Тазкия дарслари (3-дарс)

21:00 07.12.2018 355

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Тасаввуфга оид таассуротлар

Тасаввуфга бўлган дастлабки алоқани камина ходимингиз хотирасидаги баъзи чизиқлар орқали англашга ҳаракат қилиб кўрайлик.

Оқ-қорани ажрата бошлаганимизда, масжид муаззинини «сўфи» дейишларини англадик. Аммо ҳали муаззин ҳақиқий маънодаги сўфий эмаслигини англай олмас эдик. Кейинроқ, янги жойга кўчиб ўтганимизда, қўшниларимиздан бирларини кишилар «сўфий» деб аташларидан, масжиднинг муаззинидан бошқа одам ҳам сўфий бўлишини тушундик.

Қиблагоҳимизнинг  Бухородаги «Ҳасти Баҳоуддин Нақшбанд» мажмуаларида масъул бўлиб ишлаганлари ҳақидаги эсдаликларидан сўфий ва тасаввуф ҳақида дастлабки тушунчаларни ола бошладик. Аммо бу тушунчалар Баҳоуддин Нақшбанд раҳматуллоҳи алайҳининг зиёратлари, зиёратчилари, туғбардор ва у ерга шифо умидида келтирилган мажнунлар ҳамда уларнинг ўша ерда ишлашларию шифо топишлари ҳақида эди.

Гоҳида қиблагоҳимиз Баҳоуддин Нақшбанд турбатлари атрофида ишлаб турганларида ўзларига алоҳида илтифотни англатувчи тушлар кўрганларини ҳам айтиб берар эдилар.

Аста-секин ҳали у қишлоқда, ҳали бу қишлоқда бўлган зикр тўпланишлари, ундаги ҳодисалар ҳақида ҳам маълумотларни англай бошладик. Зокирларни миршаблар қувгани, уларни ушлай олмагани ҳақидаги хабарлар ҳам тез-тез тарқалиб турар эди. Ўша вақтларда бу мавзу ҳақида яроқли савол бериш ҳам, берилган са-волга қониқарли жавоб олиш ҳам қийин эди.

Бухорои шарифдаги «Мир Араб» диний ўқув юртига кирганимда, қиблагоҳимизнинг топшириқларига биноан, бузрукворнинг зиёратгоҳларига яширинча бордим. Ўша кунлари Баҳоуддин Нақшбанд ҳазратларини туш ҳам кўрдим. Бу тушни бировга айтмаган бўлсам ҳам, ўзимча яхши башоратга йўйдим.

«Мир Араб»да талабалар орасида тасаввуф ва унинг аҳли ҳақида бўлиб ўтадиган турли тортишувларни катта қизиқиш билан тинглар эдим. Асосан аҳли тариқат оиласида ўсган талабалар бу ишнинг ҳимоячиси бўлишарди. Улар машойихларга тил теккизиш мумкин эмаслигини бошқаларга англатишга куйиб-ёниб ҳаракат қилишар, бошқалар эса бу йўлга кирганларнинг «кирдикорларини» айтиб, тасаввуфни танқид қилишарди.

Энди ўйлаб кўрсак, биринчилари соф тасаввуф ҳақида гапирган бўлсалар, иккинчилари ўзлари кўрган бузуқ тасаввуф ҳақида гапирган эканлар. Ўша кезлари баъзи устоз ва талабаларнинг сўфийчиликка яширин равишда уринаётганлари ҳам маълум бўлди. Агар зикр ва шунга ўхшаш ишга очиқ равишда яқин бўлсалар, «фанат»ликда айбланиб, жазога тортилишлари турган гап эди.

Аммо Доғистондан ўқишга келган болалар улар тарафда ҳар жума намозидан кейин масжидларда ошкора зикр ҳалқалари бўли-ши ва ўша ҳалқаларда нималарни кўриш мумкинлиги ҳақида оғиз кўпиртириб гапиришарди. Мен эса коммунистлар империясининг бир жойида зикрга рухсат борлиги ва бошқа ерида унга рухсат йўқлигидан ажабланар эдим.

Чет элдаги олий Ислом ўқув юртида ўқиб юрган кезларимда илк бор тасаввуф бўйича илмий дарслар тинглаш насиб қилди. Лекин барибир бу соҳа ҳамма тарафдан ноаниқ бўлиб тураверар эди.

