Ахлоқ

Тоат ва маъсиятни ошкор этиш ва беркитиш орасида (1-қисм)

420

Тоатни ошкор этиш ва беркитиш орасида

Аллоҳ таоло томон йўл олган мўмин учун ўз тоатини беркитиш учун тиришиши, қўлидан келганича халқнинг кўзи ва қулоқларидан ўзининг солиҳ амалларини тўсиши лозим. Бунда унга Аллоҳ унинг амалларини кўриб тургани, халқ унга зарар ҳам, фойда ҳам келтира олмаслиги, Аллоҳнинг розилиги ва берадиган савоби халқнинг розилиги ва мақтовларидан устун эканлигини билиши кифоя қилиши керак.

Бундай ҳолат қўшимча ва нафл ибодатларда бўлади. Аммо фарз амаллар, диннинг устуни бўлган ибодатларда уларни ошкора қилиш шарт бўлади. Бунинг сабаби Ислом шиорларини улуғлаш, мусулмонларнинг бу ибодатларни маҳкам ушлашларини намойиш қилиш, Аллоҳ фарз қилган нарсаларни зое қилаётгандек кўринмаслик, бошқалар ундан ўрнак олишлари, унга ўхшашлари учун бажаришдир. Албатта, яхшилик яхшиликка илҳомлантиради, албатта, салоҳият салоҳиятни келтириб чиқаради.

Фарзларда асл – уларни зоҳир қилиш, нафлларда асл – уларни беркитиш.

Шу билан бирга одамларга риё қилишни ва зоҳир қилишни мақсад қилмаган ҳолда нафл бўлган тоат ва солиҳ амаллар зоҳир бўлишидан банда ўзига яхшилик етган инсон каби хурсанд бўлиб ҳаяжонланиши мумкин:

А. Агар банда Ўзининг гўзал лутфи ила унинг ёмонликларини беркитиб, яхшиликларини зоҳир қилгани ва тоат учун берган тавфиқ неъмати сабабидан Аллоҳга шукр қилган ҳолида хурсандчилик ҳис қилса, бу мақталган хурсандчиликдир. Аллоҳ таоло бу ҳақида қуйидагича марҳамат қилган: “Сен: “Аллоҳнинг фазли ила ва Унинг раҳмати ила. Бас, ана шу билан хурсанд бўлсинлар. У улар жамлайдиган нарсалардан яхшидир”, деб айт” (Юнус, 58). Солиҳлар ҳам ўз зикрларида: “Гўзални зоҳир қилиб, қабиҳни беркитган Зот барча айб ва нуқсонлардан покдир”, дейдилар.

Б. Бу ҳолатни Аллоҳ бу дунёда унинг яхшиликларини зоҳир қилиб, ёмонликларини беркитганидек охиратда ҳам яхшиликларини зоҳир қилиб, ёмонликларини беркитишига умид қилишга боғласа бўлади. Асарларда қуйидагича хабар келган: “Аллоҳ бандасининг амалидан бу дунёда нимани беркитган бўлса, қиёматда ҳам ўшани беркитади”. Шоирнинг қуйидаги байти ҳам шу маънода келган:

Аллоҳ ўтган ишларда яхшилик қилганидек,

Келажак ишларида ҳам яхшилик қилур.

Биринчиси, хурсандчилик амалнинг дарров қабул қилинганидан бўлади. Бунда келажак мулоҳаза қилинмайди. Иккинчи тур хурсандчилик етишиладиган молнинг ҳолига ва қўлга киритишнинг гўзаллигига қизиқиш сабабидан бўлади.

В. Гоҳида тоати зоҳир бўлганидан келган хурсандчилик ўзидан бошқани шу амалга ундаш, ўзига эргаштириш, тақлид қилдириш, солиҳлар сони кўпайиши, Аллоҳга итоаткорлар сонининг ошиши, яхшиликлар ва солиҳ амаллар чегараси кенгайиб, Аллоҳнинг ҳузурида ажр кўпайиши сабабидан бўлади.

Г. Гоҳида унинг хурсандчилиги, унинг амалини кўрганлар уни Аллоҳ учун яхши кўриб, ундан рози бўлиб, уни мақтаб савоб олишлари ва иймоннинг энг мустаҳкам даражасига киришлари сабабидан бўлади. Ҳадисда: «Иймоннинг энг мустаҳкам даражаси – Аллоҳ йўлида яхши кўриш ва Аллоҳ йўлида ёмон кўриш», дейилган.

Яна бир ҳадисда бундай дейилган: “Кимда уч нарса бўлса, иймон ҳаловатини топади: Аллоҳ ва расули у учун бошқа барча нарсаларда суюклироқ бўлса, бир кишини фақат Аллоҳ учун яхши кўрса, Аллоҳ уни ҳидоят қилганидан сўнг куфрга қайтишни оловга тушишдек кўрса” (Бухорий ва Муслим ривояти).

Одамлар уни Аллоҳ йўлида яхши кўрганлари учун савоб олганларидан ёки унга амалда эргашганларидан хурсанд бўлишининг ҳақ даъво эканлигини банда уни мақташадими ёки ундан бошқа солиҳ бир кишини мақташадими, у учун фарқи бўлмагандагина билади.

