Тиббиётни ўрганишда исломий услуб

13:30 08.07.2019 292

Тиббиёт ютуқларига ўз-ўзидан эришилмаган, албатта. Мусулмонларни шу даражага олиб чиққан илмий услуб натижаси эди. Бу юксак тараққиётнинг кўплаб хусусиятлари бўлиб, қуйида уларнинг учтаси билан танишамиз.

Биринчи хусусият: бошқаларга очиқ бўлиш. Ислом хазораси ҳаётий илмларда бошқа миллатларга нисбатан очиқ бўлган. Мусулмонлар ғайридинлардан нимадир ўрганган, улар ҳам мусулмонлардан қандайдир илм олган. Мусулмонлар ҳаётий илмларни инсониятнинг умумий мероси деб қарар эди. Ундан бир миллатни маҳрум қилишни зулм деб билган. Тиббиёт – ҳаётий илмларнинг энг зарури, чунки инсон доим унга муҳтождир.

Халифа Холид ибн Язид Умавий (ҳижрий 85 йил вафот этган) ўтган умматларнинг тажрибасидан фойдаланиш учун Мисрнинг Искандария кутубхонасидаги китобларни таржима қилишга буюради (Ибн Касир. “Бидоя ва ниҳоя”).

Аббосий халифалар даврида таржима ишлари янада ортди. Айниқса, Ҳорун ар-Рашид ва ўғли Маъмун даврида юнон, форс, ҳинд, сурёний тиллардан кўплаб китоблар таржима қилинди (Мустафо Сибоъий. “Мин равоъи хазоратина”).

Европаликларга юнон боболарининг тарихини мусулмонлар танитган десак, муболаға бўлмайди. Чунки юнон табибларининг китоблари ертўла, черков, қасрларда чанг босиб ётарди, мусулмонлар уларни таржима қилгандан сўнг Гиппократ, Гален каби олимлар номи янграй бошлади.

Шу ўринда мусулмон табибларининг учта асосий фазилатини қайд этиб ўтиш керак.

Биринчиси. Мусулмон олимлар омонатдор бўлганлар. Бировнинг ихтиро ёки кашфиётини ўзиники қилиб олмаган. Ўзгаларнинг фикрни қайси китобидан олинган бўлса, ўша манба зикр этилган.

Абу Бакр Розий “Ховий” китобида ёзади: “Мен ушбу китобимда тиббиёт илмининг олимлари Гиппократ, Гален, Армасус асарларидан йиққан маълумотларни ва Апостол Павел, Оҳрун, Хунайн ибн Исхоқ, Яҳё ибн Мосивайҳ каби файласуфларнинг фикрларини келтирдим” (Ибн Абу Усайбаъ. “Уйунил анба фий табақоти атибба”).

Бу илмий оманатдорлик мусулмон олимларнинг энг олий сифатларидан ҳисобланади. Бошқа миллатлар ўз тарихларини билмасди, уларнинг китобларидан ўғирлаб, ўз номларидан чиқариш осон эди. Лекин “Ҳамма нарсани билувчи Аллоҳ кўриб турибди”, деган эътиқод доим устувор бўлган.

Иккинчиси. Мусулмон табиблар фақат таржима ишлари билан чегараланиб қолмаган. Балки босқичма-босқич илмларини ошириб, ўзларидан аввал ўтган олимларнинг фикрларини таҳлил қилиб, кашфиётлар қилганлар. Натижада эркин илмий муҳит юзага келиб, юнон ҳакимларининг китобларини саралай бошлашган. Ибн Нафис Галеннинг юракда қон айланиш назариясини буткул рад этгани, кичик қон айланиш назариясини кашф этгани  катта янгилик эди (Омир Нажжор. “Фий тарихи тиб фий давлати исламия”).

Учинчиси. Мусулмон олимлари тиббиётни монополия қилиб олмади. Аксинча, бошқа дин вакилларини ҳам шу соҳада фаолият олиб боришига ёрдам берди. Яҳудий ва насронийлар ҳам мусулмонлар билан  бирга иш олиб борди. Куста ибн Лукка, Абу Наср Масихий, Ҳибатуллоҳ ибн Жамиъ каби бир неча моҳир табиблар мусулмонлар билан бирга ишлаб тажриба тўплашди. Баъзи насроний оилалар асрлар давомида тиббиёт билан шуғулланган. Бахтишу оиласи насроний бўлиб, 300 йилдан ошиқ табиблик қилган. Жаброил ибн Бахтишу Жаъфар Бармакийдек давлат арбобининг хос табиби бўлган (Ибн Абу Усайбаъ. “Уйунил анба фий табақоти атибба”).

Адолатли мусулмон подшоҳларидан Салоҳиддин Айюбий раҳимаҳуллоҳ Мисрга кирганда ўн саккизта табиб билан суҳбатлашади: уларнинг саккизтаси мусулмон, бештаси яҳудий, тўрттаси насроний, биттаси сомирий эди!

