«Тиланчи кекса…»

00:00 13.06.2019 1053

Аҳли сунна вал жамоат аҳли, эътиқод масалаларда икки бўлакка бўлинадилар. Шайх Абдул-Ҳасан Ашъарийга қарайдиганларни «Ашъария» ва ҳазрати Абу Мансур Мотуридийга қарашлиларни «Мотурудия» деб атайдилар. Рум, Бухоро, Балх, Хоразм, Самарқанд, Фарғона ва Ҳиндистондек катта мусулмон ўлкаларининг барча халқи ва Туркистон ҳамда Кошғар каби мамлакатларда яшовчи эллар ҳаммаси Мотурудия мазҳабидадирлар.

Ҳазрати Абу Мансур Мотурудий зикри.

Ҳазрати шайх бир кун боғда эди, Бағдод халифаси томонидан, шайхдан бир масалани сўрагани Самарқандга юборилган элчи келиб боғ эшигини қоқди. Шайх одатдаги эски ямоқ кийимида чиқди.

 Элчи шайхни хизматкор деб ўйлаб;

 – «Мавлоно қайдадир?» —деб сўради.

 Шайх:

 – «Мавлоно Тангридир», деб жавоб берди.

Элчи:

– «Хожанг қайдадир?» деди.

 Шайх:

– «Хожа Мустафодир», деб жавоб қайтарди.

 Яна элчи:–«Шайх Абу Мансур қайдадир?» деб сўради.

Шунда шайх:

– «Ушбу тиланчи кекса», деб ўзини кўрсатди.

Айтишларича, ул зотнинг шогирдлари дарс таълими олиш учун [шайхнинг] боғига келар эдилар. Иттифоқо, ҳамал (март)ойи эди, шайх ёронлари учун бир ўрик дарахтининг шохини қоқди. Унинг кароматидин ер ўрик меваси билан тўлди. Толиблар еб тўйдилар.

Яна нақлда борким, ҳазрат Абу Мансурнинг хотини дағал ва бадфеъл аёл эди. Бир кун шайх танурга ўт қўяётган эди, хотини жаҳл қилиб шайхнинг муборак орқасига беш бора тепди. Шайх умрининг охирида; «ўша беш тепки билан мен ва Хақ таоло орасидаги етти пардадан беш пардаси ўртадан кўтарилди ва ўттиз икки йил рўза тутиб, кечалари тик туришни бажо келтирдим, токи қолган икки ҳижоб ҳам ўртадан кўтарилсин деб. Қани эди ўшанда аёл яна икки тепки ҳам тепганда, бунчалик машаққат чекмаган бўлур эдим», деган экан.

Ҳазрат шайхда ажойиб бир ҳолат ҳам бор эди. У гоҳо яҳудийлар маҳалласига бориб; «ибодат қилинглар, ёхуд ўлинглар!» деб хитоб қилар эди. Бу сўзни эшитганлар иймон келтирмасалар ўша чоғдаёқ ўлардилар.

Абу Тоҳирхожанинг “Самария” асаридан

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!