Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Таҳлил

Тилингизга тутинг тавба

15766

Аё диндошларим, эсланг, бир он тўхтанг жаҳолатдан,
Хабардорсиз, ки ўтганлар қилиб бўлган разолатдан,
Ки пайғамбарлар учун етган кўнгил оғриқ, жароҳатдан,
Бошингиздан бало ёғмай, тилингизга тутинг тавба...

Нечун бундоқ ҳаром йўлни, жило бирлан топингайсиз?
Ҳақ айтганни текин олмай, қимматига сотилгайсиз,
Вақти борида қайтингиз, жаҳаннамга отилгайсиз,
Бошингиздан бало ёғмай, тилингизга тутинг тавба...

Сиза пайдо ҳаромдан маст, қавми Лутдан қолган иллат,
Ва Шуайбни эшитмас ул мол-у дунёга ўч миллат,
Яратганга чин иймон-ла фидо бўлинг бори муддат,
Бошингиздан бало ёғмай, тилингизга тутинг тавба...

Бу олам тинчимай қолди, қони дарё гуноҳсизлар,
Яратганга суянган ул, юпун, очдир паноҳсизлар,
Тамошобин бўлиб турган, аё айбдор, гувоҳсизлар,
Бошингиздан бало ёғмай, тилингизга тутинг тавба...

Қаён боқсанг бу судхўрлик, асоратдан эмас холи,
Ночорларнинг ҳақи бирлан ошиб кетган зар-у моли,
Ки кўзларда ёқимсиз ҳирс, зино истайди бежоли,
Бошингиздан бало ёғмай, тилингизга тутинг тавба...

Ҳашамдор манзили борким, даюсларни чақиргувчи,
Аёл-у эр фаҳш айлаб, бузуқ роҳатда тургувчи,
Ва ҳарчанд беркиниб олманг, Улуғ зот бор-ку кўргувчи,
Бошингиздан бало ёғмай, тилингизга тутинг тавба...

Сиз Аллоҳ мулкини шундай “маним” деб ёқлаган кассиз,
Само-ер устида ҳоким бўлишни хоҳлаган кассиз,
Шу оламни ўзи бор деб Қиёмат кунни билмассиз,
Бошингиздан бало ёғмай, тилингизга тутинг тавба...

Танингиз дарди бор ўйланг, Яратган эслагин дейди,
Гуноҳу гарди бор ўйланг, Яратган эслагин дейди,
Ҳар ишнинг охири бор ўйланг, Яратган эслагин дейди,
Бошингиздан бало ёғмай, тилингизга тутинг тавба...

Санаб ўтсам гуноҳ иш мўл, тағин ширк айлаган бисёр,
Шу Раҳмон зотга қаршилар, лаъиннинг ишига дастёр,
Ўзим ҳам бир осий банда, демасман ҳеч ки беозор,
Бошингиздан бало ёғмай, тилингизга тутинг тавба...

Нуриддин Зиё

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Қаддингни ростла!

1327 22:00 15.05.2021

Дил аро ёдинг мужассам...

639 07:00 06.05.2021

Рамазонда рўза тутганлар

585 20:00 03.05.2021

Хуш келдинг қалбимга, моҳи Рамазон!

628 18:30 12.04.2021

Шеър айтишнинг одоби бор

478 16:30 22.03.2021

Комил Алламжонов: “Шеърлар тўқиб юрганимиз билан биримиз икки бўлмайди...”

1023 10:27 16.02.2021
« Орқага