Ислом хазорасининг тиббиётга қўшган ҳиссасидан мусулмонлар ҳам, ғайридинлар ҳам баҳраманд бўлди. Бугун ҳам мусулмонлар ҳаётий илмларни қадимдагидек ўзлаштирса, ўзларига ҳам, ўзгаларга ҳам фойда келтирган бўлар эди.

Иккинчи хусусият: воқеликда мавжуд тажриба ва тадқиқотларга суяниш.

Қадимда юнон ҳакимлари назарий фалсафага асосланар эди. Лекин кўп фалсафалари амалда исбот қилинмаганди. Мусулмон табиблари улардан фарқли равишда мавжуд тажрибага ва амалиётга суянарди. Бу мусулмон тиббиётда юнонлардан ўзиб кетишига сабаб бўлди. Улар беморларда кузатилган ҳолатлар, жарроҳлик тажрибаларини ёзиб, назарий ишларни ва амалиёт билан уйғунлаштириши натижасида инсониятга жуда манфаатли фан ҳосил бўлди. Ибн Сино айтади: “Касалларни кузатиб мулоҳаза қилиб юрдим, шундай натижага эришдимки, таърифлашга тил ожиз”. Абу Бакр Розий шундай деган: “Бизнинг воқеликка асосланган фикримиз назарий фикрга хилоф келса, воқеликни оламиз, гарчи машҳур олимларнинг фикрига зид бўлса ҳам” (Ибн Абу Усайбаъ. “Уйунил анба фий табақоти атибба”).

Юқоридаги баёнлардан англашиладики, ҳаётий илмларда аввалги фикрларга суяниб қолмасдан, изланиш, изланиш яна изланиш лозим. Мусулмон табиблар юнон табиблар фикри билан кифояланиб колмай янги изланишлар олиб борди. Натижада жарроҳлик асбобларининг янги турларини ихтиро қилинди. Буюк жарроҳ Абул Қосим Заҳровий янги жарроҳлик асбобларини яратишда етакчилардан эди. У “Аттасриф лиман ажаза анит таълиф” китобида ўзи ихтиро қилган асбобларни сифатлаб, улардан қандай фойдаланишни ҳам баён қилади. Дарвоқе, тери остига дори юбориш асбобини (шприц) биринчи бўлиб Заҳровий ихтиро қилган (Омир Нажжор. “Фий тарихи тиб фий давлати исламия”).

Учинчи хусусият: даволашда шариат кўрсатмаларига эътиборли бўлиш.

Аллоҳнинг бу фазли фақатгина мусулмонларга насиб қилган. Бошқа дин вакиллари барча соҳаларда шариатга риоя қилмайди. Илоҳнинг ризолигини назарда тутмайди. Ахир илмлилар Аллоҳдан кўпроқ қўрқиши керак эмасми?!

Қуръон ва ҳадис тиббиётнинг барча тафсилотларини баён қилади. Бироқ умумий қоида ва кўрсатмаларни белгилаб берди. Инсон шунча иқтидори билан Аллоҳга муҳтожлигини билдирди. Аллоҳ инсониятни ўз ҳолига ташлаб қўймади, унинг бахтли ва саодатли яшаши учун “Китобда (Лавҳул-Маҳфузда) бирор нарсани (ёзмасдан) қолдирмадик”, – деди” (Анъом сураси, 38-оят).

Мусулмон табиблар Абу Дардо розияллоҳу анҳу ривоят қилган асл шаръий қоидани эҳтиром қиларди. Қоида шуки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: “Аллоҳ Таоло бир касалликни туширган бўлса, унинг давосини ҳам туширган, ҳар бир дарднинг давоси бор, даволанинглар, лекин харом билан даволанманглар” (Абу Довуд ривояти). Табиблар беморни нажосат ёки харом йўл билан даволамади. Аллоҳ бу ҳадис билан барча ёмонлик эшикларини ёпиб қўйди. Чунки Аллоҳ бандаларига нима яхши-ю нима ёмонлигини билади.

Мусулмонлар ўша даврларда кенг тарқалган сеҳргарлик, коҳинлик орқали эмас, балки тиббиёт билан онгли равишда даволанган.

Мусулмонлар беморларни куйдириб даволамаган. Негаки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундан қайтаргандилар: “Умматимни куйдириб даволашдан қайтараман” (Бухорий ривояти). Замонавий тиббиётнинг аниқлашича, куйдириш вақтинчалик оғриқни қолдириши мумкин, лекин ҳақиқий даво ҳисобланмайди.

Мусулмонлар сеҳр билан даволамади, чунки сеҳр етти ҳалок қилувчи катта гуноҳлардан биридир. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳунинг ривоятида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: “Еттита ҳалок қилувчилардан сақланинглар...” Уларнинг ичида “сеҳр” ҳам бор эди (Бухорий, Муслим ривояти).

Қуръон ва суннат мусулмонларга бир қанча даволарни ўргатди. Масалан: асал, хаббатул барака (седана), хижома (қон олдириш) билан муолажа қилиш...

"Ислом ва олам" китоби

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!