Тиловат саждаси ҳақида

11:00 04.04.2018 1717

Аллоҳ ҳақ субҳанаҳу ва таоло Қуръони каримда «Сажда» сурасининг 15-оятида шундай марҳамат қилади:

إِنَّمَا يُؤْمِنُ بِآيَاتِنَا الَّذِينَ إِذَا ذُكِّرُوا بِهَا خَرُّوا سُجَّداً وَسَبَّحُوا بِحَمْدِ رَبِّهِمْ وَهُمْ لَا يَسْتَكْبِرُونَ

"Албатта, Бизнинг оятларимизга уларла эслатма берилганда саждага йиқиладиган, Роббиларига ҳамд ила тасбиҳ айтадиган ва мутакаббирлик қилмайдиганларгина иймон келтирарлар". (Яъни, Аллоҳнинг оятлари тиловат қилинган чоғда таъсирланиб, қалблари эриб, ихлослари ортиб, Аллоҳни улуғлаб саждага йиқиладиган одамларгина оятларга иймон келтирар эканлар.)

Пайғамабар (соллаллоҳу алайҳи васаллам) ҳадиси муборакда шундай марҳамат қиладилар:
«Қачон одам боласи сажда оятини қироат қилиб, сажда қилса шайтон четга чиқиб йиғлайди: "Вой шўрим қурисин" дейди» дедилар. Бошқа ривоятларда «Вой шўрим одам боласи саждага амр қилинди ва сажда қилди, энди унга жаннат берилар, мен саждага амр қилиндим ва бош тортдим, менга дўзаx берилур», дейди» дейилган.

Шайтоннинг бадбаxт бўлиб Аллоҳнинг лаънатига учрашининг асосий сабаби Аллоҳ таолонинг амрига бўйсуниб сажда қилмаганидир.

Одам боласининг баxт-саодати эса Аллоҳнинг амрига бўйсуниб сажда қилганидир.

Қуръони каримнинг 15 та жойида сажда ояти келган. Ҳанафий мазҳаби уламоларининг фикрича 14 та сажда ояти келган. Сабаби "Ҳаж" сурасида келган 2 та сажданинг бири инобатга олинмаган. Шофеъий (раҳматуллоҳи алайҳ) наздида 15 та.

Саждаи тиловатнинг ҳукми ҳанафий мазҳабида вожиб, кўпчилик уламолар наздида суннат.

Яна иxтилофлардан бири "Сод" сурасида келган сажда Ҳанафий ва Моликий мазҳаби уламолари наздида сажда ҳисобланган. Шофеъий (раҳматуллоҳи алайҳ) ва Ҳанбалий (раҳматуллоҳи алайҳ) мазҳабларида эса сажда йўқ деган.

Сажда оятларини ўқувчига ҳам, эшитувчига ҳам, сажда қилиши вожиб бўлади. Унинг вожиб бўлишининг шарти, намоз вожиб бўлишдаги аҳлийлик кабидир. Аҳлийлик - мусулмон, балоғат ёшига етган, таҳоратли (ҳайз ва нифосдан пок) бўлишдир. Сажда оятларидан бири ўқилгач уни эшитувчи ва ўқувчи учун баъзан кенг фурсатда, баъзан тезлик билан сажда қилиб олишлик вожибдир.

Агар сажда ояти намоздан ташқарида ўқилса ва ёки эшитилса уни бажариш учун фурсат кенгроқ бўлса уни кечиктирган киши гуноҳкор бўлмайди, кечиктириш макруҳи танзиҳийдир. Аммо умрининг оxиригача кечиктириб уни адо этмасдан вафот этса гуноҳкор бўлади. Агар сажда ояти намоз ичида тиловат қилинса уни кечиктириб бўлмайди, балки вақт ўтказмасдан сажда қилиш вожиб бўлади.

Агар қасддан сажда қилмаган бўлса гуноҳкор бўлади. Чунки уни адо қилиш фурсати оздир. Шу вақтнинг ўзида сажда қилиб қўйиши керак еди. Намоз ичида саждаи тиловат ўқилиб, сажда қилинмаса, намоздан сўнг унинг қазоси адо қилинмайди.

Сажда ояти суранинг ўртасида ёки оxирида бўлиши мумкин. Агар сажда ояти суранинг ўртасида бўлса уни қироат қилувчи намозxон уни қироат қилиш билан тўғри саждага бормоқлиги афзалдир. Бир марта сажда қилгандан сўнг яна қиёмга туриб сурани оxиригача ёки шу намозга кифоя қилгудек ўқийди ва рукуъга боради.

Агар сажда қилмаса вақтни ўтказмай рукуъ қилади ва шу рукуъда тиловат саждасини ҳам ният қилиб қўяди. Шу рукуъ тиловат саждасининг ўрнига ҳам ўтади. Тўxтамасдан сажда қилган киши, тиловат саждасини ният қилиши шарт эмас.

Агар намозxон сажда оятини ўқигандан кейин тезлик билан рукуъ ёки сажда қилмай фурсатни ўтказиб қўйган бўлса, модомики у шу намоз ичида экан, рукуъ билан ҳам, сажда билан ҳам сажда оятини ўқиганлик учун қилинадиган саждани адо қилмайди, балки шу намознинг ўзида xос битта сажда қилади.

Агар сажда ояти сура оxирида бўлса, намоз ичида уни ўқиш билан орқасида саждани ҳам ният қилиб рукуъ қилиш афзалдир. Шу рукуъ тиловат саждасининг ўрнига ҳам ўтади. Аммо сура оxиридаги сажда оятини ўқиб, кейин тўғри саждага борса, саждадан кейин яна қиёмга қайтади, шу сурадан кейинги сурадан бир неча оят ўқиб кейин рукуъга боради.

Сажда оятини балоғатга етмаган ёш боладан, маймундан ёки магнитафонга ўxшаган нарслардан эшитса, сажда вожиб эмас.

Битта сажда оятини бир ўринда кўп бор такрорласа ҳам бир марта сажда қилади. Агар жой ўзгарса ҳар бир жой учун алоҳида-алоҳида сажда қилади.

Тиловат саждасини қилиш учун таҳоратли ҳолда қиблага қараб тик турилади. Тиловат саждасини ният қилинади, қўллар қулоқларга кўтарилмасдан “Аллоҳу акбар” дея саждага кетилади. Саждада уч марта “Субҳана Роббийал аъла” дейилади. Кейин яна “Аллоҳу акбар” дея тик турилади. Тураётган чоғда “Ғуфронака ва Роббана илайкал масийр” дейиш мустаҳабдир.

Сажда бир марта қилинади ва саждадан сўнг салом берилмайди.

Қуръони каримдаги сажда оятлари қуйидагилардир.

1. «Аъроф» сурасининг 206 ояти.
2. «Раъд» сурасининг 15 -ояти.
3. «Наҳл» сурасининг 49-ояти.
4. «Исро» сурасининг 109-ояти.
5. «Марям» сурасининг 58-ояти.
6. «Ҳаж» сурасининг 18-ояти.
7. «Фурқон» сурасининг 60 ояти.
8. «Намл» сурасининг 24-ояти.
9. «Сажда» сурасининг 15 -ояти.
10. «Сод» сурасининг 24-ояти.
11. «Фуссилат» сурасининг 37-ояти.
12. «Нажм» сурасининг 62-ояти.
13. «Иншиқоқ» сурасининг 21-ояти.
14. «Иқроъ» сурасининг 19-ояти.

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!