Ахлоқ

Тавбанг қабул бўлмас сани...

1354

Даврий нашрлардан бирини варақлай туриб, аллақайси “юлдуз” хонанда билан бўлиб ўтган “Мен отамни кечирдим” сарлавҳали суҳбатга кўзим тушди. Билмадим, балки ақлим шу ўринда бироз панд бергандир-у, аммо фарзанд қандай қилиб отасини айбдор қилиши ва гуноҳини бўйнига қўйиб, охири раҳм-шафқат назари билан қараган ҳолда кечириб юбориши тўғрисида ўйланиб қолдим. Иттифоқо, бир ҳикоят ёдимга тушди. Донишманддан, “Отангиз сизга қандай яхшиликлар қилган?”, деб сўрашганида, “Падари бузрукворимнинг менга қилган энг буюк яхшилиги – мени дунёга келтиргани. Мен жонимни фидо қилиб, отамнинг қарзини узишга уринсам-да, ана шу биргина илтифоти олдида ожиз қоламан”, деб жавоб қилган экан. Ривоятдаги ҳидоят лўнда: Ота – буюк зот!

Мазкур ҳикмат мағзини шоҳ Машраб ҳам ифодалаган:

Ер юзига қанча минг масжид бино гар қилса ул,

Ҳам яна кўприк- работу, мадраса кўп қилса ул,

Кунда юз минг оч-яланғочларга  либосу нон берса ул,

Илмли ҳолу, илму қол кашфу каромат қилса ул,

Ҳар кишининг ота-онаси гар рози эмас,

Ҳазратим уммат демас, ҳам Худо бандам демас...

Фарзанд учун бу дунёда унга ҳақли бўлган кишилар – ота-онасини айбдор қилиш, камига “майли-да, мен сизни кечирдим!” деб иддао қилиш, бу ҳам етмагандек, газета орқали уни бутун оммага ошкор қилиш... Водариғ, бу не кўргулик?!.. “Ёш-да”, дерсиз. Бироқ ёшлик, бу қандай маънавий ҳуқуқки, у ўз падари бузрукворини эл-улус олдида шармисор этишга изн берса? У қандай ваколатки, ундан фойдаланган ҳолда сени дунёга келтирган қиблагоҳингни қайсидир гуноҳидан ўтишдек ваколат яратса?!

 Тўғриси, ўша мақолани ўқигим ҳам келмади. Назаримда, газетада чоп этилган ўша суҳбатни ўқисам, гуноҳга ботиб қоладиганга ўхшадим. Дарҳақиқат, ота-онани айбдор қилиш, уларни камситиш – гуноҳи азим ҳисобланади. Қуввайи ҳофизам, абгор қалбимга малҳам излаб яна “Шоҳ Машраб” қиссасидан мана бу байтларни топди:

Аз амри худо баландтар аст амри падар,

Бе амри падар касе бажое нарасад,

Жаннат, ки ризойи модарон аст,

Зери қадамони модарона аст.

Яъниким:

Худонинг амридан отанинг амри юқори туради,

Отанинг амрисиз киши ҳеч қаерга етолмайди.

Бизнинг ризолигимиз бўлган жаннат,

Оналар қадамлари остидадир.

Буюкларимиз ота-оналарига эътиром кўрсатиб, уларнинг пойи қадамларини тавоф қилиб юксак мартабаларга етганлар. Биз эса иккита шеър ёзиб ёки учта “хит” қўшиқ куйлаб, ўзимиздан кетяпмиз. Боз устига отамизга оталик қилиб, уни кечирсак ва ўз кечиримлилигимизни эл аро кўз-кўз этишдан уялмасак, бу не разолат бўлди?!

Ёшларнинг феъл-атворидаги қусурлар, енгил ҳаётга ўчлик, оқибатсизликлар ҳақида гап кетса, дарровгина, “тарбия-да, ҳозирги ота-оналар тарбияга бефарқ бўлиб қолган”, деб қўя қоламиз. Қайсидир маънода бу фикр ҳам тўғридир. Аммо, бу хилдаги кескин мушоҳада бир томонлама қараш эмасмикин? Маҳалламизда ёши улуғ отахон яшарди. Кексайиб, илкидан қувват кетгунларича уста-дурадгорлик қилиб, элнинг корига ярадилар. Тўрт ўғил, беш қизни вояга етказиб уйли-жойли қилдилар. Аммо...

Гап шундаки  ота қазосидан аввал бироз муддат бемор бўлиб ётдилар. Бошлари ёстиққа тегиб, бир қошиқ овқат, бир қултум сувга муҳтож бўлганларида фарзандларнинг ҳеч бири жонга оро кирмади. Майли, қизларни бировнинг ҳасми, турмуш ўртоғи, қайнона-қайнотасининг измидан ўтолмайди, десак, ўғилларга-чи, ўғилларга нима бўлган?! Аччиқ, аммо очиқ саволга  элнинг ўзи жавоб топди: “Худодан қайтди устага!-деди одамлар,- У ҳам бир пайтлар  хотинининг измидан чиқолмай, мункиллаб қолган отасининг корига ярамаган экан. Бир кун келиб унинг ўғиллари ҳам шу кўргуликка гирифтор бўлади!” Ана шунақа, халқнинг гапи ҳақ, ҳақники аччиқ бўларкан.

Ҳар бир ўғил-қизнинг ота-онаси олдидаги қарзи, фарзандлик бурчи-ку, юқоридаги хизматлар. Нега ўткинчи дунё васвасаларидан ошиниб, бизни бор қилган, яхши яшаб, элдан кам бўлмаслигимизни истаб, роҳатидан кечган азизларимизнинг меҳнатини, ҳақини адо этиш биз гумроҳ болаларга малол келади?!

