Илм

Тавба сураси тафсири

484

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

 

Аллоҳ Тавба сурасида шундай марҳамат қилади:

Тавба 5. Бас, ҳаром ойлар чиққанда, мушрикларни қаерда топсангиз, ўлдиринглар, тутинглар, қамал қилинглар ва уларни ҳар бир кузатиш жойида пойланглар. Агар тавба қилсалар, намозни тўкис адо этсалар ва закотни берсалар, йўлларини бўшатиб қўйинглар. Албатта, Аллоҳ ўта мағфиратлидир, ўта раҳмлидир.

Сиртдан қаралса, ўта шафқатсиз амрга ўхшайди. Кўпчилик, жумладан, мусулмонлар ҳам оятнинг фақат биринчи ярмига эътибор берадилар.

«Бас, ҳаром ойлар чиққанда, мушрикларни қаерда топсангиз, ўлдиринглар, тутинглар, қамал қилинглар ва уларни ҳар бир кузатиш жойида пойланглар».

«Аллоҳ «Мушрикларни қаерда учратсангиз, ўлдиринглар, асир олинглар, қамал қилинглар ва уларни ҳар жойда пойлаб туринглар», деган, «Ундай ёки бундай қилиш лозим», дея кўп гапирадилар. Лекин воқеъликни ҳамда оятнинг иккинчи ярмини эсдан чиқарадилар.

Маълумки, мушриклар билан урушлар Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳижратларидан кейин бошланган, жами ўттизга яқин уруш ва тўқнашув бўлган, уларда икки юзга яқин мушрик ўлган. Тарих китобларида уларнинг номлари ҳам айтиб ўтилган. Яъни ҳамма нарса аниқ ва ҳужжатли. Қолаверса, бу оятдаги амр йигирма икки йиллик сабр-чидам натижасидир. Бошқача айтганда, тушунтириш, турли йўлларни ахтариш ва аҳднома тузишлар наф бермаганидан сўнг, шунингдек, чор атрофни хавф-хатар ўраб олгандан кейин Ислом марказини ички душмандан тозалаш ниятида қилинган буйруқдир. Бу амрдан мақсад одамларни қириб ташлаш эмас, балки ҳақиқатни яхшилик билан тушунмаганларга бир оз таъсир ўтказиш экани оятнинг иккинчи ярмидан ҳам билиниб турибди.

«Агар тавба қилсалар, намозни тўкис адо этсалар ва закотни берсалар, йўлларини бўшатиб қўйинглар».

Демак, бунда йигирма икки йиллик азоб-уқубат, мушриклар етказган жароҳатлар учун ўч олиш фикри йўқ. Улар тавба этиб, ширкдан қайтсалар, иймон келтириб, мусулмонлик амалларини қилсалар, жумладан, намоз ўқиб, закот берсалар, бўлди, ўз йўлларида кетаверадилар, уларга ҳеч ким тегмайди. Улар ҳам исломий жамиятнинг тўла ҳуқуқли аъзолари бўладилар.

«Албатта, Аллоҳ ўта мағфиратлидир, ўта раҳмлидир».

Аллоҳ уларнинг аввалги гуноҳларини кечиради, уларга раҳм-шафқат кўрсатади.

 

Муаллиф Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф

Манба tafsirihilol.uz

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Ҳижр сураси тафсири

302 06:30 28.03.2020

Иброҳим сураси тафсири

238 06:30 27.03.2020

Эндиям тавба қилмайликми?..

930 23:30 26.03.2020

Агар ночор бўлса, имкон топгунча сабр қилиб туринг

1091 13:18 25.03.2020

Расулуллоҳ (с.а.в.)нинг аёллари билан муомалада ташқи кўринишлари

912 12:00 25.03.2020
« Орқага