Тазкия дарслари (7-дарс)

23:00 04.01.2019 470


Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Сунний тасаввуф (давоми)

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ва у зотнинг саҳобаи киромларининг буюк ҳаётларига диққат билан назар соладиган бўлсак, тазкиятун-нафс, ихлос ва ахлоқнинг олий намуналарини кўрамиз.

Улар шариатнинг амр этган нарсалари бўлган ибодатларни адо этишда бўлсин, юриш-туришда бўлсин, қироату тасбеҳда бўлсин, дуо ва зикрда бўлсин,  касбу муомалада бўлсин – ҳар қандай ҳолат-да ҳам ихлос, сабр, зуҳд, адаб, ҳаё, хушуъ, хузуъ, шавқу завқ каби олиймақом даражаларда бўлганларини кўрамиз.

Албатта, бу ҳолатларни диққат билан ўрганган одам у зотларни худди бошқа оламдан келган, ўзига хос ҳис-туйғу билан яшаётган, нафас олаётган кишилар деб ўйлар эди. Чунки улар Аллоҳ таоло билан доимий алоқа ҳисси билан ҳаёт кечирар эдилар.

Худди шу маъно Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадиси шарифларида «эҳсон» деб аталганини ҳар бир киши алоҳида эҳтимом билан ўрганмоғи лозимдир.

Илм аҳллари орасида «Жаброил ҳадиси» номи билан машҳур бўлган ҳадиси шариф ўзида улкан маъноларни мужассамлаштирган бўлиб, уни алоҳида эътибор билан ўрганилса, жуда кўп фойдалар ҳосил бўлади. Келинг, бу ҳадиси шарифни қўлдан келганича ўрганиб чиқайлик.

Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Бир куни биз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларида эдик. Бирдан устимизда оппоқ кийимли, сочлари қоп-қора одам пайдо бўлди. Унда сафарнинг асари кўринмас эди. Уни бирортамиз танимас ҳам эдик. У келиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг тўғриларига ўтирди. Икки тиззасини у зотнинг икки тиззаларига тиради. Икки кафтини сонлари устига қўйди ва:

«Эй Муҳаммад, менга Ислом ҳақида хабар бер», деди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Ислом – «Лаа илааҳа иллаллоҳу ва анна Муҳаммадан Расулуллоҳ», деб шаҳодат келтирмоғинг, намозни тўкис адо қилмоғинг, закот бермоғинг, Рамазон рўзасини тутмоғинг, агар йўлга қодир бўлсанг, Байтни ҳаж қилмоғинг», дедилар.

«Тўғри айтдинг», деди у.

Биз ундан ажабландик. Ўзи сўрайди, ўзи тасдиқлайди.

«Менга иймон ҳақида хабар бер», деди.

Ул зот соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Аллоҳга, Унинг фаришталарига, китобларига, расулларига ва охират кунига иймон келтирмоғинг, яхшию ёмон қадарга иймон келтирмоғинг», дедилар.

«Тўғри айтдинг», деб тасдиқлади ва:

«Менга эҳсон ҳақида хабар бер», деди.

Ул зот соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Аллоҳга худди Уни кўриб тургандек, агар сен Уни кўрмасанг, У сени кўриб тургандек ибодат қилмоғинг», дедилар.

«Менга соат(қиёмат)дан хабар бер», деди.

Ул зот соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Сўралувчи бу ҳақда сўровчидан билимлироқ эмас», дедилар.

«Унинг аломатларидан хабар бер», деди.

Ул зот соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Чўри ўз хожасини туғиши, ялангоёқ, яланғоч, камбағал ва чўпонларнинг бино қуришда бир-бирларидан ўзишга уринишларини кўрмоғинг», дедилар.

Сўнгра у қайтиб кетди. Мен анча пайт (Расулуллоҳнинг ҳузурларида) бўлдим. Сўнгра у зот соллаллоҳу алайҳи васаллам менга:

«Эй Умар, сўровчининг кимлигини билдингми?» дедилар.

«Аллоҳ ва Унинг Расули билувчироқ», дедим.

Ул зот соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«У Жаброилдир. Сизларга динларингиздан таълим бергани келибди», дедилар».

Имом Бухорий, Муслим, Абу Довуд, Термизий ва Насаий ривоят қилишган.

Ушбу ҳадиси шариф инсон васфига ожиз бўлган улкан ҳақиқатларни ўз ичига олган. Чунки унда Ислом, иймон, эҳсон нималиги ҳамда қиёмат куни ҳақида маълумотлар берилмоқда. Ҳадиснинг охирида эса ушбу нарсаларнинг жами «дин» деб аталмоқда.

