Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Илм

Темурнинг охирги юриши

1066

Амир Темур юришларини давом эттириб, жануби-ғарбда Шомни, жануби-шарқда эса Деҳлини ўз тасарруфига олганидан кейин милодий 1405 йили Хитойни истило қилишга чоғланди. Самарқандга қайтиб келганидан кейин етмиш ёшли Соҳибқирон Хитой билан бўладиган урушга астойдил тайёргарлик кўра бошлади. Мўлжаллаётган юришидан на кекса ёши, на уч минг чақиримли оғир йўл сафари, на бу тадбирнинг ўта хавфлилиги уни тўхтата олмади. Бу урушни у Ҳиндистон юришидан аввалроқ режа қилган эди.

Бўлажак урушда энг катта қийинчилик қўшинни озиқовқат билан таъминлаш эди. Шу сабабли Амир Темур 1397 йилдаёқ чегара шаҳарларидан бўлган Ашира (Қорашаҳар)га қирқ минг отга эга бўлган минглаб одамларни кўчириш, бу жойда деҳқончилик ва савдони ривожлантириш, қалъалар қуриш ва иложи борича кўплаб озиқ-овқат захиралари тўплаш ҳақида кўрсатма берди. Шу билан бирга, Темур Самарқанддан Хитойга элтувчи йўлнинг шимолидаги ерларни, Ғарбий Мўғулистонни босиб олишни режалаштирган эди. Бу ўлкаларнинг йўлларини яхшилаб ўрганиш, Мўғулистонда ўзига содиқ гуруҳларни тўплаш мақсадида режадаги юришдан бир неча йил аввал ўша давлатларга ўз лашкарбошиларидан бирини юборган. У бу топшириқни муваффақият билан бажарган эди. Бундай узоқ юришга отланишдан аввал Амир Темур мўлжаллаган тадбирларга аъёнлар эътиборини жалб қилмоқчи бўлди. Бунинг учун набираларининг тўйини ўтказиш баҳонасида 1404 йилнинг кузида Самарқанддаги вилоятларнинг ҳукмдорларини, қўшин бошлиқларини, аслзода ва амалдорларни таклиф этиб, икки ой давом этган зиёфатлар орасида машварат қурултойи чақирди. Қурултойда у Хитойда Ислом динини тарқатиш нияти борлигини айтди. Бу фикрни тўпланганларнинг миясига сингдириб олдиндан боргани учун Темурнинг нияти мажлис қатнашчилари томонидан сўзсиз қабул қилинди, бўлажак уруш “муқаддас”, деб эълон қилинди.

Амир Темур ўз режаларини амалга оширишда шошмасдан, чуқур мулоҳаза қилар, лекин жуда тез, ғайрат билан ижро этарди. Шу йилнинг қишидаёқ улус амирлари ва вилоят ҳокимларига қўшинни етарли қурол-аслаҳа билан таъминлаб, урушга керакли барча захираларни шай қилган ҳолда белгиланган жойда тўплаш ҳақида буйруқ берилди. Умумий йиғилиш жойи Тошкент, деб кели- шилди. Темур Хитой юриши учун икки юз минг пиёда ва отлиқдан иборат сара қўшинни ажратди. Қўшиннинг ўнг қаноти қишлаш учун Тошкент, Шоҳруҳия (Чингизхон буйруғи билан вайрон қилинган аввалги Фанокант шаҳри) ва Сайрамда, сўл қаноти Ясси ва Сабронда жойлашди. Амир Темур эса қолган қўшини билан Ўтрор ва унинг атрофида қишлашни мўлжаллади.

Муаррих Шарофиддин Али Яздийнинг ёзишича, Темур Хитойга борувчи йўллар ҳақида аниқ ва тўлиқ маълумотларга эга бўлган. Унга йўл, сув, ўт-ўланлар хосияти, ўтиш керак бўлган чўл ва тоғларнинг хусусияти ҳам маълум бўлган. Темур қўшиннинг Тошкентдан Ўтроргача жойлашишига қараб (Шарофиддин Али Яздий изоҳлаган йўлдан), Аширагача фақат Тошкентда жойлашган ўнг қанот жангчиларини юборишни мўлжаллаган эди. Улар Тошкентдан чиқиб, Қошғар орқали Оқсув, Куча ва Букурга боришлари, Аширани қўлга киритишлари, асосий кучлар етиб келгунча ўша ерда туришлари керак эди. Амир Темур улар ортидан оғир юк ортилган аравалар билан Ўтрордан Ғулжага, у ердан Юлдуз дарёси орқали Музтоғ қияликларининг жанубий қисмига боришни мўлжал қилган бўлиши мумкин.

Қўшинга кўпроқ қулайлик яратиш ҳамда ҳарбий юришга керакли нарсаларни харид қилишлари учун қишлоқларга савдогарлар таклиф қилинди (улар турли хил молларни олиб келишди). Темур улардан минглаб отлар, қурол-яроғ, умуман ҳарбий юриш учун керакли барча жиҳозларни сотиб олиб, таъминланмаган жангчиларга улашди. Шу билан бирга, бошлиқларга қўл остларидаги жангчилар аҳволи ҳақида аниқ маълумот тўплашни тайинлади. Иложи борича кўпроқ қўшимча озиқ-овқат ва аслаҳалар олишни, юриш пайтида жангчилар ҳеч нарсадан қийналмасликлари учун ҳамма шароитларни яратишни буюрди. Амир Темур фармонига биноан қўшин орқасидан уруғлик дон ортилган минглаб аравалар бориши, кейинчалик қулай ерларга қўшин қайтишида ҳосилидан фойдаланиш учун экилиши керак эди. Бундан ташқари, кутилмаган шароитлар учун мингдан ортиқ урғочи туялар лашкар орқасидан бориши керак эди; мушкул ҳолларда уларнинг сутидан озуқа сифатида фойдаланиш кўзда тутилганди.

