан) маҳрум бўлмайди. Ҳар бир намоздан сўнг 33 марта тасбеҳ, 33 марта таҳмид, 34 марта такбир айтади” (Термизий, Насоий ривоят қилган. Ҳадис санади саҳиҳ).

3. 33 мартадан “Субҳааналлоҳ, валҳамдулиллааҳ, валлоҳу акбар” дейиш. Бу ҳақидаги ривоятни Бухорий, Муслим ривоят қилган.

4. 25 марта тасбеҳ, 25 марта таҳмид, 25 марта такбир, 25 марта таҳлил айтиш. Зайд ибн Собит розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Биз ҳар бир намоздан кейин 33 марта тасбеҳ, 33 марта ҳамд, 34 марта такбир айтишга буюрилгандик. Ансорлардан бири туш кўрибди. Унда Расулуллоҳ ҳар бир намоздан кейин 33 марта тасбеҳ, 33 марта ҳамд, 34 марта такбир айтинглар, деб амр қилибдилар. У: “Ҳа”, дебди. У зот: “25 марта қилинглар, улар билан таҳлил (“Лаа илааҳа иллаллоҳ”) ҳам қилинглар”, дебдилар. Тонг отганида ҳалиги одам Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларига бориб кўрган тушини айтиб берибди. У зот: “(Шундай) қилинглар”, дебдилар” (Термизий, Насоий, Аҳмад ривоят қилган. Ривоят санади саҳиҳ).

Бу ривоятга кўра, тасбеҳ, таҳмид, такбир, таҳлил 25 мартадан айтилади.

5. 11 марта тасбеҳ, 11 марта таҳмид, 11 марта такбир айтиш. Суҳайл айтади: “Ўн бир мартадан, ўн бир мартадан (айтади). Буларнинг ҳаммаси 33 марта бўлади” (Муслим ривоят қилган).

Имом Нававий “Саҳиҳу муслим”га ёзган шарҳида: “Суҳайлнинг (тасбеҳларни) 11 мартадан айтилиши ҳақидаги ривояти кўпчиликнинг 33 марта айтилиши борасидаги ривоятига хилоф эмас”, деган.

6. 10 тасбеҳ, 10 марта таҳмид, 10 марта такбир айтиш. Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Икки хислат ёки хусусиятни мўмин банда сақласа, жаннатга киради. У иккиси осон, қилган одамга кам: ҳар бир намоздан кейин 10 марта тасбеҳ, 10 марта ҳамд, 10 марта такбир айтади. Бу тилда 150 та, мезонда 1500 тадир. Агар ўрнига ётса, 34 марта такбир, 33 марта ҳамд, 33 марта тасбеҳ айтади. Бу тилда 100 та, мезонда 1000 тадир”, дедилар. Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уларни қўллари билан санаётганларини кўрганман. Одамлар: “Эй Расулуллоҳ, бу иккиси осон, уни қилганга кам деганингизни қандай тушунамиз?” деб сўрашди. У зот: “Сизлардан бир (киши) олдига (шайтон) уйқуга ётишидан аввал келиб, уларни айтмасидан ухлатиб қўяди, намозда уларни айтишдан олдин бир ҳожатини эслатади”, дедилар” (Абу Довуд, Насоий, Ибн Можа ривоят қилган. Ривоят санади саҳиҳ).

Ҳофиз Ибн Ҳажар Асқалоний “Фатҳул борий”да айтади: “Тасбеҳларнинг 10 мартадан айтилиши ҳақидаги ривоятларга гувоҳларни кўрдим. Бу бобда Аҳмад Али ибн Абу Толибдан, Насоий Саъд ибн Абу Ваққосдан, Абу Довуд, Термизий, Насоий Абдуллоҳ ибн Амрдан, Баззор Умму Саламадан, Табароний Умму Молик Ансория розияллоҳу анҳумдан ривоят қилган”.

Бу бобда келган ривоятларнинг энг машҳури 33 мартадан айтилиши ҳақидагисидир. Бу хусусда Абу Ҳурайра, Али ибн Абу Толиб, Ибн Аббос, Абу Зар, Каъб ибн Ужра, Зайд ибн Собит розияллоҳу анҳумдан ривоятлар келтирилган. Уларнинг нақл қилиниш йўллари ҳам кўп.

Хуллас, намоздан кейин тасбеҳ айтиш мустаҳабдир. Банда хоҳласа, улардан ҳар бирини 10, 11, 25 ёки 33 мартадан айтиши мумкин. Қайси бирини айтса ҳам ҳадисга амал қилган бўлади. Бироқ 33 мартадан айтиш ҳақидаги ривоятлар машҳурроқ.

Зиёвуддин РАҲИМнинг “Намозда хушуъ” китобидан.

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

«Фойдали илмнинг аломатларини биласизми?»

377 12:00 22.11.2019

Аллоҳ айтади: “Агар муваффақият қозонаман десангиз...”

631 19:00 15.11.2019

«Билмайман»ни билмаган олим…

862 09:00 12.11.2019

Мусулмон савдогар риоя қилиши керак бўлган қоидалар

0 19:00 02.11.2019

Замондош уламолар ҳаётида илмнинг ўрни (иккинчи мақола)

290 21:00 24.10.2019

Илмнинг ҳақиқати

350 20:00 24.10.2019
« Орқага