Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Янгиликлар

Тоғли Қорабоғ: дронлар жангида қайси томон устун?

4724

Айтиш мумкинки, Озарбайжонга тегишли учувчисиз учиш қурилмаларининг Тоғли Қорабоғда Арманистонга қарашли нишонларга ҳужуми ўтган асрдан бери давом этиб келаётган низодаги янги кескинлашувнинг визуал тимсолларидан бирига айланди. 

Озарбайжон Мудофаа вазирлиги нишонни кўрсатиб берадиган разведкачи дронлардан олинган кадрларни, ҳужумчи дронлар ёки камикадзе дронлар олган видеоларни намойиш этяпти. Камикадзе дронларнинг бошқалардан фарқи шуки, улар тепадан туриб ҳужум қилмайди, балки ўзини нишонга олиб бориб уради ва портлайди.  

Ўтган йиллар давомида Боку ҳам, Ереван ҳам қурол-яроғ сотиб олишга катта маблағ сарфлади, бироқ Озарбайжоннинг бу мақсадда сарфлаган пуллари Арманистонникидан кўпроқ. Худди шунингдек, Озарбайжон учувчисиз учиш тизимларига Арманистондан кўпроқ эътибор қаратди. Бу 2016 йилдаёқ – ҳудудда тўрт кун давом этган тўқнашувларда сезилган эди. 2020 йилга келиб эса ушбу тенденция яққол намоён бўлди. 

Тоғли Қорабоғда қўлланилаётган дронлар ичида энг машҳури Bayraktar TB2 бўлди. Уни Туркиянинг Baykar компания ишлаб чиққан. Дрон оператор назоратида ёки мустақил равишда ҳаракатланади, ундан разведка, кузатув ёки ҳужум мақсадида фойдаланиш мумкин. У Туркиянинг Roketsan Roket Sanayii ve Ticaret A.S. ишлаб чиқарган авиабомбаларни ташийди.

Bayraktar TB2 дронлар бозорида ҳақиқий “юлдуз”га айланди. Туркия бу дрондан Сурия ва Ливияда фойдаланди. Уни Украина сотиб олган, бир неча кун аввал эса Сербия ҳам қизиқиш билдираётгани маълум бўлди. 

Озарбайжон армияси учувчисиз учиш қурилмаларининг бошқа моделларидан ҳам фойдаланяпти. Маълумотларга қараганда, Боку Исроилдан Heron TP ва Hermes 4507 дронларини, шунингдек, Sky Striker ва Harop камикадзе дронларини сотиб олган. Бундан ташқари, Озарбайжон – Исроил қўшма корхонаси ҳисобланувчи Azad Systems томонидан разведкачи Aerostar ҳамда камикадзе Orbiter1K ва Orbiter-3 дронлари ишлаб чиқарилган. 

Лондондаги Кингз-Коллежнинг ҳарбий тадқиқотлар факультети аспиранти Роб Лининг Би-би-сига айтишича, Озарбайжон авваллари фақат камикадзе дронлардан фойдаланар эди, бу гал эса Тоғли Қорабоғда ракета-бомбалар билан қуролланган дронларни ишлатяпти. 

Россияда чоп этиладиган “Экспорт вооружений” журнали бош муҳаррири Андрей Фроловнинг айтишича, Арманистон ўтган йиллар давомида дрон сотиб олмаган ва Озарбайжон дронларининг кучига етарли баҳо бермаган. “Улар учувчисиз қурилмалар сотиб олиш режаси ҳақида эълон қилишмади. Россияда бунақаси йўқ эди, шундай экан, ё Хитойдан, ёки Эрондан харид қилиш керак эди. Бироқ бунинг учун пул зарур, харидларни Россиядан имтиёзли кредит асосида амалга ошириш мумкин, Хитойдан эса йўқ”, – дейди у. 

Арманистон “Крунк” (“Турна”) деб аталувчи енгил дронларни ишлаб чиқаради. Тоғли Қорабоғда бундай дронлардан қанча борлиги номаълум. 

Ереван Россиядан дронларга қарши ишлатса бўладиган “Тор” зенит-ракета мажмуасини сотиб олган, бироқ Қорабоғда ундан фойдаланилгани қайд этилмади. 

Тоғли Қорабоғда эса совет даврида ишлаб чиқарилган “Оса” ва “Стрела” зенит-ракета мажмуалари бор. Уларнинг ёрдамида Озарбайжоннинг бир нечта дрони уриб туширилди. 

Тадқиқотчи Роб Лининг таъкидлашича, дронларга қарши курашда “Оса” ва “Стрела-10” катта рол ўйнамайди: “Биз дронлар “Оса АКМ” ва “Стрела-10” мажмуаларини ишдан чиқарган кўпгина роликларни кўрдик, улар ҳаво мудофаа тизими учун эскирган деб ҳисобланади. Афтидан, улар ўз радарларида ТВ2 дронларини аниқлашга иложи борича ҳаракат қилишган. Бироқ бу мажмуалар вертолётлар ва ҳужумчи самолётларга қарши курашиш учун ишлаб чиқилган, шу сабабли кичкина дронларни тўхтатиб қолиши қийин”.    

Роб Ли арман томони дронлар ҳужумидан жиддий йўқотишларга учраган деган фикрда (аниқ маълумотлар ошкор этилмаяпти). Бироқ айни пайтда Озарбайжон TB2 дронлари билан боғлиқ стратегик муваффақиятини албатта тактик муваффақиятга айлантиришига ишонмайди.  

“TB2 нинг бир ўзи бу низода ютолмайди, аммо мазкур дронлар Арманистоннинг Тоғли Қорабоғдаги мудофаа қобилиятини сусайтиришнинг уддасидан чиқди”, – дейди у. 

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Тоғли Қорабоғ ва лоббизм

665 09:30 21.10.2020

Грузиялик эксперт: “...Озарбайжон Қорабоғни қайтариб олса...”

3666 16:30 20.10.2020

Арманистонга қайси давлатлар қурол етказиб беряпти?

1566 09:30 19.10.2020

Эрон Ташқи ишлар вазирлиги котиби баёнот берди 

1030 11:35 16.10.2020

Хўжалидаги геноцид ҳақида эшитганмисиз?

5785 21:05 07.10.2020
« Орқага