Бу ҳадисда диний таълим беришда амалий – кўргазмали дарс кўриниши баён қилинмоқда.

Имом Муслим Аммор ибн Қаъқаъадан ривоят қилишларича, бир куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобалар ичида ўтириб:

«Мендан сўрайдиган нарсангизни сўраб олинглар», дедилар. Одамларни ҳайбат босиб, бирор нарсани сўрай олмай қолдилар. Шунда ҳадисда васф қилинган, оппоқ кийимли, сочлари қоп-қора, ўзида сафарнинг асари йўқ, ҳеч кимга таниш бўлмаган бир одам кириб келган ва васф қилинган ҳайъатда ўтириб олиб, ҳамма учун ғоятда муҳим бўлган саволларни бера бошлаган.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам савол берувчининг:

«Эй Муҳаммад, менга Ислом ҳақида хабар бер», деган саволига:

«Ислом – «Лаа илааҳа иллаллоҳу ва анна Муҳаммадан Расулуллоҳ», деб шаҳодат келтирмоғинг, намозни тўкис адо қилмоғинг, закот бермоғинг, Рамазон рўзасини тутмоғинг, агар йўлга қодир бўлсанг, Байтни ҳаж қилмоғинг», деб жавоб бердилар.

Диннинг амалий қисми бўлган шаҳодат калимасини айтиш, намоз ўқиш, закот бериш, рўза тутиш ва ҳаж қилиш каби ибодатларнинг «Ислом» деб аталишини шундан билиб оламиз.

Сўровчининг:

«Менга иймон ҳақида хабар бер», деган сўровига Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Аллоҳга, Унинг фаришталарига, китобларига, расулларига ва охират кунига иймон келтирмоғинг, яхшию ёмон қадарга иймон келтирмоғинг», деб жавоб бердилар.

Бу иймоннинг шаръий маъноси ҳақидаги, яъни шариат бўйича «иймон» деб нимага айтилади, деган саволдир.

Жавобда эса шариат бўйича иймоннинг бош масалалари ҳисобланган нарсалар умумий кўринишда айтилмоқда.

«Аллоҳга иймон келтириш» дегани умумий гапдир. Лекин шариатга кўра «Аллоҳнинг борлигига ишонаман», дейиш билан иш битмайди. Аллоҳга иймон келтиришни тафсилоти билан билиш лозим. Аллоҳ таоло Ўзи айтганидек, У Зотнинг Расули Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам васф этганларидек иймон келтирмоқ лозим. Аллоҳнинг борлигига, қадимийлигига, азалийлигига, абадийлигига, исмларига, сифатларига ва ишларига тўғри равишда иймон келтириш лозим.

Шунингдек, Аллоҳнинг фаришталарига иймон келтириш уларнинг борлигига иймон келтириш билан тугал бўлмайди. Фаришталарга тугал иймон Аллоҳ таоло ва Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам айтганларидек бўлиши керак. Уларнинг васфларига, хизматла-рига ва хусусиятларига бирдек иймон келтириш лозим.

Шунингдек, Аллоҳ таолонинг китобларига, расулларига иймон келтириш ҳам Қуръон ва Суннат кўрсатмаларига мувофиқ бўлиши лозим. Охират кунига бўлган иймон ҳам, яхшию ёмон қадарга иймон ҳам шариат кўрсатмаси бўйича бўлиши керак. Бу ишда би-ровларга тақлид қилиш билан иш битмайди. Шунинг учун ҳар бир мусулмон ақийда масалаларини уларни яхши биладиган тақводор уламолардан ўрганиб олмоғи зарур. Иложи бўлса, ақийда китобларидан бирортасини ўрганиш, мухтасар матнлардан бирини ёдлаб олиш лозим.

Диннинг эътиқод қисмига оид таълимотлари «иймон» деб аталишини шундан билиб оламиз.

Савол берувчининг учинчи саволи:

«Менга эҳсон ҳақида хабар бер», дейиш бўлди.

Бу ҳадиси шарифнинг сиз билан бизга ҳозирги баҳсимиз учун керакли жойи айнан шу ердан бошланади.

«Эҳсон» луғатда «яхшилик», «гўзал иш» деган маънони англатади. Уламолар: «Бу ҳадисда у «ихлос» маъносида келган», дея шарҳлайдилар.

 Жавобда эса Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларининг оз сўзлари билан кўп маънони ифода эта олиш қобилиятларини кўрсатадилар. Ул зот соллаллоҳу алайҳи васаллам эҳсоннинг таърифида:

«Аллоҳга худди Уни кўриб тургандек, агар сен Уни кўрмасанг, У сени кўриб тургандек ибодат қилмоғинг», дедилар.

