Тазарру

12:05 28.08.2019 589

   
Фалаж ҳолида ётган одам номидан

Касалман!
ўлгим келмас.
Ўлим азоби ёмон.
Англайман!
Ўлмай бўлмас,
Азроил қўймас омон...

Қўрқаман...
эрта ўлсам,
Қабр азоби кутар...
Эҳ, буни ўйлар бўлсам...
Қалбимни титроқ тутар!

Англайман,
Бир кун келиб,
замон ҳам бўлар охир.
Қабр азобидан ҳам
Маҳшарни ўйлаш оғир...

Маҳшар куни амаллар, 
Сарҳисоб қилинади,
Ким жаннат,
ким дўзахга
...ўша кун билинади.

Жаннат – абадий ҳузур,
Эҳ, эсласанг жон кирар.
Одамлар бир-бирига,
САЛОМ, САЛОМ, деб юрар.

Дўзах – абадий азоб,
Эсласанг, эсинг кетар,
Тошлар ёнгувчи гирдоб,
Борган одамни ютар...

Қўрқаман....
Жонимда,
танимда титроқ,
ўтган умрим ўтар хаёлдан бир-бир.
Гуноҳ,
яна гуноҳ,
яна бир гуноҳ...
Амалим бормикан савобга арзир...

Онам розимикан?
Отам розими?..
Уларнинг ҳаққини адо қилдимми?
Силаи раҳмда анча суст эдим...
Хешу ақрабодан савоб олдимми? 

Йиллаб менга арзин айтолмай юрган,
Яшириб яшаган турфа нозини...
Умрини мен билан тенг баҳам кўрган,
Аллоҳ омонати – завжам розими?..

Тарбиа қилдимми фарзандларимни,
Луқмасига ҳаром қўшмадиммикан?
Кўпроқ севар эдим, уй-рўзғоримни,
Сарфида ҳаддимдан ошмадиммикан?

Қай бир фарзандимда солиҳ амал бор?
Қай бирида иймон нурини кўрдим?
Улар илм олмай юрганда бекор,
Аллоҳим!!! 
...мен нега хотиржам  юрдим?!


Садақам бормикан
Мискинга берган?
Қай бир қўлим етим бошин силаган?
Дўстим борми
менга иймон сўраган,
ҳаққа даъват қилган, 
сабр тилаган!

Аллоҳ касб берганди
Ҳалол ризқлан, деб...
Ҳалол юритдимми касбу коримни?
Ва ё алдандимми?
Дунё ғамин еб...
Йўққа йўйдимми,
қўлда боримни...

Ҳавасига учмай
тамагир қалбнинг
Аллоҳ мезонини англадиммикан?..
Эшигимдан келган эҳтиёжманднинг
Дардларини тўлиқ тингладиммикан?!

Муҳташам қасрлар
Орзуим эди...
Ҳар кун менга рибо тутарди шайтон...
Не дейин 
етганда қазоим энди,
Қурган биноларим
уй эмас – АРМОН.

Қарз...
Қанча қарзим бор?..
Қарзларимнинг барин тўлаганмидим?
Кимларнинг кўнглига берганман озор,
Улардан кечирим сўраганмидим?

Узр сўрадимми ўксик дўстимдан?
Дилозор қўшнидан, ҳамкасб улфатдан.
Кимлардир кулгандир менинг устимдан,
Улардан ризолик сўрадиммикан?..

Қанча намозим бор?.
Рўзам саноқли.
Амалларим кўпмас,
Мен ўйлаганча...
 “Ҳаж” сўзи мен учун бунча мароқли...
Закот берганмидим
Аллоҳ айтганча?

Қани кўп бўлсайди,
Фарз амалларим,
Бунчалар ғуссада қолмасмидим мен?!
Ишлаганда эди
Оёқ-қўлларим
Солиҳ амаллардан толмасмидим мен?!

Мен ҳам Расулуллоҳ уммати эдим,
Салом, саловатнинг қадрин билдимми? 
Шафоатдан доим умидвор бўлдим,
Аммо суннатига амал қилдимми?

Менинг ҳолатимда,
Имо – ибодат...
Аллоҳга саждалар қилгим келади,
Бу ётишга менда асло йўқ тоқат,
Менинг ҳам саждада ўлгим келади...

Касалман, 
Ўйларим касалларга хос...
Аллоҳдан бошқа ҳеч юпанчим йўқдир!
Тилагим соғларга насиҳат, холос...
Ё Аллоҳ!!!
                       ....мендайлар дунёда кўпдир!

Анвар Бўронов

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!