Ўша вақтларда аллома Абул Ҳасан Надавий раҳматуллоҳи алайҳининг «Роббонийлик раҳбонийлик эмас» номли китоблари қўлимга тушиб қолди. Аввал мен бу улкан олимнинг «Мусулмонларнинг таназзулга тушишидан олам нимани йўқотди?» деган китобларини ўқиган эдим. Шунинг учун «Роббонийлик раҳбонийлик эмас» номли китобларини ҳам катта қизиқиш билан ўқий бошладим. Бу китобдан анчадан буён жавоб тополмай юрган саволларимга жавоб топдим. Шунингдек, китоб Ислом оламида донғи кетган зотнинг қаламига мансублиги алоҳида ҳузур бахш этар эди.

Ёзги таътилга келганимда, юртимизда бўлиб ўтган исломий анжуманлардан бирида чет эллик қатнашчиларни Бухорои шариф билан таништириш пайтида меҳмонлар орасида тасаввуф ҳақида тортишув келиб чиқди. Бирлари бу ҳақда ижобий фикр айтса, бошқалари салбий фикр айтар эдилар. Тортишув асосан автобусда бўлар эди. Ўшанда мен таржимон сифатида уларга бириктирилгандим. Меҳмонлар орасидаги тасаввуф ҳақидаги тортишувни эшитиб, мен ҳам юқорида зикр қилинган китобда ўқиганларимдан баъзи нарсаларни айтдим. Бу гаплар қайси китобдан олинганини ҳам эслатдим. Шунда меҳмонлар мазкур гаплардан рози бўлдилар. Кейинроқ бу гапларни қандай қилиб юрак ютиб айтганимни ўзим ҳам тушунмай юрдим.

Аста-секин бошқа соҳалар каби, тасаввуф соҳасида ҳам билимимиз орта борди, турли китоб ва мақолаларни ўқидик, суҳбатларда қатнашдик. Айниқса қиблагоҳимизнинг ўзлари қиладиган зикрлари ва тунги ибодатлари бизга катта таъсир кўрсатар эди. У кишининг Аллоҳ таоло исмларининг хусусиятини билиш учун «Руҳул баён» тафсирига мурожаат қилишлари алоҳида қизиқишимга сабаб бўлар эди. Мен ҳам ўша китобни очиб, қайта-қайта ўқир эдим.

Бу орада чет элдаги таҳсили илмни тамомлаб, юртимизга қайтиб келдим. Ўша пайтда тез-тез ташриф буюрадиган меҳмонларга таржимон бўлиб юриш ҳам насиб этиб турарди. Меҳмонларнинг ичида энг кўп келадигани Суриянинг бош муфтийси Аҳмад Куфтору ҳазратлари эди. У киши Нақшбандия тариқати шайхларидан бўлиб, кўплаб муридлари бор эди. Аҳмад Куфтору ҳазратлари ўша вақтда мажлислари такрор-такрор чақирилиб турадиган «Диний арбоблар тинчлик учун курашда» ташкилоти раҳбарларидан бири эдилар. Ушбу ташкилот тез-тез мажлислар, турли йиғилишлар ўтказарди. Совет ҳукумати Ғарбга қарши олиб бораётган совуқ уруш тақозоси билан ана шу ташкилотни ва бошқа бир нечта муассасаларни тузган эди. Аҳмад Куфтору ҳазратлари ўзаро суҳбатларда доимо тасаввуф ҳақида сўз юритар эдилар.

Деярли ҳар сафар Аҳмад Куфтору ҳазратларига мен таржимонлик қилар эдим. Бир сафар у киши менга Ибн Қудома Мақдисийнинг «Мухтасари Минҳожил Қосидин» номли китобини совға қилдилар. Шу билан бирга, бу китоб руҳий тарбия борасида ўта муҳим эканлигини, ҳар бир исломий ўқув юртда дарслик сифатида ўқитилиши лозимлигини қайта-қайта таъкидладилар. Китобни эҳтимом билан ўқий бошладим. Бу асар Ҳужжатул Ислом имом Ғаззолийнинг «Иҳяу улумиддин» китобининг мухтасарининг мухтасари эди. Мазкур китобни Москвадан Тошкентгача поездда ўқиб келдим ва ундан жуда кўп нарсаларни ўргандим.