Тажрибали саркарда Амир Темур қирқ йил мобайнида олиб борилган урушлари олдидан машаққатли ва узоқ сафарларга пухта тайёрланишга одатланган, шубҳасиз, бу юриш учун ҳам у ўзининг бутун маҳорати ва тадбиркорлигини ишга солган эди.

Амир Темур Улуғ Туғни кўтариб, Самарқанддан ҳижрий 807 йил ражаб ойида (милодий 1405 йил январ) йўлга чиқди. Саркарда қишнинг қаттиқ келганига қарамай, қўшинни тўхтовсиз ҳаракат қилишга буюрарди. Кечалари тунаш учун чўл ўртасида чодирлар тикдириб, унинг атрофини қамиш билан ўратар эди. Музлаган Сирдарёдан Зарнуқ шаҳри яқинида ўтиб олишди. Қиш шунчалик совуқ эдики, Шарофиддин Али Яздийнинг гувоҳлик беришича, дарё устидаги музнинг қалинлиги икки-уч тирсакка тенг бўлиб, Амударё ва Сирдарёнинг исталган еридан юриб ўтиш мумкин эди. Қорнинг қалинлиги эса баъзи ерларда икки найза узунлигига тенг келарди. Ўша кезлари совуқ ва бўронларда кўплаб одамлар, отлар ҳалок бўлди.

Хитой сари ҳарбий ҳаракатларни давом эттираётган Амир Темур Сирдарё соҳилидаги Ўтрор шаҳрига етиб келди. Шу ерда қўшинига тўхташга буйруқ берди. Хотинлари ва қизлари билан хайрлашиб, уларни Самарқандга қайтариб юборди. Қишнинг охирги кунларидан бирида безгак касалига чалиниб, иситмаси кўтарила бошлади. Касаллик кундан-кун кучайиб борарди, аммо Соҳибқироннинг эс-ҳуши, ақли жойида эди. У ўзининг барча гуноҳлари учун тавба қилди. Ҳарам аҳлини ва улуғ бекларни ҳузурига чорлаб, васиятга оғиз очди: “...Ҳазрат Ҳақдин умидим борки, агарчи гуноҳим кўб турур, аммо бу жиҳатдин менга раҳмат қилғайким, золимларнинг эликларин мазлумлардин қисқа қилибдурмен. Ва қўймадимким, менинг давримда қавийдан (зўравондан) заиф куч егай. Эмдиким, Пирмуҳаммад Жаҳонгирким, валиаҳд қилибмен ва ўрнумга қойиммақом этибменким, Самарқанд вилояти аники бўлғай. ...Анга муте бўлуб, иттифоқ била анинг ишига машғул бўлғайсиз, то олам бузулмағай ва мусулмонларга ташвиш ва заҳмат бўлмағай... Раъийо ва фуқароу мискин ҳолатидин ғофил бўлмағайсиз... Нечукким мен адлу эҳсон била оламни обод этибмен... Агар менинг васиятим била амал қилиб, адлу дод қилсангиз, кўб йиллар давлат ва мамлакат сизларда қолғуси турур. Ва агар сизлар аросида мухолифат бўлса, яхши бўлмағусидур...”

Соҳибқирон Амир Темур Кўрагон ҳижрий 807 йил шаъбон ойининг ўн еттисида чоршанба куни (1405 йил 18 февраль), шом ва хуфтон намозлари орасида жон омонатини етмиш икки ёшида Эгасига топширди... Самарқандда дафн этилган.

Тарихчиларнинг ёзишича, “У умрининг ярим муддатида Мовароуннаҳрда мустақил ҳукмдорлик қилди, сўнгра бутун мусулмон шарқига ҳоким бўлди. Шон-шуҳрати, ҳарбий даҳолик ва қатъиятлилик хислатлари билан у жуда ҳақли равишда мақдуниялик Искандар, Цезарь, Чингиз ва ундан сўнг ўтган Наполеон билан бир сафда тура олади... Темурнинг тузуми Мовароуннаҳр учун ҳеч шубҳасиз, энг дабдабали давр бўлиб, турк халқига шундайин зиё бердики, баъзи қавмлар, эллар ҳозиргача ундан ҳарорат оладилар. Юз мингларча турк ҳарбчилари учун инсоният бешиги саналган Мовароуннаҳрдан Ғарбий Осиёгача чўзилган ўлка вояга етказган қаҳрамонларнинг энг охиргиси Темурдир. Унинг бахтли толеи билан алданиб, кейин истилочилик қиличи билан Жайҳунни кечиб ўтганларнинг ҳеч бири башариятнинг бу жанговар ватанида унингдек уруш туғини кўтаришга муваффақ бўла олмадилар”.

(давоми бор)

Аҳмад Муҳаммад Турсуннинг "Дунёни тебратган етти буюк" китобидан олинди

«Azon kitoblari» нашриёти

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

«Тепағон оқсоқол»га чора кўрилди

364 21:09 28.11.2022

Пермь университетида отишма уюштирган шахс бир умрга қамалиши мумкин

164 20:12 28.11.2022

Шаҳбоз Шариф: «Покистон ва Туркия ресурсларни бирлаштириши керак»

258 19:40 28.11.2022

Исроил журналисти: Қатарнинг қатъияти барчани ҳайратга солди

1115 18:35 28.11.2022

Boeing Пентагонга Украина учун арзон кичик ўлчамли бомбалар ишлаб чиқаришни таклиф қилди

239 18:05 28.11.2022

Эрон АҚШ устидан ФИФАга шикоят қилди

753 17:35 28.11.2022
« Орқага