Тоат ва маъсиятни ошкор этиш ва беркитиш орасида (2-қисм)

22:00 07.09.2019 251

2. Гуноҳларни беркитиш

Тоатларни, хусусан, фарзларни ва баъзи ҳолларда нафлларни, биз зикр қилиб ўтган мақсадлар ҳосил бўлиши учун шариат зоҳир қилишга рухсат берган. Аммо шариат гуноҳларни зоҳир қилишга ва уларни эълон қилишга рухсат бермаган. Шариат уларни – агар содир бўлса – кўрсатмасликка, беркитишга буюрган. Бу ҳолат инсонларга риё қилиш ёки уларнинг мақтовларини хоҳлаш ёки улар яхши кўрган суратда – агар ўша сурат унинг ҳақиқий сурати бўлмаса ҳам – уларга кўриниш учун эмас.

Гуноҳларни беркитиш мақталган ҳолат эканлигига, одамлар бошқалар айбларини билишларининг макруҳ нарса эканлигига бир нечта сабаблар бор:

1. Биз Аллоҳга маъсият қилишдек бир мусибат ила балоланганимизда, гуноҳимизни пок Зотнинг пардаси ила ёпишга ва ўзимиз у нарсани фош қилмасликка буюрилганмиз. Ҳадисда бундай дейилган: “Аллоҳ қайтарган ифлосликлардан четда бўлинглар. Қай бирингиз бу нарса ила аламланса, Аллоҳ таолонинг пардаси ила беркитсин”. Шу сабабдан ўзининг гуноҳини зоҳир қилиш макруҳ бўлганидек, бошқанинг ҳам гуноҳини зоҳир қилиш макруҳдир. Саҳиҳ ҳадисда: “Бирортангиз ўзи учун яхши кўрган нарсасини (мусулмон) бирордари учун ҳам яхши кўрмагунича (комил) мўмин бўла олмайди” дейилган. Бу ҳадисдан “Ўзи учун ёмон кўрган нарсасини биродари учун ҳам ёмон кўрмагунча” деган ҳақиқатни ҳам тушуниб олса бўлади.

2. Сири фош бўлиш ва иши очилишидан ўзини ҳимоя қилиш иккинчи сабабдир. Зеро, маъсиятларга тушишдан қўрқиш, уларга қарши журъат йўқолишидан қўрқилади. Қачонки нафс гуноҳлар ошкора бўлишига ўрганиб қолса, унинг гуноҳларга берилиб кетиши зиёда бўлади, шаҳватларга эргашишда ўз чегарасини риоя қилмай қолади ва гуноҳларни тарк этиш ҳақида қайғурмай қўяди.

Дунёда сири очилишидан қўрқиш ўз изидан шиддатлироқ ва хорловчироқ бўлган охиратда сири очилишидан қўрқишни етаклаб келади. Шунинг учун яхшилар айтадилар: “Аллоҳим! Бизни бу дунёда айбларимизни тўсганинг каби охиратда ҳам айбларимизни тўсгин. Ҳузурингда турилувчи кунда гувоҳлар олдида бизни шарманда қилма!”

3. Унга бошқа банда эргашиб, ер юзида Аллоҳга маъсият қилиш тарқалиши ва одамларда гуноҳ қилишга журъат уйғониши учинчи сабабдир. Банда гуноҳ қилганда, ўзи гуноҳкор бўлгани етади, у Аллоҳга тавба қилиши ва мағфират сўраши лозим. Гуноҳини эса зоҳир қилмасинки, ўша гуноҳ тарқалади, кенгаяди. Худди касаллик соғ аъзоларни ҳам заҳарлагани, темирга босқон урувчи ёнида турган одамни кир қилиб қўйгани каби. Ўзи гуноҳга ботган ҳолида бошқани ҳам унга тортиш ёмон кўрилган ишдир.

Шу сабабли Аллоҳга осий бўлган банда ўз гуноҳини беркитиши зарур. Ҳатто аёли, фарзандлари ва атрофидаги бошқа одамлардан, токи улар гуноҳкордан кўнгиллари қолмасин.

4. Аллоҳ уни афв қилишини ва гуноҳлардан офият беришини доимо билиб юриши ва ёмонлиги ила мақтанувчи, уни ошкор қилувчи, ҳалок қилувчи гуноҳлару хатарли ишларни қилганидан фахрланувчилар сарасига кириб қолмаслиги тўртинчи сабабдир. Имом Бухорий ва Имом Муслим ўз саҳиҳларида Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисларида бундай дейилган: “Умматимнинг мужоҳирларидан бошқа барчаси афв этилган. Мужоҳир киши тунда бир гуноҳ амал қилади ва Аллоҳ унинг гуноҳини беркитган бўлади. У эса тонг оттирганда: “Эй фалончи, кеча мен фалон ва фалон амалларни қилдим”, дейди. Ваҳоланки, Аллоҳ унинг гуноҳини беркитганда, у ўз гуноҳини ошкора қилди”.

5. Ҳаё аҳлидан бўлиши, ҳаёсига ва уни гуноҳларни зоҳир қилишдан қайтарувчи соғлом инсоний табиатига эргашиши лозимлиги бешинчи сабабдир.