Гоҳида Аҳмад Куфтору ҳазратлари билан бирга ёки алоҳида у кишининг яқин одамлари ҳам келиб қолишар ва тасаввуф ҳақида қизиқарли суҳбатлар қуришар эди. Баъзида улар «нақшбандия хатми» дея зикр мажлислари ҳам ўтказар эдилар. Москвадаги машҳур «Советская» меҳмонхонасида ўтказилган бундай зикр-ларда мен ҳам қатнашардим.

Аҳмад Куфтору ҳазратлари биздаги зокирларнинг аҳволи ҳақида маълумотга эга эдилар. Баъзи вақтда сулукдаги шайхлар ҳақида саволлар ҳам бериб қолар эдилар. У кишининг ҳамроҳлари ичида ғоят билимли Муҳаммад Башир Баний исмли шайх менга ҳам кўп нарсаларни ўргатган эди.

Тошкент Ислом институтида мудир ноиби бўлиб ишлаб юрган пайтимда идорадаги китоблар ичида Ал-Азҳар дорилфунунининг шайхи, асримиздаги кўзга кўринган аҳли тасаввуфлардан бирлари Абдул Ҳалим Маҳмуд раҳматуллоҳи алайҳининг бир неча китобларини ўқиб, кўпгина фойда олдим. Мазкур китобдаги баъзи фикрларни айтиб ҳам юрдим. Ўшанда кўзга кўринган шарқшунослардан бири «Бу иш ширк эмасми?» деган фикрни ҳам айтган эди.

Шу билан бирга, тасаввуфга қарши бўлган томонларнинг фикрлари билан ҳам танишиб бордим, гоҳида қизғин тортишувларнинг тирик гувоҳи бўлдим. Ўша пайтларда Жазоирда ҳар йили бўладиган «Ислом фикри» илмий анжуманларидан бирида инсоний илмларга бағишланган йиғилишда айниқса шиддатли тортишувларни кўрдик, эшитдик. Ўша тортишувларда кўпчилик: «Мусулмонларнинг саксон фоизидан ортиғи сўфийдир», деса, баъзилар: «Аллоҳ мени сўфий қилмаганига шукр», дер эди. Ҳар икки тараф ўзининг далил ва ҳужжатларини келтирарди.

Кейинчалик катта ўзгаришлар бўлиб, диний идорага раис этиб сайланганимда, ҳамма қатори, аҳли тасаввуф ҳам юзага чиқа бошлади. Баъзилар ўз шогирдлари билан келиб, «Тилла шайх» масжидида зикр ҳам ўтказишди. Ўшанда бу ишлардан унча хабарим бўлмаса ҳам, кўпгина кишиларда кечган ҳолатлар ҳақида менда яхши таассурот қолмаган, бу мавзу ўта ҳассос бўлгани учун, ҳозирча унинг қўзғалмай тургани маъқул, деган фикрда эдим. Шу боис бу мавзу қўзғалмай қолди ҳам.

Аллоҳ таоло насиб қилиб, Маккаи Мукаррамада «Мажаллатул Буҳусил Исламия» деган журналда Саудия Арабистонининг кўзга кўринган уламоларидан бирининг тасаввуф ҳақидаги мақоласини ўқиб қолдим. Унда тасаввуфнинг ҳамма танқид қиладиган тарафлари танқид қилинган эди. Тўғрироғи, тасаввуфга бегона бўлишига қарамай, унга нисбат бериладиган нарсалар танқид қилинган эди. Бошқа томонларига нисбатан яхши фикрлар билдирилган эди. Анча вақтгача, нима учун бу ернинг одамлари ҳам, бошқалар ҳам ушбу мақоладаги фикрларни эсга олмай, доимо бир-бирлари билан тортишиб юрадилар, деган хаёлда юрдим.

Кейин Туркияда бўлиб, сўфийларнинг турли тоифаларини кўрдик. Бу юртда кўп нарса тасаввуф ва шайхлар атрофида айланишини англаб олиш ҳар бир меҳмон учун ҳам қийин эмас. Турли тариқатлар ва турли шайхлар ўз одамлари ва муассасаларига эга. Шахслар ва ташкилотлар билан танишишда ҳам «Бу фалончи шайхнинг одами», «Бу фалончи шайхга қарашли муассаса», деб таништирилади. Шайхларнинг аксарияти Нақшбандия тариқатига мансуб, бошқа тариқатларнинг ҳам саноғига етиш осон эмас. Бинобарин, ҳар бир мурид ўз шайхидан бошқани эътироф қилмаслиги, унинг учун ҳамма нарса ўз шайхи эканлиги ҳам сир эмас. Айни пайтда тариқатлар ва уларнинг аҳлларини танқид қилувчилар оз бўлса-да, топилади.

