XXXIII БОБ
Таваккул – хотиржамликсиз безовталик ва безовталиксиз хотиржамликдир (бошқача айтилса: хотиржамликдан безовта бўлиш, безовталикдан хотирни жам қилиш). Бу дегани, фаровонликка ҳам, етишмовчиликка ҳам баробар қараш, бирдай муносабатда бўлишдир. Яъни, Ўз тақдирингизни ҳеч шубҳаланмасдан, иккиланмасдан Аллоҳнинг ихтиёрига тамомила топширишингиз лозимдир. Ана шундагина кўнглингизда ҳеч нарса бузолмайдиган, мустаҳкам хотиржамлик қарор топади. Агар имонингиз хусусида ёхуд диний кўрсатмаларни мукаммал бажармаётганингиз ҳақида Аллоҳ қалбингизга безовталик солган бўлса, унинг иродасисиз (Ўзи хоҳламаса) кўнглингиз хотиржам бўлмайди.
Таваккул тушунчасига аниқлик киритиб, олимлар кўплаб таърифлар беришган:
1. Таваккул – Аллоҳнинг қазою қадарини гап-сўзсиз қабул қилиш, кўнгилни доимо Унга улаш, берган насибаси билан кифояланиш.
2. Таваккул – чора-тадбирдан воз кечиш.
3. Таваккул – фақат Аллоҳдангина тилаш, одамлар қўлидагидан умидвор бўлмаслик.
4. Таваккул – барча нарсада Аллоҳни кифоя деб билиш ва Унгагина таяниш.
5. Фаришталар пайғамбари Жаброил алайҳиссалом дейдилар:
“Таваккул – бу одамлардан тамомила умидни узиш ҳамда уларнинг қўлидан фойда ё зиён ҳам, бир нарса бериш ё қайтариш ҳам келмаслигини англаб олишдир. Таваккулнинг шарти кўнгилнинг Аллоҳдан ўзга нарсадан кечишидир”.
Таваккул – бу пайғамбарлар (алайҳимуссалом) сифатидир.
Итоаткорлик (таслим) – бу Иброҳим Халилуллоҳнинг, барча кору ҳолда Аллоҳга таваккул этиш (тафвиз) ҳазрат Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг муборак сифатларидир.
Таваккулчи мўмин худди онасининг кўксидан бошқа нарсани билмайдиган чақалоққа ўхшайди – Яратганидан ўзгага талпинмайди.
(давоми бор)
"Ахлоқус солиҳийн" китобидан олинди.
Китоб Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича Қўмитанинг 19.12.2019 йилдаги №7231-сонли хулосаси асосида чоп этилган.