Марказий Осиёдаги эътиборли уламолардан бўлган қирғизистонлик Кимсанбой Абдураҳмонов вафот этгани ҳақидаги хабар келди.
Кимсанбой Абдураҳмонов 1940 йилда Фарғона вилоятининг Янгиобод қишлоғида таваллуд топган.
Қирғизистоннинг биринчи муфтийси бўлган Кимсанбой Абдураҳмонов Мир Араб мадрасасида таълим олганидан сўнг, “Совет Шарқи мусулмонлари” журналида бир неча йил хизмат қилган. 1976-1980 йилларда Уммон шаҳридаги ислом университетининг шариат факультетида таълим олган.
Кимсанбой Абдураҳмонов 1987-1989 йилларда Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари диний назоратининг фатво бўлимида ишлаган. 1990 йилдан 1992 йил ўртасигача диний назоратнинг Қирғизистондаги вакили, Қирғизистон қозиси бўлиб ишлаган. Кимсанбой ҳожи Абдураҳмонов шу йилнинг август ойида ўтказилган Қирғизистон мусулмонларининг биринчи қурултойида янги тузилган Қирғизистон диний бошқармасининг раҳбари ва муфтий этиб сайланади. 1992 йилда унинг ташаббуси билан Бишкекда диний мадраса очилади. 1993 йилда ушбу мадраса Ҳазрати Али номидаги ислом институтига айлантирилади. У бундан ташқари Қирғизистонда кўплаб масжидлар қурилишига ҳам эътибор қаратган. Собиқ Иттифоқ даврида Республикада 36 та масжид бўлса, Кимсанбой Абдураҳмоновнинг ташаббуси ва тадбири билан уларнинг сони мингдан ортган эди.
Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло марҳум домланинг барча солиҳ амалларини ҳусни қабул қилиб, ўзларига ҳамроҳ айласин, Ўз мағфиратига олиб, барча билиб-билмай қилган хато-камчиликларини кечирсин. Ўз раҳматига олиб, қабрларини жаннат боғчаларидан қилиб, охиратларини обод айласин!
Иннаа лиллааҳи ва иннаа илайҳи рожиъун!