Туркияда тариқат мадҳи, тасаввуф ва шайхлар ҳақидаги муболағали гаплардан ташқари илмий баҳслар ва китоблар ҳам мавжуд. Ана ўша китоблардан ўқиш бизга ҳам насиб қилди. Турк тилидаги китобларни ўқишни ўрганиш унча қийин ҳам бўлмади. Бу ерда эски китоблардан ташқари янги китоблар ҳам бор эди.

Мавлоно Жалолуддин Румий ва Имоми Роббонийнинг китоблари билан бирга, ҳозирги замон авлоди қаламига мансуб китобларни ўрганиш ҳам жуда қулай. Имоми Роббонийнинг машҳур «Мактубот»лари кўпгина жойларда дарс қилиб ўтилади ҳам. Мен ҳам бу китобнинг арабча нусхаси билан айнан Туркияда танишдим.

Либияда давлат миқёсида тасаввуф билан шуғулланишга ҳаракат қилинаётган экан. У ерда тасаввуф тариқатларининг умумжаҳон биринчи учрашувини ўтказишга тайёргарлик бошланди. Бу жараёнда мен ҳам қатнашдим.

Анжуманда тасаввуф ҳақида жуда кўп гаплар бўлди. Энг муҳими, тасаввуфнинг ҳақиқий маъноси ўзини намоён қилди. Турли тариқатларнинг зикрлари ҳам бўлди. Анжуман ҳужжатларини тайёрлаш иши билан банд бўлганим учун у ажойиботларни кўра олмадим. Аммо кўрганлардан эшитдим: зикр чоғида ўзидан кетишлар, тананинг ташқи таъсирдан бехабар бўлиб қолиши каби ҳолатлар ҳам бўлган экан.

Бу анжуман тариқатларни бирлаштириш, уларнинг имкониятларидан мусулмонлар манфаати йўлида фойдаланишни ўзига мақсад қилиб олган эди. Ана шу мақсадда мазкур ишларни мувофиқлаштириб туриш учун етти кишилик ҳайъат тузилди. Бу ҳайъатда Сурия бош муфтийси, машҳур шайх Аҳмад Куфтору ҳазратлари, Нигерия муфтийси, саккиз миллион муриди бор шайх Иброҳим Солиҳ, Туркия вакили Лутфий Дугон, Мисрнинг шайхларидан шайх Алоуддин Абул Азоим, Швециядан Абдулҳай Жийлоний, Америкадан шайх Ҳарти ва камина ходимингиз бор эдик. Бу ҳайъат ўзининг дастлабки йиғилишида мени котиб этиб сайлади. Бунда менинг Либияда яшаб турганим ва иш юритишга имконим борлиги ўз таъсирини кўрсатган эди.

Иш юзасидан ҳам тасаввуфга оид маълумотлар билан муомалада бўлишга тўғри келар эди. Турли юртларда ўтаётган сўфийларнинг анжуманлари ҳақидаги ҳисоботлар, чиқарилган китоб ва мақолалар, топилган қўлёзмалар шулар жумласига кирар эди.

Аста-секин турли ўлкаларга сафар қилиб, аҳли тасаввуф ила учрашувларда қатнашдик. Мисрда бўлганимизда яқин биродаримиз, Мисрда учинчи ўринда турадиган Азмия тариқатининг шайхи Муҳаммад Алоуддин Абул Азоим жаноблари баъзи тариқатларнинг шайхлари билан шахсан таништириб, суҳбатлар қуришга ёрдам бердилар. Кези келганда айтиб ўтиш керакки, Мисрда саксон битта тариқат давлат рўйхатидан ўтган ҳолда фаолият кўрсатади. Ушбу тариқатлар ўз марказлари, нашриётлари, босмахоналари ва бошқа муассасаларига эга.