Д. Бошқаларни ўша амалга тарғиб қилиш, иқтидо қилиб, ҳидоят топиладиган суннатни йўлга қўйиш нияти бўлса, амални зоҳир қилишдан хурсанд бўлиш мақталгандир. Имоми Муслимнинг “Саҳиҳ”ларида Жарир ибн Абдуллоҳдан ривоят қилинади: “Ким бир яхши суннатни йўлга қўйса, унга ўшанинг ажри ва ўша суннатга қиёматгача амал қилганларнинг – уларнинг ажри камайтирилмаган ҳолда – ажри бўлади”. Анбиё ва расуллар ўз эргашувчиларига намуна бўлганлари учун Аллоҳ таоло уларни тоатларни зоҳир қилишга буюрган.

Аллоҳ айтади: “Батаҳқиқ, сизлар учун – Аллоҳдан ва охират кунидан умидвор бўлганлар учун ва Аллоҳни кўп зикр қилганлар учун Расулуллоҳда гўзал ўрнак бор эди” (Аҳзоб, 21).

Олимлар, даъват соҳиблари, солиҳлар ва умуман одамлар уларга эргашувчи бўлган инсонлар пайғамбарлар меросхўрлари ва ўринбосарларидир (уларнинг амаллари зоҳир бўлишида ҳам халққа фойда бор. Таржимон).

Ҳасан Басрий айтганлар: “Мусулмонлар амалларнинг сирлиси яхшироғи эканлигини билганлар, аммо амални зоҳир қилишда ҳам гоҳида фойда бўлади”. Шу сабабдан Аллоҳ сирли амални ҳам, зоҳир амални ҳам мақтаган: “Кечасию кундузи сирли равишда ва очиқчасига молларини нафақа қиладиганларнинг ажрлари Раббилари ҳузуридадир. Уларга хавф йўқ ва улар хафа ҳам бўлмаслар” (Бақара, 274).

Алий розияллоҳу анҳу айтганлар: “Оятга амал қилган ҳолда бир дирҳам кечаси, бир дирҳам кундузи, бир дирҳам сирли равишда ва бир дирҳам очиқ равишда садақа қилдим”.

Шу йўсинда банда Аллоҳга ҳар қандай вақтда ва ҳар қандай ҳолатда ибодат қилган бўлади. Аслида эса садақани сир тутган яхшироқ, хусусан, риё қилиб қўйишидан қўрқса ёки одмлар мақтовини ҳоҳлаб қолишидан чўчиса, ёки сир тутиш фақирнинг ҳурматини риоя қилиш ва обрўсини сақлаш учун бўлса. Айниқса, ўша фақир иффатли, ўзининг муҳтожлигини беркитувчи инсонлардан бўлса. Аллоҳ уларни қуйидагича васф қилган: “…Иффатлари туфайли билмаган киши уларни бой деб ўйлайдиган фақирларгадир. Уларни сиймоларидан танийсан, одамлардан хиралик қилиб сўрамаслар” (Бақара, 273).

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган муттафақун алайҳ ҳадисда Аллоҳнинг соясидан бошқа соя йўқ бўлган қиёмат кунида Аллоҳ Ўз соясига етти тоифани олиши ва ўша тоифалардан бири садақа қилганда садақасини шунчалик сир тутганидан ўнг қўли берганини чап қўли билмайдиган инсонни айтиб ўтилган. Бу олий мақомдир, аммо садақани ёки бирор амали солиҳни биз зикр қилиб ўтган сабаблардан бири ила зоҳир қилса, ҳеч қандай хараж йўқдир. Ва ўша зоҳир бўлган амалнинг соҳибига нафсини тафтиш қилиш, унинг чалғитишидан эҳтиёт бўлиш вожиб бўлади. Зеро, нафс ёмонликка буюрувчи, ўта чалғитувчи ва алдагувчидир. У яна имкони борича риёдан ҳам сақланмоғи лозим. Гоҳида риё ўта махфий бўлиб, банда сезмаган ҳолида унинг ичига кириб, амалини ҳабата қилиб қўяди. Ваҳоланки, банда яхши амал қилмоқдаман, деб ўйлаётган бўлади. Бунда банда улуғ ва олий Аллоҳдан ёрдам сўрамасидан, ҳар қандай куч-қувватни қўйиб пок бўлган Аллоҳнинг куч-қувватига талпинмасидан ва ушбу дуони айтиб юрмаслигидан бошқа иложи йўқ: “Аллоҳим, Сенга билган нарсада Сенга ширк келтириб қўйишдан паноҳ сўрайман ва билмаган нарсамда ширк келтириб қўйишимдан истиғфор айтаман”. (Ихлосга фақат Аллоҳдан сўраш билангина эришилади, бу нарсасиз ихлос эришиб бўлмайди. Банда ўзини ихлосли деб ҳисолаган заҳоти у холис бандалар қаторидан чиқиб қолади. Таржимон).

"Ният ва ихлос" китобидан

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Ниятнинг аҳамияти ва ихлоснинг татбиқ қилиниши (Ният ва ихлос)

600 18:00 01.11.2019

Риёдан узоқлаштирувчи ҳадислар

536 22:05 28.08.2019

Қуръон риё ва риё қилувчилардан огоҳ этади

330 22:00 27.08.2019

Ихлоснинг фазли ва риёнинг хатари

326 22:05 23.08.2019

Даъватчилар ва олимлар учун ихлоснинг аҳамияти (Ният ва ихлос)

468 23:55 21.08.2019
« Орқага