Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Таҳлил

Тилаб олинган «Олтин қалам». Бундан кимга нима наф?

1662


"...Мана шу ссилкага кириб овоз бериб юборинг..."

"Шу линкка кириб, яна марта овоз бериб юборинг..."

Очиғи, икки кундан бери телеграмдаги "личкам" мана шу мазмундаги хабарларга тўлиб кетди. Таниган ва танимаган ҳамкасбларим бу йилги “Олтин қалам” танловида ғолиб бўлиш учун “жанг”га киришган. 
 

«Олтин қалам»нинг «олтин» қоидаси

Журналистлар ижодий уюшмаси миллий ва халқаро журналистиканинг ютуқларини кенг оммалаштириш, ОАВ ходимларининг фаол фуқаролик позициясини намоён этишлари учун шароит яратиш, ижодий фаолиятга янгича ёндашувларни қўллаб-қувватлаш ҳамда миллий журналистика ривожига ҳисса қўшиш мақсадида ҳар йили 3 май — Жаҳон матбуот эркинлиги кунига бағишланган “Олтин қалам” миллий мукофоти учун халқаро танловини эълон қилади.

Танлов мана 16 йидирки, телевидение, радио, босма нашрлар, интернет-журналистика ва чет эллик журналистнинг Ўзбекистон ҳақидаги энг яхши материали бўйича беш йўналишда ўтказиб келинмоқда. Бу йил ҳам  “Олтин қалам – XVI” танлови эълон қилинди. Танловдан умидвор бўлган журналистлар йил давомидаги ижод маҳсулларини саралаб, ҳужжат топширди. 

Танлов шартига кўра, тақдим этиладиган ижодий ишлар сони 5 тадан кам бўлмаслиги шарт. Ижодий ишларнинг электрон версияси Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмасининг jurnalistlar.uz сайтидаги “Олтин қалам-XVI” саҳифасига жойлаштирилди. 

Ҳа, бу йил «Олтин қалам-2022» танловида онлайн овоз бериш тартиби бироз ўзгарди. Яъни, ҳар бир қатнашувчига линк яратилган. Мана шу линкка ўтиб, рўйхатдан керакли одам излаб топилади ва иккинчи устундаги юлдузчаларнинг 5 тасига босиб, овоз берилар экан. 

Бироқ танловнинг бу каби «олтин» қоидаси пухта ишлаб чиқилмаган чоғи. Чунки биз бугун интернет ва техника ривожланган даврда яшаяпмиз. Танишларимизнинг илтимосига биноан кўр-кўрона онлайн овоз бериш орқали танлов мезонлари бузилмаслигига ким кафолат беради? Холис ва шаффоф дея бонг урадиган миллий танлов қайсидир маънода ўйинга айланиб кетмасмикан? 


Қизиқ ҳолат

Ушбу танловга телевидение йўналиши бўйича ҳужжат топширган ҳамкасбим ёрилиб қолди: линк орқали овоз беришда унинг номи йўқ эмиш. Ўзим ҳам текшириб кўрдим: ҳақиқатдан ҳам унинг номи йўқ, киритилмаган. Демак, у бошқа иштирокчилардек “овоз йиғиш ҳуқуқидан маҳрум”. 

Рўйхатни кузатиб, яна бир танишимнинг номига кўзим тушди. Хурсанд бўлиб, омад тилаш мақсадида қўнғироқ қилдим. Аммо реакция мен кутгандек бўлмади: чунки у ҳеч қандай танловга ҳужжат топширмаганини айтди. Дўстимнинг ўзи ҳам бу ишдан ҳайратда. 

Яна бир ҳолатга гувоҳ бўлдим: нуфузли сайтларнинг муҳаррири кеча сайтнинг телеграм каналига ўзи танловда иштирок этаётгани ва обуначиларидан линкка кириб, овоз бериб юборишларини сўради. Ўқиб, уялиб кетдим. Бугун шу муҳаррирнинг тўплаган овози етакчилар сафида турибди. Салкам 2 мингга яқин овоз тўплабди. 

Танловда қатнашаётган блогерлар ҳам овоз йиғиш жараёнида астойдил бел боғлаган. Улар ҳам ўз каналларида бонг уриб ётишибди.

Биринчи ҳолатни-ку техник носозлик деб “айб”ни ёпиш мумкиндир. Аммо танловга ҳужжат топширмаган одамнинг рўйхати танлов иштирокчиларининг орасига қандай тушиб қолди?  

Кичик бир сирни очаман: бир танишим «юқоридан» қилинган биргина қўнғироқ билан «Олтин қалам» соҳиби бўлганди. 


Танловнинг яхши томони

Аммо танловнинг бу каби ўтказилишида ҳам бир ҳикмат борлигини англагандекман. Боиси, йиллар давомида хабар олмаган "қадрдон" ҳамкасбларим топилди. Меҳр-оқибат, дўстлик ришталарини эслатмоқда. Танимаган ҳамкасбларим ҳам талайгина экан. Уларни ҳам айнан мана шу танлов орқали танияпман. 

Подадан олдин чанг чиқармоқчи эмасман. Аммо Миллий мукофотга холис ва ҳаққоний ёндашиш тарафдориман. Чунки ҳозирги замонавий дунёнинг ҳақиқий журналистикаси қалами ўткир, том маънода воқеликни холис таҳлил қилиб интерактив усулда тезкор ахборот тарқата журналистдир (булар орамизда талайгина). Бунда журналист керак бўлса, ноҳақликни холис танқид қила олиши, қонун устуворлиги йўлидаги барча тўсиқлар ҳақида қўрқмай, баралла ёза олиши (худди Анора Содиқова каби) керак.

Мўмин Абдуллоҳ

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

ИИВ огоҳликка чақирмоқда

792 18:03 02.06.2023

Замзам қудуғи тарихи

561 16:40 02.06.2023

Алоқа компанияларининг махсус ўйинлари ҳалолми?

574 11:15 02.06.2023

Путин ва Зеленский Туркияга боради

1382 10:01 02.06.2023

Ҳожар онамиз чўри бўлганми ёки малика?

2617 17:35 01.06.2023

Белгород ўққа тутилди: ўн киши яраланган

1536 15:50 01.06.2023
« Орқага