Сўнгра бошқа юртларда ҳам шунга ўхшаш суҳбатлар ва зиёратлар бўлиб ўтди. Гоҳида баъзи шайхлар ўзларича илтифот қилиб, каминага ижозат бериб ҳам қолар эдилар. Сомалида бўлганимизда, кўпгина тариқатлар ва уларнинг шайхлари бир жойга тўпланган эдилар. Шунда мезбонларимиз: «Энг катта шайх келмадилар. У киши одатда уйларидан чиқмайдилар, вақт топиб, зиёратларига бориб қўйсак, яхши бўлар эди», дейишди. Зиёратларига бордик. У киши «уй» деб аталадиган харобада эканлар. Салом-аликдан сўнг шайх ўз тилларида бир нарсалар дедилар. Икки-уч киши тезлаб бир томон юриб кетди. Бироздан сўнг думалоқ қилиб тўқилган янги бўйра, одам бўйининг ярмича келадиган тасбеҳ ва тариқат шажараси ёзилган эски қоғоз кўтариб қайтиб келишди. Шайх менинг қўлимдан ушлаб, бўйранинг ўртасига ўтирғизди ва ижозат бера бошлади...

Бу орада юртимизда ҳам тасаввуф бобида турли гап-сўзлар тарқала бошлаган эди. Туркиядан келган сўфийларнинг вакиллари ўз шайхларига байъат беришга даъват қилишга киришишган эди. Ўзимиздан ҳам сўфийлар чиқиб, муридларига ваъз-иршод қилишни бошлаган эдилар. Бу ишларни тушунганлар ҳам, тушунмаганлар ҳам бор эди. Натижада турли саволлар пайдо бўлди.

Жумладан, «Озодлик» радиоси орқали менга Андижондан Муҳйиддин ибн Арабий ва унинг таълимотлари ҳақида савол бор-ди. Мен баҳс қилиш вақти ҳали келмагани учун бу мавзудаги гапларни қўзғамай юрганимизни айтиб, саволга жавоб бердим. Кейин ички вазиятни ҳисобга олиб, «Тасаввуф ҳақида тасаввур» номли бир мақолани овоз орқали юбордим.

Маълум бўлишича, ўша мақола ёзилган магнит тасмасини жуда кўпчилик тинглабди. Менга ундан фойда олганлар ҳақида кўп гап-лар айтилди.

Аммо акс натижа бўлгани ҳақида ҳам бир хабар бор. Уни менга имом домлаларимиздан бирлари айтиб бердилар. Ибратли бўлгани учун, ўша хабарни эслаб қўйсак, яхши бўлади. Бир киши менга қарши бўлиб юрар экан. Китобларимни ўқиб, ваъзларимни эшитиб, аввалги муносабати ўзгарибди. Аммо мазкур тасмани эшитганидан кейин яна эски ҳолига, душманлик мавқифига қайтибди. Маълумки, ўша кимса ва унга ўхшаган одамлар оддий мусулмонлардан. Кимдандир эшитиб, бир нарсани ўрганганлар. Улар ўзларига айтилган нарсалардан бошқа ҳақиқатлар ҳам борлигини билишмайди. Агар борлиги билинса ҳам, уни қабул қилишмайди. Чунки биринчи таълим берган тараф буни айтмаган. Бечоралар ўзлари билган нарсалардан кўра билмаган нарсалари кўплигини билишмайди. Оз нарсани билганлар ўшани «бор нарса шу», деб ўйлайдилар ва ундан ўзгача гапларни инкор қиладилар. Илмлари йўқлиги туфайли ўзлари билган нарсада юрмаган кишини одам ўрнида кўрмайдилар. Барча муаммо шунда. Нима учун ҳамма фақат сен каби ўйлаб, сен каби билиши керак? Нима учун сен ўзинг билгандан бошқа нарсани билган одамни ёмон кўрасан? Нима учун сенга ёқмаган нарсани бошқалар ҳам ёқтирмаслигини талаб қиласан?

Юртимизга қайтиб келиб, вазият билан танишгандан кейин тасаввуф бобида анчагина кўнгилсиз ҳолга дуч келдик. Кўпчилик бу бобда айни номарғуб йўлга тушиб қолган экан. Ана ўша ноқулай ҳолат одамлар ичида турли саволларни пайдо қилган эди.

Тасаввуф нима ўзи?

Муридчилик динимизда борми ўзи?

«Сўфийман», деганларни кўриб, ҳайрон бўлиб қолдикку?

Шайхга байъат қилмаса, фалон бўлар эмиш, шу тўғрими?

Шайхга қўл берганлар бизни одам ўрнида кўришмаяпти, бунга нима деса бўлади?