Бир пайтлари обрўли амалдорлардан бўлган отахон ўзи яшаб турган уйини қўшнисига хатлаб бергани ҳақида эшитиб ҳайратим ошди:

– Отанинг ўғил-қизлари, неваралари бор эди, шекилли? – суҳбатдошимга тикилдим.

– Ҳа, икки ўғил, бир қизлари бор. Ўғиллари эътиборли кишилар, кўпчиликнинг даврасида юради. Қизлариям ўқитувчи. Туман марказида истиқомат қилади. Саккизта неваралари бор.

– Унда нимага уйларини қўшниларига... – чайналаман…

– Э сўраманг, – суҳбатдошим афсусланганнамо қўл силтайди. – Аёли вафот этгач, ота хор бўлди. Аввалига қизи келиб, кир-чири, ош-овқатига қараб юрди, лекин унинг ҳам рўзғори, бола-чақаси бор. Уйи ота ҳовлисидан анча олисда бўлса. Ўғиллар эртадан кечгача ишда, келинлар бир пиёла иссиқ чой тутиб қайнотани йўқюламайди. Отахонни қўни-қўшни, савобталаб инсонлар ёши ўтинқираб қолган бир аёлга уйлалаб қўйишди. Болалари, тўғрироғи ўғиллари билан келинлар ўша камнинг ҳам бошига кўп кўргуликларни солди. Охири ота, “менинг тинчлигимни бузадиган сизлардай фарзандим йўқ. Энди остона ҳатлаб уйимга қадам босманглар. Ўлсам ўлигим кўчада қолмас”, деб ўғилларидан қаттиқ ранжибдилар. Қаричилик, касал бўлиб ётиб қолганларида, фарзандлари бирров кириб хабар олмабди ҳам. Бола ўз отасидан ҳам хафа бўларканми?! Икки кун шу алфозда ётиб касаллари оғирлашиб қолганидан хабар топган қўшнилари дарҳол отахонни касалхонага ётқизибди. То тузалиб оёққа турганларича, эр-хотин иккаловлари отадан бохабар бўлиб туришибди. Энг ачинарлиси, оталари йигирма кун касалхонада ётгану ўғиллар бир маротаба ҳам ҳол сўраб йўқлашмаган. Касалхонадан уйга қайтган отахон қўшниларини чақириб, ўзлари яшаб турган ҳовлиларини бутунлай уларга хатлаб берибдилар. Ҳозир ҳам ўша қўшнилари чол-кампирнинг иссиқ-совуғидан хабардор бўлиб туришади. Фарзанд деймиз, бола деймиз, оч қолмасин, юпун юрмасин, товонига ниш кирмасин, озор топмасин деймиз, охири улардан олган мукофотимиз шу бўларкан-да...

Суҳбатдошимнинг дарднок чеҳрасига қараб юрагимнинг туб-тубида дард симиллайди. Болаларининг оқибатсизлигини тарбияга тўнкайверамиз, ахир энг ёвуз кимсалар ҳам боласига “меҳрсиз, оқибатсиз, тошбағр бўл” демайди-ку...

Эй, ота! Воҳ, она! Қандай “оқибат”ли фарзандларинг бор-а?! Тунов куни фалончининг ошида қулоғимга астагина шипшиди. “Мана шу қазо қилган киши отам билан тенг. Демак, менинг дадам ҳам қариб қолибдилар-да, -деди у,- беш кунликлари бор-йўқ, энди у кишини ўзим парваришлайман. Қабрга ўзим қўяман”.

Қара, қандай “оқибат”ли, “ғамхўр” ўғлинг бор; сенинг қазойингни ўйлаб ташвиш тортяпти. Ўкинма ота. Аслида оқибат деганлари ана шундай икки хил бўлади. Ота боламнинг камолини кўрай, деб оқибат қилади. Бола эса... Майли, Худо хайрини берсин фарзандларимизни. Омон бўлишсин. Орқамизда қолишсин.

Кўнглимдан кечган бу ўйларни қоғозга тушириш ниятим йўқ эди. Ўқувчидан, “жуда кўп ёзилган, эскирган мавзу” деган маломатни эшитишдан чўчидим. Бироз фурсат мушоҳада юритиб, ота-онага бўлган меҳр-муҳаббат, оқибат туйғулари ҳамиша ўз оҳорида туришига ишонч ҳосил қилдим ва мулоҳазаларимни сиз азиз муштарийга илиндим. Ўйлайманки, каминангиз қаламга олган мавзу зукко газетхоннинг эътиборидан четда қолмайди. Сўзларим интиҳосида яна шоҳ ва девона шоир  Бобораҳим Машраб ҳазратларининг ушбу пур ҳикмат сатрларини келтириб ўтмоқликни лозим топдим:

Эй кўзимнинг шаъмию ҳам нури дийдам равшани,

Одамий имонга етмай ҳеч вақт бўлмас ғани.

Мардумозори қилиб, бўлма Худонинг душмани,

Осмонга етса бошинг қилмагил моумани,

То отанг рози эмас тавбанг қабул бўлмас сани...

Умида АЗИЗ

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

«Блоггерларинг келадими, ё шунча ерни бекорга бервордикми?»

1950 20:30 07.10.2019

Жониворларнинг ҳақлари

745 18:00 05.10.2019

Исломга чақирувчилар учун ихлоснинг зарур эканлиги

406 23:05 10.09.2019

Кунлар ўткинчидир

337 15:05 10.09.2019

Борига қаноат қилиш ғамни кетказади

455 14:05 09.09.2019

Икки ҳайит намози боби

458 14:00 29.07.2019
« Орқага