Тоат-ибодатларнинг тожи

11:00 13.05.2018 1025

Намоз – бу диннинг устуни ва тоат-ибодатларнинг тожидир. Намознинг фазилатлари тўғрисида жуда кўплаб машҳур хабарлар мавжуд. Намознинг энг яхши одоби – хушуъ, яъни намозни ҳурмат-иззат билан адо этишдир.

Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳудан ривоят этилишича, у зот Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан шундай хабар берадилар: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Бирон кишига фарз намози адо этиш вақти келса, у киши чиройли таҳорат олиб, намозни одоб-иззат билан, гўзал суратда рукуъларини бажариб адо этса, бу хилда ўқиган намози унинг гуноҳи кабирадан бошқа ҳамма гуноҳларига каффорат бўлади. Бу ҳолат ҳамиша давом этади», дея марҳамат қилдилар» (Имом Муслим «Саҳиҳ» китобларида бошқачароқ лафзлар билан ривоят этганлар. Имом Табороний ҳам «Авсат»ларида шунга ўхшаш сўзлар билан зикр этганлар). Яна у зотдан ривоят этилишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қилдилар: «Кимки хотиржамлик ва таскин қалб ила икки ракат намоз ўқиса, унинг олдинги гуноҳлари авф этилади» (бу ҳадисни Имом Бухорий ва Муслим бир оз ўзгартириш билан ривоят этганлар).

Абдуллоҳ ибн Зубайр розияллоҳу анҳу ҳар вақт намоз ўқисалар, таъзим ва тавозуъда бамисоли ёғочдай қотиб турардилар. Саждада турган вақтларида устиларига чумчуқлар қўниб туришарди, гўё у киши девор ёғочидек саждада узоқ қимирламай турардилар. Кунлардан бирида у зот Каъба девори олдида намоз ўқиётган эдилар. Ногоҳ манжаниқдан отилган тош келиб тушиб, у зотнинг кўйлакларининг баъзисини йиртиб кетса ҳам, намозларида давом этавердилар. Маймун ибн Маҳрон розияллоҳу анҳу айтдилар: «Мен Муслим ибн Ясорнинг намозда ҳеч қачон қимирлаганларини кўрмадим. Масжиднинг бир томони қулаб тушди, бозор аҳли бундан қўрқиб кетди, у зот эса ҳамон масжидда намозларини адо этардилар, ақалли бундай бир сесканиб ҳам қўймадилар».

Али ибн Ҳусайн розияллоҳу анҳу ҳар вақт таҳорат олсалар, ранглари ўзгариб, оқариб кетарди. Одамлар у зотдан: «Таҳорат олаётган вақтингизда сизга нима бўлади?» деб сўрашди. Шунда у зот: «Кимнинг ҳузурида қоим бўлишимни биласизларми?» деб жавоб бердилар.

Билинг! Дарҳақиқат, намознинг рукни, вожиби ва суннатлари бор. Унинг руҳи – ният, ихлос, хушуъ ва қалбнинг ҳозир бўлишидир. Шунингдек, намоз ўз ичига зикр, муножот ва афъолларни ҳам олади, зеро, нутқ қалбдаги нарсани ифода этмаса, у бамисоли алжираш даражасида бўлади. Шу каби афъоллардан мақсад ҳосил бўлмайди, зеро, қойим бўлишдан мақсад хизматдир. Рукуъ ва сужуд – итоат ва таъзимдир. Намозда қалб ҳозир бўлмаса, мақсад ҳосил бўлмайди. Агар феъл ўз мақсадидан ташқарига чиқса, унинг эътиборсиз сурати қолади, холос. Улуғ Аллоҳ марҳамат қилиб айтади: «Қурбонликнинг гўшт ва қонлари асло Аллоҳга етмайди, лекин сизлардан бўлган тақво Аллоҳга мақбулдир» ("Ҳаж" сураси, 37-оят). Бу ерда мақсад Аллоҳга ҳақиқий етишувчи – бу қалбдаги васф сифатки, ҳатто бу билан қалб талаб этилган амрларга имтисол этади, бўйин эгади.

Шулардан бири, аввал айтиб ўтганимиздек, қалбнинг ҳозир бўлишидир. Бунинг биринчи маъноси шундай: қалбни барча икир-чикир ва ташвишлардан фориғ этиш. Бунга ҳиммат билан эришилади, сенга бир иш муҳим бўлса, қалбнинг заруратан шу билан ўз-ўзидан машғул бўлади. Қалбни ҳозир этишдаги бирдан-бир йўл – бу ҳимматни намозга йўллашдир. Ҳимматни қаратишнинг кучли ва заиф бўлиши охиратга бўлган иймон ва дунёни ўткинчи деб билиш қувватига қараб бўлади. Қачонки, қалбингиз намозда ҳозир бўлмаса, бунинг сабаби иймон заифлигида деб билинг. Бас, уни қувватли этишга тиришинг!