Ушбу таърифни ва у орқали «эҳсон»ни тўлиқ ва тўғри тушуниш учун аввало «ибодат» сўзининг маъносини батафсил англаб олмоғимиз лозим.

Бизда «ибодат» деганда намоз ўқиш, рўза тутиш, ҳаж қилиш ка-би нарсалар тушунилади. Албатта, бу нарсалар улкан ибодатлардир. Лекин ибодат маъноси фақат ушбу нарсалар билан чегараланмайди.

Бу сўз «абада» феълидан олинган бўлиб, «қуллик қилди», «қул бўлди» деган маъноларни билдиради. Абдуллоҳ – Аллоҳнинг қули деганидир. Демак, ибодат «қуллик қилиш» маъносидадир. Бу маъно форсчасига «бандалик» дейилади. Агар намоз, рўза ва ҳажнигина ибодат дейдиган бўлсак, ўша ибодатларни адо этиш пайтида Аллоҳга қуллик қилинади-ю, ундан кейин Аллоҳга қуллик тўхтайдими? Унда инсон намоз, рўза ва ҳаждан бошқа вақтда кимга қуллик қилади? Инсон намоз ўқиб, рўза тутиб, ҳаж қилаётганда Аллоҳни кўриб тургандек ҳолатда бўлишга ҳаракат қилиши лозим-у, бошқа вақтда лозим эмасми? Ёки ўша ибодатлар пайтида «Аллоҳ мени кўриб турибди», деб тасаввур қилиши керак-ку, бошқа вақтларда «кўрмаяпти», деб ўз билганини қилавериши керакми?

Йўқ, асло ундоқ эмас! Аллоҳ таолога инсоннинг бандалиги – қуллиги доимийдир. Намоз ўқиётган инсон ҳам, ухлаётган инсон ҳам Аллоҳ таолонинг бандаси. Рўза тутаётгани ҳам, рўза тутмаётгани ҳам Аллоҳ таолонинг бандаси. Ҳаж қилаётган ҳам, иложини қила олмай ҳаждан қолган ҳам Аллоҳ таолонинг бандаси.

Фақат гап ўша банда ўзининг бандалигини тан олишида! Яъни «Аллоҳнинг қулиман», деган одамнинг Аллоҳ таолога ҳақиқий қуллик қилишида!

Бошқача қилиб айтганда, ҳаётнинг ҳамма соҳаларида Аллоҳнинг айтганини қилиб яшашида! Бир хўжайиннинг хожалигини бўйнига олиб, унга хизматкор бўлган шахс хожасининг айтганларини қилмаса, хизматкорлиги қолмайди. Хожасидан қилмишига яраша жазо олишига тўғри келади. Аллоҳ таолога қул бўлгандан кейин, ана шу қулликни ўрнига қўйиб яшамоқ керак.

Шунинг учун ҳам уламоларимиз: «Аллоҳнинг розилигига етказадиган ҳар бир иш ибодатдир», дейдилар.

Шундан келиб чиқиб, мусулмон одам ҳар лаҳзада Аллоҳ таолони кўриб тургандек, ихлос билан яшамоғи, У Зотнинг розилигини олишга ҳаракат қилмоғи керак. Агар бу олий мақомга эришишга ожизлик қилса, ҳар лаҳзасини «Аллоҳ таоло мени кўриб турибди» деган эътиқод билан ўтказиб, ўшанга яраша ҳаракатда бўлмоғи лозим. Ана ўшандагина эҳсоннинг қуйи даражасига эришади.

Агар бу даражага эриша олмаса, намоз вақтида Аллоҳ таолога, касбу кор пайтида эса молу дунёга бандалик қилади. Рўза пайтида Аллоҳ таолога, овқатланиш пайтида қорнига бандалик қилади.

Демак, эҳсон – банданинг Аллоҳ таолони кўриб тургандек ихлос билан ибодат қилмоғи, ҳаёт кечирмоғидир. Жуда бўлмаса, «Аллоҳ мени кўриб турибди» деган ишонч билан, ўшанга яраша амал билан яшамоғидир. Бу даражага етмаган шахс эса ҳали эҳсон ва ихлос даражасига етмаган бўлади.

Қисқа қилиб айтадиган бўлсак, иймон, Ислом ва эҳсоннинг қўшилувидан дин ҳосил бўлар экан.

Давоми бор... 1-қисм. 2-қисм. 3-қисм. 4-қисм. 5-қисм. 6-қисм.

“Тасаввуф ҳақида тасаввур” китобидан

Манба: Islom.uz

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!