Тешик идиш тўлмайди

15:00 15.03.2019 521

Ёши йигирмадан ошган йигит сарф-харажатлари учун отасидан пул сўради. Етмишни қоралаётган Нофизбей эса пенсия пулининг ярмидан кўпини ўғлига берар, боласининг беғам, масъулиятсизлигидан оғринарди. Одатдагидек, бир куни ўғил отадан пул сўраган эди, боласидан, бир неча марта айтганларини яна сўради:

-­- Бу ҳаётда яшашдан мақсадинг борми ўғлим? Бир инсоннинг ўртача ёши олтмиш йил бўлса, сен бу умрнинг ярмини яшаб қўйдинг. Шу ёшингга қадар нима қилдинг? Келажагинг учун уч-тўрт сўм жамғардингми? Мени хотиржам қиладиган жавоб айта оласанми?

Кўнгил очар тадбирга шошилаётган ўғил бундай асабга тегадиган саволга парво ҳам қилмай: «Ҳаётдан завқланиб яшашни истайман. Мен кўрган-кечирганларимдан завқли хотиралар жамғардим.Шу пайтгача айландим, саёҳат қилдим, яйрадим, завқландим. Менимча, булар умримнинг энг муҳим жамғармасидир!», деди.

Ота ўғлидан ҳар доимги жавобни олар экан, ўзига келишини, умр ўткинчилигини таъкидлади. Ота-бола ҳовлидаги сув жўмраги бошига бордилар. Ота ўғлининг қўлига тешик челак тутқазди ва жўмрак тагига қўйиб оғзигача тўлдиришини сўради.  Йигит, асабийлашса ҳам чорасиз отасига итоат қилди. Тешик челакка сув тўлдиришга уринди. Ота бармоғи билан сувга ишора қилиб: «Шилдираб оқаётган бу сув -­- ҳаёт», деди. Кейин эса тешик бўлгани учун тўлмаган челакка ишора қилди ва шу пайтгача қилган насиҳатларига парво қилмаган ўғлини қатъий огоҳлантирди:

– Тешик челак эса бир кунлик ҳаёт ва бепарволик билан умрини совураётган одамдир. Умр сувдай оқиб кетаяпти ва сен ҳаётдан ўз ҳақингни ололмаяпсан, тушунсанг-чи, ўғлим! Сенинг ҳаётинг, ўтказаётган кунларинг умрни совуришдан бошқа нарса эмас. Беҳудага ўзингни уринтирма, тешик челак ҳеч қачон тўлмайди!..

Турк тилидан Умида АДИЗОВА таржимаси

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!