Иккинчи маъноси – калом маъносини англаш. Зеро, у қалб ҳозир бўлишидан кейинги ишдир, балки қалб маъносиз лафз билан ҳозир бўлади, шу вақтда қалбни ҳавотирлардан ҳимоя қилиш ва унга сабаб бўладиган моддаларни кесиш орқали маънонинг идрокида зеҳнни сарфлаш лозим бўлади. Агар моддалар ўз вақтида кесиб ташланмаса, ҳавотирлар у моддалардан юз ўгирмайди.

Моддалар зоҳирий ёки ботиний бўлади. Зоҳирий моддаларга эшитиш ва кўришни машғул этадиган ҳолатлар киради. Ботиний – ички моддалар қалбга қаттиқ таъсир кўрсатади, бунинг мисоли дунё водийларида тарқалиб кетган инсон ғам-ташвишлари кабидир, зеро унинг фикри бир ерда жам бўла олмайди, кўзини юмса ҳам, фойдаси йўқ, чунки қалбдаги нарса унинг доимо машғул бўлишига кифоя этади. Бунинг иложи шундай: агар зоҳирий моддалар бўлса, масалан, эшитиш ва кўриш аъзоларини банд этаётган нарсаларни қирқиш (йўқ қилиш), қиблага яқин туриш. Лекин шариат ногоҳ бўлиб қоладиган ғафлатни кечиради, зеро намоз бошида қалбнинг ҳозир бўлиши намоз ниҳоясига кифоя этади.

Намоз тўғри адо этилишида лозим бўлган маънолар кўп. Бу саждагоҳга назар ташлаш, турли-туман нақшлар солинган жойнамозларда намоз ўқишдан эҳтиёт бўлиш, ҳис-туйғуни ҳеч бир нарса банд қилмаслик билан бўлади. Дарҳақиқат, Пайғамбар алайҳиссалом турли белги-нақшлар туширилган кийим билан намоз ўқиган вақтларида, уни ечиб ташладилар ва: «Ҳозир бу кийим намозимдан мени машғул этди», деб айтдилар.

Энди қалбни машғул этадиган нарсалар ботиний, яъни ички моддалар бўлса, бундан қутулиш йўли намозда ўқилаётган оятларга нафсни қаттиқ қаҳр қилиб бошқа нарсалар билан машғул бўлишидан қайтариш билан амалга оширилади ва муолажа этилади. Бу нарса намозга киришдан олдин бажарилиб, барча юмушларни тугатиб, унга тайёргарлик кўради. Қалбини дунёвий машғулотлардан бутунлай бўшатишга тиришади. У охират кунини, азиз ва улуғ Аллоҳ ҳузурида туришлик хатарини ва қиёматдаги даҳшат ва қўрқинчни қалбида яна бир бор янгилайди. Агар унинг фикру-зикрлари бу тарзда бўлмаса, билсинки, у хоҳлаган ва истаган нарсалари тўғрисида ўй-фикр юритган бўлади. У нафс истакларини тарк қилиб, унга сабаб бўладиган барча алоқаларни кесиб ташласин.

Билингки, қалбда бир иллат маҳкам ўрнашиб олган бўлса, унга қарши кучли даво қилиш билан қалб муолажа этилади. Агар қалб иллати зўрайиб кетса, у намозхонни ўзига жалб этади, ҳатто намоз тортишув натижасида қазо бўлади. Бунинг мисоли бир кишининг дарахт остида фикрини тўплашни истаган одамга ўхшайди. Дарахт устидаги чумчуқлар овози унга ташвиш солади, у эса қўлидаги ёғоч билан уларни учириб юборади. Фикри энди бир нарсага жам бўлар-бўлмас, чумчуқлар яна қайтиб келиб чуғурлашни бошлайди. Унга: «Бу қушлар ҳеч тинчимайди, агар чумчуқлардан халос бўлишни истасанг, дарахтни кесиб ташла», деб айтилади. Шу каби шаҳват дарахти ўсиб-улғайса ва шохлари ҳар томон чўзилса, дарахтга интилган чумчуқлар ва ифлосликка йиғилган пашшалар каби шаҳватга ҳам турли фикрлар жазб бўлиб келади. Алалхусус, нафис умр бу иллатдан халос бўла олмай, ўтади-кетади, сўнг оҳ-воҳ, дейди.

Мана шундай фикрларни туғдирадиган мазкур шаҳватнинг асосий сабаби – дунёни севиш ва унга қаттиқ ружу қўйишдир. Омр ибн Абду Қайсдан: «Намозда дунё ишларидан бирон-бир нарса кўнглингизга келадими?» – деб сўрашди. У зот жавобан: «Намозда кўнглимга бир нарса келиши найзалар жасадимга кириб-чиқишидан ҳам менга яхшироқдир», – деб айтдилар.

Билинг! Дунё муҳаббатини қалбдан юлиб ташлаш жуда оғир, уни бутунлай йўқ этиш анча қийин. Имкон борича булардан халос бўлишга саъй-ҳаракат этинг! Аллоҳ муваффақият ва ёрдам берувчидир.

