Кобул муфтийси ҳожи Мавлавий Султон Аҳмад Татар Кобул вилояти Ислом уламолари кенгаши раиси этиб сайланди. Бу ҳақда Афғонистон Татар кенгаши раҳбари Забиҳулло Нодирий Татар маълум қилган.
Кобул вилояти таркибига 15 туман, жумладан, мамлакат пойтахти – Кобул шаҳри киради. Вилоят аҳолиси 6 миллионга яқин бўлиб, шундан 4 миллиондан ортиғи Кобулда истиқомат қилади.
«Нуфузли илоҳиёт олими ҳожи Мавлавий Султон Аҳмаднинг саъй-ҳаракатлари билан Кобул шаҳрида уч йил аввал етим болалар учун татар мактаб-интернати ташкил этилган ва фаол ривожланмоқда. У ерда асосан татар оилаларидан бўлган 400 дан ортиқ ўқувчилар яшаб, таълим олади», дейди Кобулда ваколатхонаси очилган Россия мусулмонларининг Қозон хайрия ватанпарварлик жамғармаси бош директори Рустам Хабибуллин.
«Ҳожи Мавлавий Султон Аҳмад қисқа вақт ичида мактаб-интернатдан кучли педагогик кадрлар таркибига эга илғор мактаб яратишга муваффақ бўлди. Эндиликда мактаб-интернатда диний ва дунёвий фанлар, шунингдек, татар тили ўқитилмоқда. Бу йил 17 нафар битирувчининг барчаси Афғонистон, Туркия ва Эрон университетларига ўқишга кирди», — дея қўшимча қилган у.