Таҳлил

Тинчлик битими имзоланди. Энди Яманда уруш тугайдими?

364

Бир неча кун аввал президент Абд Раббу Мансур Ҳадий бошчилигидаги Яман ҳукумати ва Айдарус ал-Зубайди етакчилигидаги Жануб ўтиш даври кенгаши ўртасида тинчлик битимининг имзолангани мамлакатдаги кўп йиллик уруш тарихида муҳим бурилиш бўлди. Аммо, таҳлилчилар фикрича, мазкур можаронинг яхшилик билан якун топиши учун бу етарли эмас.

Ал-Зубайди Адан шаҳри губернатори бўлиб, мустақил давлат – Жанубий Яманни қайта тиклашга қаратилган ҳаракатлари билан машҳур. Жанубий Яман давлати 1967 йилдан 1990 йилгача мавжуд бўлган ва Совет Иттифоқи томонидан қўллаб-қувватланилган. Ал-Зубайдини айни пайтда БАА қўллаб-қувватлаяпти. 

Ҳадий ҳукумати ва Саудия Арабистони мамлакатнинг шимолий қисмини, шу жумладан, пойтахт Санони назорат қилувчи исёнчи ҳусийларга қарши курашаётган бир пайтда Жануб ўтиш даври кенгаши жанубдаги асосий шаҳар Аданни назорат қиларди.

Жорий йилнинг августида Жануб ўтиш даври ва ҳукумат кучлари ўртасида Адан туфайли ҳарбий можаро келиб чиқди. Бир неча ҳафта давом этган жанглар айирмачиларнинг устунлиги билан якунланди.

Судан Ямандаги қўшинларини олиб чиқишни бошлади

Яман ҳукумати айирмачилар билан келишув имзолади

Энди эса битим имзоланди. Унга кўра, Жануб ўтиш даври кенгаши кучларини ҳукумат мудофаа қўшинлари ҳамда ички ишлар таркибига қўшиб юбориш, Адандаги ҳокимиятни Ҳадий ҳукумати билан тенг бўлишиш назардан тутилмоқда. 

«Икки томоннинг бирлашгани Саудия Арабистони учун қувончли воқеа бўлди, – деди шартномани имзолаш маросимида қатнашган валиаҳд шаҳзода Муҳаммад бин Салмон. – Ушбу келишув Яманда барқарорликнинг янги даврига асос солади».

Баъзи таҳлилчилар мазкур тинчлик ташаббусига шубҳа билан қарамоқда. Ҳадий ҳукумати учун Жануб ўтиш даври кенгаши билан можарога барҳам бериш Яман барқарорлигига таҳдидни бартараф этиш ҳамда ҳусийларга қарши курашда муҳим қадам. Бироқ мазкур битим орқали Яман ҳукумати амалда ўз рақибини легитимлаштириб, унга давлатнинг бирлиги ёки бўлинишини ҳал қилишда овоз  беришдек имкониятни тақдим этмоқда.

«Бу стратегия мутлақо кутилмаган оқибатларга олиб келиши мумкин. Ушбу келишув орқасидан Жануб ўтиш даври кенгаши Жанубий Яман давлатини барпо этиш учун сиёсий шарт-шароитларни яратишдек имкониятни қўлга киритди», – дейди яманлик таҳлилчи Саад Табет.

Мичиган штатидаги (АҚШ) Grand Valley университетининг асли яманлик олими Гамал Гасимнинг айтишича, Ямандаги бўлинишлар бир томондан Яқин Шарқдаги Саудия Арабистони ва БАА, иккинчи томондан Эрон ўртасидаги низоларни ўзида акс эттиради.

«Афсуски, Яманда урушаётган гуруҳлар ва жангарилар минтақадаги у ёки бу мамлакат томонидан ўйинга солинган шахмат доналаридир», – дейди у.

Гасимнинг таъкидлашича, Жануб даври ўтиш кенгаши Ҳадий ҳукумати учун бирданига шерик бўлиб қолмайди, чунки унинг асосий мақсади Ямандан ажралиб чиқиб, ўз мустақил давлатини барпо этишдан иборат. Президент Ҳадий эса бу вақтда Яманни бирлаштириш йўлида бутун кучини сафарбар қилмоқда. 

Бироқ келишувнинг стратегик мақсади Саудия ва БАА раҳбарияти кўзи ўнгида икки тахминий сценарийга айланиши мумкин.

Биринчидан, урушаётган томонларнинг бирлашиши сўнгги ойларда Яман шимолида Саудия Арабистони кучлари устидан бир неча ҳарбий ғалабаларни қўлга киритган ҳусийларга қарши коалициянинг қўли баланд келишини таъминлаши мумкин.

Ёки мазкур иттифоқни сақлаб қолиш ҳамда мустаҳкамлаш орқали Саудия Арабистони – БАА бу шартномадан Эрон билан келажакдаги эҳтимолий музокаралар учун устунлик сифатида фойдаланиш имкониятига эга.

Табетнинг таъкидлашича, Яманни иккига бўлиш бири шимолда Саудия таъсирида, иккинчиси эса жанубда БАА ҳомийлигида бўлган икки вассал давлатни ташкил этишдан бошқа нарсага олиб келмайди ҳамда воқеалар ривожи шундай давом этса, бу ҳолат муқаррардир.

«Бу эса алал-оқибат энг бошидан буён Яманни заиф ва пароканда шаклда ушлаб туришдан манфаатдор бўлган Саудия Арабистони ва БААнинг фойдасига ишлаши турган гап», – дейди Табет.

Томонлар сиёсий ўйинлар домига ғарқ бўлган ва ҳамма вазиятни ўз фойдасига ҳал этишга уринаётган бир пайтда эса Яман халқи тўрт йилдан буён давом этаётган уруш туфайли дунёдаги энг даҳшатли гуманитар фалокатдан азият чекмоқда.

Манба: Ал-Жазира

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Яманлик айирмачилар ажралиб чиқиш фикридан воз кечгани йўқ

242 10:00 10.11.2019

Яман ҳукумати айирмачилар билан келишув имзолади

283 11:00 06.11.2019

Яман – муҳожирлар учун азоблар диёри

20 17:00 31.10.2019

Судан Ямандаги қўшинларини олиб чиқишни бошлади

343 09:00 31.10.2019

Aмерика ва Исроил коллекционерлари Яманнинг қадимий меросини талаяпти

779 12:00 26.10.2019
« Орқага