Иймон

Таваккул ва амал чорраҳасида

860

Мўмин банда ҳамма нарса Аллоҳнинг иродаси билан бўлади, деган эътиқодига кўра, қалбини фақат У Зотга боғлайди, қалбан У Зотга суянади. Шу билан бирга, мусулмон киши Аллоҳ таоло бу олам ишларини сабабларга боғлаб, бандаларига ўша сабабларни ишга солишни буюргани эътиборидан ҳар бир ишда керакли барча чораларни мучаси билан бажаради. 

Демак, таваккул қалбнинг амали, чоралар муча ‒ аъзоларнинг амали ҳисобланади. Таваккулнинг аъзоларга, аммалларнинг қалбга дахли йўқ. Буларни аралаштириб юбормаслик керак. 

Мўмин банда аъзолари билан сабабларни ишга солишда иймонсиздан фарқ қилмайди, аммо қалбини сабабларга эмас, Аллоҳга боғлаганда худди ҳеч бир амалий чора кўрмагандек Ўзига суянади, фақат Ўзига кўз тикади. 

Уламолар айтадиларки, Аллоҳдан ўзгага таваккул қилиш ‒ ширк, сабабларни ишга солмаслик маъсият бўлади. 

Банда отини боғласа-ю, Аллоҳга таваккул қилмай, қалбан тушовга суяниб қолса, ширк қилган бўлади. Аммо отни қалбан Аллоҳга топширса-ю, уни боғламаса, у ҳолда Аллоҳга маъсият қилган бўлади. Маъсиятдаги кишининг таваккули, илтижоси инобатга ўтмайди. Бу ҳақда ҳадислар ворид бўлган.

Аллоҳ таоло мўминларни Ўзига таваккул қилишга ва керакли чораларни амалга ошиширшга буюрган. Бири қалбга, иккинчиси аъзоларга тегишли буйруқ. Уларнинг бирини қилиб, бошқасини тарк этиш ярамайди.

Таваккул иймоннинг тақозоси, амал Исломнинг тақозосидир. Таваккул ‒ қалбга хотиржамлик берса, амал аъзолар омонлигига сабаб бўлади. 

Чоралар икки тур бўлади: моддий ва маънавий. Моддийси ‒ моддий дунёнинг қонуниятларига оид моддий чоралардир. Маънавийси ‒ моддий дунёнинг ортидаги маънавий оламга оид чоралардир.

Истиғфору тавба, дуо ҳамда хатм ва садақалар каби солиҳ амаллар билан чора қидириш маънавий чоралардан ҳисобланади. Чунки улар бир вақтнинг ўзида қалб ва аъзолар билан амалга оширилади. Бироқ, Аллоҳ бу моддий дунёда моддий чораларни ишга солишни ҳам буюрган. Шу боис, беморга руқия ҳам қилинади, дори ҳам берилади. Аллоҳдан паноҳ ҳам сўралади ва панага ҳам қочилади.

Барча ишларда аъзолар билан моддий ва маънавий чораларни кўриш ҳамда қалб билан Аллоҳга таваккул қилиш билан мўминнинг вазифаси тугал бўлади. Буларнинг ҳеч бири бошқасидан кишини беҳожат қилмайди. Натижа эса Аллоҳ таолонинг беришида. 

Баъзилар моддий сабабларга қаттиқ интилиб, маънавий чораларни паст санаб қолади ёхуд таваккулни унутади. Бошқалар эса маънавий чораларга берилиб, моддий сабабларга бепарво бўлади. Айрим кишилар буларни ҳатто бир-бирига зид кўради. Аслида эса булар бир бутун борлиқдир, бир жисмнинг зоҳиру ботинидир.

Мўмин банда барча сабабларни ҳозир қила туриб, қалбини уларнинг Яратувчисига боғлаш ва натижани ҳам Ундан кутиш орқали бандаликнинг энг олий наумунасини намоён этади. Бу билан у моддий дунёдан устун бўлади. 

Аллоҳ таоло айтади:

«Улар билан машварат қил. Азму қарор қилгач, Аллоҳга таваккул қил! Албатта, Аллоҳ таваккул қилгувчиларни яхши кўради!»
(Оли Имрон Сураси, 159-оят)

«Иймон келтирмайдиганларга: «Сизлар ҳам ўз ҳолингизча амал қилинг, биз ҳам амал қилувчимиз», деб айт».
(Ҳуд сураси, 121-оят)

«Ўлмайдиган Ҳайй ‒ Барҳаёт Зотга таваккул қил!» 
(Фурқон сураси, 58-оят)

«Ким Аллоҳга таваккул қилса, У унга етарлидир».
(Талоқ сураси, 3-оят)


Ҳасанхон Яҳё Абдулмажид

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Бир ҳадис шарҳи: Мўъмин ўз вазифасини бекаму кўст бажаради

543 11:53 18.09.2020

Мўмин насиҳатга қулоқ тутади...

368 19:20 10.09.2020

Фаросати акасини қутқариб қолди

963 08:55 30.06.2020

Мўмин киши лоқайд бўлмайди!

1487 07:00 30.06.2020

Мўъминнинг сифатлари...

802 04:00 14.05.2020

Саҳарлик ҳақидаги савол-жавоблар

835 09:00 28.04.2020
« Орқага