Учинчиси – Аллоҳга таъзим этиш ва ҳайбатини ҳис этиш. Бу икки нарсада ўз ифодасини топади: улуғ Аллоҳ жалолатини ва азаматини билиш ҳамда нафс тубанлигини билиш. Уни (яъни, нафсни) қул қилиб бўйсундириш лозим. Бу икки нарсани билишдан вужудга келади: бўйин эгиш ва таъзим-тавозуъ.

Яна шулардан бири ражо – умид бўлиб, у хавф устига зиёда қилинади. Қанчалаб одам подшоҳни улуғлайди, чунончи яхшилигини умид қилиб турганларидек, зулмининг хавфи ҳам уларни қўрқитиб туради.

Намозхон ўқиган намози савобидан умидвор бўлиши ва агар адо этмаса, азоб-уқубатда қолишдан хавф этиши лозим. У намозга тааллуқли барча нарсаларда қалбини ҳозирлаши керак. Агар муаззиннинг азонини эшитса, унга бу нидо қиёматни эслатади ва дарҳол унга инқиёд – бўйсуниб ўрнидан туради ва мазкур чақирувга мувофиқ иш тутишга енг шимаради. Бу вақтда унга нима вожиб бўлади? Қандай ҳолатда намозга ҳозир бўлади? Агар у авратини беркитса, билингки, бундан мурод у халойиқдан бадани айбларини беркитади, бас, у ботини – ички авратларининг Яратгандан бошқа ҳеч ким огоҳ бўла олмайдиган асрорлари, айбларини эсга олсин. Бу сирларни Аллоҳдан ҳеч нарса беркита олмайди. Бу айбларни фақат надомат, ҳаё ва хавф ювиши мумкин.

Энди у қиблага қараб истиқбол этса, юзини бошқа барча томонлардан қайтариб, фақат Аллоҳнинг Байти томон юзлантирган бўлади. Қалбини улуғ Аллоҳга қаратиши бундан ҳам аъло. Чунончи, у бошқа тарафларга юзланмай, фақат Байтуллоҳ томон қарагандай, қалбининг ҳам Аллоҳ таолога юзланиши Ўзидан бошқа барча нарсалардан юз ўгирганда ҳосил бўлади.

Эй намозхон! «Аллоҳу акбар», деб такбир айтган вақтингизда қалбингиз тилингизни асло ёлғонга чиқармасин. Агар юрагингизда Аллоҳдан ҳам улуғ нарса бўлса, бас, сиз ёлғончи – каззобсиз. Сиз ўзингиздаги орзу-истакнинг Аллоҳ тоатидан ҳам каттароқ ва улуғроқ, деган далил билан уни муқаддам билишдан эҳтиёт бўлинг!

Агар сиз: «Аъузу биллаҳи минаш-шайтонир рожим», яъни «Шайтоннинг ёмонлигидан паноҳ тилайман», деб айтсангиз, (тайёргарлик кўрсангиз), билингки, бу шайтондан паноҳ тилаш – Аллоҳ ҳузурига келишдир.

Агар сиз қалбингиз билан ўрин олмасангиз, сўзингиз бефойда. Ўқиганларингизнинг маъносини фаҳмлайсиз. «Алҳамду лиллаҳи Роббил оламин», деган ояти каримани ўқиганингизда қалбингиз билан фаҳмлашга ҳозир бўлинг. «Ар-роҳманир роҳим» сўзини тиловат этганингизда Аллоҳ лутфини талаб этинг. «Малики явмиддин», деб тиловат этганингизда Аллоҳни улуғлаб ёд этинг! Ҳамма ўқийдиган оятларингизни шу каби давом эттиринг!

Зарара ибн Абу Авф розияллоҳу анҳудан ривоят этиладики, ул зот намозларида Аллоҳ таолонинг «Агар сурнайга пуфланса, яъни сурнай чалиб қиёмат эълон этилса…» (Мудассир сураси, 8-оят), деган сўзини эшитиб, йиқилиб жон таслим этгандилар. Бу жонни фидо этиш аъло бўлган бир ҳолат суратидир.

Рукуъга борган вақтингизда тавозеъли бўлишни иста! Саждага бориш зиёда заифликдир, зеро сиз нафсингизни ўз ўрнига қўйдингиз. Ўзингиз яратилган тупроққа сажда этиш билан фарэни аслига қайтардингиз. Сиз завқ-шавқ билан зикрлар маъносини фаҳм этасиз.

Англанг! Намозни мана шу ботиний шартлар билан адо этишлик қалбни зангдан жилоланишига сабаб бўлади. Унда маъбуднинг азаматлиги товланадиган нурлар ҳосил бўлади. Унинг сир-асрорларидан огоҳ бўласиз. Бунга фақат олимларнинг ақллари етади, холос.

Аммо кимки намознинг суратини ўзгача маънода қоим этса, адо қилса, бас, у ҳар нарсадан бехабар, балки уни инкор этади.

«Минхожул Косидийн» китоби асосида

Мунис Сирожов тайёрлади

Пискент тумани «Ўсмат Ота» жоме масжиди имом-хатиби

Манба: Fitrat.uz

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!