Имом Бухорий ва Имом Муслим ўз саҳиҳларида Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисларида бундай дейилган: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўз укасига ҳаё қилмаслик ҳақида насиҳат қилаётган ансорийнинг олдидан ўтаётиб унга: “Уни тек қўй, албатта, ҳаё иймондандир”, деб айтганлар”.

Яна Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан қуйидагича ҳадис ривоят қилинган: “Иймон отмиш нечта шохчадан иборатдир. Ҳаё иймоннинг бир шохчасидир”.

Имрон ибн Ҳусайн розияллоҳу анҳудан ҳам қуйидагича ҳадис ривоят қилинган: “Ҳаё фақатгина яхшилик келтиради”.

6. Уммат ичида яхшилик ила танилганлар сарасига кириш олтинчи сабабдир. Халқ тили ҳақиқат қалами дейилганидек, одамлар Аллоҳнинг ердаги гувоҳларидир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам саҳобалар билан турганларида жаноза олиб ўтилади. Шунда саҳобалар маййитни мақтаганларида, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салам: “Вожиб бўлди”, дейдилар. Яна бир жаноза олиб ўтилганда саҳобалар маййитни ёмонлайдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салам: “Вожиб бўлди”, дейдилар. Умар ибн Хаттоб розияллоҳу: “Нима вожиб бўлди, ё Расулуллоҳ?” деб сўраганларида, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салам: “Аввалги маййитни мақтаганларингизда унга жаннат вожиб бўлди, иккинчи маййитни ёмонлаганингизда унда дўзах вожиб бўлди. Сизлар Аллоҳнинг ердаги гувоҳларидирсиз”, дедилар.

Яна Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салам: “Бир мусулмон киши вафот топганда унинг яқин қўшниларидан тўрттаси ундан фақат яхшилик кўрганларига гувоҳлик берсалар, Аллоҳ айтади: «У банда ҳақидаги билимингизни қабул қилдим ва сиз у ҳақида билмаган нарсаларингизни ундан кечирдим».

7. Одамлар унинг ёмонлигидан қочиши мумкинлиги еттинчи сабабдир. Одамлар уни ёмонлаганлари учун ўзлари гуноҳкор бўладилар. Бунда улар ёмонлашда чегарадан чиқиб кетишлари ёки банда қилганидан кўпроқ нарсани қилди деб гапиришлари – бундай ҳолатлдарда гапиришда чегарадан чиқиш кўп учрайди – мумкин бўлиб қолади. Бунда банда ҳам одамлар уни ёмонлагани учунгина гуноҳдан четланиши мумкин (яъни холис Аллоҳ учун гуноҳдан қайтмайди. Бу эса ёмон ҳолат. Таржимон). Ўзи гуноҳ қилиб балолангани, одамлар ундан бошқа гуноҳкорни ёмонлаганларида ҳам худди уни ёмонлаётганларидек аламлангани унга кифоя қилади.

8. Одамлар унинг маъсиятидан хабар топганларида бу нарсадан аламланиши саккизинчи сабабдир. Аъзолар зарба еганда аламлангани каби инсон одамлар ёмонлаши сабабидан ҳам қалби аламланади. Бу инсон фитратида бор нарсадир. Гоҳида бу алам сабабли ўсиб борувчи безовталик ва асабийлик бандани ибодатдаги хушуъдан ҳам ман қилади, айниқса, алами давомли ва қаттиқ бўлса.

Жасадини ва қалбини аламлантирувчи ҳар бир нарсадан узоқлашиш ва қочишда мўминга ҳеч қандай гуноҳ йўқ ва бу ҳаром эмас.

Аммо шу билан бирга қуйидаги ҳақиқатни билгин: ҳар бир иш Аллоҳнинг қўлида бўлиб, У Зотнинг ўзи асл “Фойда берувчи” ва “Зарар берувчи” эканлиги ва барча мавжудотлар У Зотнинг риоясида эканлигини билгани сабабли халқнинг уни кўриши эътиборсиз даражага чиқиб, уларнинг мақтовлари ва ёмонлашлари банда ҳузурида бирдек бўлиши олий мақомдир.

Имом Термизийнинг Баро ибн Озиб розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳасан ҳадисларида айтилади: “Бир киши ўрнидан туриб: “Ё Расулуллоҳ, мени мақташлари мен учун зийнатдир. Мени ёмонлашлари мен учун шармандаликдир”, деди. Шунда Расулуллоҳ солллаллоҳу алйҳи ва саллам: “Бу Аллоҳ тарафидандир”, дедилар”. 

9. Маъсияти зоҳир бўлганда ёмонликни ёки озорни мақсад қилиб қолиши тўққизинчи сабабдир. Албатта, бу нарсадан хавфда турилади. Бу ҳолат ёмонлаш кетидан келади. Ёмонлаш ёмонланаётган инсоннинг қалбида ўзини нуқсонли деб ҳис қилишни келтириб чиқариши тарафдан макруҳ кўрилгандир. Агар у инсон бировга ёмонлиги тегмайдиган инсон бўлса ҳам. Бу ҳолатда унинг гуноҳини билиб қолган инсоннинг ёмонлигидан ҳам қўрқилади. Мусулмон киши қўлидан келганича ўзини озор ва унинг сабабларидан сақлашида ҳеч қандай хараж йўқдир.

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!