Шайхга қўл бергандан кейин унинг шариатдан илми йўқлиги маълум бўлса, байъатни бузса бўладими?

Тасаввуфда «робита» деган нарса бор эмиш, у нима ўзи?

Шайхга қўл бериб, тавба қилган одам қазо намозларни ўқимаса ҳам бўлаверар эмиш, шу ростми?

Шайхга қўл берган одам учун таҳажжуд намозини ўқиш во-жиб бўлар эмиш, бу қандай гап?!

Фалон шайх: «Илм ўқиган гумроҳ бўлади», дебди, бунга нима дейсиз?

Шайхга қўл берганларга: «Нима учун фалон вожиб амални қилмайсизлар?» десак, «Шайхимиз айтмаган нарсани қил-маймиз», дейишмоқда, бу қанақаси бўлди?

Сўфийлар «Чойни қуйишда чойнакни ҳам, пиёлани ҳам ўнг қўл билан ушламаса, макруҳ бўлади» деб, биз қуйган чойни ичишмаяпти, шу тўғрими?

Фалончи намоз ўқиб, дуо қилса, вафот этган шайхи келиб, қўлидан ушлаб, шаҳарни айлантириб чиқар эмиш, шундай бўлиши мумкинми?

Битта мурид: «Бизнинг шайхимиз ўзларининг нечта муриди бўлса, ҳаммасининг қаерда тургани ва ҳатто қайси ёнбоши би-лан ётганини билиб турадилар. Ким бунга ишонмаса, фалон бўлади», дебди, бунга нима дейиш мумкин?

Фалончи шайхнинг одамлари: «Бизнинг шайхимизга байъат қилмаганлар жоҳилият ўлими билан ўлади», дейишмоқда, шайхга байъат қилмаса бўлмайдими?

«Шу кетишда давом этаверса, эртага нима бўлади?» дейдиганлар ҳам кўп эди.

«Бу тарзда ихтилофлар кучайиб бораверса, бугунги ҳолимиз ҳолва бўлиб қоладику», дейдиганлар оз эмас эди.

Ким билан учрашмайлик, қаерга бормайлик, шу ва шунга ўхшаш саволлар қайта-қайта бериладиган бўлиб қолди.

Айни пайтда бир неча китоблар турк тилидан таржима қилиниб, нашр ҳам этилди. Тасаввуфда юрганларнинг ўзлари орасида ҳам ихтилофлар чиқа бошлади. Мана шу омилларни эътиборга олиб, бирор нарса ёзиш кераклиги зарурати туғилди.

«Ҳадис ва Ҳаёт»нинг бир неча жузи айнан шу мавзуга оид масалаларга бағишланди. Учинчи жуз «Ният, ихлос ва илм китоби», ўттиз тўртинчи жуз «Яхшиликлар ва ахлоқ китоби», ўттиз бешинчи жуз «Зикрлар, дуолар, истиғфор ва тавба китоби», ўттиз олтинчи жуз «Зуҳд ва рақоиқлар китоби», ўттиз еттинчи жуз «Одоб китоби» бўлди.

Китобни мазкур саволларнинг ҳар бирига алоҳида жавоб бериш шаклида қилиш ҳам мумкин эди. Аммо янги саволлар ҳам чиқиши мумкин ва уларга яна жавоб бериш керак бўлади. Энг асосийси шуки, баъзи саволларга жавоб бериш билан бир илмни кишиларга мукаммал англатиб бўлмаслиги маълум. Шунинг учун китобни саволларга жавоб тарзида эмас, тасаввуф ҳақидаги асосий қоидаларнинг бугунги кунимизга тегишлисини баён қилиш ниятида ёздик. Бунда ҳозирги кундаги ҳолатни иложи борича ҳисобга олишга ҳаракат қилдик. Шунинг учун ҳам уни «Тасаввуф ҳақида тасаввур» деб но-младик.

Аллоҳим! Бу ожизона уринишимизни Ўзингнинг розилигингга етиш учун васила қилгин. Ушбу китобнинг барча мўмин-мусулмонлар учун фойдали бўлишини насиб этгин.

Ҳаммамизни иймонда, Исломда собитқадам қилгин. Асло ҳидоятингдан айирмагин. Омин!

Давоми бор... 1-қисм. 2-қисм.

“Тасаввуф ҳақида тасаввур” китобидан

Манба: Islom.uz

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!